03:30 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сурат Икромов хотиралари: Хоразмлик фермерларнинг ҳокимга пора бермасликка аҳд қилишгани

27.04.2017 02:34 msk

Сурат Икромов

"Фарғона” ЎМҲҲТГ (Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи) раҳбари Сурат Икромов ёзаётган “Ҳуқуқ ҳимоячи қайдлари” китобидан боблар бериб боришда давом этади. Бу сафар Хоразмлик жасур агроном аёлнинг фожиали тақдири ҳақидаги ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз. У ҳалол ишлашни истаган ва туман ҳокимлиги томонидан пул йиғишларга қарши чиққан. Калтакланиш ва хўрланишларга қарамасдан, у ҳақиқатни ҳимоя қила олди ва ўз фермер хўжалигини сақлаб қолди.

Амалдор фермерни нишонга олганида

Коррупция – жамиятнинг даҳшатли иллати. Бу иллат Ўрта Осиёни феодализм давридан бери емириб келади. Шарқона коррупциянинг тамойили оддий бўлган: яхши яшашни хоҳласанг, бойлигингдан хон амалдорларига улуш бер. Афсуски, ўша даврлардан бери ҳеч нима ўзгармаган. Лоақал замонавий Ўзбекистонда шундай. Бирорта одам ҳалол тарзда озгина пул ишлаб топса, дарров бир тўда текинхўр пайдо бўлиб, ҳақ сўрашни бошлайди. Баҳам кўришни истамаса, бирпасда милиция, прокуратура ва судьялар ишини ҳал қилади.

Ўзбек амалдорлари айниқса фермерларнинг мулкига ўч, фермерларнинг кўпчилиги эса ўзларини ҳақ-ҳуқуқсиз инсонлар деб билади. Бу ўринда Хоразм вилояти Шовот туманида бўлиб ўтган воқеани намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Бу ерда гуруч етиштирилади, бу гуруч қиммат навидан бўлиб, бозорда жуда талабгир. Маҳаллий фермерларнинг даромади айниқса юқори, шунга қараб, амалдорларнинг иштаҳаси ҳам баланд.

“Буюк келажакка ишондик”

2011 йилнинг октябрида Хоразмдан Тошкентга интеллигент бир аёл қатъий мақсадда келди. Шунчалик ноиложликка тушиб қолган эдики, Ўзбекистон президенти аппаратининг олдида устига бензин сепиб, ўзига ўт қўйишга аҳд қилганди. Агар ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотимизнинг бир аъзоси бўлмаганида, шундай қиларди ҳам. Аъзомиз аёлни тинчлантириб, менинг офисимга олиб келди.

Мен шу тарзда Сафаргул Курязова билан танишдим. Ўшанда у деярли 58 ёшга кирганди. Кўринишидан азоб-уқубатдан қийналган, аммо руҳи синмаган эди. У билан гаплашиб кўргач, унинг жуда маданиятли ва ўқимишли аёл эканлигини тушундим.

Сафаргул опа институтни “агроном” мутахассислиги бўйича битирган. Эри Раҳматилла Нуржонов ва олтита фарзанди билан фермерлик қилишга аҳд қилади. Ундан жуда қобилиятли тадбиркор чиқади ва эри раҳбарлик қиладиган “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалиги юқори марраларга эриша бошлайди.

2008 йилда Ўзбекистонда майда фермерлик хўжаликларини бирлаштириб, ерини кенгайтириш орқали йириклаштириш бошланганида Шовот туманида конкурс эълон қилинади. “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалиги ариза беради ва ютиб чиқади. Шу тарзда ери 108 гектаргача кенгаяди. Нуржоновлар оиласи тинимсиз меҳнат қилиб, пахта режасини мунтазам бажаргани учун туман ҳокимияти яна 12 гектар ер қўшиб беради.

Бу эр-хотиннинг бошига бахт қуши қўнган пайтлар эди. Яхши ишласанг бас, мўмай даромад билан бирга ҳақиқий буюк келажак ҳам келиши аниқ эди.

Ер кўринишидаги қопқон

Аммо улар адашганди. Конкурсдаги ғалабаси аслида қопқон бўлиб чиқди. 2009 йил бошида Шовот тумани ҳокими Бозорбой Ёқубов Курязовани ўз кабинетига чақириб, 10 миллион сўм пора беришни талаб қилади. Ўша пайтдаги “қора бозор” курсида тахминан 7000 доллар эди.

Шу кабинетда ўтирган туман прокурори Жиёнбой Норимбетов ҳам шунча пул талаб қилади. Изоҳи оддий: сенга кўп ер ажратдик, энди бой-бадавлат яшайсан, бунинг эса ҳақини тўлаш керак.

Аёл саросимага тушиб қолди. Албатта, Ўзбекистонда порани таъма қилишларини эшитган эди, аммо бунчалик безбетларча сўралиши, бунинг устига ҳоким билан прокурордек обрў-эътиборли одамлардан шу гап чиқиши... Бундан ташқари оилага ҳали буюк келажак келмаган эди, шу сабабли бунча пулнинг ўзи йўқ эди. Сафаргул опа нафақат ўқимишли, балки хушмуомала аёл ҳам эди. “Туман оталари” билан жанжаллашиб ўтирмайди, шунчаки вазиятни мулойим тушунтиради. Ҳоким кулиб юборади. “Сизда қорамол бор-ку? - дейди. – Ўшаларни сотинг, айнан шу сумма чиқади”.

Курязова баҳслашиб ўтирмасдан, эри билан маслаҳатлашишини айтади. Ҳақиқатан ҳам хўжаликда 40-50 та сигир бор эди. Аммо булар сотиладиган бўлса, кўп болали оиланинг бюджети хароб аҳволга тушади. Эр-хотин ўйлаб кўриб, сигирларни беришдан бош тортади.

Шунда ҳоким Ёқубов бундан ҳам фойдалироқ таклиф беради: пахтага ажратилган 20 гектарга гуруч экиш, ундан олинган даромадни туман хўжайинларига бўлиб бериш. Ҳокимга 10 тонна гуруч, туман прокурори билан милиция бошлиғига 5 тоннадан.

Бу таклиф иқтисодий жиҳатдан фойдали эди, аммо бу оддийгина фириб эмас, балки яна битта қопқонга ўхшарди. Бунга рози бўлишса, оила бутунлай туман раҳбариятига қарам бўлиб қолар эди. Ўзбекистонда пахта билан ҳазиллашилмайди, шу сабабли бундай алдам-қалдам ишдан сўнг “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалигини барча аъзолари билан қамаш ёки бутунлай хонавайрон қилиш мумкин эди.

Жазо тезда етиб келди

Натижада оила ажратилган ерга қоида бўйича пахта экишга қарор қилди. Туманнинг юлғич раҳбарларига эса ҳеч нарса бермайдиган бўлишди. Оқибатда ҳоким, прокурор ва милиция бошлиғи ғазабга миниб, ўжар фермерларни жазолаш ҳаракатига тушди.

Тўққизинчи февраль куни ҳокимнинг буйруғи билан эр-хотин калтакланиб, шифохонага тушди. “Бош мия чайқалиши” ташхиси қўйилиб, танада кўплаб жароҳат излари орттиришди.

Бу акция фақат биринчиси бўлиб, ибрат бўлиши учун амалга оширилди. Кейин кўнгилсизликлар бирин-кетин ёғила бошлади. Ерни бошқа фермерларга ўтказиш ва ҳаттоки уйидан кўчириб юборишга ҳаракатлар бўлди. Ўғиллари Суюнбек кутилмаганда қўшни қизни зўрлашда айбланди, бунинг туҳматлигини исботлаш учун ҳам анча-мунча тер тўкишга тўғри келди.

Бу орада ҳоким Ёқубов фермерларни “тузлаш” учун қилмаган найранги қолмади. Февраль ойидаёқ у “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалигининг оғилидан 20 та сигирни олиб чиқиб, бу оила яшаётган уйга ҳайдаб киритишни буюради. Бу ёввойи буйруқни участка милиционери, маҳалла раиси ва қишлоқ совети раиси бажаришди. Бунга масхарали изоҳ ҳам бериб қўйишди: ҳаво совуқ, шунинг учун қорамолларни иссиқ уйда сақлаш керак.

Бу ҳақоратга жавобан Курязова ва Нуржоновлар телефон орқали Хоразм вилоят ҳокимлигига арз қилишди. Шунда кейин бир куни кечки пайт уларнинг уйига Шовот РОВД бошлиғи Жонибек Рўзматов, унинг ўринбосари Баҳодир Матқурбонов, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ражабовлар кириб келишди. Уйда қорамол сақлашга шароит йўқлигини кўргач, қорамолларни фермага олиб боришни ваъда беришди. Аммо сигирларни чўлга қўйиб юборишган. Тунда қаттиқ совуқ бўлган, оқибатда тўртта сигир ҳалок бўлган …

Жаладан олдинги қора булут

Буларни сўзлаб бераркан, бу жасур аёлнинг кўзларидан онда-сонда ёш думалаб кетарди. Мен эса бу одамларнинг қандай даҳшатли шароитга тушиб қолгани ҳақида тасаввур қилардим. Уларнинг бор-йўқ айби ҳалол ишламоқчи бўлганида эди. Аммо маълум бўлишича, даҳшатли воқеалар эндигина бошланаётган экан.

Сигирлар воқеасидан кейин Сафаргул опа чидолмасдан, туман катталарининг ўзбошимчалиги устидан вилоят органларига: ҳокимият, прокуратура, МХХ ва Ички ишлар бошқармасига ёзди. Аммо ҳеч қандай жавоб келмади. Кейинчалик фермер Президент аппарати, Бош прокуратура, ИИБ ва республика МХХига мурожаат қилди. Унчалик таъсири бўлмади, аммо “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалигини тинч қўйгандек бўлишди.

Аммо шунчаки қулай фурсатни пойлаб туришган экан. Бундай фурсат келавермагач, февралда бўлиб ўтган ҳодисанинг “дело”сини излаб топишди. Учинчи февраль куни Курязова ўғли Музаффар Нуржонов билан далада ишлаётганида уларнинг қўшниси Света Рашева билан эри Рўзим, яна аллақандай Гулсара Тўраеванинг ўғли Улуғбек кутилмаганда жанжал кўтаради. Кейин Сафаргул опа билан ўғлини калтаклашади.

Бу ҳолат бўйича Курязовада судмедэкспертиза хулосаси ва туман шифохонасидан маълумотнома бор эди. Қўшниларнинг безорилиги ҳақидаги ишни судгача олиб бориш мумкин эди, аммо шу пайтларда ҳоким томонидан таъмагирлик бошлангач, бу ишга қўл тегмаган эди. Аммо маҳаллий бошлиқлар бу ишни тескарисига айлантириш мумкинлигини чамалаб кўришган. Шунда Сафаргул опа билан ўғлини қўшнилар уришмаган, балки улар қўшниларни роса калтаклаган бўлиб чиқиши кўзланган.


Милиционерлар томонидан калтакланган Сафаргул Курязова

Бу ғоя ақлга сиғмайдиган бўлса ҳам, Ўзбекистонда, айниқса чекка жойларда исталган ишни тўқиб чиқариш мумкин. Натижада 2009 йилнинг 7 майида соат 14:40 да ўжар фермерларнинг уйига автомат билан қуролланган ўнта милиционер бостириб киради. Бу акцияни жиноят қидирув бўлими бошлиғи Сардор Куранбаев бошқарган. Туман раҳбариятидан керакли буйруқни олишган шекилли, унинг қўл остидагилари ўзларини худди Гитлер истилоси пайтидаги фашистлардек тутишди.

Ўшанда уйда фақат аёллар – Курязованинг ўзи, қизи Зубайда Нуржонова ва келини Мохимжон Сапаева бўлган. Ҳаммасини шафқатсиз равишда калтаклашган. Қизи ва келини ҳомиладорликнинг еттинчи ва саккизинчи ойида бўлган, уларнинг қорнига кучи борича тепишган. Натижада иккаласи ҳам бола ташлаган, Сафаргул опа бўлса ўн кун шифохонада ётган

Милиционерлар келганидан кейин уч соат ўтгач, ҳеч нарсадан хабари йўқ Раҳматилла Нуржонов уйига қайтади ва уни ҳам калтаклашади. Милиционерлар айнан уни ушлаш учун келишган экан, аёлларни эса шунчаки қўл-оёқнинг чигилини ёзиш учун дабдаласини чиқаришган. Нуржоновга Гулсара Тўраевани калтаклашда айбланаётганини айтишди. Шу аёлнинг ўғли Улуғбек иккита қўшни билан бирга 3 февралда Курязова билан ўғлини калтаклаган эди.

Тўраеванинг ўзи қўшни маҳаллада яшайди, унинг бу воқеага ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Воқеага Нуржоновнинг ҳам алоқаси йўқ эди. Аммо ишни сохталаштиришни туман катталари буюргандан кейин бунинг аҳамияти борми?

Фермернинг қўлига кишан солиб, Шовот РОВД вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб келишди. Унга сув ҳам, егулик ҳам бермасдан, Тўраевани “калтаклаганлиги” бўйича иқрорларни уриб олишади. Фермернинг уйини эса талон-тарож қилишади - телевизор, совиткич, музлаткич, “Нексия” автомобилини олиб кетишади.

Шовот туман прокурори Жиянбой Норимбетов ҳам “ҳазил-мутойибачи” экан: милиция томонидан калтакланган Нуржоновга нисбатан Ўзбекистон жиноят кодексининг 105 (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) ва 219 (“Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш”) моддалари бўйича жиноят иши қўзғашни буюрди. Фермерни бир ойдан кейингина қўйиб юборишди, бунинг учун унинг хотини Президент аппаратига, Вазирлар Маҳкамасига, Сенат ва Олий Мажлис қонунчилик палатасига бир нечта телеграмма жўнатди. “Жиноятлар”ни жиноийдан маъмурий ишга ўтказишди, охирида Нуржоновга 600 минг сўмгина жарима солишди.

Аммо ўғли Суюнбекни судга тортишди – у қўшни Гулсара Тўраевани калтаклашда отасига ёрдамлашган эмиш. Қисқаси, фермерлар оиласини таҳқирлаш давом этди.

Навбат Курязовага

Тўрт ойдан кейин Сафаргул опанинг ўзига ташланишди. 2010 йилнинг августида Шовот тумани прокуратурасига чақириб, унга нисбатан ўша 219-модда, илгари эри айбланган модда бўйича жиноят иши қўзғатилганини айтишди. Асос ҳам оддий – иккита сохта гувоҳнинг кўрсатмаси эди. Аммо оқибатлари ёқимсиз бўлди – вақти-вақти билан Курязовани ВСИга қамаб, икки-уч кунга сақлашарди, кўпинча калтаклашарди.

Буниси ҳам етмагандай, Шовот расмийлари унинг қариндошларини ҳам таҳқирлашарди. Тошкентдаги Низомий номидаги педагогик университетда ўқийдиган қизини талабалар, ўқитувчилар ва ректор олдида шунчалик шарманда қилишдики, қизнинг бошқа олийгоҳга ўтиб кетишига тўғри келди. Бошқа қизи Холидани ва ўғли Суюнбекни Шовот тумани РОВДда 8 ой давомида терговда сақлашди, кейин амнистияга тушди.

Курязованинг ўзининг делоси эса турли туман ва вилоят судларида бир неча йил айланди. У нафақат Хоразмда, балки Бухорода ва ҳатто Қорақалпоғистонда бир неча марта кўриб чиқилди.

Шу билан бирга Сафаргул опа барибир пора беришга мажбур бўлди. Аввал жиноят ишлари бўйича Шовот туман суд раиси Баҳодир Полвоновга эри билан ўғлини қамамаслиги учун берди. Судья 5000 доллар сўради, аммо Курязова фақат 1500 йиға олди, қолганига 85 килолик иккита қопда “Авангард” гуручи берди.

2010 йил баҳорида Шовот туман ҳокими Бозорбой Ёқубов “Зубайда Нуржонова” фермер хўжалигидан ерни олиб қўяди. Қайтариш учун Курязова 10 тонна дон, 10 тонна гуруч ва 2000 доллар беришга мажбур бўлади. Бунинг эвазига Ёқубов Сафаргул опанинг “суд жараёнини тўхтатиш” ва хўжаликка ташландиқ ерлар эмас, аввал эгалик қилган ерларини қайтаришга ваъда беради. Ваъдасини балки бажарган бўлармиди, аммо улгурмайди – ўзи терговга тортилиб, қамалиб кетади.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида эса Курязованинг навбатдаги суд жараёни бошланади. Кейинчалик савол туғилмаслиги учун судни видеога туширишни сўрайди, аммо судья қатъиян рад этади. Буниси энди ҳаммасидан ошиб тушади. Сафаргул опа судья номзодини рад этиб, Тошкентга йўл олди – президент аппарати олдида ўзига ўт қўйишга…

Ёлғиз отнинг чанги чиқмас

Курязованинг ҳикоясидан ноиложлик уфуриб турарди. Шовот туман амалдорлари бутунлай ўзбошимчалик қилишар, уларни тўхтатадиганнинг ўзи йўқ эди. Қолаверса, ҳоким алмашади, Бозорбой Ёқубов ўрнига Сафаргул опанинг фамилиядоши – Қадамбой Курязов келади. Мен ҳам таваккал қилдим: телефоннинг карнайини ёқиб қўйиб, бечора аёлнинг олдида ҳокимга сим қоқдим.

Сурат Икрамов

Ҳокимга ўзимни таништириб, фермерларни бунчалик таҳқирлаш керакмаслигини гапира бошладим. Ҳоким тушунган одам экан. “Гапларингизни ўйлаб кўраман, Сафаргул опа олдимга келсин” деди. Бу гапларни шарқона бюрократик тилдан таржима қилинса, “ерни ҳам қайтараман, терговни ҳам тўхтатаман” дегани эди.

Аммо Сафаргул опа ҳоким билан учрашувга борган Шовот ҳокимияти олдида уни Хоразм ИИБ ходимлари ҳибсга олади. Бунга ҳоким Курязовнинг алоқаси бўлмаган – аёл кетганидан кейин Бухоро суди кутилмаганда уни қидирувга бериб юборган. Ҳоким эса сўзининг устидан чиқди: ерни ҳам берди, терговни ҳам тўхтатди: 2011 йил 4 ноябрида Бухоро суди Сафаргул опани амнистия бўйича озод қилди.

Кейинги йили у менинг олдимга келиб, яна пора таъма қилишни бошлашса, нима қилишни сўради. Мен бу совет даврида шаклланган тизим эканлигини тушунтирдим. Туман раҳбарияти пора олади, кейин вилоят блан баҳам кўради, вилоят ҳам қаёққадир “тепага” узатади. Бу тизимни бузиш учун ҳамма фермерлар пул йиғишга қарши чиқиши керак. Ҳеч бўлмаганда ўн киши.

Бунга жавобан Курязова хўрсиниб қўйди: “Ўнта эмас, битта ҳам йўқ. Ҳеч ким порага қарши чиқишни истамайди, ҳамма тўлашни маъқул кўради, тиқилиб ўлишсин, аммо бизни тинч қўйишсин, дейишади”.

Сафаргул опанинг кейинги ҳаётидан хабарим йўқ. Аммо менга бошқа қўнғироқ қилмаганига қараганда, яхши бўлиши керак.

2016 йилда унинг қизи Холида Нуржоновадан даҳшатли хабар эшитдим: Курязовани ўлдиришибди. Қизининг сўзларига кўра, баҳорда суғориш учун сув тақсимланганида фермерлар орасида зиддият чиққан. Кимдир жанжал пайтида Сафаргул опанинг бошига кетмон билан урган.

Холида тафсилотларини хабар қилишини ва ҳужжатларни олиб келишини айтди. Унинг сўзларидан шундай маъно чиқардики, Курязованинг ўлимида бир гап бор. Аммо Холида бошқа қўнғироқ қилмади.

Мана шунақа қайғули ҳикоя бу. Коррупцияга қарши чиққан кучли аёлнинг ҳикояси. Ўзининг фермер хўжалигини сақлаб қолган бўлса ҳам, барибир ютқазди. Чунки, ёлғиз отнинг чанги чиқмас, чанги чиқса ҳам донғи чиқмас.

Сурат Икромов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама