00:33 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Президент келяпти: Гулзорларни йўқотинг, ахлатхоналарни янгиланг!

05.07.2017 06:01 msk

Ўз мухбиримиз

Икки ой бўлибдики, Ўзбекистон пойтахтида кўпқаватли турар-жой бинолари ҳовлиларини ахлатдан тозалаш ишлари ўтказилмоқда. Баҳонада дарахтлар, буталар, декоратив гуллар кесилмоқда, гулзорларни ўраб турган панжаралар бузилмоқда, ахлат майдончалари ва контейнерлар янгиланмоқда. Бу ишларнинг ҳаммаси маҳаллий ҳокимларнинг президентнинг қўққисдан ташриф буюришдан қўрққани боис бажарилмоқда. Президентнинг бундай ташрифлари одатда “тартиб ва тозалик” учун масъул маҳаллий раҳбариятнинг ротацияси билан тугаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Мансабидан ҳайдалиш қўрқуви боис

Ўзбекистон президенти лавозимини эгаллаган 2016 йил декабрининг илк кунларидан бошлаб Шавкат Мирзиёев турли муассасаларга қўққисдан ташриф буюришни, улардаги турли нуқсон ва камчиликларни аниқлашни ва адолат қарор топдиришни одат қилиб олди. Раъиятнинг баъзи қатламлари уни ҳатто кеч оқшоми пайтлари савдогар ниқоби остида карвон саройларга боришни ҳамда оддий одамлардан давлат бошқарувидаги барча қусур ва нуқсонлар ҳақида эшитиб билишни яхши кўрадиган амирал-мўъминин Ҳорун ар-Рашидга ўхшатишмоқда. Мирзиёевнинг шунақа ташрифлари оқибатида ўнлаб амалдорлар ўз лавозимларидан айрилдилар. Президентнинг турли вилоятларга ташрифи давомида маҳаллий ҳокимлар, прокурорлар ва бошқа маҳкамаларнинг мутасадди ходимлари ишдан ҳайдалмоқда.

Қайд этиш жоиз, Мирзиёев бош вазир лавозимини эгаллаб турган пайтда ҳам мамлакат бўйлаб шунақа сафарларни амалга ошириб келган. Одатда маҳаллий раҳбарият ўз тасаруфидаги ҳудудларда олдиндан тартиб ўрнатиб олиш учун Мирзиёевнинг ташрифи санасини олдиндан билишга ҳаракат қиладилар. Баъзида аҳвол шу даражага етиб борганки, вилоятларнинг бирида пахта териш мавсуми якунида маҳаллий расмийлар бу йил ҳосилдорлик мўл бўлганини кўрсатиш учун ғўза чаноқларига эринмай пахта ёпиштириб чиқишган.

Алдов технологияси

Мансабидан мосуво бўлиш қўрқуви ҳокимларни шошилинч равишда тасарруфидаги ҳудудларни ободонлаштиришга кириштириб қўйди. Бироқ маҳаллий аҳоли уларнинг ушбу ҳаракатларини очиқдан-очиқ бошбошдоқлик деб ҳисобламоқда. Ижтимоий тармоқлардаги шаҳарликларнинг қолдирган ғазабнок постлари остида ўнлаб ва баъзи ҳолларда юзлаб ғазабда улардан қолишмайдиган шарҳларни кўриш мумкин. Одамлар кўпроқ ўзларининг меҳр билан парваришлаган огородлари ва гулзорларининг, шунингдек, буталар, кўчатлар, гуллар ва металл панжаралирининг бузиб ташланишидан аччиқланишмоқда.


Фейсбукдаги саҳифа скриншоти

Шу билан бирга, мутасаддилар тасаввуридаги тартиб нафақат Мирзиёев кутилаётган ҳудудларда, балки унинг бориши даргумон бўлган ҳудудларда ҳам ўрнатилмоқда.

Бир томондан олиб қараганда бу яхши: йўллар таъмирланмоқда, уйларнинг деворлари бўялмоқда, бир неча ойлардан бери олинмай қолган ахлатлар чиқариб ташланмоқда, ўзбошимчалик билан қурилган бостирмалар бузилмоқда. Бироқ бошқа тарафдан олиб қаралганда эса лаганбардор мутасаддилар президентнинг кўзига ёқмай қолиши мумкин бўлган бошқа нуқсонларни излашмоқда. Улар президент ҳаракатларини олдиндан билишга уриниб ўз “жон”ларини сақлаб қолишмоқчи. Ва шу сабабдан кўп ҳолларда “дўпписига қўшиб каллаларни” ҳам кесиб олишмоқда”.

Мисол учун, учаастка нозири келиб турар-жой турғунларига шундай демоқда: тўсиқлар шаффоф бўлиши керак (унинг ортида террорчилар яшириниб ололмаслиги учун) боз устига, баландлиги олтмиш сантиметрдан ошмаслиги керак. Тўсиқлар ушбу талабларга жавоб бермас экан, улар бузилади, уларнинг қолишини истасангиз, меъёрларга мос келадиган янгиларини ўрнатинг.

Огород эгалари участка нозири ёки ҳоким ёрдамчилари келган пайтда уйда бўлсалар “хўп-хўп”, агар йўқ бўлиб қолсалар, баъзида бу гулзорлар уларга айтилмай ҳам бузиб ташланмоқда.


Фейсбукдаги саҳифа скриншоти

Одатда расмийларга ҳар жабҳада бўйсунувчи одамлар мардикорларнинг болгарка билан уларнинг панжараларини кесишини индамай кузатиб турадилар. Бироқ баъзида фуқаролар бирлашиб ҳокимият вакилларидан ушбу тўсиқлар ва дарахтларни кесиш тўғрисидаги расмий қарорни тақдим этилишини талаб қила бошлайдилар.

Шунақада участкавойлар мардикорларга ишни тўхтатиб тарқалишга буйруқ берган ҳолатлар ҳам бўлди. Негаки бунақа ишлар бўйича ҳеч қанақа қарор ёки фармонлар бўлмаган.

Бироқ бунақа ҳолатлар жуда кам. Кўпинча кимдир бошбошдоқликка қарши ёлғиз туришига уринади, расмийлар уни бу борада ҳокимнинг, ҳатто бош вазирнинг қандайдир фармойиши бор, дея ишонтирмоқчи бўлишади. Бордию, бу ҳам кор келмаса, дўқ-пўписага ўтишади, ҳокимият вакилига бўйсунмаслик бўйича жавобгарликка тортиш билан қўрқитишади. Бу эса ҳеч кимни ажаблантирмайди: чинакамига декмократия ҳукм сураётган мамлакатларда расмийлар халққа хизмат қилса, бу ерда халқ расмийларнинг қош-қовоғига қарашга мажбур қилинади.



Ахлатхоналар: эски ҳаммом – эски тос?!

Бутун Тошкент шаҳри бўйича ахлат майдончаларини янгилаш ҳам мутасаддиларнинг эҳтиёт чораларидан бири бўлиб қолган.

Мисол учун, барча аломатларга кўра идеал ахлат майдончаси турибди: пишиқ ғиштдан урилган девор янги бўёқдан чиққан, ичимлик сув ўтказилган, янги дюралюмин баклар ўрнатилган, ахлат машина кириш учун дарвозаси, қоровул яшаши учун уй ва ҳожатхонаси бор (Тошкентдаги бунақа ахлатхоналарда қоровуллар нафақат уларни назорат қиладилар, балки унинг ҳудудида яшаб, шиша, макалатура, пластик бутилкаларни тўплаб сотиш билан кун кечирадилар).


Янги ахлат майдончаларининг қурилиши

Афтидан ҳаммаси тўкис, бенуқсонга ўхшайди. Бироқ кунлардан бир кун ҳокимият вакили келадида, ахлатчига унинг турар жойи бузилишини ва бу ерда янги ахлатхона қурилишини эълон қилади.

Ўша заҳоти бульдозер келиб эски ахлатхонани таг-туги билан бузади. Яна икки соат ўтиб юк машиналарида олиб чиқиб кетилган қурилиш чиқиндиларидан асар ҳам қолмайди. Янги қурилиш материаллари, фақат пишиқ ғишт ўрнига бетон шлакоблоклари келтиришади-да, бир ҳафта ўтиб-ўтмай янги ахлатхона қурилиб тайёр бўлади.

Қоровуллар қурилиш кетаётган пайтда кўчага олиб чиқилган каравотларда яшаб турадилар. Бу иш сўнгги икки ой давомида амалга оширилаётгани учун ҳеч ким совуққа қотиб қолаётгани йўқ, ҳатто тунлари ҳам.

“Фарғона” мухбирининг “ахлатхонани янгилашдан қандай маъно бор, ахир ҳеч нарсаси ўзгармадику?” деган саволига ҳокимият вакили шундай деб жавоб берди: “Ҳа энди, ҳаммаси яхшироқ бўлди, профессионал канализация, уйчанинг томи олдин силлиқ эди, ҳозир ромба кўринишига эга, ахлат олдаиган машина олдин бу ердан кирарди, унди бўлса анави ердан кирадиган бўлди”.


Янги ахлат майдончаси

Умуман олганда, янги бўлгани билан эски ҳаммом – эски тослигича қолди. Билгувчи одамларнинг айтишича, бул ишларнинг ҳаммаси кимларнингдир чўнтагини қаппайтирди, холос.

Бояги ҳокимлик вакилининг яна айтган гапи: “ҳамма ахлатхоналар бир хил – битта эталон бўйича бўлади. Яъни, бир хил ахлатхоналар, бир хил деворлар, дарахтлар, гуллар, уйларнинг олд кўриниши, кўчалар...”

Фуқаролар ҳам ҳаммаси қолипдан чиққандек бир хил бўлса, қанийди

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги