14:43 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Аллисон Гилл: “Ўзбекистон ҳукуматига Россия билан иттифоқ тузиш Ғарб танқидидан ҳимояланиш учун керак”

16.11.2005 15:04 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

Россия билан иттифоқчилик муносабатлари Ўзбекистон ҳукуматига инсон ҳуқуқларининг бузилиши юзасидан Ғарб танқидидан ҳимояланиш учун керак. «Human Rights Watch» халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Аллисон Гилл ана шундай деб ҳисоблайди. «Фарғона.Ру» ААнинг Тошкентдаги махсус мухбири Андрей Кудряшовга берган ўз интервьюсида Гилл хоним қуйидагиларни айтган:

- Андижондаги фожеали воқеалардан кейин ўтган олти ой ичида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши юзасидан вазият ҳеч яхшилангани йўқ. Европа Иттифоқи ва АҚШ билан бўлган муносабатларнинг совуши, Россия ва Хитой билан яқинлашиш юзага келган аҳволни мустаҳкамлайди, холос, - деб ҳисоблайди А. Гилл. – Расмийлар дунёвий мухолифатга ҳамда ўз ҳаётидан шунчаки норози бўлган фуқароларга қарши доимий қатағонларни оқлаб, йилдан-йилга ёмонлашиб бораётган ижтимоий ва иқтисодий аҳволдан юзага келган аҳоли билан бўлган эски зиддиятни ислом фундаментализми ва террорчиликка қарши кураш сифатида кўрсатишга уринмоқда. АҚШ ва Европадан фарқли равишда, Россия Ўзбекистон ҳукуматини демократик ўзгаришлар ва инсон ҳуқуқларига риоя қилишга ундаб, Ўзбекистонга бирор-бир таъсир ўтказмайдиган иттифоқчидир.

Бу орада, Ўзбекистондаги ички танглик кўринишдан кучайиб бормоқда. Оммавий равишда камбағаллашиш, нархларнинг ошиб кетаётганлиги ва инфляция, энергия ташувчилар танқислиги ва ҳатто келаётган қиш мавсумида иситиш, электр ва газ таъминоти каби оддий маиший хизматнинг етишмаслиги нафақат қишлоқ жойларда, балки пойтахтда ҳам тобора сезиларли бўлиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси кишиларнинг турли шаклдаги ижтимоий норозиликларига сабаб бўлмоқда, бу тажрибада кўрингани каби, расмийлар томонидан доим бутун минтақадаги барқарорликка ҳавф солувчи диний ва сиёсий экстремизмнинг юзага келиши сифатида баҳоланиши ва кўрсатилиши мумкин.

Фарғона.Ру: - Ўзбекистон ва Россия ўртасида иттифоқчилик шартномасининг имзоланиши 13 май куни Андижонда бўлиб ўтган воқеалар иштирокчилари иши бўйича очиқ маҳкама жараёнининг якунланиши билан қарийб бир вақтга тўғри келди. Ташкилотингиз вакиллари ва шахсан сизнинг ўзингиз кўп суд мажлисларида кузатувчи сифатида иштирок этдингиз. Жараён бориши ва чиқарилган ҳукм ҳақида сизда қандай таассурот пайдо бўлди?

А.Гилл: - Ушбу суд ССЖИ вақтидаги кўргазмали сиёсий жараёнлар руҳидаги яхши ўйналган спектакль сифатида таассурот қолдирди. Ўн беш суланувчининг ҳаммаси ўз айбларини тан олдилар, аммо бутун маҳкаманинг бориши айнан уларнинг иқрорлари атрофига қурилгани кузатувчилар эътиборини ўзига тортди. Судланувчиларга давлат томонидан тақдим этилган адвокатлар жуда пассив роль ўйнадилар ва қарийб ҳаракат қилмадилар. Қораловчилар эса далил-исботлар, ашёвий далиллар ва экспертиза маълумотларига эътиборни кам қаратди.

Фарғона.Ру: - Бундай вазиятда Ўзбекистондаги халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг роли, сизнингча, қандай бўлади?

А. Гилл: - Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳозирди «Фридом Хауз» ташкилотига рўйхатга олинмаган рамзлардан фойдаланганлик ҳақидаги ва шунга ўхшаш майда юридик эътирозлар билдириб, мазкур ташкилот ваколатхонаси фаолиятини олти ойга тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги масалани қўймоқда. Агар бу каби қарор қабул қилинадиган бўлса, «Human Rights Watch» Ўзбекистонда машруъан ҳозир бўлиб туришда давом этаётган ягона халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти бўлиб қолади. Ҳозирча бизга очиқ босим ўтказаётганлари йўқ, аммо бизнинг барча ҳатти-ҳаракатларимизни бетиним назорат остидадир. Ҳуқуқларини ҳимоя қилишимизни истаб, бизга мурожаат қилаётган фуқаролар ҳам охирги пайтларда уларга куч ишлатар тузилмалари томонидан қаттиқ босим ўтказилаётгани тўғрисида маълум қилаяптилар.