00:36 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: БМТ Олий комиссарининг ташрифидан фойда бўладими?

09.06.2017 01:36 msk

Фарғона

2017 йилнинг 10-12 май кунлари Ўзбекистонда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн ташриф билан бўлди. Бу муҳим воқеани мамлакатдаги ва хориждаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик секторининг фаоллари сабрсизлик билан кутган эди. Ахир бу жаноб ал-Ҳусайннинг бу мамлакатга ва умуман Марказий Осиёга илк ташрифи эди. Шуни таъкидлаш лозимки, бундай юқори халқаро лавозимдаги олдинги ҳамкасбларидан бирортаси ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрмаган эди.

Расмий учрашувлар ҳам муҳим

Ташриф учта асосий тадбирдан иборат бўлди. Биринчиси – ТИВ раҳбари ва президент билан учрашув, парламент ва ҳукумат аъзолари, вазирлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари билан учрашув. Бу ерда протоколга амал қилмаса бўлмайди. Бу учрашувларда айнан нималар ҳал қилингани ҳақида маълумот йўқ. Фақат қуйидагига ўхшаш қолип жумлалар ишлатилади: “Томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди. Зайд Раад ал-Ҳусайн ИҲОКБ узоқ муддатли ва тизимли равишда икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш учун тайёрлигини таъкидлади”.

Бирорта масала аниқ-равшан муҳокама қилинмаган ҳам бўлса керак. Томонлар бир-бирига ҳурмат-эътибор кўрсатган холос. Зайд Раад ал-Ҳусайн бу расмий сўзлашувларнинг асосий натижаларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг БМТ инсон ҳуқуқлари бошқармасининг Бишкекда жойлашган минтақавий офиси билан ҳамкорлик қилишга келишилганини айтиб ўтди. Қирғизистон пойтахтида 2008 йилда очилган бу минтақавий офис илгари фақат Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ишлаган. Энди бунақа “сакраш” рўй берди. Аммо бу нарсага анчадан бери тайёргарлик кўрилаётган ва тегишли одамларга аввалдан маълум бўлган бўлса керак.

Иккинчи тадбир – ҳуқуқ ҳимоячилари ва “турли конфессия вакиллари ва миллий маданий марказлар ходимлари” билан учрашув. “Фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашувдан чуқур таассурот олдим, - деди БМТ бош ҳуқуқ ҳимоячиси. – Биринчидан, учрашувда жуда кўп одам қатнашди. Тахминан 60 киши бор эди, бу биз кутганимиздан икки баравар кўп бўлди. Улар фуқаролик жамиятининг турли қатламларидан, жумладан, ҳукуматга нисбатан ўта танқидий муносабатда бўлганларидан вакил сифатида қатнашишди. Иккинчидан, бир нечта иштирокчи телекамералардан умуман қўрқмасдан ўз фикрини очиқ-ойдин изҳор этди. Давлат телевидениеси ҳам суратга олаётган эди”.

Умуман олганда, таассуротлар бир талай. Йиғилган фаоллар (аммо Ўзбекистонда олтмишта одам қаердан йиғилгани ҳам тушунарсиз) ҳам бир соатча давом этган қисқа мулоқотдан хурсанд бўлишди.

Самарқандда олинган суратда: БМТ комиссарига Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари институти (миллий маркази) директори Акмал Саидов ҳамроҳлик қилмоқда. У шов-шувли баёнотлари билан машҳур.

Учинчи тадбир – Халқаро пресс-клубдаги йиғилиш. Яқиндан бери Ўзбекистонда шу тарздаги йиғилишлар бутун дунёдаги анъанавий матбуот конференцияси ўрнига ўтказилмоқда. Матбуот конференциясида сиёсатчи ва амалдорлар журналистлар олдида чиқиш қилади. Пресс-клубга собиқ президентнинг собиқ пресс-консультанти ва бош вазирнинг матбуот котиби (2005-2008 йилларда) Шерзод Қудратхўжаев раҳбарлик қилади. Барча амалларидан ташқари жаноб Қудратхўжаев бугунги кунда Тошкент давлат университетида интернет-журналистика кафедрасининг мудири ҳамдир. Ишлаган лавозимлари рўйхати унга махсус мажбуриятлар юклайди: Ўзбекистонда бугунги кунда айнан шундай одамга хўжакўрсинга сўз эркинлиги ва ҳукуматнинг очиқлигини кўрсатиш топширилган. Саҳна ортида нималар рўй бермоқда?

Рўй бераётгани шуки, “Халқаро пресс-клуб” йиғилишларига фақат танланган одамлар таклиф этилади. “Фарғона”нинг штатсиз мухбири Саид Янышев бу тадбирга олдиндан рухсат сўраб, Олий комиссарнинг матбуот хизматига ариза юборди, аммо ҳеч қандай жавоб олмади. “БМТчилар сўровимга жавоб беришмади. Ташкилотчилардан бирининг контактларини ҳамкасбларимдан олдим, аммо у аёл (пресс-клубга таклиф қилинган журналистлар) рўйхат ТИВ даражасида тасдиқланганини, рўйхатда бўлмаганлар ўтмаслигини айтди. Ана сенга шаффофлик ва бағрикенглик. Улар менга бир нечта ҳужжат жўнатишди, аммо уларда суратдан бошқа ҳеч нарса йўқ”, - дея таҳририятга хабар берди Саид.

Асосий савол – сиёсий маҳбуслар

Жаноб ал-Ҳусайн ўзбек расмийларига мурожаат қилиб, узоқ муддатларни ўтаётган сиёсий маҳбусларни бўшатиш жараёнини давом эттиришни сўраган баёнотини фақат БМТ расмий ахборот сайти эълон қилди. Ўзбек матбуотида бу ҳақда бирорта сўз ҳам айтилмади, унда одатдаги расмий иборалар билан чекланишди, яъни “томонларнинг узоқ муддатли ва тизимли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлиги”, “Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотларни мақтагани” ҳақида ёзилди. Бу мавзу ҳақида биттагина нашриёт қистириб ўтди: “айрим шахсларнинг озод этилиши масаласи тилга олинди”, - деб ёзилганди.

#Uzbekistan must release more political prisoners. Some are serving long sentences after problematic trials https://t.co/csJCVW9WdS pic.twitter.com/dnktqygXoj

— UN Human Rights (@UNHumanRights) 11 май 2017 й.

Нимага бунақа қилишади? Мазкур мавзунинг ўзбек расмийлари учун жуда оғриқли эканлиги бунга сабаб бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда олий раҳбарият ўзгаргани ва янги “демократик” шиорлар кўпайгани билан, ҳозирча давлатнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги аввалги сиёсати тубдан қайта кўриб чиқилмади. Демак, ҳукуматнинг фикрига кўра, мамлакатда ҳукуматга тегишли матбуотнинг ўзи йўқ, мамлакатда “сиёсий” маҳбуслар йўқ, ҳеч қандай сиёсий мухолифат қамоққа ташланмаган ёки мамлакатдан ҳайдаб чиқарилмаган.

Шуниси равшанки, Мирзиёев олдинги даврдаги шафқатсиз жиноятлар учун масъулиятни ўз бўйнига олишга тайёр эмас. Бу масъулиятни ошкора тарзда Ислом Каримовнинг бўйнига қўйишга ҳам шошилмаяпти. Қайтага Каримов Ўзбекистонда “халқнинг буюк раҳнамоси” сифатида улуғланмоқда. Янги президент учун ҳозирги вақт “реформатор” ва “демократ” ролини ўйнаш учун энг қулай пайт. Чунки уни ҳамма қўллаб-қувватлашига ишонади. Дипломатик йўл тутган Ал-Ҳусайн учун эса Мирзиёевни расман “бошқа режимда” амалга оширилган жиноятлар учун қаттиқ танқид қилиш ўрнига унга олдиндан ишонч билдириш муҳимроқ. Чунки унинг “шарққа хос ўйинлар”дан хабари бор: сал босимни ошириб юборсанг, мамлакатга киргизмай қўяқолишади.

Ҳуқуқ ҳимоячи шарҳи

Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Тошкентга ташрифи олдидан таниқли халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг учтасидан фикр сўрадик. Бугун эса бўлиб ўтган ташриф юзасидан тўртинчи ташкилот раҳбаридан фикр сўрадик. Бу ташкилот Ўзбекистондаги вазиятдан бевосита хабардор.

“БМТ олий комиссарининг ташрифи Андижон 2005 воқеалари қурбонларини хотирлаш арафасида бўлиб ўтди. Шуниси муҳимки, ўзбек ҳукумати учун ноқулай бўлган бу мавзу барибир кўтарилди, - дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева. – Бу шундан далолат берадики, БМТ Бош ассамблеясининг Андижон воқеаларини текширувдан ўтказиш рад этилганини қораловчи резолюцияси 12 йилдан кейин ҳам ўз кучида қолмоқда ҳамда бу қатлиом оқибатлари халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборига лойиқ”.

“Бундан ташқари, Олий комиссар инсон ҳуқуқларини ёпасига поймол қилинишининг бошқа ҳолатларини айтиб ўтди. У Ўзбекистонда қийноқлар қўлланилиши ва қулликнинг замонавий шакли мавжудлигини, мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини очиқ-ойдин айтди. Унинг ҳукумат билан мулоқотда дипломатик тарзда муомала қилгани туфайли Ўзбекистон Бишкекда жойлашган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий бюроси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди”, - деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячи. Аммо унингча, бу камлик қилади.

“Бу ташриф мамлакат устидаги пардани бироз кўтарди холос. Бу мамлакат 2005 йилдан бери БМТ ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари билан ҳамкорлик қилишни истамайди, қўпол тарзда ва мунтазам равишда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларини поймол қилиб келган. Шу туфайли ҳуқуқ ҳимоячилари илгари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан Ўзбекистон бўйича махсус маърузачи тайинлашга чақиришган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳукуматга келганидан сўнг Ўзбекистонда бир нечта таниқли сиёсий маҳбуслар кўп йиллик қамоқдан озод этилди. Масалан, Самандар Қўқонов, Рустам Усмонов, Муҳаммад Бекжон, Бобомурод Раззоқов. Аммо ҳаммаси амнистия бўйича эмас, балки жазо муддатини ўтаб бўлгани учун озодликка чиқди (бу ерда батафсил ёзилган). Улар ўзларига берилган муддатнинг узайтирилмагани учунгина Мирзиёевдан миннатдор бўлишлари керак шекилли. Чунки илгари бу нарса бир неча марта рўй берган.

Менинг фикримча, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойилларини ҳимоя қилиш вазифасини олган бундай таниқли халқаро арбоб бугунги кунда қамоққа олинган ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, сиёсий рақиблар ва фуқаролик жамиятининг бошқа фаолларининг исмларини айтиши керак. Бу одамлар ўз ҳаёти ва озодлигини хавф остига қўйиб, инсон ҳуқуқлари ва озодлиги тамойилларини ёқлайди. Ҳаммамиз учун Аъзам Фармонов ёрқин мисол бўла олади. У биринчилардан бўлиб, андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилишини ёқлаб чиқди ва шу сабабли тез орада “Жаслиқ” колониясига қамалди. 2003 йилдаёқ қийноқлар бўйича БМТ махсус маърузачиси бу қамоқхонани ёпишни маслаҳат берган, расмийлар эса аксинча, у ердаги маҳбуслар учун қўшимча бинолар қуришди. Бу махсус маърузачининг кўплаб тавсиялари ҳали ҳам бажарилмаган. Фармонов қийноққа солинди, соғлиғига путур етди, энди бўлса уйдирма айблов бўйича иккинчи муддатини панжара ортида ўтамоқда.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида 500 та миллий қонун қабул қилинган, 17 та халқаро келишувлар имзоланган, аммо ҳозирча бу ҳуқуқий механизмлар Ўзбекистон фуқаролари учун ўз фикрини ошкора билдириш шароитини таъминлай олмаган, суд тизими ҳозирча ижроия тизимига бўйсунади, Қизил Хоч жамияти ҳам, бошқа халқаро гуманитар ва ҳуқуқий ташкилотлар ҳам ўз фаолиятини тикламаган. Шунинг оқибатида бундай ҳукуматга ишонч даражаси ўта пастлигича қолмоқда”, - дейди Надежда Атаева.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги