06:58 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари: Комиссар, 2005 йил 13 майдаги Андижон қирғини ҳақида унутманг

08.06.2017 20:58 msk

Фарғона

Кўп йиллик танаффусдан сўнг, 10-12 май кунлари Ўзбекистонга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал Ҳусайн ташриф буюради. Биз бир нечта таниқли ҳуқуқ ҳимоячилари ва минтақа бўйича экспертлардан ушбу муҳим воқеани шарҳлашни сўрадик. Қолаверса, БМТ расмийсининг мамлакат раҳбарлари билан суҳбат чоғида кўтариши керак бўлган мавзуларни тавсия этишларини ҳам сўрадик. Уларнинг умумий фикрига кўра, энг асосийси, ташриф шунчаки расмиятчилик бўлиб қолмасдан, балки Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш жараёнини бошлаб бериши керак.

Стив Свердлоу, Хьюман Райтс Вотч:

- Олий комиссар Зайд Раад ал Ҳусайннинг Тошкентга ташрифи – бу Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасида анчадан бери етилиб қолган ва ўта зарур бўлган ислоҳотларни ўтказишни талаб қилиш учун муҳим имкониятдир. 12 йилдан бери биринчи марта Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бу даражадаги вакилини қабул қилади. Хьюман Райтс Вотч умид қиладики, ал-Ҳусайн очиқ-ойдин тарзда президент Шавкат Мирзиёевдан инсон ҳуқуқларининг бузилиши соҳасида Ислом Каримовнинг даҳшатли меросидан воз кечишни сўрайди. Шундагина унинг ҳукумати конструктив халқаро ҳамкор деб қабул қилиниши мумкин. Очиқ тарзда ҳам, бирма-бир суҳбатда ҳам у президент Миризиёевдан Ўзбекистон қамоқларида азоб чекаётган минглаб сиёсий маҳбусларни дарҳол ва шартларсиз озод қилишни сўраши керак; 2002 йилда ариза топшириб, ўшандан бери рухсат кутаётган инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг ўн тўртта экспертини Ўзбекистонга ташриф буюришга рухсат бериши керак.

У президент Мирзиёевдан “Фарғона”, “Озодлик радиоси”, “Америка овози” каби ОАВ ҳамда Хьюман Райтс Уотч, Фридом Хаус ва бошқа халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига Ўзбекистонда ишлашга рухсат бериш, уларнинг хорижий ходимларига виза ва аккредитация беришни сўраши керак. Олий комиссар ал Ҳусайн инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим БМТ органлари – Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмита ва Қийноққа қарши қўмитанинг ваколатини олган. Тошкент жуда кўп йиллардан бери эътиборсиз қолдириб келаётган тавсиялар масаласини кўтара олади. Умид қиламизки, унинг ташрифи натижасида Ўзбекистон бу органларнинг кўплаб тавсияларини бажаришига йўл очади. Бу тавсияларга Жаслиқдаги қамоқхонани ёпишдан тортиб, то Ўзбекистон фуқаролари тинч йиғилиш ва ўзининг диний эътиқоди билан шуғулланиш имконияти берилиши киради. Андижонда юзлаб тинч намойишчиларнинг ўлдирилишига ўн икки йил тўлиши арафасида биз, Олий комиссар Тошкентга бутун дунё Андижонни унутмаганини айтишини истаймиз.

2005 йилда Андижондаги қирғин – президент Ислом Каримовнинг бошқаруви давридаги Ўзбекистон ҳукуматининг ўз халқига нисбатан содир этган энг оғир жиноятидир. Ўн икки йил олдин бу баҳор кунида Андижоннинг бош майдонида қуролли қўзғолончилар билан бирга қуролсиз намойишчилар ҳам отиб ташланган эди, уларнинг аниқ сони ҳалигача номаълум.

Ивар Дале, Норвегиянинг Хельсинки қўмитаси:

- Биринчидан, май ойига режалаштирилган, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифини жуда ижобий ҳодиса деб ҳисоблайман. Президент Каримовнинг ўлимидан бир неча ҳафта ўтибоқ, Олий комиссар ўз нутқида Ўзбекистонни тилга олиб, ўн йилдан бери Тошкент Бишкекдаги ИҲОКБ минтақавий бўлимини тан олмай келаётгани, унинг ходимларига Ўзбекистонга ташриф буюришга рухсат бермаётганини айтган эди. Ҳақиқатан ҳам, доимий ходимларгина эмас, балки БМТнинг кўплаб махсус маърузачилари Ўзбекистонга ташриф буюришга рухсат сўрашган, аммо таклифнома олишмаган. Шу сабабли Олий комиссар анчадан бери Ўзбекистонни кўз остига олиб қўйгани эҳтимоли мавжуд.

Олий комиссарнинг ташрифидан бу минтақа бўйича давлат пропагандасида қандай фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида комиссарнинг хабари бор деб ўйлаймиз. Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларга содиқлик намойиш этилиши мумкин, аммо аслида бу кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас. Аммо ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, авторитар режимлар ҳақиқий муаммоларни қай тарзда статистика ва бемаъни рақамларга “кўмиб юбориш”га ҳаракат қилишидан БМТ экспертлари хабардор. Зайд Раад ал-Ҳусайнни алдаш осон деб ўйламайман. Аммо у ва унинг ходимларининг ҳақиқатан ҳам мушкул масалаларни кўтаришга журъати ёки дипломатик маҳорати етармикан, буни вақт кўрсатади. Бу масалаларга сиёсий ва диний маҳбусларни озод қилиш, қийноқнинг кенг қўлланилиши, Ўзбекистонда мустақил оммавий ахборот воситаларининг умуман йўқлиги ва албатта, энг асосийси – 2005 йил май ойида Андижондаги қатлиом юзасидан мустақил текширув ўтказилиши киради.

Масалан, агар Олий комиссар ташрифидан сўнг БМТнинг қийноқ масалалари бўйича экспертларининг ташриф буюришига йўл очилса, менимча буни мақтовга сазовор натижа дейиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, менимча, ҳаққоний бўлиш учун баҳо беришдан олдин натижасини кутиш керак. Аммо шуниси равшанки, Ўзбекистонга асосан савдо-сотиқ ва иқтисодиёт масалалари юзасидан ташриф буюрадиган давлат бошлиқлари билан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш муаммоси билан шуғулланувчи Олий комиссарнинг ташрифи ўртасида жуда катта фарқ бор.

Албатта, буларнинг натижасида ўзбек ҳукумати яхшигина тарғиб қилиниши, аммо инсон ҳуқуқларига оид вазият ўзгармай қолавериши эҳтимоли доим мавжуд. Шунинг учун, менимча бу жаноб ал-Ҳусайн эмас, балки жаноб Мирзиёев учун ҳақиқий синов бўлади.

Эндрю Штроляйн –Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг Европа бўйича медиадиректори:

- БМТ Олий комиссарининг ташрифига Тошкент рухсат берганини кўриш ажойибдир. Аммо Ўзбекистон 12 ёки 13 йилдан бери БМТнинг қийноқ ва бошқа асосий инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича маърузачиларини киритмай келаётганини ҳисобга олиб, ўзбек ҳукуматининг ниятлари юзасидан скептик муносабатдамиз. Агар улар сиёсат ўзгарганини кўрсатмоқчи бўлсалар, бундай юқори даражадаги ташрифдан кўра кўпроқ ишларни бажаришлари керак. Ўзбек расмийлари ҳибсга сақланаётган минглаб сиёсий маҳбусларни озод этиш орқали улар учун инсон ҳуқуқлари муҳим масала эканини намойиш қилишлари мумкин. Фақат шундай қарорлар орқали Тошкентнинг йўналишида ҳақиқий ўзгаришлар бўлаётганини тасдиқлаш мумкин.

Бриджит Дюфур, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик директори (МППЧ):

- МППЧ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Зайд Раар ал-Ҳусайннинг шу ҳафтада Ўзбекистонга қиладиган ташрифи муҳим эканлигини тан олади. Бу мамлакат шу пайтгача ёпиқ бўлиб, бу ерда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши халқаро миқёсда назорат қилинмаган. Ҳақиқатан ҳам, охирги йигирма йил ичида бу ҳукумат инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ экспертларининг мамлакатга ташриф буюриш ёки халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш НДТларининг бу ерда фаолият юритиши юзасидан 14 дан ортиқ илтимосларига рад жавобини берган.

Яқинда сайланган президент Шавкат Мирзиёев ҳукуматни халқ олдида масъулиятлироқ қилишга ваъда берди ва айрим кузатувчилар охирги воқеаларни ҳукуматнинг очиқликка ҳаракат қилаётгани сифатида талқин қилмоқда. Аммо инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳеч қандай ҳақиқий яхшиланиш бўлмади ва вазият аввалгидай репрессив бўлиб қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари аввалгидай мунтазам равишда бузилмоқда ва жавобсиз қолмоқда. Ҳокимият органлари ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар ва ҳукуматни танқид қилувчиларни кузатув остига олган, бу шахслар мунтазам равишда сўроққа тутилади, исталган пайтда ҳибсга олинади ва судга тортилади, уйдирма айбловлар билан қамоққа ҳукм қилинади.

Сўнгги бир неча ойда ҳукуматни танқид қилган ва сиёсий айбловлар билан қамоққа олинган тўртта одам озод қилинган бўлса ҳам, бу одамлар ўз муддатини ўтаб бўлгани учун ёки соғлиғи ёмонлашгани туфайли озод этилди. Адолатсиз суд орқали қамоққа олинган кўплаб фаоллар, журналистлар ва диссидентлар ҳали ҳам қамоқ муддатини ўтамоқда, буни эса шафқатсиз, ғайриинсоний ва обрў-эътиборини поймол қиладиган муносабатга тенглаштириш мумкин. Буларнинг орасида қуйидагилар бор: Нураддин Жуманиёзов, Фахриддин Тиллаев, Аъзам Фармонов, Исроилжон Холаров, Ғанихон Маматхонов, Ғайбулло Жалилов, Дилмурод Саидов, Юсуф Рўзимуродов ва Эркин Мусаев.

Айн пайтда президент Мирзиёев эълон қилган сиёсатнинг ўзгаришига аниқ далил-исботлар керак: МППЧ тахминича, Олий комиссар бу муҳим муаммоларни очиқ тарзда ҳам, бирма-бир суҳбатда ҳам кўтаради ва Ўзбекистон ҳукуматидан сиёсий айбловлар билан қамоққа олинган маҳбусларнинг ҳаммасини дарҳол ва шартларсиз озод қилишни ҳамда БМТ махсус органлари мамлакатга ташриф буюриши учун зудлик билан таклифномалар жўнатишни сўрайди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама