00:35 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда Андижон фожиаси қурбонларини ёдга олишди

06.06.2017 09:21 msk

Фарғона

13 май куни Тошкентнинг марказидаги “Жасорат” монументи пойида Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси (ЎҲА) фаоллари анъанавий тарзда 12 йил олдинги отишмада ҳалок бўлган юзлаб андижонликлар хотирасини ёдга олишди. Қатнашчиларни таажжубга солган томони, бу сафар тадбир ИИВ ёки Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимларининг аралашувисиз ўтди.

Бундай акция биринчи марта “Жасорат” монументининг олдида 2005 йилнинг 15 май куни, Андижон фожиасидан икки кундан сўнг ўтказилган эди. Ҳар сафар акция қатнашчиларини милиция ва МХХ ходимлари қўлга олар, судга олиб бориб, айримларни йирик миқдорда жаримага тортишарди. Ҳаттоки ҳуқуқ ҳимоячиларининг қўлида гул билан ўйинчоқдан бошқа ҳеч қандай плакат бўлмаса ҳам шундай чора қўлланарди. Баъзида қатнашиши мумкин бўлган шахсларни 13 май куни эрталабданоқ квартирасига қамаб қўйиб, чиқишга йўл қўйишмас эди.

Акция ташкилотчиси – ЎҲА раҳбари Елена Урлаева – ўтказилиши режалаштирилаётган тадбир ҳақида 102 телефони орқали ИИВнинг марказий навбатчилик қисмига хабар берди. Аммо бугун “Жасорат” монументи атрофида бир нечта ҳуқуқ ҳимоячиси, Жиззахдан атайлаб келган оилалар ва қизиқувчан туристлардан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари монумент пойига гуллар ва бир нечта ўйинчоқ қўйишди, кейин плакатларни ёйиб, бир соатча туришди.

Плакатларда қуйидаги ёзувлар бор эди: “2005 йил 13 майда Андижон шаҳрида ҳукумат қўшинлари томонидан отиб ташланганлар унутилмайди!”, “2005 йил 13 майда Андижондаги ҳарбий жиноятда айбдорларни жазолашни талаб қиламиз – минглаб одамлар, шу жумладан болалар ҳам ўлдирилган ва отиб ташланган!”

Ҳар йилги хотирлаш маросимини ўтказиш жойи бекорга танланмаган. “Жасорат” монументи Тошкентда 1966 йилда бўлиб ўтган вайронакор зилзила хотирасига 1970 йилнинг 20 май куни очилган эди. Урлаеванинг сўзларига кўра, “мазкур монумент бевосита ўзбек халқининг жасоратига боғлиқ бўлиб, у ҳуқуқ ҳимоячилари учун Андижон аҳолиси қаҳрамонлигининг тимсоли ҳисобланади. Бу одамлар ўз ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани ҳақида очиқ айтишдан қўрқмаган ва шунинг учун ваҳшийларча отиб ташланган”.

Ўзбек расмийлари ва ОАВ Андижон фожиасини эсга олмасликка ҳаракат қилади. Ҳаттоки 10-12 май кунлари мамлакатга ташриф буюрган БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зейд Раад ал-Ҳусайннинг сўзлари ҳам бу фожиа ҳақида бирорта сўз айтилишига туртки бўлмади. У ўз ташрифининг якунига бағишланган хабарда жумладан шундай дейди: “Шанба куни биз Андижонда 2005 йилнинг 13 май куни бўлиб ўтган даҳшатли воқеаларнинг 12 йиллигини қайд этамиз. [Ўзбекистон расмийларига] келажак ҳақида ўйлаш зарур албатта, аммо ўтмишдаги воқеаларни ҳам тан олиш, уларнинг қурбонлари унутилмаслиги ва шикоятларининг кўриб чиқилишига кафолат бериш лозим”.


Андижон фожиаси қурбонларини хотирлаш акцияси. Тошкент, 2017 йил 13 май. “Фарғона” сурати

“БМТ олий комиссарининг ташрифи Андижон 2005 воқеалари қурбонларини хотирлаш арафасида бўлиб ўтди. Шуниси муҳимки, ўзбек ҳукумати учун ноқулай бўлган бу мавзу барибир кўтарилди, - дейди “Фарғона”га берган шарҳида Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева. – Бу шундан далолат берадики, БМТ Бош ассамблеясининг Андижон воқеаларини текширувдан ўтказиш рад этилганини қораловчи резолюцияси 12 йилдан кейин ҳам ўз кучида қолмоқда ҳамда бу қатлиом оқибатлари халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътиборига лойиқ”.

Эслатиб ўтамиз, расмий версия бўйича, 2005 йилнинг 13 майга ўтар кечаси ва кун бўйи Андижонда қурол ёрдамида қамоқхона ҳамда бир нечта давлат идораси қўлга олинган эди. Ҳужум пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 12 ходими ҳалок бўлган, 334 дона қурол қўлга киритилган. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хабар беришича, террористлар умумий ҳисобда 70 кишини гаровга олган, 15 тасини ўлдирган. Кейинроқ Андижонга қўшинлар киритилган. Расмий маълумотларга кўра, 187 киши ҳалок бўлган.


Андижон, 2005 йилнинг майи. Сурат © Денис Синяков

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва гувоҳларнинг маълумотларига кўра, қурбонлар сони камида 700 киши бўлган. Кўпчилик одамлар тасодифан ўша ерда бўлиб қолгани ёки майдон ёнидан ўтиб кетаётгани учун ҳаётдан маҳрум бўлган. 2006 йилда ғарб сайтларида Андижон воқеалари тўғрисида 70 дақиқали видеофильм жойлаштирилган. Бу видеофильмда митинг қатнашчилари асосан қуролсиз тинч аҳоли бўлгани, уларнинг орасида аёллар ва болалар ҳам бўлгани тасдиқланади. Жумладан, диний экстремизмда ва тақиқланган “Акромийлар” ҳаракатида қатнашганликда айбланиб, ҳибсга олинган 23 бизнесменнинг аёллари ҳам шунга киради. Буларнинг суд қилиниши ортидан норозилик акцияси уюштирилган ва охири фожиали якун топган. Ҳозир юқоридаги ҳаволада бу фильмни кўришнинг иложи йўқ. Аммо бу мавзуда бошқа ишлар ҳам бор:

Кейинчалик ёпиқ судларда камида 358 киши узоқ муддатларга қамалган; ҳукмнинг матнини қамалганларнинг қариндошлари ҳам, адвокатлар ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қўлга кирита олмаяпти; юздан ортиқ киши қидирувга берилган, уларни Ўзбек расмийлари Андижон воқеаларига алоқадорликда айблайди; 2005-2008 йилларда бу иш бўйича камида 125 киши МДҲ мамлакатларида қўлга олинди. Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилмади. Бу иш бўйича қамалганларнинг муддати тугаган бўлса ҳам қамоқда қолмоқда: уларга арзимаган айби учун муддат қўшиб, қамоқ тилида айтганда “раскрутка” қилишмоқда.


Андижон, 2005 йилнинг майи. Сурат © Денис Синяков

Бу мавзудаги материалларни “Андижон-2005” махсус рубрикасида топиш мумкин. Улар орасида Андижон воқеалари юзасидан ОБСЕ маърузаси (рус тилида), журналист Алексей Волосевичнинг мақоласи “Отиб ташланган Андижон. 13 май фожиасини бошидан ўтказган шаҳар ҳикоялари”, бундан ташқари Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази тўплаган жиноят далил-исботлари бор. “Фарғона.ру” галереясида The New York Times мухбири Иола Монахова отишмадан сўнг олган суратлар ҳамда фожиадан сўнг Андижонга учиб борган таниқли сураткаш Денис Синяковнинг суратлари мавжуд.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги