06:59 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент “Бродвей”и қайта жонланмоқда: мусиқа чалинган, расмлар чизилган, болалар шеър ўқимоқда

13.06.2017 16:33 msk

Сид Янышев

Кунлар илиши билан Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчаси (одамлар орасида “Бродвей” номи билан машҳур) анча йиллардан бери биринчи марта гавжумлашмоқда: кун ботиши билан пойтахт аҳолиси бу ерга дўстлар билан ёки оила бўлиб келишади. Бу ерда ҳаммага етадиган кўнгилхушликлар мавжуд.

Ҳозир Сайилгоҳнинг энг гавжум қисми бўлиб, “Пойтахт” савдо мажмуидан (бу ерда бир пайтлар М.Горький номидаги рус драма театри жойлашган эди) “Зарафшон” ресторанлар мажмуигача (сўзлашувда “Зарик” деб аталади) бўлган жой ҳисобланади.

Бу ерда болалар учун катта батут ўрнатилган бўлиб, ҳар куни кечки пайтда шиширилади. Бундан ташқари бир нечта велосипедни прокатга олиш пункти бор, аксариятида ҳозирча мижозлар йўқ. Яна бир-иккита болалар аттракциони билан бир неча фаст-фуд дўконлари мавжуд. Яна болалар учун бир нечта аравачали вело-мото-коляскалар бор.

“Зарик”дан кўчани қия кесиб ўтилса, Отатурк кўчасида аввалгидай кўплаб рассом-портретчилар бор. Ўша ерда кечки пайтда машшоқлар куй чалиб, пул ишлаб топишади.




Кечки пайтда 12 ёшли Петя исмли болакай Сергей Есениннинг шеър ва поэмаларини ифодали ўқийди. Репертуарида Гамлет монологлари бор-йўқлиги сўралганида, болакай ҳозирча йўқлигини айтди. Аммо Есенинни деярли тўлиқ ёддан билади.

Яқинда Москвада Шекспирни ўқигани учун “арбат шаҳзодаси” деб аталаётган 10 ёшли боланинг қўлга олингани фонида, Петяни ҳам, машшоқларни ҳам ҳеч ким безовта қилаётгани йўқ. Умуман олганда, “Бродвей”да бирорта ҳам милиция ходимининг йўқлиги таажжубланарли ҳолат.


Тошкентдаги энг сершовқин ва гавжум кўча бўлган “Бродвей” 2006 йилнинг август охирида, мустақиллик байрами арафасида тарқатиб юборилган эди. Шаҳар маъмуриятининг буйруғи билан бир неча соат ичида бу ердаги барча кафе, бар, сувенир расталари ва аттракционлар йўқ қилинган эди. “Бродвей” бирпасда пойтахтдаги энг бўм-бўш кўчага айланди.

Вақт ўтиши билан бу ерга рассомлар қайтишди, уларнинг манзарали, графикага оид асарлари ва антиквариатларга фақат туристлар қизиқиш билдирар эди. Байрамлар ўтказилмай қўйди, кечки пайтда одамлар йиғилмай қўйди. Фақатгина куннинг биринчи ярмида шу ерда жойлашган юридик институтнинг талабалари саланглаб юришар эди.

“Бродвей” олис 1985 йилда пайдо бўлган, ўшанда кўча Карл Маркс номида эди. “Ўзбекистон эмигрантлари форуми”нинг муаллифларидан бирининг ҳикоя қилишича, театр ва санъат институтининг талабаси бўлган тўрт дўст, Сергей Васильев, Сергей Игнатьев, Игорь Резников ва Володя Жеребцов кечки ўтиришларидан бирида ёшларнинг санъат устахонасини ташкил қилишга қарор қилишади. Бунга албатта, пул керак эди.


Мана бу сурат устига босиб, “Бродвей”нинг 2006 йил августигача бўлган суратларини “Фарғона” галереясида кўриш мумкин.

“Қўлимиздан келгани – расм чизиш билан пул топишга аҳд қилдик. Горький театрининг ёнида кўргазма ташкиллаштирадиган бўлдик. Бордик, ташқи деворга асарларни илиб қўйдик, тротуарга фетр шляпани тўнтариб қўйдик, керосин лампани ёқиб қўйдик. Кўргазмадан тушган ҳамма пул ёшларнинг санъат устахонасини ташкил этишга сарфланишини плакатга ёзиб қўйдик.

Этюдникларни қўйиб, таниш талаба қизларнинг расмини чизишни бошладик. Улар бу ишга ҳисса қўшиш учун расм чизишга туриб беришди. Ҳар бир портретга беш сўмдан олардик, кейин ўн сўмга кўтардик, иш тўхтаб қолди, шунинг учун етти сўмга туширдик. Ажойиб кариктурачи бўлган Васильев Серёжа бир сўмдан оларди – унинг олдида навбат йиғиларди. Энг зўр мижозларимиз “Зарафшон”дан чиққан маст одамлар эди, ҳаммаси ёнидаги қизига портрет совға қилишни хоҳларди. Биринчи кечада шляпада 82 сўм йиғилибди…

Бир куни битта милиционер келиб, кўчада пул ишлаб топишга ким рухсат берганини сўради? Биз бунга Рассомлар уюшмаси ва Маданият вазирлиги рухсат берганини, ҳаммаси тепадагилар билан келишилганини айтиб, қулоғига лағмон осдик. Гапимизга ишонди – бизни тинч қўйди.

Шу тарзда бир-икки ҳафта чиздик, аста-секин бошқа рассомлар ҳам қўшила бошлади, икки-уч ойдан кейин эса бутун кўча кичик Монмартрга айланиб кетди.

Фетр шляпа ва портретлар шарофат билан йигитлар 500 сўмча пул ишлаб олишди, бу ўша пайтларда яхшигина пул эди. Бу пулга ТТЗдаги уйлардан биридаги печкахонани банд қилиб, устахонани ташкиллаштириб юборишди. Бошқа “Бродвей”га қайтишмади. Бу пайтга келиб “Бродвей”да ҳаёт қайнаб ётган эди…”


2017 йилнинг май ойи. Энди Тошкентда майсага ўтиришга ҳам рухсат берилган шекилли?..



Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама