06:58 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда қамоққа олинган ҳуқуқ ҳимоячилари ва оптимизм шизофренияси ҳақида

30.05.2017 16:15 msk

Умида Ниёзова

Чапдаги суратда – Аъзам Фармонов қамоққача ва қамоқдалиги пайтида

Шу йилнинг март ойида Қорақалпоғистон (Ўзбекистон таркибидаги автоном республика) Олий суди 39 ёшли ҳуқуқ ҳимоячи Аъзам Фармоновнинг қамоқ муддатини 5 йилга ошириш ҳақидаги ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Мана ўн бир йилдирки (2006 йилнинг июнидан бери), Аъзам Фармонов Жаслиқ турмасида сақланмоқда. 2002 йилдаёқ БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео Ван Бовен бу қамоқхонани экологик ҳалокат зонасида жойлашгани туфайли ёпиб ташлашни тавсия қилган.

Ўзбекистонда оптимизм шизофренияси кезиб юрган ва янги президент мамлакатда йиғилиб қолган муаммолар ҳақида гапириб, халқнинг ҳурматига сазовор бўлаётган бир пайтда, Каримов даврида ҳокимиятни танқид қилишдан қўрқмаган одамлар ҳақида эслатмоқчиман, улар ҳали ҳам қамоқда қолмоқда.

Фармонов Аъзамжон, 1978 йилда туғилган, икки фарзандли, ҳибсга олингунича “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти”нинг Сирдарё бўлими раиси бўлиб ишлаган. 2006 йилнинг 16 июнида 165-модда (товламачилик) бўйича 9 йилга ҳукм қилинган. 11 йил олдин Аъзам Фармонов автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияси экспедиторидан товламачилик йўли билан тахминан 300 долларга тенг пулни ундиришда айбланган. Фермерларнинг сўзига кўра, бу экспедитор фермерлардан олмаган бензини учун қўл қўйишни талаб қилган.

Аъзам Фармонов биринчи судда иложи борича ўзини ҳимоя қилди, аммо 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукми максимал тарзда қаттиқ бўлди. Бу йиллар мобайнида иккита фарзанди каттариб қолди, улар отасининг озодликда юрганини эслай олмайди. Озодликка чиқиш муддати ҳам яқинлашиб қолди. Аммо юқоридагиларга бировнинг 9 йиллик умрини хароб қилиш етарли бўлмаган шекилли, 2015 йилнинг 1 май куни Аъзам Фармоновнинг муҳлатига яна 5 йилу 26 кун қўшиб беришди.


Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси ёнида сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш акцияси. 2015 йилнинг ноябри

Мантиққа зид томони шундаки, иш материлларига кўра, узоқ кутилган озодликка чиқиш муддатига икки ой қолганида Фармонов атайин қилгандек, тартиб-интизомни бузишни бошлаган. Январдан март ойигача уч марта маҳбуслар билан жанжаллашган, ҳар жанжалдан сўнг изоляторга тиқилган.

Масалан, биринчи марта 2015 йилнинг январида изоляторга 5 кунга ташланган. Ўшанда бир маҳбусга “Нарироқ тур, бақалоқ, сасиб кетибсан, одамга ўхшаб ювиниб юрсанг бўлмайдими” деган экан.

Суд ҳукмига кўра, иккинчи марта изоляторга февралда 10 кунга ташланган. Бошқа маҳбуснинг сафда тўғри туриш ҳақидаги танбеҳига қўпол тарзда: “Ишинг бўлмасин, ит, ўзимга ўзим жавоб бераман” деган.

Ваниҳоят, май ойида, озодликка чиқишга 26 кун қолганида телевизор кўриб ўтирганда кутилмаганда бошқа маҳбусга қўполлик қилган, оқибатда 20 суткага карцерга ташланган.

2015 йилнинг 1 майида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туман судьяси Д.Разов мажлис ўтказиб, маҳбуслар ва қўриқчилардан иборат гувоҳларни тинглаб, адвокатнинг йўқлигида, 5 йил қатъий режимга ҳукм чиқаради. Ҳукмда Аъзам Фармонов ўзига қўйилган айбларни рад этгани ҳақида бир қатор қилиб ёзиб қўйилган.

Агар бугун ўзбек жамиятини тасвирлаш керак бўлса, унинг ҳолатини “умид” сўзи билан ифодалаш тўғри бўлса керак. Ҳаттоки Каримов режимининг ашаддий рақиби Муҳаммад Солиҳ ҳам президент Мирзиёевнинг самимийлигига ишониб, ўзгаришлар бўлишига умид билдирди.


Муҳаммад Солиҳ: “Шавкат Мирзиëевнинг конституцияга хилоф тарзда президентлик ваколатини қўлига олганини танқид қилган эдим ва ҳозир ҳам бу ишнинг тўғри бўлмаганини айтаман. Лекин унинг президент сифатида қилаëтган ишлари, хусусан, йиллар давомида унутилган халқ олдига чиқиб, унинг дардига қулоқ сола бошлагани Мирзиëевнинг нияти яхши ва самимий эканига нисбатан, менда ҳам умид уйғотди. Бугун халқ Мирзиëевдан жиддий ўзгаришлар кутаëтган экан, шу халқнинг бир бўлаги сифатида, улар орасида мен ҳам борман”.

Иқтисодиётни яхшилаш ва мамлакатга инвестиция келтириш учун Мирзиёев нимадир қилишга мажбурлиги ҳақида кўпчилик экспертларнинг фикри бир жойдан чиқади. Бошқарувни қўлга олганига ярим йилдан ошди, ҳозирча қўшнилар билан муносабатларнинг илиқлашгани ва маҳаллий ОАВнинг фаоллашганини унинг ютуғи сифатида келтириш мумкин. Кўп сонли буйруқ ва қарорларига келсак, уларнинг ҳаётга қандай татбиқ этилишини кутиш керак.


Аъзам Фармоновнинг онаси

Ҳуқуқ ҳимоячи Аъзам Фармонов 11 йилдан бери қамоқда қолмоқда, ўтган йили 70 ёшли онаси вафот этди. У ва бошқа сиёсий маҳбуслар қанчалик кўп қамоқда қолса, яхшиланишга умид шунчалик заифлашмоқда.

Умида Ниёзова, Ўзбекистонлик сиёсий қочқин, “Ўзбекистон-Германия форуми” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари, Берлин

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама