06:58 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Стокҳольм террористи” Раҳмат Оқиловнинг Самарқандда яшайдиган акаси жиноят ҳақида ҳеч нарса билмаган

29.05.2017 06:41 msk

Фарғона

Бир неча кун олдин “Афтонбладет” швед газетасининг журналистлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, Самарқанд вилоятида яшовчи Олим Оқиловдан интервью олишди. У 7 апрел куни Швеция пойтахтида теракт содир этган Раҳмат Оқиловнинг акасидир.

Олим Оқилов Самарқанддан ўн беш километр узоқликдаги бир чекка жойда, интернет деярли йўқ гўшада яшайди. Танишгандан сўнгги илк дақиқалардан шу нарса аён бўлдики, Олим Оқилов укасининг айби билан содир бўлган фожиали воқеалардан хабари йўқ экан. Бир ярим соат давомида Олим Оқилов журналистларнинг саволларига жавоб берди, асабийлашиб, сигарет тутатди, йиғлади. Ажабланарлиси, ўша куни журналистлар билан учрашувдан кейинроқ уни суҳбатга республика Миллий хавфсизлик хизматининг маҳаллий бўлимига олиб кетишган, аммо тез орада қўйиб юборилган.

Стокҳольмлик ҳамкасбларимиз тайёрлаган материал бу ерда чоп этиб бўлинган. Биз эса Олим билан таржимон орқали ўтказилган суҳбатнинг тўлиқ матнини эътиборингизга ҳавола этамиз.

***

- Стокҳольмда теракт содир этилди, уни сизнинг укангиз Раҳмат Оқиловдан кўришмоқда. Бу ҳақда билармидингиз? Нохуш хабар олиб келганимиз учун узр. Буни телевидениеда ҳам, ҳамма ерда кўрсатишди.

Олим Оқилов: - Кўрсатишди? Бизнинг телевидениедами?..

- Сизларда билмадим, кўрсатишмаган бўлса керак, аммо Россия каналлари, ОРТ, НТВ — ҳаммаси кўрсатишди. Расмини кўрсатишди. Ҳозир у қўлга олинган, қамоқда, тез орада суд бўлади. Уни ИШИДга (Россияда тақиқланган. – “Фарғона” изоҳи) алоқадорликда айблашмоқда. Сиз айтинг-чи, Раҳмат диндор одаммиди?

- У рус мактабида ўқиган. 14 февралда, севишганлар кунида туғилган. Россияда ишлаган. Мен ҳам рус мактабида ўқиганман. Бу ерда мачитга чиқмасди. Россияда чиққан бўлиши мумкин. Оиламизда диндор одам йўқ. Отам ўлган, онам яқинда ўлди... Бу нарсани ақлимга сиғдира олмаяпман. Деярли аъло баҳоларга ўқиган, калласи зўр ишлайди. Бир нечта тилларни – тожик, ўзбек, рус тилларини билади.

- Сиз акасимисиз? Неча ёшга каттасиз?

- Ҳа. Беш ёш каттаман.


Олим Оқилов

- Охирги марта қачон гаплашган эдингиз?

- Тахминан янги йилдан кейин эди.

- Нима ҳақда гаплашдингиз? Балки ниманидир айтгандир?

- Умумий гаплар бўлди. Болаларига қараб туришимни сўради. Бу ерда ишлар қандай деб сўради. Мен яхши дедим. Ўзинг яхшимисан деб сўрадим. Ҳозир ишламаяпман, деди. Иш тугагандан кейин бошлиғи дам олишга Америкага кетибди, унинг қайтишини кутаётган экан. Келиши билан яна ишни бошлайман, деди. Шунақа гаплар.

- Швециядаги муаммолари ҳақида гапирмадими? Ҳужжат билан боғлиқ ёки ҳукумат билан муаммоними?

- У қонунан жойлашмоқчи эди. Мен бунақа нарсаларни унчалик тушунмайман — паспорт олиб, қонуний яшамоқчи эди... шу ҳақда гапирувди.

- Сезмадингизми, диндорроқ бўлиб қолмаганмиди? Суҳбат пайтида сезилмадими?

- Йўқ, унақа эмас эди.

- Ўшанда ҳам, ҳозир ҳамми?

- Умуман бўлмаган. Мен буни тасаввур ҳам қилолмайман. Айтяпман-ку – оиламизда диндор йўқ, уни йўлдан уриш ёки бошқа нарсанинг иложи йўқ эди... Унинг болалари ҳам ўзи ўқиган рус мактабида ўқийди. Қизи спорт мактабига қатнайди, чим устидаги хоккей билан шуғулланади, ўғли аълочи. Катта қизини турмушга узатдик, тез орада набира дунёга келади. Умуман тушунмаяпман...

- Хотини диндормасмиди?

- Нималар деяпсиз! У умуман динга қизиқмайди! Айтдим-ку, оиламизда унақалар йўқ.

- Раҳмат билан хотини орасида нима бўлган, нимага ажрашишган?

- Ажрашишмаган.

- Яъни, қонунан улар эр-хотинми?

- Ҳужжат бўйича шундай. Хотини Туркияда яшаган, у яшагиси келмади. Хотини келди, Самарқандга қайтиб, катта қизининг тўйини ўтказди. Бу янги йилдан олдин эди. Ўшанда уларни кўрувдим, холос.

- Демак, уларнинг орасида зиддият бўлмаганми? Ҳаммаси жойидамиди?

- Зиддият бўлган. Менинг уйимда ҳам зиддият бор. Оддий оилавий жанжаллар. Қанақа муаммолигига қизиқмаганман. Янги йилдан олдин оиласини кўрган эдим. Бу йили фақат телефонда гаплашдим – қўнғироқ қилдик, бир-биримизни Янги йил билан табрикладик, шу холос.


- Улар Туркияда нима билан шуғулланган? Бироз вақт бирга ишлашганми? Ёки Раҳмат Туркияда ишламаганми?

- Туркияда фақат хотини ишлаган.

- У нима билан шуғулланади?

- Билмайман.

- Раҳмат умуман олганда Швеция ҳақида қандай фикрда эди? Унга ёққанми?

- Ҳа. Жуда ёқарди

- Яна нималар деган?

- Ўша ерда қолишини айтувди. Мен келгин дедим, уйда дам оласан, дедим. Аммо ноқонуний яшаётганини айтди, чиқиб кетса, қайтиб кира олмас экан. У ерда Россияга қараганда анча яхши экан, мамлакатда эркинлик, умуман олганда ҳаммаси зўр экан. Россияда уч-тўрт ой ишлай оларди холос, узоғи билан бир йил ишларди. Самарқандга келарди, икки-уч ой дам оларди, кейин яна Россияга кетарди. Швецияда бўлса уч йил ишлади, мамлакат ҳақида яхши гапларни гапирарди. Тўғри, ишга боғлиқ озгина муаммоси бўлган экан, қишда қор кўп бўлгани учун ишлаб бўлмас экан, иш топиш қийин экан. Икки-уч ой дам оламиз, бошқа пайтда ишлаймиз. Россияда бўлганимда унинг расмларини кўрганман, пол, дераза ўрнатарди, қурилиш билан шуғулланарди.

- Уч йил давомида Швецияда қурилишда ишлаганми?

- Мен расмларда кўрганим бўйича шунақа.

- Расмларидан сақланиб қолганми? Телеграмдами ёки бошқачасига жўнатган бўлса?

- Йўқ. Бу ерда интернет ёмон ишлайди. Мен Россиядан қайтганимга бир йил бўлди, деярли 12 йил ўша ерда ишладим. Бирга ишлаганмиз, битта заводда деса ҳам бўлади. У бу ерга қайтиб келиб, бир ярим йил яшади, ҳужжатларини тўғрилаб, Швецияга кетди, мен Россияда қолдим. “Одноклассники”да расмларини кўрганман.

- Раҳмат Россияда қанча ишлаган?

- Умумий ҳисоблаганда, у ҳам 12 йилча ишлаган.

- Балки Раҳматда қандайдир ўзига хос томони, камчилиги бўлгандир, шу туфайли шунақа ишлар қилгандир?

- Болалигида машина уриб кетган. Иккинчи синфда ўқирди, 8-9 йшли бўлган.

- Ўша авариядан кейин руҳиятида ўзгариш бўлганми? Балки мияси чайқалгандир?

- Бўлиши мумкин. Лекин бирга ўтириб, гаплашсангиз, билинмайди...

- Авариядан қанақа жароҳат олган?

Аниғини айтолмайман, ўшанда мен 13 ёш бўлганман. Аммо ҳеч қаерини тикишмаган.

- Ўшандан кейин ўзгарганми?

- Йўқ. Аълочи эди, аълочилигича қолди.

- Қўшниларнинг айтишича, математикани яхши билган экан.

- Ҳа, олтинчи синфда бемалол саккизинчи синфдаги масалани еча олар эди.

- Математикадаги қобилиятини ривожлантирмаганми?

- Имконият йўқ эди.

- Моддий тарафини назарда тутяпсизми? Аммо хоҳиши бўлганми? Нималарни орзу қиларди, нималарга эришмоқчи бўлган?

- Орзу? 17 ёшидаёқ бизнесмен эди, мен билан бирга шарқ ширинликларини тайёрларди.

- Шу соҳада ютуққа эришмоқчимиди?

- Шунга мойиллиги бор эди. 21 ёшидаёқ машина сотиб олган эди. Тўғри тушунинг, бу Ўзбекистон, бу оддий гап эмас. У ҳақда айтганларингизга умуман ишона олмайман. Кутилмаган воқеалар. Умуман ишонолмайман. Мен ҳам ишламасдим, шу ерда эдим, пул билан муаммо бўлганди, шу сабабли кўп гаплашмасдик, аммо муносабатларимиз зўр эди.

- Сиз Португалияда яшайдиган ўгай акангизни айтяпсизми?

- Йўқ, Раҳматни айтяпман. Мана масалан, Россиядалигимизда у дам олишга бир ойга бу ерга келади. Шу вақт ичида камида уч-тўрт марта оиламга меҳмонга келади. Агар у Россияда бўлса, мен бу ерга келсам, унинг оиласига ҳам ойда уч-тўрт марта бораман. Бу дегани бизнинг яқинлигимизни билдиради. У доим мендан ўрнак оларди. Ҳар доим. Акамдан кўра кўпроқ мендан ўрнак оларди. Доим маслаҳатлашарди. Охирги йили моддий қийинчиликлар туфайли уйига кўп бормадим. Янги йилдан кейин мана уч-тўрт ой бўлди, очиғи бирор марта ҳам бормадим, чунки менда моддий муаммолар бор – тўртта болам бор, хотиним...

- Раҳмат қачон бўлса ҳам дин ҳақида, Ислом ҳақида гапирганми? Қандайдир қизиқ воқеани, балки кимлар биландир танишганини айтгандир?

- Бу ердами?

- Умуман. Швециядами, бу ердами, бошқа жойдами.

- Бу ерда унақаси бўлмаган.

- Ҳеч қачон дин ҳақида гапирмаганми?

- Йўқ, йўқ. У Қуръонни ўқий оларди, намоз ўқишни биларди, мен билмайман. Акам ҳам, опам ҳам ўқишни билади. Аммо бунчалик фанатизмга бормаган. Энди... биз исломий оиламиз, динимиз Ислом-ку ахир. Улардан фарқли равишда, тўғриси, мен Қуръонни тўлиқ билмайман.

- Демак, у араб тилини билар экан-да?

- Йўқ, арабчани билмайди.

- Қуръонни ўзбекчада ўқиганми?

- Йўқ, арабчада, ўқишни биларди, аммо гаплашишни билмасди.

- Арабча ўқишни қаерда ўрганган?

- Шу ерда, Самарқандда. Совет даврида эди.

- У динга берилганини айтганми?

- Билмасам... шунисини аниқ айта оламанки, тўрт йил олдин пиво ҳам, водка ҳам ичарди, сигарет чекарди. Қуръонни араб тилида ўиқй олишини мен биламан, аммо бировга айтилмас эди. Ўқий олганини биламан, холос.

- Россиядан қачон қайтди?

- 2012 йилнинг июнида.


- Нимага қайтди Россиядан?

- Отпускага келувди, 35 кун отпуска беришган, яна 10 кунга рухсат олган, пайвандловчи бўлиб ишларди. Қонуний ишлаган, ҳамма ҳужжатлар, патент, ҳаммаси қонуний эди. Қайтиб борганидан сўнг билганки, йўқлигида пайвандловчи керак бўлган, ўша ердаги битта пайвандловчини ишга олишган.

- Демак, уни расман ишдан бўшатишган?

- Ҳа.

- Ишдан бўшаганини билганидан сўнг шу ерда қолдими?

- Ҳа.

- Швецияга бориш фикри қаердан туғилди?

- Ўша пайтда ҳамма Самарқанддан Швецияга кетаётган эди.

- Қайси йил? 2013-ми?

- 2013 - 2014 йил.

- Демак, ўртоқлари бўлган. Швецияга борган танишлари?

- Йўқ.

- Яъни бир ўзи, ҳеч қандай ёрдамсиз...

- Йўғ-е, пулдан, ҳужжатдан ёрдам қилишган. Бу одамлар Америкага ёки масалан Швецияга кетиш учун ҳужжат тайёрлашда ёрдам беради, пулга ишлашади. Бу диний ташкилот эмас. У ишлашга кетган.

- У Швецияда Самарқанддан ёки Ўзбекистондан борганлар билан гаплашганми? Танишлар, дўстлар?

- Билмадим.

- Шунақалар бормиди ўзи?

- Билмадим. 2015 йилда Москвадалигимда, эрталаб бирга гаплашиб кетаётганимизда, Швецияда россиялик дўстлари борлигини айтган эди.

- Россиялик дўстлари ким эди? Русларми ёки кавказликларми?

- Кавказликлар бўлса керак. У руслар билан ҳам, мусулмонлар билан ҳам гаплашарди. Мен билан у Россияда худди (тушунарсиз жумла) эдик, чунки рус боғчасига, рус мактабига борган. Менда ҳам шу. Акам ўзбек мактабида ўқиган. Биз Раҳмат билан туғишган ака-ука бўлганимиз учун, боғчага ҳам ўзим олиб борардим, менинг мактабимда ўқиган. Техникумда дурадгорликка ўқиган. Отамиз пайвандловчи бўлган, мен ҳам пайвандловчиликка ўқиганман, у дурадгорликка ўқиган. Лекин пайвандловчи бўлиб ҳам ишлаши мумкин эди, қўлидан келарди. Мен умуман мусиқа эшитмайман, у Эминемни эшитарди. У замонавийроқ эди.

- У илғорроқ эди деяпсиз, яна қайси соҳаларда бу кўринган?

- Нишонга урдингиз, у жуда илғор эди. Яхши кийинарди, сизга ўхшаб. Менинг кийимларим оддий, у бунақа нарсаларни киймас эди, яхши, сифатли нарсаларни киярди.


- Айтинг-чи, ҳаётда қандайдир орзуси бўлганми?

- (узоқ пауза) Шунисини аниқ биламанки, у мени жуда яхши кўрарди, оиласини яхши кўрарди. Ўгай акам билан опам бор. Уларнинг борлигини 18 ёшимизда билганмиз. Унгача билмасдик. Жуда аҳил эдик. Орзуга келсак... билмасам... Сизлар унинг уйига бордингларми?

- Ҳа, аммо уйга кириб ўтирмадик, болаларини безовта қилгимиз келмади. Болалари ҳаммасини билади.

- Уйга кириш керак эди. У ерда девордан бошлаб, уйнинг ўзигача, ҳаммасини ўзи қилган, уйини евроремонт қилди, тўй ўтказди. У Швецияда ишларди, ҳаммасини ўзи қилди, ҳеч ким ёрдам бермасди.

- Нма деб ўйлайсиз, оиласини Швецияга кўчириб кетиш режаси бўлганми?

- Бунисини эшитмаганман, йўқ. Балки ўғли катта бўлганида олиб кетмоқчи бўлгандир. Уйида ҳамма пайвандлаш асбоблари турибди, қолиб кетган. Бу ерда ҳужжатларни тайёрлаётганда бир кун ҳам бекор ўтиргани йўқ, кимгадир труба ўтказади, кимгадир токзор ўрнатади. Мана мен бир йилдан бери ишламайман, умуман ишламайман. У эса келганида бекор ўтирмади, шунақа одам у. Аввалдан роса ҳаракатчан бўлган. 15-16 ёшиданоқ ҳаракат қиларди. Ўзи Россияга кетди, ҳеч ким етаклаб олиб кетгани йўқ, ҳеч ким таклиф қилмаган. Узоқ қариндошимиз Россияда завод директори бўлиб ишлашини билгач, манзилини олиб, ўша ерга кетган, ўзи ишга жойлашган. Швецияда ҳам аниқ биламан, уни ҳеч ким қабул қилмаган, ҳеч ким иш таклиф қилмаган.

- Болаликда қанақа бўлганини батафсилроқ айтиб бера оласизми? Математикани яхши кўрганини билдик, яна нималар бўлган?

- Урушишни ёқтирмаган, мен туфайли уни ҳеч ким хафа ҳам қилмасди. Мен жеда абжир эдим, у менга суянарди. Битта мактабда ўқиганмиз, унинг укамлигини ҳамма биларди, шунинг учун ҳеч ким тегинмасди. Уйда отам балки мени кўпроқ яхши кўргандир, аммо уни кўпроқ яхши кўришини доим айтиб келганман. Беш ёшида отам “Детский мир”га бориб, унга ўйиноқ олиб берганини эслайман. Онам мени кўпроқ яхши кўрарди. Ҳар қайси оиладаги каби, бизни ўз билганларича севишарди. У кенжа бўлгани учун отам доим айтарди: “Мени тинч бўлсин десанг, доим укангни ўйлагин”.

- Сизга шунақа дермиди?

- Менга.

- Мактабда дўстлари кўп бўлганми?

- Кўп эди.

- Балки унинг хулқини таърифлайдиган ниманидир эсларсиз, нимага бундай қилганини изоҳлайдиган бирор нарсани? Ўзига хос бир жиҳати бўлгандир?

- Йўқ. Миллион фоиз. Бир томчи ҳам эмас. Ўзбек мактабида ўқиганида эди, шунда айтса бўларди. Йўқ, биз совет пайтида катта бўлдик. Ўйлаб ўйимга етолмайман. Ақлимга қиғмаяпти... йўқ, миллион фоиз. Фақат Қуръонни биларди холос, аммо бу билан мақтанмасди...

- Ўша пайтларда Самарқандда Қуръонни билиш урфга кирганмиди? Ёки шунчаки қизиққанми? Нимага Қуръонни ўрганган?

Йўқ, отам олиб борувди. Зўрға икки ой қатнаган. Айтганимдек, у яхши ўқирди, аммо араб тилини ўрганиш учун камида бир йил қатнаш керак, у бўлса икки ёки уч ой қатнади холос.

- Мадрасага қатнаганми?

- Ҳа. Тўртинчи ёки бешинчи синфда эди.

- Отангиз диндор эдими?

- Йўқ.

- Нимага унда Раҳматга Қуръонни ўқитган?

- Отам ҳам асосан Россияда ишлаган, рус тилини жуда яхши билган. Бизни рус мактабига берган, менга эса Иван деб лақаб қўювди, чунки мен Қуръонни ҳам, ҳеч нарсани билмасдим.

- Нимага Раҳматни бундай қилган?

- Балки мен катта бўлиб қолганимгадир, розилик билдирмасдим. Аммо менга таклиф ҳам қилмаган. Кичкинамизни ўқишга бергани сабаби, қабр устида кимдир сура ўқий олсин деган. Аммо ростини айтсам, билмайман. Ҳар пайшанба куни марҳумлар ҳақига дуо қилиш керак. Аммо унинг бирор марта ҳам ўқиганини кўрмаганман.

- Демак, қайси йили мактабга боргансиз? Совет Иттифоқи давридами?

- Мен 80-да, у 85-да.

- Демак, Иттифоқ тарқалиб кетганидан кейин отангиз мадрасага берган экан-да?

- Ҳа, 90-91 йиллар эди.


- Иттифоқ тарқаб кетганига оилангизда муносабат қандай бўлди? Хурсанд бўлдингизми?

- Йўқ.

- Иттифоқ тарқаб кетгани сизга ёқмадими?

- Йўқ.

- Нимага? Совет иттифоқида яшаш ёқармиди? Мустақиллик ёқмасмиди?

- Гап Совет иттифоқида эмас... биз Россиянинг узоқлашишини хоҳламаганмиз, чунки рус мактабида ўқиган эдик.

- Миллатингиз тожикми?

- Ҳа... Унга Швеция ёққан. Мен укамни яхши биламан. Россияда уч-тўрт ой, узоғи билан ярим йил битта жойда ишларди, кейин чидай олмасдан, дам олишга келарди, у ерда эса... Мен билан телефонда бемалол гаплашарди, у ерлар ёққанини айтар эди.

Кайфияти яхшимиди?

- Жуда зўр эди.

- Унинг қандай мақомда бўлганини биласизми? Швецияда ноқонуний яшаган, деган гаплар бор. У сиёсий бошпана олиб, қонуний яшаб, Швецияда қолмоқчи бўлган. Анави ишни қилишидан сал олдин унга рад жавобини беришган.

Мен айтдим-ку, у ноқонуний юрган. Паспорт олмоқчи бўлганми ёки бошқа йўл билан қонунлаштирмоқчи бўлганми, унисини билмайман, аммо ўша мамлакат унга ёққан ва ўша ерда қонуний яшамоқчи бўлган. Менга уч ой қўнғироқ қилмади, мен бехавотир эдим, чунки ҳозир қор ёққанини, қиш эканлигини, иш топиш қийинлигини айтган эди. Шунинг учун бехавотир юрувдим.

- Отпускага келишини айтганмиди?

- Мен унга келгин деб айтгандим. У келадиган бўлсам, қайтиб кира олмайман, деган эди. Ўша ерлар ёқиб қолгани овозидан маълум эди.

- Швеция ҳақида яна нималарни айтган? Нима билан шуғулланиши, вақтни қандай ўтказиши?

- Ўша ерда дўстлари бўлган. Кимлигини билмайман, ўзимизнинг самарқандликлар шекилли. Кеч бўлганида ишни тугатдик, энди ўртоқларникига кетяпман, ўша ерда халиса миллий овқатимизни қиламиз, дерди. Ўшаларнинг олдига борарди.

- Демак, Швецияда самарқандлик дўстлари бўлган экан-да?

- Демак, бўлган. Кечки пайт халисага борган бўлса, демак бўлган. Электричкага чиқиб, дўстлариникига кетаётганини айтган эди.

- Онангиз ўтган йили вафот этдими?

- Ҳа, шунинг учун ҳам бу ерга келдим. Жанозага келган эдим. Унга келма деб ўзимиз айтдик, мен эса келиб, шу ерда қолдим, Россияга қайтмадим.

- Раҳмат онасининг ўлимини қандай қабул қилди?

- Қаттиқ қайғурди.

- Онасининг жанозасига кела олмаганига афсусландими?

- Албатта.

- Онангиз кутилмаганда вафот этдими ёки хаста эдими?

- Кутилмаганда. Мен октябрь охирида Россияга кетдим, бир ойдан сўнг онам кутилмаганда хасталаниб қолди. Декабрда қайтиб келдим. Россияда бор-йўғи бир ой бўлдим, келганимнинг эртаси куни онам вафот этди.

- Ноябрда хасталандими?

- Йўқ, декабрда. 11-куни касал бўлиб қолди, 13-да вафот этди.

- 2016 йилдамиди?

- 2015-да.

- Қанақа касал эди? Ёки шунчаки қариликми?

- Ҳа.

- Исмлари нима эди?

- Раъно. Ҳамшира бўлиб ишлаган, отам – пайвандловчи бўлган....

Ҳаммаси совет даврида бўлган эди, биз колбасани ҳам еганмиз, буни тўғри тушунинг — телефон, канализация, свет, асфальт, рус мактаби... Қайси томондан олиб қарасангиз ҳам, бунақа иш қилиш, теракт содир қилишга сабаб йўқ. Агар одам тоғда туғилган бўлса, масалан, ҳаёти машаққатли бўлса ёки бошқа муаммоси бўлса — моддий етишмовчилик бўлса, тушуниш мумкин. Аммо йўқ, қўлга илинадиган сабабнинг ўзи йўқ. Шуни тушунинг – арзирли сабаб йўқ. Агар менга ишонмасангиз, қўшниларга ишонмасангиз, мактабига боришингиз мумкин, ҳужжатларини кўтаринг, журналларни кўринг – у аълочи бўлган. Шунга амин бўласиз. Айтганимдек, олтинчи синфда алгебрадан саккизинчи синф масаласини еча оларди. Цивилизация кучли эди бизда.

- Нима деб ўйлайсиз, агар ўзини депортация қилишларини, Швециядан ҳайдаб чиқаришларини билган бўлса, ҳукумат унинг ноқонуний юрганини билиб қолган. У қўрқувдан шундай ишни амалга оишириши мумкинмиди?

- Қўрқувдан? Йўқ. Ўзбекистонда ҳозир яшаш қийин, аммо у бир бурда нонини ишлаб топарди. Бундан қўрқмасди.

- Россиядан ёки бошқа жойдан қўнғироқ қилганида болалари ҳақида гапирармиди?

- Албатта. Уларни жуда яхши кўрарди, мендан катта ўғлини шогирдликка олишимни сўрарди. Қандайдир ҳунар ўргатиш, санғиб юрмаслиги учун тўғри йўлга солишни сўрарди. Бунга қасам ичишим мумкин.

- Раҳматнинг эски суратларидан борми?

- Ҳозир қараб кўраман. Мусулмонларда баъзи нарсаларга мойиллий бўлмайди, масалан – гимнастика, чим устидаги хоккей. Унинг қизи тўрт йилдан бери чим устидаги хоккей билан шуғулланади, у қандай қилиб диндор бўлиши мумкин? Уларда форма шунақа, шортик кийиб юришади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама