16:43 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Шлюзлар, HTML ва TCP/IP. Олийгоҳ муаллимларини яна аттестация қилишдан мақсад нима?

08.04.2017 03:27 msk

Фарғона

2017 йилнинг 10 апрелидан 6 майигача Ўзбекистонда олий ўқув юртларининг профессор-муаллимлари махсус аттестациядан ўтказилади. Давлат тест марказидан келадиган махсус комиссиялар педагогларнинг чет тилини ва ахборот-коммуникация технологияларини қанчалик билишини текширади.

Текширувдан 24 мингта ўқитувчи ўтиши керак бўлади, бундай синов биринчи марта амалга оширилмоқда. Ҳукуматнинг режасига кўра, олий ўқув юртларининг ҳаққоний рейтингини тузиш учун педагогларни текшириш зарур.

Қайси олий ўқув юрти яхшироқ?

Олий ўқув юртларига рейтинг бериш тизими Ўзбекистонда 2012 йилнинг декабрида татбиқ қилинган. Ўша пайтдаги бош вазир, ҳозирги мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарорини Lex.uz порталида ўқиш мумкин. Ўшанда, 2013 йилдаёқ Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг биринчи ва ҳозирча ягона рейтинги тузилган эди.

Эслатиб ўтамизки, бутун дунёда ўнлаб халқаро рейтинг турлари мавжуд, шулардан 5-6 тасигина халқаро даражада тан олинган. Барча рейтингларда олийгоҳлар турли кўрсаткичлар бўйича баҳоланади. Масалан, Россиядаги рейтинглар орасида “сифатли таълим олиш шароитлари бўйича энг яхши олийгоҳлар”, “битирувчиларга иш берувчиларнинг талаб даражасига кўра”, “илмий-тадқиқот фаолиятининг даражаси бўйича”, бир йил давомидаги нашрлар сони бўйича рейтинг, хорижий талабалар сони бўйича рейтинглар, бундан ташқари, кучишлатар органлар, тиббиёт ва бошқа ихтисослашган олийгоҳларнинг рейтинглари мавжуд.


Университетлар бўйича сайёрамиздаги энг обрўли рейтинглардан бири бўлиб QS World University Ranking ҳисобланади. Афсуски, ўтган йили дунёдаги 900 дан ортиқ олийгоҳлар рўйхатига Ўзбекистондаги бирорта ҳам олийгоҳ киритилмади. Илгари ҳам умуман киритилмаган.

2014 йилда иккитаси – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти МДҲ олийгоҳлари рейтингига кирди, аммо унчалик баланд бўлмаган D тоифасини олди.

Ўқитувчилар нимани билиши керак?

Бир неча кундан сўнг педагогларга бериладиган, ахборот технологиялари бўйича икки турдаги тест таҳририятимизга келиб тушди. Бунинг учун Тошкентдаги университетлардан бирининг ходимларига миннатдорчилик билдирамиз. Ҳар бир тестда 50 тадан 70 тагача савол бор, кўпчилигини ўқисангиз таажжубга тушасиз: улар шунчалик қийинки, фақатгина мутахассиснинг тиши ўтиши мумкин холос.

Бу саволларга Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг барча 24 минг ўқитувчиси жавоб беришга мажбур бўлади. Бунда уларнинг мутахассислигига қараб ўтирилмайди, ҳамма бир хил тест топширади. Барча йўналишдаги ўқитувчилар тест топширади – мусиқашунослар ҳам, тилшунослар ҳам, психологлар ҳам, агрономлар ҳам, инженерлар ҳам, дипломатлар ҳам топширади. Компьютер билан фақат котиба ёрдамида ишлай оладиган кекса профессорлар ҳам, янги замонда ўсган ва техникани яхши тушунадиган ёш доцентлар ҳам кўз ёшини тўкадиган бўлди.

Тестларда қандай вазифалар берилган? Ҳар хил ва осон бўлмаган вазифалар. Масалан, электрон почта орқали нима жўнатиш мумкинлиги ҳақидаги савол унчалик ўйлантириб қўймаса керак, “браузер” нималиги ҳақидаги савол ҳам шундай. Аммо олийгоҳнинг оддий ўқитувчилари – улар компьютерчи ёки веб-дастурчи эмас – қуйидаги HTML-элементлардан қайси бири ҳужжатнинг сарлавҳаси эканлиги ҳақидаги саволга жавобни биладими? “Шлюз” нима, “TCP/IP” нима, маҳаллий тармоқда файллар қай тезликда узатилади?


Тестлардан бир парча

“Веб-сайт” нималиги ҳақидаги саволда шубҳа туғилмаса керак. Аммо жавоб вариантларига қаранг: А) Интернетдаги манзил; B) веб-саҳифалар тўплами; C) веб-саҳифадаги матн; D) тўғри жавоб йўқ. Википедияда ёзилишича, веб-сайт - бу “ўзаро мантиқий боғланган веб-саҳифалар мажмуи; сервернинг контенти жойлашган жой. Одатда Интернетдаги сайт ўзаро боғлиқ ахборотлар массиви бўлиб, уникал манзилга эга ва фойдаланувчи томонидан яхлит битта нарса деб қабул қилинади”. Қайси вариантни танлаган бўлардингиз, азиз муштарийлар?

Консерваторияда бастакорликдан дарс берадиган ўқитувчи html-разметкадаги “justify” атрибути нимани англатишини билиши керакми (қолаверса, матнда хато бор: P ALIGN>=JUSTIFI>)? Флешка ва CD дисклардан фойдаланувчи замонавий одам “5,25”, “2,8”, “3,5” ўлчамли дискларнинг фарқини қаердан билсин?!.


Тестлардан бир парча

Шуниси равшанки, халқаро рейтинглар бутунлай бошқа мезонларга кўра тузилади. Мана бундай тест натижалари эса фақат “ички фойдаланиш” учун керак бўлиши мумкин, холос. Бундай тестлар билан қандай натижага эришишмоқчи? Ўқитувчиларнинг жавоблари олийгоҳнинг рейтингига қандай таъсир ўтказади? Педагог html-кодларни тушунмаса, шунинг асосида уни (ва бутун олийгоҳни) “қолоқ” деб ҳисоблаш мумкинми?..

Бугунча шуниси аниқки, профессор-ўқитувчилар таркибига ҳам, Тест марказидаги жанобларга ҳам осон бўлмайди. Биринчисига тестни топшириш осон бўлмайди, иккинчисига уларнинг натижаларига қараб, педагогларнинг квалификациясига баҳо бериш осон бўлмайди.

Шуниси озгина кўнгилга таскин берадики, синовдан олдин тестнинг барча вариантлари ўқитувчилар орасида бемалол ва очиқ-ойдин тарқатилмоқда. Шу орқали уларга бундай мураккаб имтиҳонни топширишдан олдин тайёрланиш имконияти берилмоқда.

Таҳририятдан: Ўзбекистонда ҳар йили мактаб ва лицей ўқитувчиларининг аттестацияси қандай ўтказилиши ҳақида тез орада сўзлаб берамиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама