16:45 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон президентини Москва аэропортида ким кутиб олиши керак эди?

06.04.2017 17:56 msk

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4апрель куни давлат ташрифи билан Москвага жўнади... Ва аэропортда уни РФ Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин кутиб олди. Воқелик шунақа. Лекин дипломатик протокол қўпол равишда бузилганини кўпчилик сезди. Ва бу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, қораланди.

Дипломатияда ташрифларнинг қуйидаги шакллари мавжуд:

1. Давлат ташрифи

2. Расмий ташриф.

3. Ишчи ташриф.

4.”Галстуклар тақилмайдиган” ташриф.

5. Норасмий ташриф.

6.” Йўл-йўлакай” ташриф.

7. Юбилей тадбирлари ёки муҳим сана нишонланиши муносабати билан делегация ёки давлат намояндаларининг ташрифи.

Давлат ташрифи – икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг энг олий шакли бўлиб, бир неча позициялари билан фарқланади:

- ташриф ҳар бир президент, бош вазир (агар у Исроил ёки Германиядаги каби реал ҳокимиятга эга бўлса), парламент раиси (агар у собиқ СССР ёки парламент республикаси бўлган ҳозирги Латвиядаги каби давлат раҳбари саналаса), монарх томонидан фақат бир марта амалга оширилади; агар давлат раҳбари лавозимига қайта сайланса ҳам, унга иккинчи давлат ташрифи берилмайди;

- бу танишув ташрифи бўлиб, унинг доирасида олий даражадаги персоналар ўртасида алоҳида ишончли ва шахсий муносабатлар ўрнатилади, ҳар ҳолда улар бундан буёғига биргаликда ишлашларига тўғри келади;

- бошқа ташрифларга қараганда кўпроқ тадбир ва маросимларда иштирок этишга тўғри келади;

- давлат раҳбарини вазирлар, парламент қўмита раислари, вилоят раҳбарлари (агар шунга эҳтиёж бўлса) ва тижорат тузилмалари вакилларидан ҳамда президентнинг рафиқасидан иборат катта делегация кузатиб боради;

- ҳужжатлар пакети имзоланади, уларнинг орасида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳамда давлат раҳбарлари ўртасида шахсий ва давлат муносабатларини ўрнатувчи меморандум имзоланади.

Давлат ташрифидан сўнг фақат расмий ташрифлар амалга оширилади, уларнинг шакли олдингидек олий эмас, бироқ етарли даражада юқори ҳисобланади. Дипломатик протокол ҳаммани тенг кўришни кўзда тутади: ҳарбий, сиёсий ёки иқтисодий қудратидан қатъий назар барча давлат раҳбарларига муносабат бир хил бўлиши керак ва уларга нисбатан стандарт процедуралар амал қилади. Кичкина ёки заиф давлатлар йўқ, протокол учун ҳамма баробар ва дипломатиянинг спецификаси айнан шу. Ҳафа бўлганлар, норозилар бўлмаслиги керак, чунки камситиш ва тушунмовчиликлар муносабатларнинг узилишига ҳамда “совуқ” ёки “қайноқ” урушга олиб келиши мумкин. Томонлар тенглиги – протоколнинг муҳим жиҳати саналади.

Москвага давлат ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёевни аэропортда Россия президенти Владимир Путиннинг шахсан ўзи кутиб олиши керак эди. Ёки унинг ўрнига бу ишни бош вазир Дмитрий Медведев (бошқа мамлакатларда вице-президент ҳақли). Президентнинг расмий ташриф чоғида уни бош вазир кутиб олиши мумкин, ишчи, норасмий ташриф давомида – бош вазирнинг биринчи ўринбосари ёки ташқи ишлар вазири, лекин ҳеч қачон вилоят губернаторлари ёки шаҳар ҳокимлари, концернлар ёки соҳа вазирликлари ва маҳкамаларининг раҳбарлари ва хусусан, Максим Орешкинлар кутиб олиши мутлақо мумкин эмас.

Внуково аэропортида бўлиб ўтган ҳолатни Ўзбекистон тарафига тупуриш каби ҳисоблайман. Унинг “давлат ташрифи” мақомини “йўл-йўлай” ташриф даражасига тушириб қўйдилар. Айнан шунақа ташрифлар чоғида ҳокимият поғонасининг учинчи даражали лавозимларини эгаллайдиган шахслар кутиб оладилар. Иқтисодий ривожланиш вазири ким бўлиб қолибди? Бу Россия Федерацияси делегациясининг оддий аъзоси, унинг мақоми давлат раҳбарини кутиб олишга етарли эмас!

Бунақанги масалалар ташрифдан анча олдин ҳал этилади, барча икир-чикирлар муҳокама қилинади ва шундан кейин белгиланган режадан оғишга йўл қўйилмайди. Афтидан бу ишларнинг бари олдиндан атайлаб уюштирилган – бу Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Россия фуқаролигига ва Москва пропискасига эга бўлган вазир Абдулазиз Комиловнинг президент Шавкат Мирзиёевга нисбатан қўллаётган сиёсий саботажининг бир шаклидир. Унинг мақсади – ўзаро муносабатлар даражасини пасайтириш ҳамда Ўзбекистон раҳбарининг Кремлга қарамлигини намойиш этишдир. Ҳақиқий дипломат бунга ҳечам йўл бермасди. Бироқ Абдулазиз Комилов Ислом Каримовнинг одами, яъни жаҳолатпараст ва муттаҳам, ахлоқий тамойиллардан йироқ одам. Тахмин қилишимча, у Рустам Иноятов билан тил бириктириб, Шавкат Мирзиёевни камситилиши ва таҳқирланиши учун қўлидан келадиган барча ишларни қилмоқда. Уларнинг мақсади – аввалги имконият ва ваколатларни қайта қўлга киритишдан иборат.

Албатта Ўзбекистон раҳбари аэропортнинг ўзида самолётга қайтиб, ватанига учиб кетиши мумкин эди ва уни ҳеч ким айблай олмасди. Бироқ ўз олдига қўйган мақсадлар протоколдан ва шахсий ғурурдан юқори турганини англаган ҳолда у ўзини енгди ва ўз иродаси кучини ва характерини намойиш этди. Шу жиҳатдан мен уни ҳурмат қиламан.

Алишер Тақсанов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама