06:59 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пулини банкка ўғирлатган пенсионер компенсация ундира олмаяпти. Аммо Мирзиёевга ишонади

09.04.2017 19:36 msk

Фарғона

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг мақталган виртуал қабулхонаси Любовь Чураковнинг кўнглини қолдирди. Бу 79 ёшли аёл Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшайди. Январ ойида у қабулхонага мурожаат қилиб, бошидан кечирганларини тўкиб солди. Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки билан прокуратура ва судлар тил бириктириб, унга жабр етказгани ҳақида ёзди.

Бу унинг президент виртуал қабулхонасига ўн биринчи марта мурожаат қилишидир. Ҳаммаси деярли жавобсиз қолган. Бошқа органларга ҳам ўнлаб марта мурожаат қилинган – улардан қуруқ ёзма жавоблар олинган.

Виртуал қабулхонага мурожаатдан сўнг ҳам Чуракова масаласини тегишлича муҳокама қилинмади. Шуниси қизиқки, 25 январдаги мурожаатига жавобан Тошкент вилояти прокурори Файзиевдан келган хатга 25 декабр (?) санаси қўйилган эди. Конвертда 24 феврал ёзилган, хат 28 февралда етиб келган…

Любовь Александровна ҳам анойи эмас: фарзанди билан фашистлар қамалини бошидан кечирган бу аёл ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун охиригача курашмоқчи. Ўзининг айтишича, бунинг учун Сенат олдидаги майдонда “тирик гулхан” бўлишга тўғри келса ҳам тўхтамайди.

Алданиш қиссаси

Любовь Чуракованинг банкдаги ҳисобидан пул ўғирланиши ҳикояси детективга ўхшайди, бу детектив ўн йилга чўзилиб кетди. Шундан олти йили судларга кетди, бу ҳақда “Фарғона” бу ерда ва бу ерда ёзган. Яна бир бор эслатиб ўтамиз.

2010 йил бошида Любовь Александровна тадбиркорлик билан шуғулланарди, Чирчиқда ўз савдо нуқтасига эга эди. Миллий банкнинг маҳаллий филиалида ҳисоб рақами очиб, унга 2007 йилда 11,5 миллион сўм (ўша пайтдаги курсда тахминан $9,6 минг) қўйган. Бунинг учун ўз квартирасини, машинасини ва чорва молларини сотган эди.

“2006 йилда инқироз бўлган эди. Мен давлатнинг бўш маблағларни тижорат банкларига жалб қилиш чақириғига қулоқ солиб, банкка пул қўйдим. Миллий банк омонатнинг сақланишига ва биринчи талаб бўйича қайтарилишига кафолат берган эди. Президентнинг 2009 йил 6 июндаги 1090-сонли ва 2005 йил 5 августидаги 147-сонли қарори шундай мажбуриятни юклар эди. Беришга бердим, аммо кафолатларга қарамасдан, қайтариб ололмадим”, - деб сўзлаб беради Чуракова.

2010 йилнинг февралида ҳисоб рақамдаги пуллари йўқолганини тасодифий равишда билиб қолади. Кейинчалик маълум бўлишича, яна юзлаб одам унга ўхшаб жабрланган экан. Хусусий омонатчиларга тегишли маблағларнинг бошқарувчи томонидан ноқонуний равишда ечиб олинганини банк филиалининг вакиллари ҳеч кимга айтишмаган. Неча киши жабрлангани ҳақидаги саволга эса “бу банк сири”, уни “ошкор этиб бўлмайди” деб жавоб қайтаришган.

Аниқланишича, Миллий банк Чирчиқ филиали бошқарувчиси Олимжон Султонхўжаев 2008 йилдаёқ омонатчиларнинг долларли ва сўмли ҳисоб рақамларидан пул ўғирлаган экан. Аммо банкнинг янги маъмурияти бу ҳақда мижозларга хабар беришни маъқул топмаган. 2010 йилнинг май ойига келибгина ўғирланган омонатлар тикланган, аммо филиалларнинг ишига масъул бўлган банк пулларни дарҳол қайтариши керак эди.

Овоза бўлиб кетмаслиги учун Миллий банк раҳбарияти бўлиб ўтган воқеа ҳақида гапиргиси келмаган, шунчаки қўлга тушган бошқарувчи билан бухгалтер ва кассирни ишдан ҳайдаб юборган. Жабрланувчи Чураковадан эса “бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликни” сўрашган ва “хавотирланманг” дейишган: ревизия билан прокурор текшируви бўлиб ўтгач, ҳамма пуллар тўлиқ қайтарилар эмиш. Собиқ бошқарувчи Султонхўжаев зарарни қоплаш учун пул йиғаётган эмиш. Дарвоқе, уни аввал уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилишган, барча омонатчилардан қарзини узишни юклашган, бирмунча вақтдан сўнг эса амнистияга туширишган. Катта калибрли ўғрилар иши одатда шундай тугайди. У бемалол яшаб юрибди шекилли, ўзи қарз бўлган одамларини кечириб юборган кўринади…

Гражданлар, пулингизни банкда сақламанг!

Бу пайтда мижозларнинг пули қадрсизланиб бораётгани банкни умуман қизиқтирмаган.

“Ўн йил олдин банкка пул қўйганимда долларнинг расмий курси 1200 сўм эди, 2010 йилга келиб эса 1560 сўмгача ошди. Ўша пайтда кераксиз юк бўлиб ётган 13 миллион сўмча пулимни “кўтарасига” долларга алмаштира олмадим: кварталда фақат икки минг долларгача алмаштириш мумкин бўлганилги учун алмаштириб беришмаган. Кекса одамга ҳалол меҳнат билан топилган ўз пулини беришмаган! Пул муқаррар равишда қадрсизланиб бормоқда: инфляция бор, доллар ошмоқда, бугунги кундаги долларнинг расмий курси ўша пайтдагидан уч бараварга ошган! Бозорда алмаштириб бўлмайди – бу жиноят билан тенг, банкда эса алмаштириб беришмайди”, - деб шикоят қилади пенсионер.

Тикланган ҳисоб рақамидан ҳамма пулларни олиб, долларга алмаштириб, Россияда яшаётган қизига жўнатиши керак эди. Қизининг учта фарзанди бор, биттаси болаликдан ногирон. Аммо бир неча йил хўрликлардан сўнг пулнинг фақатгина озгина қисмини алмаштиришга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўшандан бери Ўзбекистондаги қонунларда кўп нарса ўзгарди: жумладан, фуқаролар кварталига 2000 долларни давлат курсида алмаштириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлдилар.

“Суд-арифметика” хатоси учун ким жавобгар?

Банкка бўлган ишончи бутунлай сўнган Любовь Чуракова 2011 йилнинг баҳорида маънавий ва моддий зарарни қоплаш ҳақида даъво киритди. Чунки у зарар кўрган, ҳисоб рақамидан ўғирланган ва икки йилдан кейингина қайтарилган пуллардан фойдалана олмаган. Бунинг устига банк ўғирлик юзасидан прокурор текшируви ҳали ҳам давом этаётганини баҳона қилиб, маблағларни беришни 2012 йилгача чўзиб келди.

2011 йил ноябрида фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди Чуракованинг даъвосини қаноатлантирди, аммо сўралган 25 миллион сўмни (ўша пайтда “қора бозор” курси бўйича $9000 атрофида) икки бараварга – 10,5 миллион сўмга камайтирган. Бу ҳақда даъвогар декабр ойидагина хабар топган, ўшанда суд қарорини олишга келган эди.

“Судья пинагини ҳам бузмасдан, ҳисоб-китоб пайтида “арифметик хато” бўлганини айтди, аммо хатони тўғирлашга ҳаракат ҳам қилмади. Биринчи босқичдаги суд банк билан тил бириктириб, неустойка ва жарима санкциялари миқдорини 60 фоизга камайтирганига ишончим комил. Буни “хато” сифатида хаспўшлаб, буни кейинроқ кассация коллегияси тўғрилашини айтишди”, - деб сўзлаб беради пенсионер.

Аёл суд пайтида банк юристининг гап-сўзларидан ҳайратга тушди. Юристнинг айтишича, пенсионер “мамлакат бюджетига путур етказиб”, “пулни кимларгадир – балки террористларга юбораётган”муш.

Ишни қайта кўриб чиқиш учун фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят мудига кассация тартибида омонатчи томонидан берилган шикоят ҳам иш бермади. Унда биринчи босқичдаги суд ўтказиб юборган “арифметик хато”ни тузатиш ва даъво аризасидаги тўлиқ суммани бериш ҳақида ёзилган эди. Суд коллегияси жавобгардан талаб қилинаётган суммани ундириб, пулини ўғирлатган мижоз фойдасига қарор чиқариш ўрнига, аввалги судьяларнинг ўзбошимчалигини давом эттириб, очиқдан-очиқ банкка ён боса бошлади.

Мижоз банк учунми ёки тескарисими?

Чуракованинг айтишича, 2012-2013 йиллар давомида банк омонатни қисман қайтара бошлаган, маънавий зарар ҳам қисман қониқтирилган, аммо жарима санкциялари ва неустойкалар тўланмаган. Шу ҳолат пенсионер билан Миллий банк ўртасидаги зиддиятнинг асосий сабабидир.

“Менинг ҳолатимда омонатни беришнинг ўтиб кетган муддати юз кундан ошиб кетгани учун, ҳукуматнинг 2001 йил 22 июндаги 264-сонли қарорига биноан, банк ўз устав капиталининг 0,1 фоизи миқдорида жарима тўлаши керак эди. Банкнинг устав капитали президентнинг 07.11.2007 санасидаги 726-буйруғи билан сўм эквивалентида 5 миллион евро қилиб белгиланган. Ўтиб кетган муддатнинг ҳар куни учун (Фуқаролик кодексининг 260-263-моддалари) банк омонат миқдорининг 1 фоизи миқдорида неустойка тўлаши керак”, - деб тушунтиради аёл.

“Менинг омонатимга қўшилган фоизларни ҳисоблаган суд уларни “даромад” деб эълон қилди ва шундай асоссиз хулоса чиқардики, мен истеъмолчи эмас (яъни, жисмоний шахс эмас) эканман. Шундан сўнг неустойка тўлашни рад қилди, - деб аччиқланади Чуракова. – Суд коллегияси жисмоний шахс омонатининг фоизи билан юридик шахснинг даромади ўртасидаги фарқни англашга ҳаракат ҳам қилмади. Ахир Фуқаролик кодексининг 22-моддаси аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: “Юридик шахслар даромаддан фойда олади ва солиққа тортилади, жисмоний шахслар эса фақат омонатдан фоиз (даромад) олади, бу солиққа тортилмайди. 1996 йилги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда ёзилишича: “Истеъмолчи (жисмоний шахс) банк хизматларидан фойда олиш билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланади” – бу менинг жисмоний шахс сифатида ҳақлигимга яна битта исбот. Яъни мен истеъмолчиман, банк мижози бўлган пайтимда фойда олмаганман. Мен ўзим қўйган омонатдан тўлалигича қонуний, солиққа тортилмайдиган даромад олганман. Менинг омонатим ҳисобидан Миллий банкнинг ўзи бойиган”.

Мана сизга машҳур “мижоз банк учун” шиори.

Прокурор протест киритганмиди?

2016 йил ноябрида Чуракова прокурор протестига эришгандек бўлди, аммо маълум бўлишича, бу назорат органи ходимининг навбатдаги найранги экан.

“Суд коллегиясига прокурор протестини киритиб, Тошкент вилояти судининг 2012 йил 18 майидаги “жарима санкциялари ва неустойкани тўлаш” ишидаги сохталаштирилган ва адолатсиз баёнотни бекор қилиш ҳақида ваъда бериб, мени яна “ухлатишди”, - дейди Любовь Александровна. – Протест ўрнига бош прокурор ўринбосари У.Суннатов ўтган йилнинг декабр ойида “янги аниқланган ҳолатлар бўйича” ариза берган. Бу ариза суд баёнотини қайта кўриб чиқиш учун фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг кассация босқичига берилган. Асос – Марказий банкнинг экспертлар кенгаши хулосаси. Прокурор ўринбосарининг таъкидлашича, менинг аризам асосида Бош прокуратура махсус текширув ўтказиб, омонатнинг ўғирланиши ва ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун жарима ва пеня суммасининг Миллий банк Чирчиқ филиалидан ундирилишини текширган. Таъкидлаш керак, гап жиноят ҳақида кетмоқда, аммо суд коллегияси ҳукмида бу жуда юмшоқ қилиб ёзилган: “Ҳисоб рақамидан пул маблағлари розиликсиз ечиб олинган”.

Пенсионернинг сўзларига кўра, Марказий банк тезкорлик билан 17 кишилик “экспертлар кенгаши” тузган. Ҳаммаси банк ходимлари, яъни бу ишда манфаати бор одамлар. Уларнинг нотўғри талқин қилинган хулосаси “янги аниқланган ҳолатлар”га асос бўлди.

“Бу чидаб бўлмас қонунбузарлик бўлиб, фактларни бузиб кўрсатишнинг ўзгинаси, - дейди ишонч билан Любовь Чуракова. – Оддийроқ қилиб айтсак, қонунга ва шартномадаги мажбуриятларга риоя қилмагани учун жарима ва пеня тўлашдан қочиб, ўзларининг ички инструкциясини асос қилиб олган банкир-экспертлар безбетларча ҳукумат қарорининг 5 ва 6-бандини алмаштиришган. Бу қарор 2001 йил 22 июндаги 264-сонли “Нақд пул муомаласини мустаҳкамлаш ва тижорат банкларининг масъулиятини оширишга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги қарордир. Менга нисбатан 5-бандни қўллашган, унда айтилишича: “Банклар маош учун ва мижозларнинг қонунчиликда кўзда тутилган бошқа эҳтиёжлари учун нақд пулни ўз вақтида бермагани учун,… уларнинг ҳисоб рақамларида маблағ бўлган тақдирда банк белгиланган устав капиталининг минимал ҳажмидан 0,005 фоиз миқдорида жарима тўлайди (Миллий банкда устав капитали сўм ҳисобида 10 миллион евро). Менга шунча йил давомида етказилган зарарни бор-йўғи 1,7 миллион сўм деб ҳисоблашибди. Савол туғилади: омонатчи-жисмоний шахс банк айби билан жабрланган бўлса, бунга маошнинг нима алоқаси бор, ахир гап омонат жамғармасининг ўз вақтида берилмагани ҳақида кетмоқда-ку? Бу қалбакичилик (хизмат вазифаси билан боғлиқ бўлган жиноят) эмасми? Ҳужжатда аниқ-тиниқ ёзиб қўйибди, бу банд фақат солиқ тўлайдиган ва ўз фаолиятидан фойда оладиган тадбиркорлар ва юридик шахсларга татбиқ қилинади. Депозит ҳисоб варақлари эгаси бўлган (омонатдан фоиз ҳисобида даромад оладиган) жисмоний шахсларга нисбатан қўлланмайди. Марказий банк экспертлари ҳаммасини оёғини осмондан қилмоқчи”.

Шу қарорнинг 6-бандида ёзилганки: “мижозларнинг ҳисоб рақамларига маблағларни ўтказиш ва кўчиришнинг белгиланган тартибига риоя этишга доир белгиланган талабларни бузганликлари учун зарар кўрган томонга банк устав сармояси энг кам миқдорининг 0,1 фоизигача бўлган миқдорда жарима тўлаш шаклидаги жазо жарималарини белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин”. Аммо банкнинг экспертлар кенгаши ҳам, прокуратура билан суд коллегияси ҳам бир ёқадан бош чиқариб, бу бандга эътибор беришмади. Ўзларининг корпоратив манфаати ва ўрнини юқори қўйиб, қонун устуворлиги тамойилини бузишди. Бу нима деган гап, президент имзолаган ҳукумат қароридан ҳам кўра банкнинг ички инструкциясини прокуратура ва суд кўпроқ ҳурмат билан қабул қилса, - деб савол қўяди пенсионер.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, бугунги кунга келиб зарарни қоплаш учун унга 39 миллион сўм атрофида (расмий курсда $11 минг атрофида) тўланиши керак. Любовь Александровнанинг таъкидлашича, бу рақам банк ходимларининг ҳисоб-китобида ҳам тасдиқланган. Сумма деярли ҳар ҳафтада – долларнинг расмий курси ошганига мос равишда ошиб бормоқда. Шуниси равшанки, қонунбузарлар жабрланган мижознинг қонуний талабларига рози бўлмаслик ва тегишли суммани тўламаслик учун қурбон бўлишга ҳам тайёр.

Ягона умид Мирзиёевдан

Расман инсон ҳуқуқларини муҳофаза қиладиган ўнлаб юқори органлар орқали масалани қонуний ҳал қилишнинг барча йўлларини қилиб кўрган Чуракова давлат хизматчиларининг сўзи бошқа, иши бошқалигига амин бўлди. Унинг фикрича, амалдорларнинг аксарияти саводсиз ва қўпол одамлар бўлиб, муҳтожларга ёрдам беришни эмас, балки хўжакўрсинлик ва қоғозбозликни ўз вазифаси деб билади. Қонуний ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларининг чеклаб қўйилишига норозилик тариқасида у Бош прокуратура биноси олдида кўп марта пикетда турган. Унга бир неча марта Миллий банкнинг Чирчиқ филиалидан моддий ва маънавий зарарни ундириб беришни ваъда қилишган, аммо ҳеч қачон ваъданинг устидан чиқишмаган. Бир марта Чураковани ҳаттоки психиатр олдига текширувга жўнатишган, аммо психиатр амалдорларнинг жонига теккан бу пенсионернинг муомалага лаёқатлилигини тасдиқлаган.

Унинг ягона умиди қолди – мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев билан шахсан учрашса, муаммолари ҳал бўлади. Давлат раҳбарининг девонига қўнғироқ қилди. “30 март куни “жонли” рўйхатга ёзилишга чақиришди, телефонда мумкин эмас экан, қабулнинг аниқ санасини кейинроқ айтишади. Тўғриси, яна қанча кутиш кераклигини билмайман, бу ерда навбат жуда катта дейишади – бутун халқ оқиб келган”, - деб “Фарғона”га ҳикоя қилиб берди Любовь Александровна.

Президент девонига келган Чуракова навбатда 58-ўринда экан. Рўйхатга ёзилди, аммо ҳозирча фақат девон ходимлари қабул қилар экан. “Тез орада Мирзиёевнинг ўзи шахсан қабул қилади”, - деб ваъда беришган.

Қаҳрамонимиз умид билан кутмоқда.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама