13:59 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Ўзингга ўт қўйсанг ҳам ҳеч нарса ололмайсан!” Пулини банкка ўғирлатган пенсионерга Бош прокуратурада эшикни кўрсатиб юборишди

09.05.2017 17:54 msk

Ўз мухбиримиз

Тошкентда икки ҳафтадан бери Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қатъий баёнотлари муҳокама қилинмоқда. У оддий фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилмайдиган, “коррупцияга ботиб кетган” амалдорлар ҳақида гапириб, уларни икки йилда янги кадрларга алмаштиришини айтди. Айниқса амалдорларнинг 24 соатли иш режимига ўтиши ҳақида гапи ҳаммани лол қолдирди.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати коридорларидаги кузатувларга кўра, президентнинг гапларига ҳамма ҳам қулоқ солмаган шекилли. Айниқса прокуратура ва суд ходимларининг эшитиш қобилияти паст бўлиб, улар ҳар куни фойдасиз қуруқ жавоблар ёзиш билан машғул. Уларнинг аксарияти мурожаат этувчиларининг кечинмалари ва дардига лоқайдлик билан қарайди. Одамлар вилоятлардан келади, айримларининг болалари ҳам ёнида, идораларнинг кириш эшиги олдида юзлаб тўпланишади, аммо ичкарига кира олмайди.

Прокуратура ҳуқуқларни ҳимоя қилади. Кимникини?

Тошкент яқинида жойлашган Чирчиқ шаҳрида яшовчи пенсионер Любовь Чуракова бу каби сарсон-саргардонликларни ўз бошидан ўтказган. Чунки у ҳам адолат истаб, юқори мансабдор шахсларга мурожаат қилган (банк ҳисобидан ўғирланган пулларни қайтариш мақсадида бу кекса аёлнинг бир неча йилдан бери курашаётгани ҳақида бу ерда , бу ерда ва бу ерда батафсил ўқиш мумкин). Бу нарсага деярли ҳар куни дуч келмоқда, чунки деярли мана етти йилдан бери худди ишга боргандек пойтахтга қатнашга мажбур. Нима ҳам қилсин, ахир бу пенсионернинг Ўзбекистон Миллий банкининг Чирчиқ филиалидан бир неча йил олдин йўқолган омонати учун жарима ва неустойкани қоплаш масаласи ҳали ҳам ҳал бўлмаган.

- Ўн тўртинчи апрель куни навбатдаги марта Бош прокуратурага бордим, аммо у ерда бўлиб ўтган воқеа мени адо қилди, - дейди йиғлаб юборишдан ўзини тийиб турган Чуракова. – Мен бино олдидаги зинада ўтирган эдим, ичкаридан шикоятларни қабул қилиш бўйича 14-бўлим ходими Умарова чиқди. Мен илгари унинг саводсизлиги учун рад қилиб юборган эдим. У “юринг кетдик, ҳал қиламиз” деб, қўлларимдан тортиб, ҳамманинг олдида қўполлик қила бошлади. Мен “қўлларимни кўкартирманг, сиз билан гаплашиш ниятим йўқ, ҳеч қаёққа бормайман!” деб қаршилик қила бошладим. Олдимизга милиционер-капитан келди ва мени ўзи ичкарига бошлаб киришига кўндирди.

14-бўлимга кирдик, у ерда икки киши қўр тўкиб ўтирган экан. Биттасининг фамилияси Жўраевмиди, Қурбоновмиди, Жўрабоевми ёки Жўрабековми, шунақа эди. Чунки бейджиклари йўқ, ўзларини таништирмайди, иккинчисини эса энди кўриб турибман. Ўзини таништиришни сўрасам, мийиғида кулиб, “Шарт эмас” деб қўйди. Эътироз билдиришни бошлаган эдим, унинг асаби қўзиб, безбетларча, ультиматив шаклда сенсираб, бидирлаб ташлади: “Протестдан умид қилма, қанча пикет қилсанг ҳам, қаерга шикоят қилсанг ҳам, банкка қарши жиноят иши очмаймиз, ўзингга ўт қўйсанг ҳам ҳеч қандай пул ололмайсан! Бир миллион етти юз беришдими – хурсанд бўл! Кексалигингни пеш қиляпсанми? Пеш қилиш керакмас! Фоизларингни олганмисан? Олгансан!”. Қутурган итдай қичқирди. Мен эътироз билдирмоқчи бўлдим, менинг омонатимдаги фоизлар қонуннинг бузилиши ва ҳуқуқларимнинг бузилишига алоқаси йўқлигини айтдим, аммо фойдаси бўлмади. Кабинетдан чиқиб кетишдан бошқа иложим қолмади, булар беодоблиги учун кечирим сўраб ҳам ўтирмади, - деб нолийди аёл.

Ҳақлигини тан олишади, аммо қонунни бажаришга шошилишмайди

Любовь Александровнанинг сўзларига кўра, муаммони ҳал қилишда ёрдам сўраб, шу ойнинг ўзида бир неча марта Президент девони, Олий Мажлис, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Тошкент вилоят прокуратурасига мурожаат қилган, Бош прокуратурага эса неча марта ёзганини санаб ҳам ўтирмаган. Ўзингиз ўйлаб кўринг: виртуал қабулхона ишга тушганидан бери унга умумий ҳисобда 18 марта шикоят ёзган! Ҳамма ёқда унинг сўзларини тинглашади, бош ирғаб, дардини тушунишади, аммо амалий ёрдам бериш ўрнига “ўрганиб чиқишга” ваъда беришади ёки бир хил қолипдаги ёзма жавоблар билан қутулишади. Буниси ҳам майли, аммо уйга қўнғироқ қилиб, келмасликни сўрашади, пикетга чиқмасликни сўрашади, фақат “эртага” билан боқишади, аммо “тезлаштирилган жавоб” бериш муддатлари ўтиб бўлган.

Мана 11 ой бўлдики, ҳар хил баҳоналар билан пенсионерни бош прокурор Ихтиёр Абдуллаевнинг қабулига қўйишмайди. Буни тушунса бўлади: агар Чуракова шахсан мамлакат бош прокурори билан учрашса, аммо унга нисбатан судларнинг адолатсиз қарорларига протест келтиришмаса, унда шикоятчи назорат органининг ҳаракатларидан қониқмасдан, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари, масалан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Назорат органларига бундай шов-шув керак эмас.

- Бу ҳолда ушбу фирибгарлик пирамидасининг барча аъзолари ўзининг ҳаракатлари ноқонунийлигини тан олиб, ёғли лавозимлардан маҳрум бўлишига тўғри келади, - деб изоҳ беради жабрланувчининг ўзи. – Ахир булар бир-бирини қўллаб-қувватлаш орқали 7 йилдан бери мени алдаб юрганини ошкор қилишга йўл қўярмиди? Банкирлар ҳам адолат қарор топишига йўл қўймаслиги мумкин: агар ҳар бир алданган одам менга ўхшаб, қонунда кўзда тутилган тўловларни талаб қилаверса, улар хонавайрон бўлади-ку! Ишим озгина илгарилайдиган бўлса, банк менга (Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 22 июндаги қарорининг 6-бандига ҳамда Фуқаролик кодексининг 260-263-моддаларига кўра) деярли эллик миллион тўлаши керак.

Ахир бунга ўхшаш ҳолатлар мамлакатда минглаб учрайди, шу сабабли жон фидо қилса ҳам, тўламасликка ҳаракат қилишади. Акс ҳолда қонун ҳимоясида бўлган орган ходимларининг бундай бетакаллуф қўрслиги ва одобсизлигини қандай изоҳлаш мумкин? Хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади. Менинг ҳақлигимни тан олишса ҳам, қонунни бажаргилари келмайди. Президент ҳар куни, ҳар соатда қонуннинг устуворлигини, халқ билан яқинлашиш, оддий одамларнинг муаммоларини тезда ҳал қилиш, одамларга ҳурмат билдириш кераклигини такрорлашини ҳам инобатга олишмаяпти. Бош прокуратурада мен билган даврнинг ўзида ўнлаб одам лавозимидан олинган, аммо тартиб ва одамларга нисбатан ҳурмат ҳали ҳам пайдо бўлгани йўқ, - дейди Чуракова.

Амалдорлар “булбулдек сайраганида”

Пенсионернинг Бош прокуратурага юқорида айтиб ўтилган ташрифидан олдин 10 апрелда Чирчиқдаги кимёгарлар саройида жамоат конференцияси бўлиб ўтди (давлат раҳбарининг талабига кўра, фуқароларнинг шикоятларига масъул шахслар ҳисобот берадиган шундай учрашувлар ҳар ойда ўтказилиши керак), унда деярли барча соҳаларнинг турли даражадаги бошлиқлари иштирок этди. Унда прокурорлар ҳам, судьялар ҳам, банкирлар ҳам, ҳатто президент хизмати ходимлари ва виртуал қабулхона директори қатнашди. 400 тача одам тўпланди, шулардан 150 киши – асосан Чирчиқ ва Қибрайда яшовчилар шикоят билан қатнашди.

- Мен илгари одамларга бундай яхши муносабат қилишганини ҳеч қачон кўрмаганман, - деб давом этади Любовь Александровна. – Йиғилиш нақ беш соат давом этди, амалдорлар шунақанги хушмуомала ва ёқимли бўлиб кетдики: ҳеч кимнинг гапини бўлишмади, саволларга табассум билан жавоб беришди, худдики бутун умр шу учрашувни орзу қилгандек. Кўплаб муаммолар шу ернинг ўзида ҳал қилинди! “Менинг” банким эса атрофимда рақсга тушишга ҳам тайёр эди. Тадбир бошланишидан олдин иккита прокурор ва банк ходими мендан сўзга чиқмасликни илтижо қила бошлади. Аммо мен шунақа бир маъруза ўқидимки, пулимни ўғирлаган ўзбек банки ҳақидаги муаммони бутун дунё билади, шундай кейин ҳам инвестициялар келишини хоҳлайсизми, дедим.

Қонун бузилишлари ва ўзбошимчаликлар ҳақида батафсил айтиб ўтилган жўшқин нутқим шунчалик муваффақият қозондики, ҳаттоки президент давлат маслаҳатчиси ҳамманинг кўз ўнгида: “Ўз ҳуқуқларингизни талаб қилишни шу аёлдан ўрганинг. У қонун бўйича мутлақо ҳақ!” деди. Мени қўллаб-қувватлади, жасурлигим учун мақтади, масалани ўрганиб чиқиш ҳақида тантанала ваъда берди, масъул шахсларга тезлаштирилган жавоб беришни тайинлади, аммо бу жавоб ҳалигача берилгани йўқ. Ўшанда кўп йиллардан бери биринчи марта бағримга шамол теккандек бўлди. Аммо менинг азият чекишим давом этганига қараганда, бу сергап давлат маслаҳатчиси шу билан “яхши ният элчиси” вазифасини тугаллаган. Айбдорлар қарзини тўлашга мажбур қилиш учун ҳеч ким ҳеч нарса қилмади, - деб сўзлаб беради аёл.

Тошкент вилоят прокурори хизмат вазифаси билан боғлиқ қалбакичиликни тан олди

Бу орада масаланинг моҳиятини тегишлича ўрганиб чиқиш ва ваъда берилган прокурор протестини бериш ўрнига, “Фарғона” хабар берганидек, Чураковага Марказий банкнинг қандайдир эксперт комиссиясининг осмондан олинган “хулоса”сини беришди. Бу комиссия ишдан манфаатдор бўлган банк ходимларидан тузилган эди. Шуни асос қилиб олган Бош прокурор ўринбосари У.Суннатов ўтган йилнинг декабрида қонунга хилоф баёнот билан чиқди. Унда Чуракованинг ўғирланган пуллари юзасидан вилоят суди ажримини “янги аниқланган ҳолатлар” асосида Тошкент вилоят судининг кассация инстанциясида қайта кўриб чиқиш белгиланган.

- Менинг аризам бўйича Суннатов банкирларнинг қонунга хилоф ишлари ва вилоят судининг аввалги қарорларига прокурор протестини бериши шарт эди, у “менга қанча тўланиши кераклиги” ҳақидаги савол билан судга ўзи мурожаат қилишга ҳаққи йўқ эди, - деб таъкидлайди Любовь Александровна.

Фактларнинг бузиб кўрсатилиши оқибатида экспертлар кенгаши аъзолари бир неча йиллардан бери пенсионерга етказилган зарарни 1,7 миллион сўм деб баҳолади. Бугунги кунда Миллий банк Чирчиқ филиалидан ундирилиши керак бўлган зарарнинг ҳақиқий миқдори (ўғирланган ва ўз вақтида қайтарилмаган омонат учун жарима ва пенялар), жабрланувчининг сўзларига кўра, 49 миллион сўмга тенг (“қора бозор” курсида тахминан $6.533).

- 4 апрел куни Тошкент вилоят прокурори Файзиевнинг қабулида бўлганимда, ундан тўғридан-тўғри сўрадим: “Қандай қилиб қалбакичиликка йўл қўйдингиз? Нимага фактларни бузиб кўрсатиб, бу уйдирма вазиятга аралашдингиз ва қонун бўйича менинг ишимни ҳал қилдингиз?”. Бунга ажойиб жавоб олдим: “Нима қилай, мен бошлиғимнинг (бош прокурор ўринбосари Суннатовнинг. – “Фарғона” изоҳи) буйруғини бажардим холос”. “Сиз раҳбариятнинг шахсий буйруқларини эмас, қонунни бажаришингиз керак”. – “Мени тўғри тушунинг — мен бир бажарувчиман холос”. Қонун посбонининг аҳволини қаранг, – деб аччиқланади Любовь Александровна.

10 йиллик азоб-уқубат

Бу қайғули воқеалар узоқ 2007 йилдан бери давом этмоқда. Ўшанда давлат берган кафолатларга ишонган пенсионер Чуракова ўзининг квартираси, машинаси ва қорамолини сотиб, Миллий банк Чирчиқ филиалига 11,5 миллион сўм қўйган. Уч йилдан кейингина – 2010 йилнинг февралида ҳисоб рақамдаги пуллари йўқолганини тасодифий равишда билиб қолади. Маълум бўлишича, банкнинг очкўз бошқарувчилари дастидан яна юзлаб одам унга ўхшаб жабрланган экан. Хусусий омонатчиларга тегишли маблағларнинг бошқарувчи томонидан ноқонуний равишда ечиб олинганини банк филиалининг вакиллари ҳеч кимга айтишмаган. Неча киши жабрлангани ҳақидаги саволга эса “бу банк сири”, уни “ошкор этиб бўлмайди” деб жавоб қайтаришган.

Аниқланишича, Миллий банк Чирчиқ филиали бошқарувчиси Олимжон Султонхўжаев 2008 йилдаёқ омонатчиларнинг долларли ва сўмли ҳисоб рақамларидан пул ўғирлаган экан. Аммо банкнинг янги маъмурияти бу ҳақда мижозларга хабар беришни маъқул топмаган. 2010 йилнинг май ойига келибгина ўғирланган омонатлар тикланган, аммо ўз филиаллари ва ходимларининг ишига масъул бўлган банк пулларни дарҳол қайтариши керак эди.

Овоза бўлиб кетмаслиги учун Миллий банк раҳбарияти бўлиб ўтган воқеа ҳақида гапиргиси келмаган, шунчаки қўлга тушган бошқарувчи билан бухгалтер ва кассирни ишдан ҳайдаб юборган. Жабрланувчи Чураковадан эса “бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни” сўрашган ва “хавотирланманг” дейишган: ревизия билан прокурор текшируви бўлиб ўтгач, ҳамма пуллар тўлиқ қайтарилар эмиш (пулни қайтариш 2013 йилга келибгина бошланган, шунда ҳам қисмларга бўлиб, қолган зарарни қоплаш “эсдан чиқарилган”). Собиқ бошқарувчи Султонхўжаев зарарни қоплаш учун пул йиғаётган эмиш.

Ўшандан бери орадан салкам 10 йил ўтди, бу даврда кекса аёлнинг ҳаёти (2 декабрда Любовь Чуракова 79 ёшга кирди) дўзахга айланди: саёҳатлардан баҳра олиш ва ҳордиқ чиқариш ўрнига у барча амалдорларнинг кабинетлари ва судларига бўзчининг моккисидай қатнади. Аммо унинг мурожаатларини ҳозирги кунда ҳам ҳеч ким эшитгиси келмаяпти.

Мамлакатни шарманда қилманг!

“Икки йил ичида туну-кун ишлайсизлар, мен рухсат бермасам, ҳеч ким уйига кетмайди. Энди илгаригидай бўлмайди. Ё ишлайсизлар ёки жойни бўшатасизлар. Ҳаммангиз коррупцияга ботиб қолгансиз!” – деди яқинда президент Мирзиёев, ишёқмас амалдорларни навбатдаги тергаш пайтида.

Ундан олдинроқ, 11 апрелда, Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, президент давлат маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа вазирлик ва муассасалар раҳбарлари, компания ва ассоциация раҳбарлари, вилоят ҳокимлари, Тошкент, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари иштирокидаги кенгайтирилган селектор мажлисида, мамлакат раҳбари масъул шахсларнинг “лоқайд ва масъулиятсиз муносабати”ни, айниқса ижтимоий соҳа ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш борасидаги ишларни қаттиқ танқид қилди.

Шу йил бошидан буён президентнинг виртуал қабулхонасига фуқаролардан 315 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган, мамлакат бўйлаб очилган халқ қабулхоналарига эса 47 мингдан ортиқ мурожаат бўлган. Матбуотдаги хабарларга кўра, Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга ва давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайбергеновга (шу одам Чураковани ўз ҳақини талаб қилишдаги қатъий позицияси учун мақтаган эди. – “Фарғона” изоҳи) “бир ой давомида фуқароларнинг мурожаатларига, айниқса такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимдаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш бўйича комплекс таклифлар киритиш”ни топширган.

- Президентнинг айтган гаплари Бош прокуратурада ўтирган саводсиз хизматчиларга тааллуқли эмасми? Улар деярли 7 йилдан бери устимдан кулиб келишмоқда. Мен аниқ жавоб олмагунимча мурожаат қилишдан тўхтамайман. Агар менинг ўзимдан виртуал қабулхонага 18 та шикоят тушган бўлса, давлат хизматчиларнинг самарали ишлаётгани ҳақида гап бўлиши мумкинми? Бунақалар мамлакатни шарманда қилмаслиги учун ҳайдаб чиқариш керак! – деб хулоса қилади бу қийналиб кетган, аммо таслим бўлмайдиган чирчиқлик пенсионер аёл.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги