06:59 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда режим алмашиши: “Бенуқсон ҳукмдор” ва чекланган либераллашув

23.05.2017 17:30 msk

Санжар Султон

Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг Ўзбекистонда режимнинг алмашиши кўпчилик экспертлар ва таҳлилчиларнинг мамлакатнинг сиёсий келажаги юзасидан пессимизмини йўққа чиқарди ва янги умидлар пайдо қилди. Энг асосийси – илгари консерватив, ўзгармас ва содиқ бош вазир сифатида маълум бўлган Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан сўнг бирданига режимни ўзгартириш зарурияти ҳақида гапира бошлади. Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинчалик бажариш пайтидаёқ у давлат бошқарувига ва ижтимоий соҳага жиддий ўзгаришлар киритди. Натижада, мамлакатнинг либераллашувига тинч сиёсий йўл билан ўтилиши сезила бошланди.

Аслида эса либерализациянинг чекланган бўлиши эҳтимолга яқинроқ. Бундан мақсад аҳолининг ишончини қайта қозониш ёки муайян гуруҳлар томонидан, айниқса ислоҳотлар тарафдори бўлган тадбиркорлар томонидан қўллаб-қувватлашни амалга ошириш бўлади. Президент жамият томонидан улуғланиб, “адолатли ҳукмдор” сифатида тасаввур қилинмоқда. Фуқаролик жамияти энди куртак отаётган бир даврда ислоҳотлар иқтисодиёт, бизнес ва микро-тадбиркорлик ҳамда бюрократиянинг самарадорлиги соҳасига йўналтирилади. Аммо шундай чекланган шаклда ҳам ислоҳотлар кўплаб тўсиқларга дуч келмоқда.

Қандай татбиқ этилади?

Аввалбошданоқ шуни тан олиш керакки, Ўзбекистон янги раҳбариятининг сўнгги қадамларини таҳлил қилганда, ғарбнинг демократия борасидаги қолипларига тўғри келмайдиган айрим оғишларни ҳисобга олмоқ лозим. Ғарб демократиясида ўзгаришлар пастки қатламда юз беради, оддий одамларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши, фуқаролик жамиятининг институтлари орқали содир бўлади. Ўзбекистонда эса яқин-орада демократиялаштириш давлатнинг қатъий назоратидан ташқарида рўй бериши мумкин эмас. Мамлакатда мавжуд фуқаролик жамиятининг институтлари мустақил ва самарали эмас.

Ўзларини юмшоқроқ ёндашув тарафдори деб ҳисоблайдиган, яқинда пайдо бўлган иккинчи авлод реформистлари ҳам демократияни патернализм ва давлатчилик ғоялари билан боғлайди. Бу ғоялар “ўзбек модели” сифатида танилган Ўзбекистон тараққиёти концепциясида ўз ифодасини топади. Бу моделда давлат бош ислоҳотчи бўлиб, фақат давлатгина бутун жамиятнинг манфаатларини ифода этади. Янги президентнинг ислоҳотларга тайёрлиги ёки бу борадаги баёнотларига қарамай, бу моделнинг тубдан ўзгартирилиши (ёки йўқ қилиниши) эҳтимоли кам.

Шундай бўлса ҳам, жараёнлар сиртдан равон кетаётгани ва менталитетнинг ўзига хослигига қарамасдан, қатъий ва юмшоқ ёндашув тарафдорлари орасида кейинги йилларда узилиш бўлиши муқаррарга ўхшайди. Бугунги кунда таъсир доираси ошиб бораётган юмшоқ ёндашув тарафдорлари ўз мавқеини мустаҳкамлаб олса, бу шароитда режим “қаттиқ авторитар”дан “юмшоқ авторитаризм” сифатида қайта таснифланиши мумкин.

Юмшоқ авторитаризм

Сиёсатшуносликда муайян турдаги режимлар “юмшоқ ёки гибрид авторитаризм” деб кўрилади, уларда демократия билан бирга авторитаризм белгилари ҳам мавжуд. Бундай режимларда анъаналар – ҳокимиятнинг ягона асоси бўлиб, давлат эса жамиятдан юқорида туради. Авторитар ҳукмдор ҳокимиятнинг асосий манбаси бўлиб қолади, парламент ва суд эса сезиларли тарзда кучсиз бўлиб, фуқаролик ҳуқуқлари ва эркинликлар чекланган бўлади. Давлат жамият ҳаётининг асосий соҳаларини, айниқса режимни қўллаб-қувватловчи иқтисодиёт ва қуролли кучларни назорат қилади. Нодавлат ташкилотлар одатда анъанавий тарзда фаолият юритиб, асосий эътиборни сиёсий эмас, балки ижтимоий масалаларга қаратади.

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг ҳозирга президенти бу қулай шаклдаги авторитаризмни сақлаб қолиш ниятидами (бу масалан, Қозоғистонда ҳам мавжуд) ёки режимни сезиларли тарзда либераллаштириши мумкин. Бунга иқтисодиётни давлат назорати остидан чиқариш, давлат мулозимларини аҳоли олдида масъулиятлироқ бўлишга ундаш, коррупцияга қарши курашни кучайтириш ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, дунёга юз тутиш ва қўшнилар билан дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш орқали эришиши мумкин.

“Бенуқсон шоҳ”

Охирги пайтда анъаналар кўпинча демократизацияга асосий тўсиқ деб ҳисобланмоқда. Анъаналар кучли бўлган режимларни демократик йўл билан бошқариб бўлмайди, деб ҳисобланади. Аммо бу унчалик ҳам тўғри эмас. Агар Туркияга назар солсак, бу ерда ҳақиқатан ҳам кучли лидерга сиғиниш оқибатида мамлакат демократиядан авторитаризмга қараб йўл олди. Аксинча, Индонезия ёки Малайзия сингари мамлакатлар эса кучли ва анъанавий ҳукмдорлар билан бирга демократияга муваффақиятли ўтишди ва шу йўлда давом этишмоқда.

Ўзбекистонда мамлакатнинг ривожланиш йўли – “ўзбек модели”га кўра, миллий давлатчилик анъаналари ва замонавий давлат қурилиш тамойилларини бирлаштириш орқали сиёсий тизим ривожланади. Кучли ҳукмдорга эҳтиром кўрсатиш мақбул бўлибгина қолмасдан, балки ўтмишда тоталитар ва авторитар бошқарувда бўлган бу мамлакатда маданий анъана бўлиб ҳам ҳисобланади. Шу маънода президент Шавкат Мирзиёевнинг хатти-ҳаракатлари эртак ва афсоналардаги (ёки Фаробийнинг “Фозил одамлар шаҳри” китобидаги) “адолатли шоҳ” анъаналарига мос келади. Агар шоҳ ҳалол ва адолатли бўлса, мамлакат гуллаб-яшнайди, агар шоҳ адолатсиз бўлса, мамлакат тамом бўлади. Марказий Осиёда “адолатли ҳукмдор” ҳақида асрлар давомида орзу қилиб келишган, ҳар сафар янги ҳукмдорнинг аввалгисидан яхшироқ бўлишини умид қилишган.

Бугунги кунда ўзбекистонликлар президент Шавкат Мирзиёевни “бенуқсон шоҳ” сифатида кўришмоқда. Ҳозирча бундай тушунчани қувватлаб туриш учун президент етарлича ҳаракат қилмоқда. Масалан, вақтинчалик президент лавозимига тайинланиши биланоқ, Шавкат Мирзиёев кутилмаганда очиқ гапириб, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ҳал қилинмаётганига давлат амалдорлари айбдор эканини айтди ва ўзгаришлар вақти келганини ваъда берди. Унгача ҳеч ким давлатни танқид қилмаган эди. Шу тарзда у автократлар ҳақидаги тасаввуримизни ўзгартириб юборди.

Автократлар одатда жамиятни давлатга қарши деб ҳисоблайди, аммо Шавкат Мирзиёев тескарисини қиляпти. 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига доир Вазирлар Маҳкамаси мажлисида президент сифатида қилган илк чиқишида у давлатнинг одамлар учун ишламаётганини тан олди. Учрашувда у вазир ва давлат амалдорларига офисда ўтирмасдан, одамлар билан учрашиб, уларнинг дардига қулоқ солишни буюрди (“адолатли” халифа Хорун-ар-Рашидни эсга оламиз). Президентнинг ўзи виртуал қабулхона ташкил этиб, фаол тарзда одамлар билан бевосита мулоқотга киришди. Ҳозирги пайтгача, қабулхонада 479635 та ариза қабул қилиниб, 2017 йил феврал ўртасига келиб, улардан 404366 таси ҳал қилинган. Бунга қўшимча равишда маҳаллий ҳукумат органларида халқ қабулхоналари ташкил этилди, президентнинг режасига кўра булар жамият манфаатларига хизмат қилиши ва қонун устуворлигини таъминлаши керак.

Одамлар билан мулоқот ўрнатишга чақириш – сохта популистик ҳаракат эмас. Шу орқали амалдорлар мавжуд муаммолар ҳақида тасаввурга эга бўлади ва уларни ҳал қилиш бўйича стратегияни ишлаб чиқади. Ўз навбатида жамият ҳам сиёсатни ишлаб чиқиш жараёнига таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Фақат ўз қариндошлари ва дўстлари ҳақида ўйлайдиган автократлардан фарқли равишда, “бенуқсон ҳукмдор” фақат одамлар ҳақида ўйлайди. Шундан келиб чиқиб, иқтисодий либераллашувга оид кенг кўламли чоралар шахсан президент томонидан қабул қилинади, у давлатнинг ижтимоий соҳага аралашувини чеклайдиган ва бизнесга кўпроқ эркинлик берадиган кўплаб буйруқларни, қонунга ўзгартиришлар ва янги қонунларни имзолайди. Коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни имзолайди, бизнес бўйича омбудсмен лавозимини ташкил қилиш вазифасини топширади.

Иқтисодиёт соҳасида президент микродаражага тушади ва бизнесни қўллаб-қувватлайди. Банклар лимон етиштиришга ва парранда боқишга имтиёзли ставкада кредитлар беради. Янги бизнес бошлаш учун тўплаш зарур бўлган бюрократик ҳужжатлар сони олтитадан биттага туширилади, шу йилнинг биринчи апрелидан бошлаб исталган одам бизнесини онлайнда 30 дақиқа ичида рўйхатдан ўтказиши мумкин. Камбағалликни камайтириш ва даромадни аҳоли ўртасида қайта тақсимлашни кўзда тутувчи дастур тўғрисида буйруқ қабул қилинади. Натижада кўплаб қашшоқ одамларга давлат бепул жўжа беради.

Фуқаролик жамиятини шакллантириш вазифаси ҳам қўйилади. Президент ҳокимиятни марказлашмаган тизимга ўтказиш лойиҳасини тайёрлашни буюрди, бунинг натижасида маҳаллий ҳокимият органлари ва маҳалла йиғинларининг масъулияти ошади. Мирзиёев сайловолди кампанияси пайтидаёқ шуни ваъда берган эдики, маҳаллий ҳокимлар овоз бериш йўли билан сайланади ва улари минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун жавобгар бўлади.

Буларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиёевнинг “бенуқсон ҳукмдор” экани, жамиятни “ёвуз давлат”дан қутқаришга ҳаракат қилаётганини исботлайди. Чунки, Фаробийнинг асарида ёзилишича, одамлар ҳақида қайғуриш бу – ҳукмдорнинг энг олий фазилатидир.

Куртак отаётган фуқаролик жамияти

Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ҳали ҳам куртак отиш даврида турибди ва юқоридан чора кўрилмаса, тезда ривожланиб кетишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатда “Кучли давлатдан кучли жамият сари” концепцияси қабул қилинган бўлиб, унинг асосий ғояси давлатнинг масъулияти ва вазифаларини кўпроқ фуқаролик жамияти институтлари ва маҳаллий ҳокимият органларига беришдан иборатдир. Аммо бу жараён секинлашиб, кўнгилдагидек амалга оширилмади. Бир-бирига зид келадиган кўплаб ҳужжатлар қабул қилинди. Масалан, сиёсий партияларнинг жамиятда ўсиб бораётган ўрнини белгиловчи қонун 2007 йилда қабул қилинган, аммо деярли амалга оширилмаган. Бу қонуннинг энг муҳим банди шуки, муайян партиянинг маҳаллий қонун чиқарувчи органдаги исталган гуруҳи вилоят ҳокимига импичмент эълон қилиш мумкин. Аммо амалиётда буни бажаришга иккита тўсиқ бор. Биринчиси шуки, вилоят ҳокимлари президент томонидан қўйилади ва маҳаллий қонун чиқарувчи орган томонидан индамасдан қабул қилинади. Иккинчидан, деярли барча вилоят ҳокимлари сенатор бўлади, уларни ҳам маҳаллий қонун чиқарувчи орган танлайди.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бошланаётган ислоҳотлар фуқаролик жамиятини ривожлантириш мақсадини эсга солаверади. 2017-2021 йилларга мўлжалланган стратегияда ҳокимиятни марказлашмаган тизимга ўтказиш ва вазифалари давлат институтларидан жамиятнинг ўзига бериш орқали маҳаллий ҳокимият органлари ва ўз-ўзини бошқариш органларининг (маҳалланинг) ваколатларини кенгайтириш кўзда тутилади. Бу ерда давлат ҳаракатларни мувофиқлаштирувчи ролини бажаради. Аммо ислоҳотларни амалга оширишнинг худди шунақа схемаси аввал ҳам бор эди. Аввалги авторитар режим расмий демократик сиёсий тизимнинг ҳаракатини, айниқса “рангли инқилоблар” ва “араб баҳори”дан сўнг чеклаб қўйган эди. Янги режим ҳозирча буни ўзгартиришга қатъий тайёрлигини кўрсатмаяпти.

Ислоҳотларга таҳдид

Ўзбекистонда ислоҳот ўтказишга бир нечта тўсиқлар хавф солади, улардан бош хавф режимнинг ўзидир. Шуниси равшанки, қатъий ёндашув ва “фавқулодда ҳолат” тарафдорлари бир томондан, ислоҳотчилар билан ҳозирги президент ва унинг жамоаси ўртасидаги танглик, эҳтимол, узлуксиз ўзгаришлар маромида асосий бўлиб қолади. Қаттиқ авторитар бошқарув тарафдорлари ҳали ҳам сиёсатни шакллантиришга кучли таъсир ўтказади ва ҳаттоки президентнинг очиқ сиёсат олиб бориш ташаббусларини тўсиб қўйишлари мумкин. Президентнинг айрим буйруқлари номаълум сабабларга кўра кечиктирилмоқда, бу шундан далолат берадики, мамлакат элитаси иккига бўлинган ва президентнинг қудрати ҳозирча рақибларга қарши курашга камлик қилади.

Жамият ислоҳотчиларни қўллаб-қувватлаши керак, аммо узоқ вақтдан бери сиёсатда иштирок этмагани ва аҳолининг маргиналлашуви ҳамда ислоҳотчиларни қўллаши мумкин бўлган кучли фуқаролик жамияти институтларининг йўқлиги туфайли жамият бирорта позицияни танлашга тайёр эмас. Шунга қарамасдан, президент иқтисодий тараққиётнинг асосий омили бўлган ўрта синфнинг қўллаб-қувватловига эришишга интилмоқда. Аммо ўрта синф қатлами катта эмас ҳамда давлатнинг репрессив аппарати хавфи олдида кучсиздир. Бу ўринда биз фақатгина президент Шавкат Мирзиёевнинг элита орасида моҳирлик қилишига умид қила оламиз.

Давлат бюрократияси ҳам яна битта тўсиқдир. У аввалги президент томонидан шакллантирилган бўлиб, ўзгаришлар жадаллигига қаршилик кўрсатиши мумкин. Шавкат Мирзиёев президентликнинг илк кунлариданоқ кўплаб амалдорларни алмаштирди. Президентнинг виртуал қабулхонасига параллел равишда бош вазир ҳузурида ахборот-таҳлил бўлими ташкил этилди, унинг асосий вазифаси вилоятларнинг комплекс равишда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича чораларнинг бажарилишини назорат қилишдир. Бундай институтларнинг мақсади бесамара бюрократияга қарши курашдир, чунки давлат муассасаларининг фаолиятини текшириш ва назорат қилишнинг бошқа механизмлари мавжуд эмас.

Энг катта хавф бу давлат пропагандаси ёки қуруқ гапи бўлиб, бунда давлат амалдорлари президентнинг ҳар қандай ташаббусини “кампаниявозлик”ка айлантириб юборади ва давлатнинг ўзига зарар етказади. Расмий матбуотда ҳар қандай ютуқ ёки яхшиланишни президентнинг шахсига боғлаш, камчиликларни эса маҳаллий амалдорларга тўнкаш анъана бўлиб қолган. Шу тарзда, ҳамма нарсани президентга боғлаш авторитар ва тоталитар амалларни қайта ташкиллаштириш имконини беради. Фақат президентгина ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эгалиги ҳақида тасаввур ҳосил қилинади. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларидаги кампания президентни бутун халқни коррупцияга ботган “давлат жиноятчилари”дан қутқарган қаҳрамон сифатида улуғламоқда. Аммо бундай иш тутилганда камчиликлар ютуқларнинг соясида қолиб кетади ва асл вазиятга баҳо беришни қийинлаштиради. Матбуотнинг бундай ҳолатида давлат институтлари ўз вазифаларини тўғри бажара олмайди, ислоҳотлар эса фақат қоғозда қолиб кетади.

Ваниҳоят, энг юмшоқ авторитар режимларда ҳам коррупцияни енгиб бўлмайди, чунки у ҳаётий бир муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Янги сайланган президент давлат муассасаларида коррупцияга қарши курашишга йўналтирилган кўплаб чораларни кўрмоқда, аммо коррупция жамоат ҳаётининг анъаналари билан чамбарчас боғланган. Виртуал ва жойлардаги қабулхоналарни ташкил этиш орқали давлат идораларидаги коррупцион фаолиятга қарши одамларни сафарбар қилиш имконини беради. Бир томондан, шундай механизмлар орқали президент ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлади, бошқа томондан эса қатъий ёндашув тарафдорларига босим ўтказувчи воситага эга бўлади ва тўғридан-тўғри давлатнинг кучли бюрократиясини заифлаштиради. Бу “бир ўқ билан икки қуённи уриш” дейилади.

Хотима

Сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, йиғилиш ва норозилик намойишлари эркинлиги каби фуқаро ҳуқуқлари соҳасида ҳақиқий яхшиланишларни амалга оширмай туриб, демократлаштиришни кутишимиз мумкинми? Бундай ўтиш даврини бошидан кечирган айрим Осиё мамлакатларининг таэрибасига назар солинса, иқтисодиётнинг либераллашуви босқичма-босқич сиёсий соҳадаги эркинликка олиб келади. Бундай йўлдан Япония, Жанубий Корея, Индонезия ва Малайзия каби мамлакатлар ўтган. Ўзбекистондаги шароитда шундай сценарий амалга ошиши мумкин, аммо бу оптимистик ёндашув бўлар эди. Бу ерда аксинча, иқтисодий ислоҳотларни тарғиб қилиш учун сиёсий мувозанат ва режимнинг юмшоқ шаклини сақлаб қолиш керак. Президент шахсининг улуғланиши ёки уни қўллаб-қувватлаш камайишига қараб, ислоҳотлар йўлида ирода тарк этганлиги ёки “қатъий ёндашув” тарафдорларининг ғалабасини билдиради.

Санжар Султон, Central Asian Analytical Network

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама