19:31 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондан чиққан бизнесменлар, Ғулом ва Сардор Умаровлар АҚШда янги технологияларни ривожлантирмоқда

29.04.2017 17:53 msk

Юлия Мазурова

Ўзбекистондан чиққан Ғулом ва Сардор Умаровлар, илгари таниқли мухолифатчи бўлган Санжар Умаровнинг ўғиллари бугунги кунда АҚШда йирик технологик лойиҳалар билан банд бўлса-да, ўз илдизларини унутмаган ва бизнесни ўз ватанининг манфаатлари билан боғлиқ тарзда ривожлантирмоқда. 2014 йилда улар Exchange Building биносини реконструкция қилишга рухсат олишди. Теннесси штатининг Мемфис шаҳридаги собиқ пахта ва дон биржасининг бу тарихий биноси юз йил олдин қурилган (бу ерда ёзганмиз). Бугунги кунда янги хўжайинларнинг шарофати билан Мемфис биржаси бутунлай бошқа кўринишда қайта туғилмоқда, у энг замонавий лойиҳалар учун мосланган бўлади. Exchange Building асосида ўнлаб стартаплар – энг замонавий маҳсулот ва хизматларни таклиф этувчи “нолдан” бошланган самарали лойиҳа ёки компаниялар ташкил этиб бўлинган. Яқин кунларда Умаровлар маҳаллий университет базасида бўлғуси стартаперлар учун семинар ўтказишни режалаштирган.

Семинар мавзуси кўпчилик учун тушунарсиз ва жумбоқли кўриниши мумкин. Мавзу — блокчейн (blockchain) ва уни ривожланаётган мамлакатлар бозорида татбиқ этиш усуллари. Блокчейн — бу энг янги компьютер технологияси бўлиб, у орқали ҳар қандай ахборотни сақлаш ва тарқатиш, жумладан, пул ўтказмаларини амалга ошириш мумкин. Блокчейннинг асосий афзаллиги шундаки, бу технология қўлланганида ахборотни алмаштириш ёки ўзгартиришнинг умуман иложи йўқ, фойдаланувчиларнинг ҳар қандай ҳаракати эса шаффоф бўлиб, ҳар қандай ҳийла-найрангдан холи бўлади. Бундан ташқари бу тизим пулни тежаш имконини беради, чунки анъанавий тарзда тўлов амалга оширишда фойдаланиладиган банк ва молия тизими хизматларини қисқартиради.


Сардор ва Ғулом Умаровлар

Бу тизим хорижий инвестицияларни жалб қилишга ҳаракат қилаётган ривожланаётган мамлакатлар учун муҳим аҳамият касб этади. Одатда турли маҳаллий хусусиятлар туфайли бизнесни юритиш ўта қийин бўлган бозорда блокчейн тизими татбиқ қилинса, бунинг натижасида олди-бердилар шаффоф бўлади. Шу орқали инвесторларнинг ишончини қозониш ва беқарор бозорларда товарларнинг нархи барқарор бўлишига эришиш мумкин.

Ака-ука Умаровлар бу революцион технологияни ривожлантириш устида ишлашмоқда, бу тизим биринчи дунё мамлакатларида фаол қўллана бошланган. Ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Мемфис биржаси 15-16 май кунлари FedEx Мемфис технологик институтида икки кунлик ўқув курслари ташкил этади. Бу курс ҳали блокчейн билан ишламаган, аммо мавжуд бозорнинг ишлаш тамойилларини яхши билганлар учун мўлжалланган. Курс давомида бу инновацион воситани ишлатиш орқали қандай имкониятлар юзага келишини билиб олиш мумкин.

Мемфис биржаси стартапларни жалб қилишда экотизим усулидан фойдаланади. Бунда бутун дунёдан келган жамоалар ихтиёрига қулай хоналар берилади, улар ишлаш ва яшашга мослаб жиҳозланган бўлиб, бундан ташқари Мемфис шаҳри марказидаги барча асосий объектларга яиқн жойлашгандир. Мемфис шаҳри эса АҚШнинг қоқ марказида жадал ривожланаётган технологик хаб ҳисобланади.

Лойиҳанинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, унда хайрия ишларига ҳам кенг ўрин берилади. Мемфис шаҳрида бутун дунёда машҳур Saint Jude шифохонаси жойлашган, у ерда турли мамлакатлардан онкологик касалликка чалинган болалар олий даражадаги тиббий ёрдамни бепул олиши мумкин. Бу шифохона хайрия маблағлари ҳисобига фаолият юритади.

Saint Jude шифохонаси бирорта Марказий Осиё мамлакатидан болаларни қабул қилиши учун тиббиёт маркази махсус квота ажратиши лозим. Мемфис биржасининг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигининг асосида шу минтақадаги хаста болаларга ёрдам бериш ётади. Жалб қилинган маблағлар Saint Jude шифохонасида Туркманистон ва Қозоғистондан келадиган болалар учун квота ажратишга йўналтирилади. Бу давлатларнинг ҳукумати келажакда бу лойиҳада иштирок этишга розилик берган. Кейинчалик Ўзбекистон ҳам қўшилиши кутилмоқда (ҳозирча ҳеч ким жавоб бермади).

Биз бу ажойиб лойиҳанинг ривожини диққат билан кузатиб борамиз.


Exchange Building — собиқ Мемфис биржаси биноси — ака-ука Умаровларнинг мулки

Материални Юлия Мазурова тайёрлади

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама