22:29 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Сайғоқлар йўқолмоқда, давлатга эса қизиғи йўқ

29.05.2017 06:48 msk

Фарғона

Ўзбекистонда сайгани (сайғоқ – Осиё антилопаси) сақлаб қолиш муаммоси кўпайди, аммо давлат томонидан эътибор камайди. Айниқса сайғоқнинг болалаш даврида браконьерлик кўлами ҳаддан ташқари ортиб кетди. Бу ҳақда мамлакат жамоат вакилларининг 2017 йил 11 апрелида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (21 апрелдан бошлаб Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси) раисига ёзган очиқ хатида билдирилган. Ҳозирча жавоб бўлгани йўқ.

Бу хат ўша пайтда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси бўлган Бахтиёр Абдусаматов номига ёзилган. Хат матнида қуйидаги ташвишли сатрлар бор: “Браконьерлик кўлами ҳаддан ташқари ортиб кетди, бу айниқса сайғоқнинг болалаш даврида жуда хатарлидир. Ҳаттоки ҳомиладор урғочи сайғоқлар ҳам аяб ўтирилмаяпти. Браконьерлик бутун Қорақалпоғистон даштларининг экотизимига тиклаб бўлмас зарар келтиради ва кўп турдаги флора ва фаунанинг ҳаётини хавф остида қолдиради”.

Ўтган йили “Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон ҳукуматининг қарори қабул қилинган. 2016 йилнинг 22 июлида Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган бу ҳужжатда “Сайгачий” мажмуа қўриқхонасини ташкил этишга боғлиқ масалалар кўзда тутилган. Вазирлар Маҳкамаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида «Сайгачий» мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини қабул қилган.

Аммо аслида ландшафт қўриқхона ҳали ҳам фаолият юритмаётгани ҳақида хат муаллифлари дипломатик тилда айтиб ўтган. “Қайта ташкил этиш жараёни туфайли Госбионазорат табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси ҳам фаолият юритмаётгани вазиятни чигаллаштирмоқда. Улкан ҳудуд тегишли эътибор ва назоратсиз қолиб кетди”, - дея таъкидлайди хат муаллифлари.

Ўзбекистонлик экологнинг айтишича (хавфсизлик нуқтаи-назаридан унинг фамилиясини ошкор қилмаймиз), сайга яшайдиган ҳудуд аҳолиси озиқ-овқат ва моддий фойдани кўзлаб, “еру-кўкдаги ҳар қандай жонзотни қирғин қилмоқда”. Аммо реликт антилопалар асосий ўлжа бўлиб қолмоқда. Ўзбек матбуотида сайғоқларнинг бутунлай қириб ташланаётгани ҳақида онда-сонда ёзиб турилади. Охирги марта мақолага манба сифатида табиатни муҳофаза қилиш идораси эмас, балки Давлат божхона қўмитасининг Фарғона вилояти бўйича матбуот хизматидан маълумот берилди. Қарор нашр қилинишидан олдинроқ ОАВнинг хабар беришича, божхоначилар “468 дона сайғоқ шохи, 72 та шох бўлаклари ва 170 та терисини топишган. Текширувда аниқланишича, мамлакатдан ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетишга мўлжалланган шохлар ва терилар Сўх туманида яшовчи шахсга тегишли”. Туманнинг ўзи Қирғизистон ҳудудида жойлашган эксклавдир. Жиноий йўл билан топилган контрабанда товари чегарадош ҳудудга – Ўзбекистоннинг бошқа бурчагидан 2000 километрга қаршиликка учрамасдан етказиб келинган.

“Фарғона” Ўзбекистонда сайгалар сонини сақлаб қолиш мавзусида бир неча марта ёзган. 2006 йилдаёқ нашриётимизнинг навбатдаги мақоласига Табиатни муҳофаза қилиш комиссияси вакили жавоб беришга журъат қилган ва журналистдан тегишли жавобни олган эди. Ўшандан бери вазият ёмонлашиб, ўзбек мулозимлари бундан буён баёнот бермасликка онт ичишган, аммо орадан икки йил ўтгач, сайғоқ барибир миллий Қизил китобга киритилган эди.

Хатга имзо чекканлар “Қўриқхона табиатни муҳофаза қилиш режимида қачон ишга тушишини” сўрашган. Ҳеч қачон ишга тушмайдиганга ўхшайди. Ўзбекистон халқаро мажбуриятларини бажаришга ҳам, ўз қонунчилигига риоя қилишга ҳам мойиллик кўрсатмаяпти. Аммо реликт жониворларни қутқариш юзасидан ҳақиқий чоралар кўриш ўрнига тарғибот тадбирларини расман қўллаб-қувватлашни маъқул кўришади: масалан, 1 майда Нукусда қорақалпоқлик ташаббускорлар “Сайғоқни ҳимоя қиламиз!” экологик марафонини ўтказишни режалаштирган.

Бу орада Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш давлат қўмитасига айлантирилди. Бахтиёр Абдусаматов Тошкентнинг Юнусобод туманининг ҳокими бўлди. Бу туман ҳудудида пойтахтнинг ботаника боғи жойлашган. Ундаги дарахтларнинг ваҳшийларча кесиб ташланишини ҳам бир пайтлар қўмитанинг собиқ раҳбари эътиборга олмаган эди.

Ўзбекистонда кадрлар алмашаётган алғов-далғов бир пайтда Устюртдаги сайғоқларнинг сони кескин камайиб кетгани ҳақида экологлар бонг урмоқда. Ўтган аср ўрталарида сайғоқлар сони икки миллиондан ортиқ эди. Қозоғистонлик ҳамкасбларнинг авиаразведкаси маълумотларига кўра, охирги ўн йил ичида сайғоқлар сони 17800 тадан 1900 тага камайган. 2017 йилда олимлар мамлакат ҳудудида умуман сайғоқ кўришмаган. Қозоғистон билан чегаранинг бир қисми металл тўр билан тўсилган бўлиб, унда сайғоқ ўтиши учун жойлар қолдирилган. Браконьерлар энди шу жойлар олдида сайғоқларни кутиб туриб, ваҳшийларча ўлдирмоқда.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги