05:34 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Интернетдаги Ўзбекистонга оид ҳамжамиятлар: Кийим-кечак, танишув, машиналар ҳақида, аммо сиёсатга аралашиш йўқ

06.04.2017 12:32 msk

Фарғона

2010-2011 йилларда бошланган “араб баҳори”дан сўнг ижтимоий тармоқлар фуқароларни бирлаштирадиган қудратли восита экани, тарғибот учун қулай канал эканини бутун дунё англаб етди. Бу тарғибот давлатникидан тортиб, экстремист ва террористик руҳда бўлиши мумкин. Тажрибадан ўтган “твиттер-революциялар” методикаси вақт ўтиши билан бошқа мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари учун ҳам хавф туғдириши ҳақида айрим тадқиқотчилар башорат қилишганди. Бу мамлакатларда интернетнинг тез ривожланиши туфайли мессенжер ва фейсбукларнинг фойдаланувчилари сони кескин кўпайиб кетди.

Бугунги кунда ўзбекистонликлар оммабоп ижтимоий тармоқларда нима билан машғул? “Фарғона” ўтказган тадқиқотдан маълум бўлишича, ўзбекистонликларнинг аксарияти сиёсатни муҳокама қилмайди, лекин турли янгиликларни ўқиб туришади. Улар пазандаликка оид рецептларни ўртоқлашишади, автомобиль сотиб олишади, селфиларини тарқатишади, керакли шифокорни излашади, жазман, ишончли юрист ва юқори маошли иш қидиришади.

Муштарийларимиз эътиборига ўзбекистонликларнинг Фейсбук, “ВКонтакте” ва Telegram мессенжеридаги энг кўп аъзоли гуруҳ ва ҳамжамиятлар рўйхатини ҳавола этамиз. Telegram мессенжеридаги каналлар кейинги вақтда энг оммабоп ахборот тарқатиш усулига айланди.

“Одноклассники” тармоғини ҳисобга олмадик, чунки у ерда жуда кўп ҳамжамиятлар бор бўлиб, уларнинг аксарияти кўнгилхушлик, секс ва мушукчаларга бағишланган бўлиб, жиддий гуруҳлар кам.

Хуллас...

Фейсбукда нима гап

“Потребитель.Уз” (Potrebitel.Uz) ёпиқ гуруҳи 147 мингдан ортиқ иштирокчига эга. Бу “ўзбек фейсбуки”даги энг оммабоп гуруҳлардан биридир. У Потребитель.Уз веб-сайтининг давоми ҳисобланиб, Ўзбекистонда тақдим этиладиган маҳсулот ва хизматлар сифатининг экспертизасига ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқини юридик жиҳатдан ҳимоялашга бағишланган. Агар мавзудан озгина четлашсангиз ёки ҳукуматни танқид қилишни бошласангиз, сизни ҳайдаб солишади. Гуруҳнинг қатъий қоидалари бу ерда ёзиб қўйилган.


Ўзбек сегментидаги энг оммабоп гуруҳлар бу таом тайёрлашга бағишланган гуруҳлардир. “Чудеса на кухне” (Ошхонадаги мўъжизалар) ёпиқ гуруҳи (1553289858233333) - 119 мингдан ортиқ иштирокчига эга, яна битта ёпиқ “Кулинарные прелести” (Кулинар жозиба) гуруҳида (kulinar.prelesti) - 62 мингдан ортиқ аъзо бор, “Кулинария.уз” очиқ гуруҳида эса (1681733562059506) 13 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Бу ерда кўпинча машҳур пазандалар ўз маҳоратини намойиш этади. Бу гуруҳларга қорин очлигида киришни маслаҳат бермаймиз.


Ёқмаган нарсани еб қўйиб, мазангиз қочса, шифокорларга мурожаат қилинг. Керакли мутахассисни “Врачи Ташкента” (Тошкент шифокорлари) гуруҳидан (vrachitashkenta) топасиз, бу гуруҳда 58 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Бу гуруҳ тиббиёт, шифокор хизматлари, поликлиника ва шифохоналар муаммолари, керакли шифокорларни топиш муаммоларига бағишланган энг йирик гуруҳдир. Бу ерда тиббиёт мавзусида кўплаб саволлар берилиб, шифокорларнинг ўзидан жавоб олинади.


“Есть вопрос? Ищу ответ! (Ташкент, Узбекистан)”очиқ гуруҳида (voprosy.uz) –46 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Қоидалар оддий: савол берасиз, хоҳлаган одам жавоб беради. Аммо айримлар ҳаттоки ёпиқ гуруҳларда ҳам ёзишдан қўрқишади, чунки яқинда бизнесмен Олим Сулаймонов амалдорлар устидан президентга очиқдан-очиқ шикоят қилгани учун ҳисбга олинди.


“Адвокаты и Юристы Ташкента” (Тошкент адвокатлар ва юристлари) ёпиқ гуруҳида (advokatyuristuzb) –18 мингтача иштирокчи бор. Бу ерда юридик мавзудаги саволларга фақат юристлар жавоб беради ёки қонун ёки меъёрий ҳужжатга ҳавола беришади.


“Потребитель плюс. Постим всё, что запрещено в группе Потребитель.Уз” ёпиқ гуруҳида (vecherniytashkent) - 20 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Бу “Потребитель.уз” гуруҳининг ўзига хос шўъбасидир. Бу ерда “Потребителе.Уз” гуруҳидаги каби қатъий қоидалар йўқ. Реклама қилишга рухсат бор, аммо олдин келишилади ва фақат душанба кунлари реклама қилиш мумкин. Бу ерда кўпроқ Тошкентдаги ва умуман мамлакатдаги актуал масалалар муҳокама қилинади.


“Selfie.Uz” гуруҳида (selfie.uz) – 12 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Бу ҳам ёпиқ гуруҳ. Унинг иштирокчилари ҳар куни селфиларини қўяди, айримлари видео қўяди. Гуруҳда тез-тез турли ютуқли мусобақалар ўтказиб турилади.


“Довезу.Уз” (Dovezu.Uz) гуруҳи – BlaBlaCar хизматининг ўзбекча муқобилидир: бу ерда йўл-йўлакай кетаётганлар қидирилади ва посилка етказиш сўралади. Шу йўсинда ёқилғини тежаш ва турли одамлар билан танишиш мумкин. Гуруҳ очиқ бўлиб, унда 7 мингтача иштирокчи бор.


Бу гуруҳ илгари тузилган “Поедем вместе!” (poedemvmeste) гуруҳининг нусхаси сифатида пайдо бўлган. “Поедем вместе!” Фейсбукнинг ўзбек сегментида шу мавзуга бағишланган биринчи гуруҳ бўлган. Бу ерда ҳам 7 мингтача иштирокчи бор.


Ўзбек Фейсбукидаги энг катта реклама майдонларидан бири – “TORG.UZ-Tashkent” (TORG.UZ.TASHKENT) гуруҳи бўлиб, унда 88 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Гуруҳ очиқ бўлиб, унда ишлатилган ёки янги буюмларни бепул сотувга қўйиш мумкин.


“HiShop Интернет продажи” (HiShopMarket) гуруҳида 39 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Бу гуруҳ очиқ бўлиб, “интернет-бозор” сифатида фаолият юритади.


“ТЕХНОРЫНОК “МАЛИКА” (477098762457950) – Тошкентдаги техника сотиладиган майдоннинг номи бўлиб, бу ерда 60 мингтача иштирокчи бор. Бу ерда турли гаджетлар, маиший техника ва шу кабилар сотувга қўйилади.


“RUL.UZ – АВТОРЫНОК” гуруҳи (824696854270617) транспорт воситалари, эҳтиёт қисмлари савдоси ва автомобил ижарасига бағишланган. Бу очиқ гуруҳда 49 мингта иштирокчи бор.


Худди олдингисидек мавзудаги очиқ ҳамжамият – “Авторынок.uz” (avtorinok.uz) гуруҳида 42 мингдан ортиқ иштирокчи бор. Гуруҳ автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари савдоси бўйича хусусий эълонлар учун ташкил этилган.


Аммо автомобил эгаларининг қизиқишларига бағишланган энг кўп сонли иштирокчига эга гуруҳ бу — “Водители Ташкента” Drivers.uz гуруҳидир. Бу ёпиқ гуруҳда 130 мингдан ортиқ иштирокчи бор.


“Есть работа! (Узбекистан)” очиқ гуруҳида (182315195189726) 60 мингтача иштирокчи бор. Бу ўзбек Фейсбукида ходимлар ва иш ўрни излаш бўйича энг катта ҳамжамиятлардан биридир. Тармоқли маркетинг тақиқланган, иш ҳақидаги эълонда асосий шартлар ва ахборотларни кўрсатиш шарт.


“РАБОТА-УЗБЕКИСТАН” (a href=https://www.facebook.com/groups/1734634446766716/ target=_blank>1734634446766716) – яна битта очиқ гуруҳ, бу ҳам иш излаш ва ходим топишга мўлжалланган. Бу ерда ишларни муҳокама қилиш, маслаҳат бериш ёки шунчаки тошкентликларга иш топишда ёрдамлашиш мумкин. 17 мингда ортиқ иштирокчиси бор.


Ўзбек Фейсбукида яна “Обнал карт в Ташкенте” (215101068836789) ва “Обнал с карты в Ташкенте” (234641693596529) гуруҳлари ҳам бор, улар ўзбекистонликларга пулни нақдлаштириш ёки банк карталари билан бошқа операцияларни бажаришда ёрдамлашади. Иккала гуруҳ ҳам очиқ бўлиб, биринчисида 8 мингдан кўпроқ иштирокчи бор, иккинчисида – 1200 тадан сал кўпроқ.


“ВКонтакте”

Ўзбек “интернет-ҳамжамияти”да “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи оммабоп эмас экан. Ўзбекистонликларга асосан унда аудио ва видеоларни жойлаштириш ва кўриш қулайлиги ёқади. Эротик мавзудаги гуруҳлар кўп, аммо уларга тўхталиб ўтирмаймиз. Бошқа мавзулардаги энг кўзга кўринганларини айтиб ўтамиз.

“Узбекская махалля online” (uzbek.mahalla) гуруҳи очиқ бўлиб, 42 мингтача обуначига эга. Ўзини “1-рақамли ўзбек ҳамжамияти” деб тақдим этади. Бу ерда сурат ва мемлар тиқилиб ётибди, аммо Ўзбекистонга умуман алоқаси бўлмаганлари ҳам кўп.


“Подслушано в Ташкенте” (Тошкентдаги миш-мишлар) (pdtash) гуруҳи – “Подслушано” ҳамжамиятлари сериясининг ўзбекча вариантларидан биридир. Бу ерда Тошкентдаги ва умуман Ўзбекистондаги ҳаётга бағишланган ёки у-бу мавзудаги фикр-мулоҳаза ва кузатувлар ёзилган аноним постлар қолдирилади. 37 мингтача обуначига эга.


“Uzbekistan | Узбекистан | O'zbekiston” (publicuzbekistan) гуруҳи 14 мингдан ортиқ обуначисига “севимли Ватанимиз ҳақидаги энг қизиқ ва муҳим воқеалар!”ни тақдим этади. Бу ерда асосан Ўзбекистон ҳақидаги бошқа гуруҳлардаги постлар қайта қўйилади. Кўпинча янгиликлар видеоси, клиплар, қўшиқлар, суратлар ва ўзбек таомларининг рецептлари қўйилади.


“ВКонтакте” ўзбек сегментидаги энг кўп сонли гуруҳлардан бири бўлиб “Авиабилеты Узбекистан|O'zbekiston” (uzbekistan.airways) ҳисобланади, унда деярли 31 мингта обуначи бор. Бу “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиация компаниясининг расмий гуруҳидир. Бу ерда авоиакомпаниянинг янгиликлари ва турли шаҳар ва мамлакатларга чипталарнинг амалдаги нархлари нашр этилади.


“UZ Football | Футбол Узбекистана” гуруҳида 7 мингдан ортиқ обуначи бор. Бу ҳамжамиятда ўйинлар, ўзбек футболчилари, клублар – умуман олганда, ўзбек футболи билан боғлиқ барча мавзуларда суҳбатлар бўлади.


“Блог UzLector (Азам Азизов)” (uzlector) ҳам диққатга сазовор блоглардан. Бу саҳифа таърифида ёзилишича: “Биз асосан ўзбек артистлари, бойлар, энг гўзал жойлар, буюк одамлар, ғайриоддий фактлар ҳақида видеолар яратамиз. Яна пранк (ҳазил) ва тажрибалар бўлади, масалан, рус қизларига ўзбек мусиқасини тинглатамиз, ўзбек таомлари таъмини тотиш, фильмларга баҳо бериш ва ҳоказоларни сўраймиз. Биз бундай видеолар яратиш бўйича Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги биринчи ва ягона блогмиз”. Блогга 1949 киши обуна бўлган.


TROLL.UZ (trolluz) гуруҳида 964 обуначи бор. У шу номдаги веб-ресурснинг бўлими бўлиб, ўзларини “миллий юмор бўйича биринчи сайт” сифатида тақдим этишади.


Telegram

Telegram каналларининг спецификаси “ВКонтакте” билан ўхшаш. Буни уларнинг муаллифлари битталиги – ака-ука Дуровлар эканлиги билан изоҳлаш мумкин. Telegram борган сари Ўзбекистонда оммалашиб бормоқда, уни давлат муассасалари ва банкларида ишлатишади. Бунга асосий сабаб унинг хавфсизлиги ва қўшимча ҳимояга эгалигидир. Шуниси аниқланганки, Telegram каналлари ҳаммадан кўра араб мамлакатларида, Лотин Америкаси ва Марказий Осиё мамлакатларида, яъни қатъий цензура мавжуд жойларда тез ривожланмоқда. Telegram дастурининг оммабоплиги унинг ҳукумат томонидан бошқарилмаслиги ва озгина бўлса ҳам аноним бўлиш имконини берадган камдан-кам алоқа каналларидан бири эканлиги билан изоҳланади.


“Kun.uz” (kunuzofficial) – ўзбек тилидаги янгиликлар канали, 136 мингдан ортиқ иштирокчиси бор.


“Toshqin Daryo” (toshqindaryo) – ўзбек тилидаги янгиликлар канали, 95 мингдан ортиқ иштирокчиси бор.


“Gazeta.uz” (gazetauz) Ўзбекистон янгиликлари, реклама ва воқеалар шарҳини тақдим этади. 9900 дан ортиқ иштирокчиси бор.


“UzReport.uz” (UzReport) – шу номли телеканалнинг янгиликлар агрегатори, 7800 та иштирокчиси бор.


“Darakchi.Uz” (darakchi) – оммабоп дайжест-газетанинг канали, бу ерда долзарб янгиликлар, ҳикоя ва мақолалар чоп этилади. Деярли 47 ярим мингта иштирокчига эга.


“Latifa.Uz” (latifa_uz) канали ўзбек тилидаги афоризм ва анекдотлар тақдим этади. 73 мингдан ортиқ иштирокчиси бор.


“Pazandachilik” (Pazandachilik) – ўзбек тилидаги канал бўлиб, бу ерда асосан пазандачилик рецептлари қўйилади. 65 мингдан ортиқ иштирокчиси бор.


“Зикр аҳлидан сўранг” (Savollar_kanal) – бу ерда исломий мавзудаги саволларга жавоб олиш мумкин. 63 мингдан ортиқ иштирокчиси бор.


“Championat.asia” (championatasia) – спорт ва футбол янгиликлари, 17 мингдан ортиқ иштирокчиси бор.


“Курс доллара в Узбекистане” (kursdollar) каналида хорижий валютанинг бозордаги ва давлат курсини билиш мумкин. 14 мингдан ортиқ иштирокчиси бор.


***

Албатта, бу рўйхат тўлиқ эканлигига иддао қилмаймиз. Тезлик билан тузилган бу рўйхатдан ташқарида кўплаб гуруҳ ва саҳифалар қолиб кетди — хусусий ва корпоратив, торроқ мавзуларга бағишланганлари ҳам бор. Биз фақат энг оммабоп ва мазмунлиларини йиғишга ҳаракат қилдик. Бизга унчалик машҳур бўлмаган, аммо сизнингча жуда фойдали ва муҳим гуруҳлар ҳақида хабар бериб, ёрдам беришингиз мумкин! Шу мақола остидаги шарҳларга ёзинг.

Охирида шуни қўшимча қиламизки, “Фарғона” ахборот агентлиги ҳам давр билан ҳамнафас бўлиб, ўз мақолаларини ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда кенгроқ ёритмоқда. Бугунги кунда мақола ва янгиликларимизнинг тўлиқ матнини қуйидаги жойларда ўқишингиз мумкин:

- Фейсбукда facebook.com/fergananews (19.000 дан ортиқ обуначи),

- “Одноклассники”да: ok.ru/fergananews,

- “ВКонтакте”: vk.com/ferganaru,
- в Telegram: telegram.me/fergananews,

- Telegram: telegram.me/fergananews,

- Live Journal: ferghana-blog.livejournal.com

Мақолалар анонслари:

- Твиттерда: twitter.com/kurbanaka,

- бундан ташқари бош муҳаррир Твиттерида twitter.com/dan_ferghana.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги