00:32 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Акбаржон Жалиловнинг қариндошлари: У террористга ҳам, диний экстремистга ҳам умуман ўхшамасди

17.04.2017 05:36 msk

Шоҳрух Соипов

Санкт-Петербург метросидаги фожиадан тўрт кун ўтиб, бу қонли терактни амалга оширган одам Қирғизистоннинг “жанубий пойтахти”дан чиққан одамлиги ҳақидаги янгиликдан Ўшликлар ҳали ҳам ҳайратда. Акбаржон Жалиловнинг қариндошлари ва қўшниларига кўра, унинг ҳаёти ва фаолияти кўплаб хорижий ОАВда тасвирлайдиган “Фарғона водийсидан чиққан диний экстремист” портретига умуман тўғри келмайди. Ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган бу ўспирин ўз уйидан жуда узоқ ўлкада ёмон даврага тушиб қолганлиги тахмин қилинмоқда.

Санкт-Петербургда кетаётган тергов ишлари бу даҳшатли жиноятнинг сир-асрорини тўлиқ очиб юборишига умид қиламиз. Ҳозирча эса “Фарғона” мухбири Ўшдаги “Амир-Темур” микрорайони, Бешкапа маҳалласидаги Акбаржон Жалиловнинг ота-онаси яшаётган уйга йўл олди.


Жалиловлар уйининг дарвозаси ёнида мева дарахтлари гуллаган

Биз келганимизда Акбаржоннинг ота уйига қулф осилган экан. 4 апрелдаёқ айбланувчи Акбаржон Жалиловнинг ота-онаси ва яқин қариндошлари Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Ўш вилоят бошқармасига сўроққа чақиртирилган эди. Марҳумнинг қариндошларига чақирув қоғози Россия тергов қўмитасининг сўровига асосан юборилган. Сўроқдан сўнг, 5 апрелга ўтар кечаси, Акбаржоннинг ота-онаси Санкт-Петербургга учиб кетиб, у ерда терговчиларга кўрсатма беришган ва ўғлининг жасадини танишган.

Жалиловнинг оиласи ҳақида қўшнилар яхши фикрда – батартиб, кўнгилчан одамлар, ҳеч ёмонлик қилишмаган. Диний мутаассиб бўлмаган. Акбаржонни бу ерда камдан-кам кўришган, у Санкт-Петербургда яшаган, ота уйига деярли келмаган. Аммо бу бола ҳақида яхши тассуротда бўлишган.

Қўшниси Сапурахон Исмоилованинг айтишича, улар бу ерга 5-6 йил аввал кўчиб келишган.


Сапурахон Исмаилова

“Мен Акбаржонни болалигидан биламан. Ҳеч қачон ҳеч ким билан урушмаган, ювош бола эди. Биз ҳам ҳайронмиз, қандай қилиб бунақа бўлганини тушунмаяпмиз”, - деди Сапурахон.

“Амир-Темур” маҳалла қўмитаси раиси Анваржон Дадабаев ҳам Жалиловлар оиласининг диндор бўлмаганини таъкидлади.

“Бу уйда Акбаржоннинг онаси кичкина ўғли билан туради. Қизлари ҳам бор, турмушга беришган. Катта ўғли доим беозор бўлган. Бу оддий оила. Эр ва катта ўғил Россияда — улар Россия фуқаролигини олган. Маҳаллада бошқалар билан яхши муносабатда бўлишган. У-бу ҳужжатни расмийлаштириш керак бўлса, олдимга келишарди, одатда ўшанда кўришардим. Охирги марта тахминан 5–6 ой олдин кўргандим. Булар оддий мусулмон – ҳеч қанақа радикал эмас”.

Айрим маълумотларга кўра, терактдан бир кун олдин Акбаржоннинг Ўшда яшайдиган укаси қаёққадир йўқолиб қолган.

Акбаржон Жалилов нотўлиқ ўрта маълумотли бўлган. 8 синфгача Ўш шаҳрининг “Турон” микрорайонидаги Токтогул Сотилганов номидаги ўрта мактабда ўқиган.


Акбаржон ўқиган мактаб

“Акбаржон ўртача ўқиган. Асосий фанлардан уч олар эди. Ўқиш давомида пассив бўлган, шу сабабли кўпинча онасини чақириб, ёрдам бериш кераклигини айтардим. Аммо у дуруст бола эди. Бошқа ўқувчи ёки ўқитувчилар билан тортишганини кўрмаганман. Любил Чизишни яхши кўрарди”, - деб эслайди бошланғич синфлар ўқитувчиси Одинахон Азимова.


Акбаржон ўқиган мактаб

“Акбаржоннинг севимли фани информатика эди. Жисмоний тарбия ва меҳнатдан яхши баҳолар оларди, бошқа фанлардан уч оларди. Нимага яхши ўқишга ҳаракат қилмаслигини сўраганимизда, ерга қараб, индамас эди. Шанбаликларда фаол қатнашарди, топшириқлардан бош тортмас эди”, - дейди она тили ва адабиёти ўқитувчиси, катта синфларда дарс берувчи Фотима Қодирохунова.


Фотима Қодирохунова

Қирғизистоннинг Ўш вилоятининг маъмурий маркази, Фарғона водийсининг жануби-шарқида жойлашган Ўшда ярим миллиондан ортиқ одам яшайди. Аҳолиси асосан ўзбеклардан иборат, улар бу ерда юз йиллардан бери яшайди ва Қирғизистон фуқаролари ҳисобланади. 2010 йил июнида Қирғизистоннинг жанубидаги қирғиз ва ўзбек аҳолиси ўртасида қонли тўқнашув юз бериб, 400 дан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлди...

Мана бу уйда илгари Акбаржоннинг оиласи яшаган. Мактабдан икки километрча нарида жойлашган. Ҳозир бу ерда Жалиловнинг эгизак амакилари яшайди. Уларни ҳам Санкт-Петербургдаги теракт иши юзасидан ГКНБ Ўш бошқармасига чақиришган.


Жалиловнинг болалиги ўтган уй

“Ҳаммамиз ҳайронмиз. У ақли-ҳуши жойида, қувноқ йигит эди, - дейишди Жалиловнинг қариндошлари. – Россия паспортини олганини, ўша ерда армияда хизмат қилганини эшитдик. Охирги марта уч йил олдин кўргандик. Замонавий кийинарди, йиртиқ жинси киярди. Ундан террорист чиқади деб хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз”.


Ёрқиной хола

Акбаржоннинг холаси ҳалиям ўзига келолмаган. “Ҳамма каби намоз ўқирди. Ўқиса нима қипти? Ҳаммамиз мусулмонмиз. Аммо у “радикал” эмас эди. Спорт билан шуғулланарди, туну-кун ишларди”.

Акбаржоннинг ота-онаси ва қариндошлари анъанавий ўзбекча уйларда яшашади. Бой эмас, аммо камбағал ҳам эмас. Оила катта, қариндош-уруғлар кўп. Охирги йилларда кўплаб оилалар бир-биридан узилиб қолган, чунки аксарият эркаклар пул топиш учун четга чиқиб кетган.


Жалиловнинг қариндошлари

Терговчилар яна бир версияни ҳам кўриб чиқмоқдаки, Акбаржон Жалилов террорист сифатида ўзини қурбон қилмоқчи бўлмаган, уни “тирик бомба” қилишган. “Кўплаб фактлар шуни кўрсатмоқдаки, гумон қилинаётган террорист ўзини портлатмоқчи бўлмаган, балки бомбани метронинг иккита жойига қўйиб, яшириниши керак бўлган. Аммо шериклари бошқача йўл тутиб, уни “қора ишда” ишлатишган”, - деди тергов қатнашчиларидан бири “Интерфакс”.

Шоҳрух Соипов (Ўш)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги