19:31 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Стокгольмдаги теракт: Жамият шокка тушиб қолди, аммо шведлар ёвузликка қарши бирдамликда курашади

29.04.2017 18:08 msk

Фарғона

Ўзбекистонлик шахс томонидан Стокгольмда амалга оширилган террористик актни Швеция қандай қабул қилмоқда? Бу скандинав мамлакатининг фуқаролари полиция ва махсус хизматлар ишини қандай баҳоламоқда? Нега Тошкентдан билдирилаётган расмий баёнотларга Стокгольм унчалик ишонмайди? Бу ва бошқа саволларни таниқли швед журналисти, собиқ СССР давлатлари бўйича мутахассисс – жаноб Торгни Хиннемуга бердик.

* * *

- Бу терактни Скандинавияда қандай қабул қилишди? Терактдан сўнг Швеция жамиятини асосан нима безовта қилмоқда?

- Террорситик акт хатари юқори бўлганини кўпчилик тушуниб етди. Ахир Швеция Ироқда ИДга (ИШИД, ISIS, “ислом давлати” – Россияда тақиқланган террористик ташкилот. – “Фарғона” изоҳи) қарши урушда қатнашмоқда. Бу албатта жуда кичик контингент, яхши ўргатилган аскарларнинг ихчамгина гуруҳи. Бугун жамият шок ҳолатида. Аммо шу билан бирга мен анчадан бери шведлар бундай бирлашганини кўрмаган эдим.

- Стокгольмда яшовчилар полиция ва махсус хизматларнинг ишини қандай баҳоламоқда?

- Шуниси равшанки, полиция ходимлари бундай вазиятга тайёр бўлишган. Айбдорни дарҳол топишди. Ўттиз йил олдин бош вазиримиз Улофа Пальменинг ўлдирилиши очилмай қолганди, чунки махсус хизматлар режали равишда ишламаган.

- Охирги йилларда Швецияда бошқа шов-шувли терактлар бўлганми?

Ҳа. 2003 йилда Швецияда ташқи ишлар вазири Анну Линдни ўлдиришди : қотил пичоқ билан ташланган. 2010 йилда Дроттнинггатан кўчаси (айнан шу кўчада Оқилов ҳам терактни амалга оширди) атрофида битта худкуш террорист ўзини портлатган. Бахтли тасодифга кўра фақат ўзини ўлдирган холос. Аммо кейин шу туфайли одамлар худди шу кўчада яна теракт бўлишини кутишган. Бу хиёбон фақат пиёдаларга мўлжалланган бўлиб, шаҳар маркази, сайр қилишга қулай жой. Ҳамма шу ерда сайр қилади. Одам кўп...

- Полиция дарҳол автомобил рулида айнан Оқилов ўтириб, одамларни босганига шубҳа йўқлигини билдирди. Айни пайтда полиция нимани тергов қилмоқда?

- Раҳмат Оқиловнинг Швециядаги ёки хориждаги бошқа террористлар билан алоқасини текширмоқда.

- Аммо Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Оқиловнинг террористик ташкилот аъзоси бўлганини эълон қилди-ку?

- Ўзбекистон Оқилов борасида Швецияни огоҳлантиргани ҳақидаги Абдулазиз Комиловнинг баёноти бизни таажжубга солди. Швеция расмийлари қуйидагича баёнот берди: агар биз ҳақиқатан ҳам хорижий махсус хизматлардан ҳужжат олган бўлсак, уни ошкор қилмаймиз, чунки бу махфий ҳисобланади. Аммо менимча улар бевосита Ўзбекистондан ҳеч қандай маълумот олмаган. Чунки агар бу ҳақиқат бўлганида, расмийлар бундай сигнални эътиборсиз қолдирмаган бўлар эди.

11 йил олдин Стокгольмда ўзбек мухолифатчиси Муҳаммад Солиҳ қўлга олинганини биласиз. У Стокгольмда қўниб-учиш пайтида швед полицияси Ўзбекистондан маълумот олган (М.Солиҳ бир кундан кейин қўйиб юборилган. Швед томони “қандайдир тушунмовчилик бўлди” деган эди. – “Фарғона” изоҳи) . Шу ёқимсиз ҳолатдан сўнг полициямиз Ўзбекистондан келаётган маълумотга ишонмайди, агар бу маълумотлар билан айбни аниқ исботлаб бўлмаса. Бундан ташқари бизда имом Назаровга ҳам суиқасд қилинган.

Албатта, ҳозир – Каримовнинг ўлимидан сўнг вазият ўзгарган. Швед расмийлари расмий Тошкент билан алоқа ўрнатиш йўлларини қидираётганига аминман. Бу шароитда жуда кўп нарса Ўзбекистоннинг ўзига боғлиқ – улар ҳужжатлар ҳамда рад этиб бўлмайдиган далилларни бериши керак. Ўзбек ТИВнинг битта баёноти камлик қилади.

Дарвоқе, бошқа ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, бир неча йил олдин Россия расмийлари бир кишини топшириш юзасидан Швецияга сўров юборган. Аммо ҳужжатлари ишонарсиз бўлгани учун сўровга рад жавоби берилган.

- Ўзбекистон ТИВ баёнотидан олдин матбуотга ўзбек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан маълумот сиздирилди. Манбанинг таъкидлашича, Оқилов Швецияда қочқин мақомини олган, шунинг учун уни Туркиядан айнан Стокгольмга экстрадиция қилишган...

- Мақоми ҳақидаги гаплар тушунарсиз. Шуни биламизки, Оқиловнинг қочқинлик мақоми ва яшаш рухсатномаси бериш сўровига ўтган йили рад жавоби берилган. Аммо ундан олдинроқ, ариза топширган тақдирда ҳам, унда саёҳат қилиш ҳуқуқини берадиган ҳеч қандай Швеция ҳужжати бўлмаган.

Торгни Хиннему

- Тергов қанчага чўзилиши мумкин?

- Кеча полиция вакили тергов бир йил давом этиши мумкинлигини айтди.

- Бу фожиали теракт миграция ва хавфсизлик масалалари бўйича сиёсий баҳсларни келтириб чиқардими?

- Ўтган йили Европага Сурия ва бошқа мамлакатлардан қочқинлар ёпирилиб келганидаёқ миграция масаласи ўта долзарблик касб этган эди. Ўшанда қонунлардаги муҳожирлар оқимини бошқариш шартларини озгина ўзгартиришган эди. Бугунги кунда уларга мамлакатимизда доимий яшаш ҳуқуқини олиш унчалик осон эмас. Рухсатномани ҳам мунтазам янгилаб туриш керак.

Терактдан олдин ҳам бизда бошпана бериш рад этилган одамларни нима қилиш борасида баҳс-мунозаралар бўларди. Уларни мамлакатига қайтариб жўнатиш керакми? У мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилинмаса-чи? Европа суди бир ҳолатда Ўзбекистонга одам депортация қилишни тақиқлаган, гарчи унга Швецияда яшашга рухсат берилмаган бўлса ҳам.

Ҳа, бу масалалар матбуотда муҳокама қилинади, аммо айнан сиёсий муҳокамалар балки кейинроқ бошланиши мумкин. Швецияда 2018 йилда парламент сайлови бўлиб ўтади, ўша вақтга яқинлашган бўлиши мумкин. Ҳозирча барча сиёсий партиялар учун энг асосийси ўзларининг терроризмга қарши курашда бирдамлигини кўрсатишдир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама