12:15 msk, 29 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистоннинг иложсиз аёллари: Рогатка билан танкка қарши бориб бўладими?

17.04.2017 05:43 msk

Ўз мухбиримиз

2015 йилда “Фарғона” ўзбекистонлик бир нечта аёл ҳақида сўзлаб берганди. Бу аёллар ҳеч қандай тўсиққа қарамасдан, ўз ҳақлигини исботлашга уринмоқда. Қаҳрамонларимиздан бири Тошкент вилояти Янгийўл шаҳридан суд-тиббий эксперти Шоира Сулейманова эди. Ўзининг ростгўйлиги ва қатъийлиги сабабли туҳматга қолиб, судга тортилган эди. Аммо у тақдирга тан бермасдан, озодликка чиққанидан сўнг ҳақиқат учун курашни давом эттирди. Ўшандан бери икки йилча ўтди, мамлакат ҳаётида жидий ўзгаришлар бўлди. Сулейманованинг ҳозирги тақдирида нималар ўзгарди? Бу аёл судланганлик тамғасини олиб ташлатиб, ихтисослиги бўйича ишга жойлашди. Аммо уни аввалги иш жойига тиклашмади, оқлашга ҳаракат ҳам қилишмади. Сулейманованинг айтишича, яхши томонга силжишлар бор, аммо амалдорлар ўзгаришларга тўсқинлик қилмоқда.

Эгилмас эксперт

Бошланишига “Фарғона” мақоласини эслайлик, у “Ўзбекистоннинг иложсиз аёли: Рогатка билан танкка қарши” деб номланиб, Шоира Сулеймановага бағишланган эди. Бу мақолада аввалига барча ташаббусларда омади чопган аёлнинг фожиаси сўзлаб берилган эди. Суд-тиббий эксперти (дарвоқе, ўзбек аёлларида камдан-кам учрайдиган касб) бўлган бу аёл олий тоифадаги мутахассисга айланган, кейин Тошкент вилоят Янгийўл тумани экспертлик бюросининг раҳбари этиб тайинланган. Шу билан бирга у маош учунгина эмас, балки завқланиш учун ишлаган - Шоира уйида даромадли фермер хўжалиги ташкил қилиб, ўзига тўқ одам бўлган.

Аммо Янгийўл туманига Фаррух Бакиев прокурорнинг янги ўринбосари бўлиб келгач, ҳаммаси бирпасда вайрон бўлди. Қандайдир нуфузли “амаки”нинг қариндоши бўлган бу одам тез орада барча маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини қўл остига олган. Фақат суд-тиббий экспертиза бўлими бўйсунмади: унинг мудири Сулейманова қудратли амалдорга очиқ-ойдин қарши чиқди. У бўлса дарҳол ишдан бўшатишга эришди. Шоира ҳаммаёққа шикоят қила бошлагач, қамаб ҳам қўйди: 2010 йилда ўжар Сулейманова жиноят кодексининг 9 та банди бўйича айбланиб, олти йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Аммо бу аёл қамоқда ҳам ўзининг ҳақлигини исботлашга уринди, 2012 йилда уни яшаб турган жойи бўйича жамоат ишларига жалб қилишгач, янада куч билан адолат излай бошлади. Ўша пайтга келиб унинг турли идораларга 3355 та шикоят ёзганини айтиш кифоя бўлса керак.

Уйда адолат излаб

“Фарғона” мақоласининг якунида ёзилган эдики, 2015 йилнинг 16 июнида Сулеймановага Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасидан қўнғироқ қилишиб, ишга жойлаштиришни таклиф қилишган. Рогатка билан танкка қарши чиқиш ўзини оқлаши мумкинлигига умид билдирилган эди.

Аммо афсуски, бахтли якунга эришилмади. Шоиранинг сўзлаб беришича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалдорлари унда тўлиқ ўталмаган судланганлик борлигини билгач, турли кабинетларга юбориб, сарсон қилишни бошлаган. Аёл мўъжиза юз бермаганини тушуниб етгач, бир-икки ҳафтадан сўнг Қозоғистонга кетиб, ўша ерда хусусий клиникага хирург бўлиб ишга кирган (Сулейманада 7 та диплом бор – экспертдан ташқари, умумий профил врачи, хирург, проктолог, патологоанатом, уролог ва урогинеколог). Ўша ерда яхши ишлаб юрган, кейин 2016 йилнинг сентябрида Ўзбекистонда ўзгаришлар бошланганини эшитган.

“Қозоқ ҳамкасбларим айтишдики, президент бўлиши мумкин бўлган Шавкат Мирзиёев мамлакатда тартиб ўрнатмоқчи, сен уйга борганинг яхши, энди адолатга эришасан”, - дейди Шоира.


Сулейманованинг уйида катта кутубхона бўлган

Амалдорлар фариштага айланмаган

Шундай қилиб, сентябрь ўртасидаёқ Ўзбекистонга етиб келди. Биринчи навбатда бўлажак президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб, ноқонуний судланганидан шикоят қилиб, аввалги ишига тиклашни сўраган.

Аммо Сулейманова ўзбек амалдорлари бир деганда бети қалин амалдордан ҳалол ва виждонли ишлайдиган фариштага айланишига беҳуда умид қилган. Шикоятини виртуал қабулхонадан ИИБга жўнатишди, бу ҳақда яна порталга ёзиб, хатнинг нотўғри юборилганини ёзишга тўғри келди. У прокуратура устидан шикоят қилмоқда, бундай масалаларни кўриб чиқиш ИИВ ваколатига кирмайди.

Шунда портал хатни Олий судга жўнатди. Олий суд ён босиб, протест келтирди ва Шоира судланган тўққизта банддан биттасини – 210 моддани (“Пора”) 3-қисмдаги “оғир”дан иккинчидаги енгилроғига алмаштиришни талаб қилди. Сулейманованинг аччиғи чиқди – 2010 йилги судда “унга тегишли” бирорта ҳам модда исботланмаган эди. У яна виртуал қабулхонага ёзиб, протест нотўғри ва ноҳақ келтирилганини кўрсатиб ўтди.

Амалдорларнинг кўнгли оғриган шекилли, бу хатга жавоб бўлмади. Шоира шахсан Шавкат Мирзиёевнинг олдига боришга аҳд қилди. Январ ойи бошида президент девони қошида эндигина очилган халқ қабулхонасига келди. Қабул сабаби сифатида, унинг мурожаатларига “ноқонуний қуруқ жавоб берилаётгани ва мутахассислиги бўйича ишлашга қўйилмаётгани”ни ёзма равишда кўрсатиб ўтди. Ваҳоланки, Ўзбекистон суд тиббиётида кадрлар етишмайди.

Халқ қабулхонасида “президент шахсан қабул қилмайди” дейишди. Мурожаатни Янгийўл меҳнат биржасига жўнатишди. Биржа ҳам ўз навбатида Тошкент вилоятининг СМЭ (суд-тиббий экспертиза) бюросига сўров жўнатди. Сўров бюро бошлиғи Маҳаммадали Ҳайдаровнинг столига келиб тушди. Бу одам устидан Шоира кўп марта шикоят қилган эди, чунки унинг айтишича, “Бакиевнинг буюртмасига кўра айнан у ишдан ҳайдаган, кейин республика суд-тиббий бюроси бошлиғининг буйруғига хилоф равишда унга қарши жиноий иш тўқиган”. Охирида натижа пуч бўлганига ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади. Бошлиқ Ҳайдаров 19 февралда Янгийўл биржасига Сулеймановни ҳақоратловчи жавоб юборди, унда “у эксперт номига муносиб эмас” дейилган эди.

Ҳақоратлилиги шундаки, кўп йиллар эксперт бўлиб ишлаган Шоира ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан, қолаверса Ҳайдаровнинг ўзидан ҳам фақат мақтов ёрлиқлари олар эди. 2009 йилда Бош прокуратура ўтказган текширувда Сулеймановнинг фаолиятидан бирорта ҳам камчилик топилмаган.

Тақдир кулиб боққанда

Шундай бўлса ҳам, Шоиранинг президент қабулхонасига қилган мурожаатларининг ижобий томонлари ҳам бўлди. Масалан, сентябрда жўнатган хатларидан бири Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига борган. Улар олдинги лавозимга тиклашлари мумкинлиги, бунинг учун судланганликни олиб ташлаш кераклигини айтишган.

Сулейманова бу жавобни ҳаракат қилишга ундов сифатида қабул қилди. Октябрь ойига келибоқ, жиноий ишлар бўйича Янгийўл суди ундан судланганлик тамғасини ва унинг оқибатларини олиб ташлади. Шундан сўнг ССВ Шоирани Тошкентдаги врачлар малакасини ошириш институтига, патологик анатомия курсларига жўнатди. Сулейманова уч ойдан ортиқ вақт давомида малакасини оширди, тегишли сертификатни олгандан сўнг эса Янгийўл туман шифохонасининг патологоанатомия бўлимига ишга йўлланди.

Буни қарангки, бу бўлим (илгари у раҳбар бўлган) суд-тиббий экспертиза бўлими билан битта бинода жойлашган. Шоирани ҳамкасблари яхши кутиб олишди, янги мудир Замонали Элмуродов эса уни эксперт сифатида ишга олишга қарши эмасди. Ҳатто бу ҳақда тегишли резолюция ҳам ёзди.


Шоира Сулейманова денгиз юлдузи ва чиғаноқларини йиғади

Тошкент вилоятига судмедэкспертлар керакми?

Аммо шу нуқтада Сулейманованинг ҳаётидаги яхши ўзгаришлар тўхтади. Ҳаммаси яна Тошкент вилоят СМЭ бюроси бошлиғи Ҳайдаровга бориб тақалди, у Шоиранинг ишга тайинланишини тасдиқлаши керак эди. Шоиранинг айтишича, Ҳайдаров Сулеймановага ижобий резолюция ёзгани учун ходимини урушиб берган. Кейин муштарийларимизга таниш бўлган 19 февралдаги хатнинг (Шоира “эксперт номига муносиб эмаслиги” ҳақида) яна битта нусхасини унга беришга мажбур қилган. Яна битта ҳақоратловчи жавоб ҳам қўшиб қўйган: “бўш жой йўқ”.

“Бўш жой йўқлиги Ҳайдаровнинг севимли жумласи бўлиб, шу билан меҳнат биржасини ҳам, давлатни ҳам алдаб келмоқда, - деб таъкидлайди Сулейманова. – Аслида Тошкент вилоятида экспертлар жуда танқис. Штат бўйича 5 киши ишлаши керак бўлган бўлимларда бор-йўғи икки киши, айрим жойларда уч киши, айрим жойларда бир киши ишлайди.

Кадрлар танқислиги туфайли Тошкент вилоятидаги айрим СМЭ бўлимлари, жумладан, Бўка ва Қуйи Чирчиқ туманларида бўлим умуман ёпилиб қолган. У ердаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар экспертиза учун ҳар гал Янгийўлга келишга мажбур. Оҳангарон туманида ҳам суд-тиббий экспертиза бўлими йўқ”.

Шоиранинг сўзларига кўра, Ҳайдаров бунинг устига 2009 йилда вилоятнинг турли туманларидаги кўплаб “ноқулай” экспертларни ишдан ҳайдаган. Мисол сифатида Қибрай тумани СМЭ бўлимининг етакчи эксперти Раббимқул Тожиқуловни келтиради. Унинг нимасидир вилоят бюроси бошлиғига ёқмай қолади, натижада ишдан ҳайдалибгина қолмасдан, уч ой СИЗОда ўтириб ҳам чиққан. Энди Тожиқулов аввалги ишига тиклашни талаб қилиб, Ҳайдаров билан судлашмоқда.

Аммо ҳеч нимага эриша олмайди. Чунки, Шоиранинг таъкидлашича, вилоят СМЭ бюроси бошлиғи ҳуда-беҳудага “Шавкат Мирзиёевнинг қариндоши” эканини эслатиб туради. Бунинг рост-ёлғонлигини амалдорлар ҳам, судьялар ҳам билмайди. Аммо ҳар эҳтимолга қарши Ҳайдаров билан тўқнашмасликка ҳаракат қилишади. Шу сабабли, кўп сонли шикоятларга қарамасдан, 15 йилдан бери битта жойда ишламоқда.

“Нақ президентгача бораман”

Патологик анатомия бўлимида Сулейманованинг ишига эътироз йўқ. Аммо аллақандай “хайрихоҳ”ларда бор. Шоиранинг таъкидлашича, Янгийўл тумани шифохонаси раҳбариятига “ҳар томондан қўнғироқ бўлиб”, янги паталогоанотом “экспертларнинг ишлашига халақит бераётгани” ҳақида айтилмоқда.

Юқорида айтилганидек, патологик анатомия бўлими ҳақиқатан ҳам СМЭ бўлими билан битта бинода жойлашган. Сулейманова даҳлизда собиқ ҳамкасбларини учратишга мажбур. Аммо ўзининг айтишича, уларнинг ишига аралашмайди, хоҳлаганида ҳам аралаша олмайди. Иғволи қўнғироқлардан эса мақсад битта – собиқ СМЭ бўлими мудирини шифохона биносидан йўқотиш.

Шоиранинг фикрича, айнан шу мақсадда туман прокуратураси бош шифокордан қуйидагини сўраган: нимага шифохона судланган одамни ишга олди? Натижада Сулейманова судланганлиги олиб ташланганлиги ҳақидаги ҳужжатлардан яна бир тўпламини бошлиғига беришга мажбур бўлди. Бундан кейин сўрайдиганларга ҳам кўрсатиши учун бериб қўйди.

Охирги пайтда иғволар тўхтаганга ўхшайди. Балки февралда Шоиранинг онаси кўз юмгани учундир, бу вақтда унинг асабига тегиш ҳаддан ошиб кетарди. Шу билан бирга Сулейманова адолатни тиклаш йўлида тўхташ нияти йўқ.

“Мени қаматган Фаррух Бакиевни, “амакиси”га қарамасдан, аллақачон ишдан ҳайдашган. Менинг устимдан тўқиган сохта айбловлари эса ҳалиям мавжуд, - дейди Шоира. – Шунинг учун барибир менинг судланишим ноқонуний деб топилишига ҳаракат қиламан, унга алоқадор бўлганларнинг ҳаммаси жазоланиши керак. Агар қабулхоналарнинг фойдаси бўлмаса, адолатни тиклай оладиган президентнинг ўзигача бораман!”

Бундан равшан бўладики, президент Шавката Мирзиёевнинг даври келиши билан Ўзбекистоннинг иложсиз аёлларининг ҳақиқатга эришиши озгина енгиллашган. Уларнинг аксарияти тепса тебранмас амалдорлар билан ёзма шикоятлар ёрдамида курашишда давом этмоқда. Рогатка билан такрор ва такрор танкка қарши боришмоқда.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама