00:34 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Эксперт хулосаси: Ўзбекистонда бир неча валюта алмаштириш курсларининг мавжудлиги иқтисодиётни ҳалок қилмоқда

04.07.2017 02:57 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 21 июнь куни имзолаган “экспорт билан шуғулланувчи ташкилотларни янада қўллаш ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чоралари тўғрисида” қарори экспортни рағбатлантиришга қаратилган, дея қайд этади иқтисод бўйича мустақил эксперт Юлий Юсупов. Ҳукумат таклиф этаётган чоралар иқтисодчи томонидан Kommersant.uz порталига берган шарҳида таҳлил қилинган:

“Биринчиси ва менинг назаримда энг муҳими. Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амал қилаётган имтиёз ва преференциялар ташқи савдо ташкилотлар, яъни воситачилар учун ҳам амал қилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Ушбу қарор бизда шаклланган савдо воситачиларини камситишга қаратилган тизимни вайрон қилишнинг бошланиши деб умид қиламан, негаки шўролар даврида воситачилар маҳсулотнинг якуний нархини кўтарувчи текинхўрлар деган кўз қараш анъанага айланган эди.

Камситишнинг моҳияти нимада эди? Агар мен ишлаб чиқарувчи бўлиб, ўз маҳсулотимни экспорт қиладиган ёки ўзим учун хом ашё ёки бутловчи қисмларни импорт қиладиган бўлсам, давлат менга кўплаб турли, биринчи навбатда солиқ соҳасидаги имтиёзларни тақдим этади. Бироқ, агар менинг маҳсулотимни қандайдир савдо компанияси экспорт қилса ёки ўша савдо компанияси мен учун хом ашё ва бутловчи қисмларни импорт қилса, бу имтиёзлардан на мен ва на савдо компанияси фойдалана олади.

Нега? Агар мен фермер ёки мисол учун, чеварчилик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиси бўлсам, нега энди ўзим экспорт фаолияти билан шуғулланишим керак? Ахир бунга озмунча ҳаракат, махсус билим ва тажриба керак бўлмайдими? Замонавий иқтисодиёт ихтисослашув асосида, шу жумладан, маҳсулотни бозорда, боз устига ташқи бозорда илгари суриш масалаларини ҳал қилиш орқали барпо этилмоқда. Жамият учун маҳсулотни ким экспорт қилаётгани: ишлаб чиқарувчининг ўзими ёки воситачими, нима фарқи бор? Экспорт ҳар қандай ҳолатда фойдалидир.

Бу масала импортга ҳам тааллуқлидир. Чеварлар либос тикиш учун газлама, тугма ва бошқа зарурий буюмларни ўзлари импорт қилишлари шартми? Белгиланган кўринишдаги, рангдаги ва катталикдаги 1000 дона тугмани сотиб олиш учун ўзлари шартнома тузиши шартми? Кимга керак? Бу ишлар билан профессионаллар шуғуллангани яхши эмасми?

Албатта воситачилар фаолияти рақобат шароитида кечиши лозим ва бу воситачини кимдир “тайинлаши” мутлақо жоиз эмас. Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар агар истасалар, экспорт ва импорт операцияларини ўзлари мустақил равишда амалга ошириш имкониятига эга бўлиши лозим.

Иккинчиси. Экспортчилар ташқи бозорда ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни қўшимча солиқларсиз “таннархдан паст” бўлган нархда сотиш имкониятига эга бўлдилар. Гап нима ҳақда кетяпти?

“Таннархдан паст” бўлган нархлардаги экспорт кенг тарқалган, негаки солиқ органлари таннархни расмий курс бўйича ҳисоблайдилар. Мисол учун, қандйдир товарнинг таннархи 8 минг сўм деб тахмин қилайлик. Экспортчи ўз валютасини сота оладиган биржа курсини ҳисобга олади. Биржа курси бўйича бир долларнинг нархи 10 минг сўм деб тахмин қиламиз. 8 минг харажатларни қопласа, 2 минг сўм фойдага қолади.

Гўё ҳаммаси аълодек. Ташқи бозорда қиммат сотиш имкониятсизлигини ҳам эътиборга олиш керак. Бироқ солиқ органлари нуқтаи-назаридан олиб қаралгана, товар “таннархидан паст” сотилган. Таннархи 8 минг сўм, расмий курс бўйича нақ икки доллар! Шу ерда солиқчилар “камомад”дан солиқ тўлаб қўйинг, деб туриб оладилар.

Бемаъниликми? Ҳа, ўта бемаънилик! Аммо валютанинг муомалада бир неча курслари мавжудлиги ундан ҳам ўтадиган бемаънликдир.

Қарор маҳсулотни “таннархидан паст” нархда экспорт қилишга имкониятини беради, бироқ бунинг учун Ижтимоий эксперт комиссиясининг хулосаси” керак бўлади. Шундоқ ҳам очиқ-равшан бўлган ҳолатни тан олиш учун комиссиянинг нима кераги бор? Экспортчилар ташқи бозорда ўзлари учун маъқул нарх бўйича ўзлари қарор қиладиларку ахир? Майли, “сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битур” дейишган, тез орада бу комиссияларнинг тугатилишини кутамиз.

Учинчиси. Барча тадбиркорлар субъектларига мева-сабзавот маҳсулотлари, узум ва полиз экинларини “Ўзагроэкспорт” АЖ назоратисиз мустақил равишда экспорт қилишга рухсат берилди. Бу жуда яхши хабар. Бироқ экспорт 100 фоиз олдиндан тўлов ўтказилганидан сўнг амалга оширилиши мумкин бўлади. Негадир бир вақтлар барча валюта тушумлари фақат давлатга тегишли бўлган “социализмнинг норидан” воз кеча олмаяпмиз. Давлат бирор цент йўқолмасин, дея қаттиқ назорат қилиш одатини ташламаяпти.

Тўртинчиси. Олиб кирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг тегишлилик сертификатини расмийлаштириш муддати уч иш кунигача қисқармоқда. Бу жуда яхши хабар бўлиб, агар қоидага риоя қилинса экспортчиларнинг ҳаётини анча осонлаштиради.

Шундай қилиб, экспорт йўлида тўғаноқ бўлаётган маъмурий тўсиқларни бартараф қилишга қаратилган муҳим ишлар амалга оширилди. Бироқ ташқи иқтисодий фаолият ислоҳотлари шу билан чекланиб қолмайди ва давом этади, дея умид қиламан. Биз жорий операциялар бўйича валютанинг эркин конвертацияси жорий қилинишини ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётини муқаррар ҳалокатга олиб борувчи валюта алмашувининг кўплаб курсларини қачон йўқ қилишар экан, дея кута-кута кўзларимиз тўрт бўлаёзди” – дея хулоса қилади эксперт.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги