03:29 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сурат Икромов хотиралари: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистканинг сирли ўлими

18.05.2017 08:10 msk

Сурат Икромов

“Фарғона” ЎМҲҲТГ (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи) раҳбари Сурат Икромов ёзаётган “Ҳуқуқ ҳимоячи қайдлари” китобидан боблар бериб боришда давом этади. Янги ҳикояда ўн йиллар олдинги воқеаларга бағишланади. Ўшанда республиканинг таниқли хизмат кўрсатган артисткаси Дилнура Қодиржонова шубҳали ҳолатда ҳалок бўлган эди. Ўз квартирасида ўлгани туфайли турли миш-мишлар урчиди, унинг ота-онаси ва ҳуқуқ ҳимоячилари вазиятни ойдинлаштирмоқчи бўлганида, куч ишлатар органларнинг кучли қаршилигига учради.

***

Таниқли артистлар ҳамма учун қандайдир илоҳий шахсларга ўхшайди. Уларнинг ҳаётида ҳаммаси зўр, эртакдагидек бахтли яшашади. Аммо кўпинча бу “илоҳа”ларнинг тақдири аслида фожиалар, ташвишлар ва бахтсизликларга тўла бўлади. Мен Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг иши билан шуғулланганимда шунга амин бўлдим. Унинг сирли ўлими ҳақида ҳар хил гап-сўзлар юрарди.

Артистка 2007 йилнинг 12 сентябрида ҳалок бўлди, орадан ярим йил ўтгач эса Андижон вилоятидаги узоқ қишлоқдан унинг ота-онаси — Октябрхон Юсупова ва Шукуржон Қодиржоновлар олдимга келди. Улар сирли қотилликни ўрганиш юзасидан ариза олиб келишди. Биз ИГНПУ офисига ўрнашиб ўтирдик, кейин ота-она менга таниқли қизларининг фожиали ўлими ҳақида ҳикоя қилиб беришди.

Шахсий ҳаёт мураккаб бўлганида

Дилнура Шукуржоновна Қодиржонова 1976 йилда Андижон вилояти Избоскан туманидаги Чувама қишлоғида туғилди. Болалигиданоқ қизалоқда ашулачилик қобилияти кўзга ташланди ва ота-онаси уни мусиқа мактабига беришди. Ота-онаси менга Дилнуранинг кўплаб дипломларини кўрсатди, шулардан энг биринчиси — 1993 йилда Андижондаги “Камолот-1993” танловида ўзбек ҳофизларининг қўшиғини ижро этгани учун берилган мукофот. Қодиржонова кўплаб республика мусиқа конкурсларида лауреат бўлган. Шулардан иккитаси эсда қоларли бўлган — “Ниҳол” ва “Шарқ булбули”.

2004 йилда унга “Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони берилди, мукофотни шахсан президент Ислом Каримов топширган. 2005 йилда Дилнура анъанавий қўшиқларнинг энг яхши ижрочиси деб тан олинган, 2006 йилда эса — мумтоз қўшиқларнинг энг яхши ижрочиси бўлган. 2007 йилда Тошкентдаги консерваторияга магистрант бўлиб кирди ва маҳоратини ошира борди.


Президент Ислом Каримов Дилнура Қодиржоновани Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан қутламоқда, 2004 йил. Сурат © “Фарғона”

Қодиржонованинг мусиқий қобилиятини ҳамма тан олган бўлиб, бунинг натижасида обрў-эътибор, ҳурмат ва пул келган бўлса ҳам, оилавий ҳаётда ҳаммаси равон бўлмади. Дилнура 17 ёшида ҳамқишлоғи Махамадсобир Мирзақуловга турмушга чиқади. Бошида бахтли ҳаёт кечиради. 1995 ва 1998 йилларда иккита қизлари — Диёра ва Шаҳризода туғилади.

Аммо кейинчалик эр-хотин орасига мушук оралайди. Шу тариқа, 10 йилдан сўнг, 2003 йилда Қодиржонова эри билан ажрашиб, қизлари билан Тошкентга кўчиб кетади. Худди ўша пайтларда “Шарқ тароналари” танловида ғолиб бўлгани учун $7 минг мукофот олган эди, ўша пулга Чилонзор массиви 9-кварталида уч хонали квартира сотиб олади.

Янги муҳаббат ва янги муаммолар

Дилнура ўшанда 27 ёшда эди. Баланд бўйли ва гўзал бу аёл кўпчилик эркакларга ёқарди. Аммо у ўзининг жуфтини бир йилда кейин Самарқандга гастролга борганида учратди. Милиция офицери Жамшид Матлюбов ундан деярли 20 ёшга катта бўлса ҳам, кўркам — бақувват, тетик эркак эди. Бир-бирини ёқтирганидан ташқари уларнинг ўхшаш жиҳати ҳам бор эди: Жамшид ҳам Дилнура каби турмушда бахт топмаган эди. Хотини Раъно билан деярли бирга яшамас эди. Қолаверса, фарзандлари — ўғли ва қизи — катта бўлиб қолгани учунми, эр-хотиннинг ўртасида ришта йўқолган эди. Натижада Матлюбов билан Қодиржонова фуқаролик никоҳида яшашга аҳд қилишади ва Жамшид Дилнуранинг Чилонзордаги квартирасига кўчиб келади.

Улар яхши яшаганмиди? Балки яхши яшагандир, балки бахтли ҳам бўлишгандир. Рўзғорда ёрдам бериши учун хизматчи аёлни ёллашди, у болаларга ҳам қараб турар, мактабга кузатиб қўяр ва дарсдан келганида кутиб олар эди. Бу пайтга келиб Қодиржонова билан Матлюбов яна битта фарзандли бўлишга аҳд қилишади ва Дилнура 2005 йилнинг баҳорида она бўлишга тайёрланаётган эди.

Уларнинг бахтини кўрган одам ҳаваси келарди, аммо кутилмаганда воқеалар ўзгариб кетади: ўша йилнинг 5 январида Ўзбекистон ИИВ раҳбари этиб генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов тайинланади ва дарҳол укасини — полковник Жамшид Матлюбовни Тошкентнинг Яккасарой РУВД бошлиғи қилиб қўяди.

Илгари полковник Матлюбовнинг ким билан яшаши ҳеч кимни қизиқтирмаган бўлса, энди акаси вазир бўлганидан кейин воқеалар сиёсий тус олиб кетди. Чунки Жамшид расман хотини билан ажрашмаган эди, бунинг орқасидан душманлар уни қўшхотинли деб қолиши мумкин эди. Бу гап акасига зарар етказиши мумкин эди. Шу сабаблимикин, Дилнура 22 апрелда ўғил кўриб, исмини Саидматлубхон деб қўйганида, бахтли ота ўзининг фамилиясини беришга ботина олмайди. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага артистканинг отасининг исми-шарифини — Шукур Қодиржоновни ёзиб қўйишди.


Саидматлубхоннинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, унда боланинг отаси деб Дилнуранинг отаси кўрсатилган

Кундошнинг олдига лом билан

Балки бундан мақсад эски оиласи билан зиддиятни кучайтирмаслик бўлгандир. Чунки акаси ИИБ вазири этиб тайинланганидан сўнг Жамшиднинг ҳам мавқеи ўзгарди. Хотини ҳам, болалари ҳам Жамшиднинг яқинда генерал бўлиши, демакки, бой-бадавлат бўлиб кетишига ишонган бўлиши мумкин. Кейин ҳамма бойлиги ўзининг болаларига эмас, балки Қодиржоновадан туғилган боласига қолиши мумкин эди.

Қонуний хотини Раъно нималар ҳақида ўйлагани бизга қоронғу, аммо артистка билан боласи унинг кўзига балодек кўриниб қолгани аниқ эди. Дилнуранинг қўшнилари сўзлаб беришича, туғруқхонадан чиққанидан бир неча кун ўтгач, Раъно ўзининг 22 ёшли ўғли Хуршид билан бирга унинг уйига келиб, жанжал кўтарган. Ўғли ҳам милиция ходими бўлиб ишлайди. Қодиржонова эшикни очмаган, аммо улар олиб келган ломи билан темир эшикни бузиб очиб, квартирага бостириб кирган ва Дилнурани калтаклаган. Янги туғилган чақалоғини ўлдирмоқчи ҳам бўлишганмиш, аммо ёрдамга келган қўшнилар гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Ўшандаги воқеалардан маълум бўладики, Жамшид Матлюбовнинг хотини ва милиционер ўғли баджаҳл бўлибгина қолмасдан, балки “тормози ишламайдиган” одамлар бўлиб, улар томонидан артистканинг ҳаётига ҳақиқатан ҳам хавф мавжуд бўлган.

Шифоньер тутқичига ўзини осиш

Энди Дилнуранинг ўлими юз берган шароит хроникасини келтираман — буни марҳумнинг ота-онаси сўзлаб берган. 2007 йилнинг 12 сентябрь куни кечқурун уй хизматчиси Рене Метмурадова уйга кетган, Жамшид Матлюбов ишда бўлган. Уйда Қодиржонова билан болалари — чақалоқ Саидматлубхон, 12 ёшли Диёра ва 9 ёшли Шаҳризода бўлган. Соат 21 да уйга полковникнинг Мадина исмли жияни келади ва ярим соатдан кейин кетади. Соат 22 да артистканинг дугонаси — Роза исмли бастакор келади ва квартирада соат 22:40 гача қолади. Соат 23:10 да эса Розага Жамшид Матлюбов қўнғироқ қилиб, Дилнура ўзини осганини хабар қилади.

13 сентябрь куни эрталаб Андижондан Қодиржонованинг қариндошлари келади. Бу пайтда артистканинг жасади моргга олиб кетилган ва суд-тиббий экспертиза ўтказилаётган бўлган. Марҳумнинг танасини ювишда онаси Октябрхон опа ва бошқа қариндошлари қатнашган. Улар Қодиржонованинг бўйнидаги кўкарган издан ташқари танасида ҳеч қандай жароҳат изларини кўрмаган. Аммо иягида иккита жойи қизарган эди.

Дилнура дафн қилинганидан сўнг мусулмонча урф-одатга кўра аёллар маракага келишди. Октябрхон опанинг айтишича, ўшанда полковникнинг қариндошларидан воқеа тафсилотларини эшитишган. 12 сентябрь куни кечки соат 22 ларда Жамшид хизмат машинасида уй олдидан ўтиб кетаётганида шу атрофда расмий хотини Раъно турганини кўрган экан. Бир соатдан кейин уйига келиб қараса, Дилнура шифоньер тутқичига осилган экан. Тутқич полдан бор-йўғи бир метр баландликда жойлашган.

Қодиржонованинг ота-онаси ўша даҳшатли тунга доир бошқа тафсилотларни ҳам сўзлаб беришди. Дилнуранинг қўшниларига кўра, тунги соат бирда милиция формасидаги одам қўшниларнинг эшигини тақиллатиб, Қодиржонова ўзини осиб қўйганини хабар берган. Дилнуранинг дугонаси – ўша бастакор Роза эса артистканинг қизларини уйғотиб, уларга 30 сантиметрли камарни кўрсатиб, мана шу камарга онаси ўзини осганини уқтирган.

Бундай тафсилотлар ошкор бўлмасидан олдин ҳам Дилнуранинг ота-онаси гап қотиллик ҳақида кетаётгани ҳақида хулоса чиқаришган. Уларнинг фикрича, қизларини Жамшид Матлюбовнинг расмий хотини ва балки унинг ўғли Хуршид ўлдиришган. Аввал жаҳл устида бўғиб ўлдиришган, кейин буни ўз жонига суиқасдга ўхшатиб ташкиллаштиришган. Ахир ўз-ўзини ўлдиришга ҳеч қандай сабаб бўлмаган, қолаверса, бир метр баландликдаги тутқичга қандай қилиб ўзини осиш мумкин?


Дилнура Қодиржонованинг ўлими ҳақидаги гувоҳнома

Таниқли артисткадан ном-нишон қолмади

Жамшиднинг акаси – ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов ҳам шундай хулосага келган кўринади. Вазирнинг оиласида шармандалик юз берди ва генерал ўзини ҳақиқий офицердай тутиб, дарҳол истеъфо берди. Аммо ўша пайтдаги президент Ислом Каримов истеъфони қабул қилмади ва бу қарорини тахминан шундай изоҳлади: “Ўзини осадиганлар кўп, аммо яхши вазирни топиш осон эмас”.

Шундай қилиб, халқнинг севимли артисткаси ўз жонига қасд қилгани расмий версия сифатида қабул қилинди. Бунинг устига, Қодиржоновадан кейин тақсимлайдиган нарсанинг ўзи қолмади. Ўша тунда, фожиа юз бериши биланоқ, уй хизматчиси Рене Метмурадова қизларни олиб кетган, Жамшид Матлюбов эса чақалоқни ўзига олиб, кейинчалик метрикасини ўзининг фамилиясига ўзгартириб олган. Дилнуранинг тилла тақинчоқлари ва пуллари эса ўша тунда изсиз йўқолган. Ҳар қалай, унинг ота-онаси бу ҳақда ҳеч нарса билмайди.

Бир сўз билан айтганда, таниқли артистка бу дунёга умуман келмагандек эди. Қодиржонованинг ўлими юзасидан фақатгина унинг ота-онаси — Октябрхон Юсупова ва Шукуржон Қодиржоновлар шов-шув кўтарди. Аммо уларга қудратли ИИБ тизими қаршилик кўрсата бошлади. Аввалига 13 сентябрдаёқ ўтказилган суд-тиббий экспертиза нусхасини беришмади. Кейин ота-онаси талаб қилган эксгумацияни чўзиб юборишди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш юқори органларига бир неча марта мурожаат қилингандан кейингина, уч ойдан сўнг – 13 декабрда эксгумация ўтказилди. Бундай мудҳиш жараёнда Дилнуранинг ота-онаси ҳам қатнашди. Эксгумация жараёнида маълум бўлдики, бундан илгарироқ ҳам, октябрь ойида ота-онадан яширин тарзда эксгумация ўтказилган экан. Қизининг қорни кесиб ташланган, буйрак ва жигари йўқ, бош суягининг бир қисми кесилган қизини кўрган ота-она кўзларига ишонмади.

Бу ҳақда менга айтиб бераётган Юсупова ва Қодиржоновлар шунга аминки, октябрдаги “махфий” эксгумацияни ўтказишдан мақсад халқ артисти ўлимининг асл сабабларини яшириш бўлган. Жумладан, Дилнура ўлимдан олдин қаттиқ маст бўлгани ҳақидаги версияни илгари сурмоқчи бўлишган, аммо у ҳеч қачон спиртли ичимлик ичмасди.

Бу ерда қотиллик содир бўлганининг билвосита исботи сифатида шуни айтиш мумкинки, полковник Матлюбов дарҳол хотини Раъно билан ажрашиб, уни ва ўғли Хуршидни Араб Амирликларига доимий яшашга жўнатиб юборади. Аммо Қодиржонованинг ота-онаси жиноят иши очишни сўраб, қанчалик юқори органларга мурожаат қилмасин, ҳамма ердан қуруқ оғзаки жавоб оларди. Шу сабабдан ҳам Октябрхон Юсупова ва Шукуржон Қодиржонов менга мурожаат қилишди.

Нимага бувининг набираларини тортиб олишди?

Улар билан учрашганимдан сўнг мен хабар эълон қилиб, унда артистканинг ота-онаси сўзлаб берган ҳамма нарсани ёздим. Бунинг устига шунчалик ғазабланган эдимки, ўзимни тутиб тура олмай, ЎМҲҲТГ номидан баёнот бердим, унда қуйидаги маънодаги гаплар ёзилган эди: ИИБ ходимлари томонидан амалга оширилган қотилликлар “турли даражадаги прокурорлар томонидан ҳимоя қилинмоқда ёки босди-босди қилишга ҳаракат қилинмоқда”.


Дилнура Қодиржонованинг Сурат Икромов хабарида берилган сурати

Баёнотим шунчалик кескин эдики, мантиққа кўра расмийлар Қодиржонованинг ҳалок бўлгани юзасидан жиноят иши қўзғаши керак эди. Ҳар қалай у ҳақиқий халқ артисти эди, унинг ижодидан миллионлаб кишилар завқ олар эди. Аммо ҳеч қандай реакция бўлмади. Дилнуранинг ота-онаси адолатли текширувга эришиб бўлмаслигини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди. Шу сабабли 2008 йилдаги хабар артистканинг ўлими юзасидан ягона хабар бўлиб қолди.

Аммо воқеанинг давоми бор эди. Қодиржонованинг ота-онаси жиноят иши очишдан кўнгли совиган бўлса ҳам, ўз набиралари, яъни Диёра ва Шаҳризодадан умидларини узмаган эди. Гап шундаки, онасининг ўлимидан сўнг қизалоқлар бобо-бувиси билан яшаш уёқда турсин, улардан умуман ажратиб қўйилди — уларга ҳаттоки учрашишга ҳам рухсат беришмади.

Буни оддий усулда амалга оширишган. Дилнуранинг ўлимидан бир неча ой ўтгач, Чилонзор туман прокурори Х.Қўлдошев фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво аризаси бериб, Махамадсобир Мирзақуловни – Дилнуранинг собиқ эри ва қизларнинг отасини оталик ҳуқуқидан маҳрум этишни сўради. Қизларнинг васийси қилиб собиқ уй хизматчиси Рене Метмурадова ва унинг эри Отаназар Худойбергановни тайинлашни сўради. Даъвода айтилишича, отаси қизларга умуман ёрдам бермайди, Метмурадова ва Худойбергановлар эса аксинча, қизларни ўз уйида тарбиялаб, уларни парваришламоқда.

Табиийки, даъво шу заҳоти қондирилди. Ҳолбуки, даъвода қизларнинг укаси ҳақида ҳам, уларнинг бобоси ва бувиси ҳақида ҳам ҳеч нарса дейилмаган эди. Менимча атайлаб шундай йўл тутиш орқали улар болаларни Қодиржонованинг ота-онасидан ажратишган. Ахир қизлар қотиллик пайтида квартирада бўлган ва бирор нарса кўрган бўлиши мумкин. Ўшанда Шаҳризода учинчи синфда, Диёра эса олтинчи синфда ўқиётган эди. Улар катта бўлиб қолишганди, шу сабабли бобоси ва бувисига бирорта исталмаган нарсани айтиб қўйиши мумкин эди.


Қодиржонованинг қизларини бегона оилага бериш юзасидан прокурорнинг даъво аризаси, шу туфайли бобо-буви ўз неваралари билан мулоқот қилиш ҳуқуқидан айрилди

“Уй хизматчиси” жумласи учун жавоб беришимга тўғри келди

Хуллас, Дилнуранинг ота-онаси илгари ҳам Шаҳризода билан Диёрани ўзларига олишга ҳаракат қилишган. Жиноят иши қўзғатилмайдиган бўлганидан сўнг бу ишга янада қаттиқроқ киришишди. Менинг олдимга маслаҳат сўраб тез-тез келишарди, мен қўлимдан келганича ёрдам берардим. Бундан ташқари Октябрхон Юсупова ва Шукуржон Қодиржоновларнинг ўз неваралари билан бирлашиш учун курашига бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳам қизиқиб қолиб, менга турли саволлар билан мурожаат қила бошлашди.

Бунинг оқибатида жазо ҳам етиб келди. Диёра ва Шаҳризоданинг васийлиги масаласи ҳал қилинган худди ўша судга 2010 йилнинг июль охирида менинг ва Октябрхон Юсупованинг устидан даъво аризаси ёзилиб, “ор-номусни ҳимоя қилиш ва маънавий зарарни қоплаш” сўралди. Бу ишда иккинчи даъвогар артистканинг собиқ уй хизматчиси Рене Метмурадова, даъвогар эса унинг эри Отаназар Худойберганов эди.

Даъво икки ярим йил олдин, Қодиржонованинг ўлими юзасидан мен берган хабарга тааллуқли эди. Ваҳоланки, бу хабарда даъвогар Худойберганов умуман тилга олинмаган эди. Мен хабар матнида Метмурадовани... “уй хизматчиси” деб атаганимга хафа бўлишибди. Мен лол қолдим: уй хизматчиси ҳам ўзига яраша обрўли касб бўлиб, бу ҳеч қанақанги ҳақоратли сўз эмас. Менинг адвокатим Метмурадовадан атайлаб қайта сўради: даъво нимага берилмоқда? У ҳам уялмай-нетмай жавоб бера қолди: “У мени уй хизматчиси деб ҳақорат қилди”.

Менинг фикримча, бундай бемаъни даъвони ҳеч қандай суд қабул қилмаслиги керак эди. Аммо қабул қилишди. Бунинг устига мени республикадаги энг яхши адвокатлардан бири – “AL-SIT HUQUQ” юридик фирмасининг директори Алиқул Бобоқулов ҳимоя қилганига қарамай, — суд жараёнида мен ютқиздим. Аммо судья “маънавий зарар” учун 5 миллион сўм тайинлашга уялган чоғи, бор-йўғи 100 минг сўм жарима белгилади (ўша пайтдаги “қора бозор” курси бўйича тахминан $20 бўларди).

“Эзгулик” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг раҳбари Васила Иноятовага нисбатан ҳам худди шундай суд жараёни бошланган эди. Тафсилотлари эсимда йўқ, аммо у ҳам судда ютқизганди.

Бу қайғули ҳикоя шу йўсинда якун топди. Ўзбекистондаги қонунлар ҳаммага бир хилда қўлланмаслигини амалдорлар яна бир бор исботлади. Бунга қарши чиқмоқчи бўлганлар эса камида бурнидан чертки ейди.

Сурат Икромов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама