16:43 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбек радикализми – Каримов даври қатағонларининг кульминациясими?

17.04.2017 05:51 msk

Малик Мансур

Европадаги сўнгги шов-шувли терактлар (Истанбул, Санкт-Петербург, Стокгольм) ўзбеклар томонидан амалга оширилганидан бўйин товлаб бўлмайди. Бу Ўзбекистон махсус хизматлари учун яхшигина баҳона бўлиб хизмат қилади, энди шуни асос қилиб, улар кўп йиллик қатағонларни оқлашга ҳаракат қилиши ва ўзгача фикрловчиларга қарши курашишнинг ўрта асрлардан қолган усулларини сақлаб қолиши мумкин. Аммо бу террористларнинг ўзи қайсидир маънода Каримов режимининг жиноятлари маҳсулидир. Муҳожирликда яшаётган ўзбекистонлик журналист, “Америка овози” радиоси ўзбек хизматининг мухбири Малик Мансур бу ҳақда фикр юритади.

***

Қаердадир теракт содир бўлса, кўпчилик ўзбекларда хавотирли савол туғиладиган бўлиб қолди: бизникилар қилмадимикин? Ўзбеклар томонидан амалга оширилган охирги шов-шувли терактлар, Туркиядаги тунги клубдаги отишмадан тортиб, Стокгольмдаги воқеаларгача шуни кўрсатмоқдаки, буларнинг тасодифлигига ишонгимиз келса ҳам, бу тасодиф эмас, ҳаммасида қонуният бор.

Истанбулдаги тунги клубда Машарипов туғдирган даҳшат балки қайсидир даражада Акбаржон Жалиловга таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. У охир-оқибат Санкт-Петербургда содир бўлган терактда асосий айбланувчи ҳисобланмоқда. Стокгольмдаги террористни бундай йўлга нима ундаганини ҳали билмаймиз. Унинг ўзбеклигини ва радикал қарашлар тарафдори эканини биламиз, холос. Аммо ундан Акбаржон Жалилов каби фойдаланишлари даражасида ёш эмас. Ўзини портлатган Акбаржон ёки бошқа ёш ўзбеклар нима мақсадда бундай қилишганини тушунишмаган.

Бу воқеалар албатта, Ўзбекистон жамияти ва расмийлари учун безовталик сигналидир. Асосий савол: янги расмийларнинг реакцияси қандай бўлади? Агар аввалгидек, бизда тинчлик, сизларни экстремистлар ва террористлар ҳақида огоҳлантирганмиз, сизлар уларни қабул қиласиз, ҳимоя қиласиз, таъминлайсиз дейдиган бўлишса, бу ачинарли ҳолат бўлади, бундай ёндашув билан расмийлар ўзини ва жамиятни боши берк кўчага олиб кириб қўяди.

Шуниси равшанки, охирги терактлар Ўзбекистон махсус хизматлари учун яхшигина баҳона бўлиб хизмат қилади. Энди шуни асос қилиб, улар кўп йиллик қатағонларни оқлашга ҳаракат қилиши ва ўзгача фикрловчиларга қарши курашиш усулларини сақлаб қолиши, жамиятни, жумладан, хориждаги ўзбек фаолларини янада қаттиқроқ назорат қилишга ўтиши мумкин.

Президент Каримов диндорларни қамагани ва пароканда қилганида ҳақ эди, деган фикрлар баландроқ эшитилмоқда. Ҳатто илгари ҳукумат таъқиб қилаётган мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам шу ҳақда фикр юрита бошлашди.

Аммо бошқаларнинг фикрича, айнан режим томонидан шунча йиллардан бери ўтказилаётган қатағонлар мева бермоқда. Ахир одамлар бир кунда экстремист бўлиб қолмайди, террорист ўзбеклар бу чорак асрлик Каримов давридаги қотилликлар, қийноқ ва хўрлашларнинг маҳсулидир. Бу даврда диний радикализм билан курашдан сиёсий мақсадда фойдаланилиб, қамоқхоналар ўзгача фикрловчилар ва виждон маҳбуслари билан тўлдирилди.

Швеция собиқ премьер-министри Карл Бильдт билдиришича, мамлакат ҳудудида Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши керак бўлган камида 137 киши бор. Унга кўра, бу одамларнинг ҳаммаси қочиб юрибди. Бошқа манбалардан олинган маълумотларга кўра, ўн минглаб муҳожир швед расмийлари нигоҳидан панада юрибди.

Террорни оқлаб бўлмайди. Айбсиз одамларнинг ҳалок бўлгани ўта ачинарли. Терактни бошидан ўтказган жамиятга, унинг қурбонларига ва уларнинг яқинларига ҳамдардликнинг ўзи кифоя эмас, улар бу шафқатсизлик туғдирган қўрқув ва саросимани енгиши керак.

Ўзбеклар содир этган сўнгги террористик амаллар ўзбек ҳамжамиятида ҳам, айниқса мусофирчиликда юрган миллионлаб ўзбеклар орасида ҳам саросима келтириб чиқарди. Кўпчилигимизни шунга алоқадорлик ва айбдорлик ҳисси таъқиб этади, бу эса ўй-хаёлларни қамраб олиб, хурофот келтириб чиқариши мумкин, бу миссионер-экстремистлар учун тайёр ўлжа бўлади.

Бу саросимани тўхтатиш керак. Ўзбеклар террор маҳсули бўлиб қолаётганига, шубҳасиз, ҳаммамиз айбдормиз. Аммо шуниси ҳам муҳимки, ҳукумат бизни ўзбек ҳамжамиятининг бир қисми бўлишдан маҳрум этган. Муҳожирлар ва қочоқлар ғайриихтиёрий равишда шундай бўлиб қолган. Бунга бутун ўзбек халқи эмас, балки Каримов режими айбдор.

***

Ислом – бизнинг динимиз, ҳаётимизнинг ажралмас қисми. Унинг моҳияти сиёсат ва ақида эмас, балки иймон, маърифат ва яратувчиликдир. Асрлардан буён ислом бизга шундай сингдирилган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолмоқда.

Эсдан чиқармаслик лозимки, Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари учун ислом ҳимоя бўлган ва шундай бўлади. Ўз мамлакати улардан юз ўгириб, ўз ҳолига ташлаб қўйди, бу ҳам етмагандай, ўзлари сайлаган президент томонидан устидан кулинди.

Мирзиёев шахсидаги янги ҳукумат кўпчиликда, жумладан ўзбек мухолифатида ҳам оптимизм уйғотмоқда. Бундай оптимизмнинг мавжудлиги жамият эркинлигининг юқорироқ даражага оғриқларсиз кўтарилиши учун яхши омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Эркин жамиятнинг ўзига хос томони ҳам уйғун тарзда ўз-ўзини ҳимоя қилишидадир. Бу ҳимоя ҳукуматнинг куч ишлатиш методлари билан сингдирилмаган, айнан фуқаролар даражасида энг самарали бўлиши лозим. Жамиятни эркинликдан қўрқиш ҳисларидан, эркинлик радикализм ва анархияга олиб келади, деган тасаввурлардан халос қилиш вақти келди.

Аммо реалист бўлиш лозим. Вақт ўтмоқда, ўзгариш кам, оптимизм ҳам бир куни тугайди. Ҳукумат алмашгани туфайли ҳосил бўлган эйфория тез орада ўтиб кетади ва йўқотилган оптимизмнинг ўрнини тўлдириш жуда қийин бўлади. Айниқса олдинги режим қайтадиган бўлса ва турғунликдан ягона ҳимоя сифатида яна қатағонлар бошлаб юборилса яхши бўлмайди.

Малик Мансур, муҳожирликда яшайдиган ўзбекистонлик журналист

“”Фарғона халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама