19:31 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳаёт қўшиқдек гўзал туюлмаслиги учун: Ўзбекистондаги мусиқа олийгоҳлари педагогларидан сиёсатшунослик ва информатикани билиш талаб қилинмоқда

26.04.2017 13:39 msk

Ўз мухбиримиз

Ўзбекистондаги мусиқага ихтисослашган ўқув юртларининг педагоглари ҳаёти давомида еттита нотанинг вариацияларигина эмас, балки кўплаб ёзма ҳисоботлар, конспектлар, синф журналлари ва нақ бир йиллик режалар ва бошқалар каби қоғозбозлик билан ҳам шуғулланишади. Бу жуда кўп вақтни олади. Яна буларнинг аксарияти мусиқага алоқадор эмас: педагоглар Вазирлар маҳкамаси ва президент қарорлари билан ишлаш юзасидан алоҳида жилдларни тўлдириши, маънавият ва маърифат бўйича конспектлар ёзиши, қобилиятли ёки қолоқ болалар билан шуғулланиш режалари, тўгарак ва секциялар ишини олиб бориши, мажбурий тарзда ҳамкасбларининг дарсларини таҳлил қилиш дафтарини юритиши ва шу кабиларни бажариши керак.

Мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш ва ўқувчилар билан индивидуал ишлашга деярли вақт қолмайди. Дарслар ҳам мусиқага алоқаси бўлмаган фанлар билан тўлиб-тошган: тарих (мусиқаники эмас), маънавият ва маърифат, биринчи президентнинг сон-саноқсиз асарлари, ҳукуматнинг кўплаб қарорлари ва низомлари, иқтисодиёт, сиёсатшунослик…

Маккор аттестация

Бу ҳам етмагандай, мусиқа билим юртларини бошқарувчи амалдорлар мажбурий тестларни жорий қилишди, бу умумий “фан билимлари юзасидан аттестация” деб аталди. У мусиқий олийгоҳ ва мактабларда шу кунларда – май бошланишидан олдин ўтказилади. Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, илгари мутахассислик бўйича тест топшириб, охирги уч йил учун педагогик фаолиятга оид далилларни йиғиш кифоя эди. Энди бўлса яна информатика (тест, амалий вазифа), инглиз тили (суҳбат) ва сиёсатшунослик каби фанлардан ҳам муайян миқдорда балл йиғиш керак. Айниқса охирги фан масаласи қийин: унда ҳамма қонунлар, қарорлар ва низомларни билиш керак, уларнинг маъно-мазмунигина эмас, балки қабул қилинган саналари, бўлимлар номлари ва рақамлари, бандлари ва ҳоказоларни билиш муҳим. Буларни эслаб қолиш осон эмас, буни текширувчиларнинг ўзлари ҳам яхши билади.

Бу ҳаракатларнинг ҳаммасини расмий равишда ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, педагог кадрларнинг иш самарадорлигини ошириш билан изоҳланмоқда. Амалдорларнинг фикрича, педагоглар ўз профессионал маҳораттини замонавий талаблар даражасига кўтариш учун аттестациядан ўтиши шарт.

Аммо ўқитувчиларнинг фикрича, бундан асл мақсад бошқа: бир томондан, балли етмаганини баҳона қилиб ҳақиқатпарастлардан осонгина қутулиш мумкин, иккинчидан, малака тоифасига боғлиқ равишда ҳисобланадиган маошдан иқтисод қилиш мумкин. Педагогнинг тоифаси бўлса, бонус сифатида асосий маошга қўшимча ҳақ тўланади. Зарур миқдордаги баллни йиға олмаса, тоифа пасайтирилади ва ўз-ўзидан тўловлар ҳам камаяди.

“Шундоғам иши бошидан ортиб ётган ўқитувчининг ҳаётини қийинлаштириш нимага керак? – деб савол беради Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги қобилиятли ёшлар учун академик лицей ўқитувчиси. – Педагогда билим ва тажриба ёки бор, ёки йўқ. Мураббийнинг ривожланганлик даражасини меҳнатининг натижасидан келиб чиқиб аниқлаш керак: унинг шогирдлари фанни қандай ўзлаштирмоқда, улардан қанчаси битириб чиққандан сўнг ҳаётда ўз ўрнини топди ва шу кабилар. Ҳозирча эса булар фақат битта муаммо билан банд – фанни чуқур ўзлаштирмаган бўлса ҳам, ўз одамларини юқорироқ тоифага кўтариш, ундан кучлироқ мутахассисларни эса “чўктириш”. Баҳона тиқилиб ётибди – ахир мусиқачи информатика ёки сиёсатшуносликни батафсил билиши шарт эмас-ку, бу шу соҳа мутахассисининг иши. Аммо безбетларча бу спектаклни аттестация деб аташмоқда”.

Ҳамсуҳбатимизнинг фикрича, бунинг энг хафа қиладиган томони шундаки, хўрланган педагоглардан деярли ҳеч қайсиси ошкора эътироз билдирмаяпти. “Қудратли” душман орттириб олишдан ҳайиқиб, индамасдан чидашмоқда, чунки ишдан ҳайдаладиган бўлса, бошқа жойга жойлашишга йўл қўйишмайди. Хусусий репетиторликка куни қолади холос, кўпчилик мусиқачилари шу билан шуғулланмоқда: акс ҳолда ижодий ходимнинг кечикиб бериладиган камгина маошига яшаб бўлмайди.

Ҳакамлар ким?

2017 йилнинг мартида Тошкентдаги “Узметроном” сайти пойтахтдаги мусиқий билим юртларидан биридаги ўқитувчининг (Н.М.) аттестацияга бағишланган хатини чоп қилди. Унинг сўзларига кўра, Маданият вазирлиги ҳамда Лицейлар ва коллежлар бошқармаси ишлаб чиққан аттестациядан ўтиш жуда қийин.

“Аттестацияни ўтказувчиларни ва бундай талабларни ишлаб чиққанларни ким текширар экан-а? Шунақа қийин қилиб ташлашганки! Масалан, бир йилда 40 марта бир-брининг дарсига кириш керак, ҳар ярим йилда очиқ дарс ўтказиш, маъруза ёзиш, режалар тузиш, ёзиш, ёзиш... Баъзида дарс ўтишга ҳам вақт етишмайди. Ёзаверамиз, ёзаверамиз, ёзаверамиз... Асосийси – қоғозда ҳаммаси чиройли бўлсин. Шуниси ҳам камлик қиляпти шекилли, яна ўйлаб топишяпти”, - деб аччиқланади педагог.

Унинг таажжубини тушунса бўлади: чунки хоҳиш бўлса бас, тестнинг исталган босқичида, айниқса сиёсатшунослик ва информатикадан ҳар қандай ўқитувчини, ҳатто энг пухта билимлисини ҳам “йиқитиш” мумкин. Ахир қонун ва қарорларни юристлар йиллаб ўрганишади, ҳаттоки улар ҳам ҳаммасини билмаслиги мумкин.

“Дугонам мусиқа лицейида ишлайди, фортепианодан дарс беради. Мана менга айтинг-чи, унинг мусиқа асбобидан дарс беришига унинг информатикани билиши (компьютердаги жадваллар ва бошқа дастурлар билан ишлаши), инглиз тилида гапира олиши, ҳамма қонун ва қарорларни билиши қандай ёрдам беради? Бу педагогнинг шогирдлари ичида олимпиада ва танловлар ғолиблари, юқори даражага эришганлар борлигининг комиссияга умуман фарқи йўқ. Педагогнинг профессионаллигига шулар исбот эмасми? Бунга эътибор беришмайди. Бу МУҲИМ ЭМАС. Хулоса чиқарадиган бўлсак, бу ҳаракатлардан мақсад – ўқитувчидан профессионал тоифани олиб ташлаш. Бизнинг эвазимизга маблағ тежалмаса, қаердан тежалсин?” – деб гапини тугатади тўлқинланиб кетган педагог-мусиқачи.

Шу ўринда Тошкент консерваторияда бўлиб ўтган бир ҳодиса ёдга тушади. Ҳурмат-эътиборли, жуда оммабоп ва дунёда таниқли ўзбек бастакори аттестация комиссияси аъзоларидан биридан мусиқий маълумоти бор-йўқлигини сўрайди. У эса киприк қоқмай, нархозни аъло баҳоларга битирганини айтади. Одатда шундай одамлар президент аппаратида инструктор бўлиб ишлайди. Айнан шу одамлар мусиқачи-педагогнинг нимага лойиқлигини белгилайди…

“Президентимиз [Шавкат Мирзиёев] бир неча марта аттестация ҳақида салбий фикр билдирди, аммо уни ҳамма ҳам эшитмаган кўринади”, - деб хулоса қилади Н.М. У амалдорларнинг ижодий касб эгаларига нисбатан “технарларга” қилинадиган муносабатидан кўнгли оғриганини яширмайди.

Аттестация натижаларига эътироз билдириш мумкин

Амалдорлар аттестациянинг фойдаси ҳақида қайта-қайта гапираётган бўлса ҳам, фактларни ўзгартириб бўлмайди: аттестация ўқитувчиларнинг асабини бузиш ва қимматли вақтини беҳуда сарфлашдан бошқа ҳеч қандай билим бермайди. Аммо илгаригидан пастроқ тоифага тушиб қолиш хавфи эса бор, дейишмоқда педагоглар. Аллақандай саволга жавоб бера олмасангиз, шунинг ўзи кифоя.

2017 йилнинг 10 апрелидан 6 майигача Ўзбекистонда олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилар таркиби махсус аттестациядан ўтказилмоқда. Давлат тест марказидан келган комиссия педагогларнинг чет тилини билиши ва ахборот-коммуникация технологиялари борасидаги билимини текширишади. 24 мингта ўқитувчидан олинадиган бундай тест тарихда биринчи марта ўтказилмоқда. Ҳукуматнинг режасига кўра, олий ўқув юртларининг ҳаққоний рейтингини тузиш учун педагогларни текшириш зарур. Батафсил маълумотни “Ўзбекистон: Шлюзлар, HTML ва TCP/IP. Олийгоҳ муаллимларини яна аттестация қилишдан мақсад нима?” мақоласида ўқинг.

Бундай ҳолларда юристлар тест натижаларидан норози бўлган педагогларга меҳнат қонунчилигига мурожаат қилиш ва комиссия хулосаларини қонун билан солиштиришни маслаҳат беради. Агар аниқ-тиниқ номувофиқлик ёки ходим ҳуқуқларининг бузилгани аниқланса, меҳнат шартномасининг бандлари бузилгани ҳақида судга мурожаат қилиш керак.

Қонун бўйича шундайлигини мутахассислар маъқуллашади, аммо мамлакатда бундай судлашувлар жараёнига назар солинса, адолат излаганларнинг ютиб чиқиши эҳтимолдан йироқлиги кўзга ташланади… Ундан кўра ҳозирги кунда оммабоп бўлган президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган маъқул: масала ижобий ҳал бўлиши мумкин. Чунки давлат раҳбарининг ўзи аттестация сингари профессионализм ва билимдонликни аниқлаш турларига шубҳа билан қарайди.

Шубҳа йўқки, аттестация натижаларидан қатъи назар, тестдан ўтаётганларни илмий даража ва унвонларидан маҳрум қилиш масаласи комиссия аъзоларининг ваколатига кирмайди.

“Бундай масалаларни, жумладан тоифани пасайтириш масаласини ҳам илмий кенгашлар ва Маданият вазирлигида махсус ташкил этилган мустақил комиссиялар ҳал қилиш керак. Бу ўқув юрти маъмуриятининг иши эмас, - деб ҳисоблайди конверватория қошидаги лицей ўқитувчиси. – Кимни қисқартириш-пасайтириш, кимни кўтариш ҳам раҳбариятнинг иши эмас! Бу биздаги маъмурий-буйруқвозлик тизимининг тириклиги ва гуллаб-яшнаётганининг яна бир исботидир. Раҳбарият бундай аттестациядан янада босим кўрсатиш ва норозилардан қутулиш йўлида фойдаланишига менда шубҳа йўқ”.

Аттестация ҳақида президент Мирзиёевнинг фикри қанақа

Адҳам Икромовни янги соғлиқни сақлаш вазири қилиб тайинлаш пайтида президент Шавкат Мирзиёев сўзлаган энг таъсирли нутқлардан бири интернетда кенг тарқалиб кетди. У бир неча дақиқа давомида аттестация ҳақида аччиқланган оҳангда гапириб, уни бутунлай бир тийинга қиммат ва бефойда жараён деб атайди. Тест натижаларига асосланиб, одамларнинг тақдирини ҳал қиладиган айрим масъул шахсларнинг хатоларини тилга олиб ўтади:

“Вазир ва ҳоким лавозимига виждонли одамларни қўйиш керак. Индамасанг, ҳокимлар ҳатто қоровулни [лавозимга] қўйишни сўраб, президент аппаратига чиқади. Тез орада [бу масалада] айрим қарорлар қабул қилинади... Бунақа ҳоким бизга нима керак? Туман ҳокимидан ташқари барча соҳа бошлиқларини вилоят ҳокими тайинлайди! Мен ҳоким бўлиб ишлаганман, ўзим қўйганман, биламан. Биз биринчи шахсларни тайинлаймиз, вилоят ҳокими эса ишлашига қараб лавозимга ўзи одам танлаши керак. Президент аппаратида шундай лавозим бор – инструктор деб аталади. Агар ўрмон хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туман таълим бошқармасига бошлиқ қўйиш керак бўлса, бу лавозимга талабгорни [вилоятдан] 20 марталаб олдиган чақириши мумкин! Сен вилоят раҳбари бўлсанг, [бу масалаларни] ўзинг ҳал қил, ҳаммаси сенинг қўлингда. Аммо дипломига қараб одам қўймаслик керак, бу катта хато.

Вилоят ҳокими ўзи бошқариши керак, кадрларни ўзи қўйиши керак, ўзи қўл қўйиб, ўзи ҳал қилиши керак. Милиция (бошлиғи) ва прокурордан ташқари, албатта – булар аппаратда ҳал қилинади. Инструкторлар кадр танлаш билан шуғулланади, қоровулгача инструктор қўяди, бунга чек қўйишимиз керак! Диплом ҳамма нарсани ҳал қилмайди, унинг тажрибаси ва касбий маҳорати ҳал қилади. Ҳокимнинг ўзи унга кафил бўлиши керак.

Агар жойларда кадрлар сиёсати яхши йўлга қўйилса қандайдир аттестацияга ҳожат қолмайди. Бу умуман ҳеч кимга кераксиз нарса. Умуман нотўғри ёндашув! Бу бефойда аттестацияларни деб қанча одамларни ерга урдик, қўлдан чиқардик. Аттестациядан ўтолмаганлар ичида ундан ўтганларга қараганда 10 баравар ақлли, малакали ва 10 баравар тажрибали, ўқимишли ва ватанпарварлари бор! Одамларни аттестацияга қараб эмас, инсоний сифатлари ва касбий маҳорати, хўжаликни юритиш тажрибасига қараб баҳолаш керак.

Қарангки, аттестациядан ўтмагани туфайли “бракка чиқарилган” одамлар баъзида раҳбарлардан ҳам кўра анча ақлли ва қобилиятлидир. Бу эса аттестациядан ўтмаганмиш, шунинг учун ишсиз юрибди. Қозилар ким? Бу аттестацияларни ўйлаб топаётганларнинг ўзи бирон нарсани биладими? Нимага мен айрим ҳоким ва вазирларни жойига қайтаряпман? Чунки одам бир кун бўлса ҳам шу лавозимда ишласа, унда иш юритиш тажрибаси бўлади, муаммоларни ечишга стратегик ечим бўлади. Хатолар эса… нима ҳам дердик, хатосиз бўлмайди... Раҳбар хатони кечира билиши керак, уни тарбиялаши, инсонга ўзини оқлашга имконият бериши керак. Шароит яратиб беринг, улар икки маротаба ишончни оқлайди. Йўқ, ахир бизда кичкина лавозимларни ҳам аппарат, Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги... ёки Қишлоқ хўжалик вазирлиги орқали ҳал қилишга уринилади… Аттестациясиз яшай олмаймиз”, - деб хўрсинади давлат раҳбари.

Аттестация бекор қилинмайдими?

Шу билан бирга, биринчи президентнинг 2012 йил 28 майидаги қарорга асосан ишлаб чиқилган “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 10 августида тасдиқланган. Яъни Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасида хўжайинлик даврида чиққан.

Ҳукумат қарорига кўра, республикадаги лицей ва коллежларнинг ўқитувчиларини қайта тайёрлаш мажбурий қилиб белгиланган. Ҳужжатда айтилишича, барча ўқитувчилар мажбурий тарзда ҳар беш йилда давлат аттестациясидан ўтади, лицей ва коллежда ишлайдиганлар эса ҳар уч йилда. Натижасига қараб, ўқитувчига тўрт тоифадан бири берилади: мутахассис; II тоифали ўқитувчи; I тоифали ўқитувчи; олий тоифали ўқитувчи.

Ҳар бир тоифа учун шартлар келтирилган. Бунда ўқитувчининг рейтинги, таълим маскани ҳаётидаги иштироки, касбий ютуқлари ва ўз фанини ўрганаётганлар билимини кузатиши ҳисобга олинади.

Тоифа белгиланса, маошга сезиларли ҳажмда қўшимча тўлов берилади. Аммо ўқитувчи керакли баллни йиға олмаса, унинг тоифаси автоматик равишда пасайтирилади...

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама