00:35 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкент жамоатчилиги 18 ёшли талабани ўлдирган қотилларни тезроқ топиб жазога тортилишини талаб қилмоқда

05.06.2017 14:25 msk

Фарғона

Фотосуратда: Жасурбек Ибрагимов

For English version please follow Uzbekistan: Unprecedented public outcry at murder of 18-years-old student

Якшанба 4 июнь куни эрталаб соат 12 да Тошкентдаги Бобур истироҳат боғи кираверишида шу йилнинг май ойи бошида шавқатсиз равишда калтакланган ва оқибатда касалхонада қатор мураккаб операциялардан сўнг жон берган Тошкент медицина коллежи талабаси “Жасурбек Ибрагимовнинг ўлимида айбдорлар жазога тортилсин” дея аталувчи жамоатчилик акцияси бўлиб ўтди.

Бундан олдин эса ижтимоий тармоқларда Жасурбек онасининг мактуби тарқатилганди. Унда қотилликда гумонланаётганларнинг номи ҳаммага маълум бўлишига қарамай, ҳеч ким шу чоққача жиноий жавобгарликка тортилмагани ҳақида билдирилган. Боз устига, онанинг айтишича, Жасурбек таҳсил олиб келган Боровский номидаги Тошкент медицина коллежи раҳбарнияти ота-оналар билан тил бириктириб, ёш жиноятчиларни ўз паноҳига олмоқда.


Ҳалок бўлган Жасурбекнинг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги фотосурати

18 ёшли тошкентлик талабанинг нобуд бўлиши ҳамда тергов натижаларининг йўқлиги тармоқ жамоатчилигини ғазаблантириб юборди. Фожиали ҳодиса Фейсбук ва Телеграмдаги ўнлаб гуруҳларда муҳокама этилмоқда, одамлар қаҳрли шарҳлар ёзишмоқда. Шанба куни кечқурун эса мактубнинг тўлиқ матни Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида чоп этила бошланди (ишбилармонлик Kommersant.uz нашрини ўқинг).

Change.Org сайтида чоп этилган “Жасурбек Ибрагимовнинг қотиллари жазога тортилсин” дея аталувчи виртуал петиция остида шу бугунги кунгача саккиз мингдан зиёд одам имзо чекди. Ўзбекистон пойтахтидаги бугунги “оффлайн” акцияда эса икки юздан зиёд фуқаро тўпланди. Видео “Фарғона” таҳририятига тошкенликлар томонидан тақдим этилган.

Акцияда тўпланган фуқаролар расмийлар фожиани ҳар томонлама текширишларини ҳамда ушбу жиноятни содир этишда айбдорларни қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилишмоқда.


Бугунги акцияда. Фото © Ҳикматулла Пўлатов

Шу билан бир вақтнинг ўзида, якшанба куни эрталаб Ўзбекистон пойтахтининг ички ишлар бош бошқармаси ушбу шов-шувли қотиллик тўғрисида биринчи пресс-релизини тарқатди. Унда гумонланувчилардан биттасининг номи келтирилган.

“3 май куни соат 14:00 атрофида пойтахтнинг Яшнабод туманида жойлашган 145 мактабдан узоқ бўлмаган жойда Боровский номидаги коллеж талабаси, 1999 йилда туғилган Ибрагимов Жасурбекка оғир тан жароҳатлари етказилган. Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент ИИББ Тергов бўлими томонидан 1999 йилда туғилган Тўлаганов Исломбек Абдужамиловичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 моддаси 3 қисми (“д” банди”) бўйича (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлса) жиноят иши қўзғатилди. Қайд этамиз, ушбу модда бўйича 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо кўзда тутилади.

Айни фурсатда ушбу иш бўйича навбатдаги тергов тадбирлари ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ушбу жиноятга бошга шахсларнинг алоқадорлиги бўйича ҳолатлар текширилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу иш бўйича аниқланган янги тафсилотлар борасида хабар бериб боради”.

“Фарғона” ҳам воқелар ривожланиши ҳақида ўқувчиларимизни хабардор қилиб туради.


“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги