11:06 msk, 20 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон улгуржи бозорлари: “растаможка” йўқ, аммо савдо тўхтаган

29.03.2017 07:54 msk

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” мухбири олган суратлар, “Абу-Сахий” бозори ва унинг атрофлари, 2017 йил марти

2016 йилнинг сентябригача Ўзбекистон буюм бозорларига товар етказиб бериш асосан “Абу-Сахий” компанияси қўлида эди. Чакана импортчилар айнан шу компания орқали республикага саноат молларини олиб киришарди. Товарлар асосан энг арзон турадиган мамлакат ҳисобланган Хитой, БАА, Туркия ва Жанубий Кореядан олиб келинган. Етиб келган товарлар божхонада расмийлаштирилган (яъни “растаможка қилинган”) деб ҳисобланарди: у товарни етказиш нархига кириб кетарди. Ҳозирда эса, “Абу-Сахий” фаолияти текширилаётгани ва божхонада тонналаб товарлар туриб қолгани сабабли, қолаверса, мартнинг икки ҳафтаси давомида доллар курсининг юқорига сапчиб, кейин кутилмаганда пасайгани сабабли “кийим-кечаклар” деярли сотилмаяпти. Сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам саросимага тушиб қолган. Бозорлардаги вазият барқарорлашиб, савдо илгариги йўсинга тушиб олишини ҳамма кутиб ўтирибди...

Ислом Каримов даврида…

2000-йиллар бошида “Абу-Сахий” компанияси иш бошлаганида Хитойда, Бирлашган Араб Амирликларида ва Туркияда карго-ваколатхоналари очилган эди. Савдо схемаси қуйидагича эди: тадбиркор компаниянинг Тошкентдаги офисига мурожаат қилса, унга тартиб рақами берилиб, ташриф қоғози бериларди, унда хориждаги ваколатхонанинг телефон рақамлари ёзилган бўларди.

Тадбиркор шу мамлакатлардан бирига келиб, исталган дўкондан керакли товарни харид қилган, ҳисоб-китоб қилиб бўлгач, “Абу-Сахий” ваколатхонасига қўнғироқ қилган. Уларга тартиб рақамини, дўкон манзилини, товарнинг номи ва миқдорини айтган. Шундан сўнг бемалол уйига кетаверган, товарни эса компаниянинг ўзи олиб кетиб, харидорнинг уйига ёки дўконига олиб бориб берган.

“Бу схема 2006-2007 йиллардан бошланиб, тахминан 2013 йилгача яхши ишлади, - дейди тошкентлик тадбиркор Елена Агибалова. – Тадбиркормисан, бошқамисан, умуман ҳужжат сўралмаган. Шунчаки товар Тошкентга етиб келгач, бизга қўнғироқ қилиб хабар беришган, биз “Абу-Сахий” офисига бориб, нақд тўлаганмиз. Етказиш нархи бир куб метрга 900 доллар эди. Бу етказиб беришга “растаможка” ҳам кириб кетар эди (агар бу компания умуман растаможка қилса). Тўлаганимиздан кейин товарни исталган жойга етказиб беришар эди”.

Агибалавага кўра, матбуотда шов-шув кўтарилгандан сўнг 2013 йилдан бошлаб “Абу-Сахий” компанияси товарни етказиб бериш ҳақини (куб метрга 900 доллар) нақд сўмда ола бошлади, аммо биржа курсида оларди, бу курс эса “бозор” курсидан 20-30 фоиз баландда юради. Бугунги кунда бу курс бўйича бир доллар 9500 сўм туради.

Агибалова чакана савдо учун товарларни экспорт-импорт қилишга тўлиқ ҳужжатларга эга бўлса-да, бу товарнинг тури ёки ҳажмига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган, “Абу-Сахий” хизмат ҳақини тўлагани учун ҳеч қандай ҳужжат берилмаган. У 2012 йилда Дубайдан келтирилган товар юзасидан солиқ инспекциясига ҳисобот топшириш учун накладной сўраганида, ундан тўланган суммага қўшимча ўн фоиз миқдорида пул тўлашни сўрашган. Шундагина унга накладной берилар экан, бунинг устига унинг суммасида ўша ўн фоизлик маблағ кўрсатилар экан.

“Айтайлик, мен беш миллион беришим керак. Лекин бунинг устидан яна ўн фоиз, яъни 500 минг тўласам, ўша 500 мингга накладной оламан, яъни давлатни алдаган бўламан, - давом этади Агибалова. – Мен буни рад этдим, аммо қолган тадбиркорлар худди шу схема орқали мажбуран давлатни алдашар эди. Солиққа ҳисобот топшириш учун накладной олмоқчи бўлсанг, шунга мажбур эдинг”.


“Шу компания шарофати билан республика келадиган аксарият товарларни контрабанда деб аташ мумкин: ҳужжатда бошқа, аслида бошқа. Буни ҳамма билади, аммо ҳеч ким индамайди. Ўзбекистонда бўлаётган бошқа воқеаларга ҳам худди шундай муносабат мавжуд”. (Бу ва бундан кейинги маълумотлар “Фарғона”нинг Тошкентдаги манбаларидан олинган).

Бу вазият 2016 йилнинг охиригача давом этди. Охирги йилда тадбиркорлар куб метр учун 900 доллар тўлаб, шу суммадан ўн фоизини пул ўтказиш йўли билан тўлашган, қолганини эса аввалгидек – биржа курси бўйича нақд сўмда тўлашган. Шу орқали уларга накладной берилган.

Аммо бу накладнойларда кўрсатилишича, тадбиркор ўтказган ўн фоизлик суммага Хитойдан эмас, балки Тошкентда “Абу-Сахий” компаниясидан (масалан, халат) сотиб олган. Аслида эса бизнесмен Хитойдан қишки куртка олиб келган бўлади. У бу накладнойни олишга мажбур бўлади, бошқа вариант йўқ.

Кейинчалик солиқ инспекцияси дўконда назорат харидини амалга оширмаслиги учун солиқ инспекторининг чўнтагига камида юз доллар солиш керак. Акс ҳолда халат ўрнига куртка сотилаётгани ҳамда унинг накладнойда кўрсатилган нархдан бутунлай бошқа нархда эканлиги аниқланиши мумкин.

Агибалованинг сўзларига кўра, тадбиркорларга мажбуран қўлланадиган бу сохта накладнойлар тизими республиканинг солиқ органлари билан тил бириктирилган ҳолда ўйлаб топилган. Улар тадбиркорнинг “халат” эмас, балки “куртка” сотаётганини жуда яхши билади. “Демак, катта пул тўлаган тадбиркор ҳар қадамда алдашга мажбур бўлиб, шу йўсинда жиноятчига айланиб қолади, - дейди Агибалова. – Уни шунга мажбур қилиб қўйишади”.


“Абу Сахий” бозори жуда катт бўлиб, у ерда ҳамма нарса бор – кийим-кечак, маиший техника, кимё маҳсулотлари, автомобил анжомлари ва ҳоказо. Бозор бир неча қисмга бўлинган. Илгари деярли ҳамма нарса шаҳардагидан (кичик дўконлардан) арзонроқ бўларди, айниқса улгуржи сотувда! Ҳозир қимматлашиб, шаҳар билан бир хил нархда бўлиб қолган. Ҳамма товарлар асосан нақдга сотилади, агар терминал орқали олмоқчи бўлсангиз, 15-20% қимматроқ бўлади. Ҳамма маиший техниканинг нархи долларда белгиланади, кейин бозор курсида сўмга ўтказилади”.

Ҳозир нима бўлмоқда

2016 йилнинг сентябридан бошлаб президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Бош прокуратура, солиқ ва божхона қўмиталари “Абу-Сахий” компаниясининг молиявий-хўжалик фаолиятини комплекс текшиувдан ўтказишни бошлади. Шу сабабли 2017 йилнинг январига келиб, республикага кириб келаётган аксарият товарлар божхонада туриб қолди.

“Абу-Сахий” бозорида бир нечта дўконга эга Наргиза исмли тошкентлик тадбиркорнинг айтишича, ўтган йилларда Ўзбекистонга саноат моллари товар поездлари орқали тонналаб олиб келинган бўлса, энди “Абу-Сахий” компанияси карго хизматининг омборхоналари юқорида айтиб ўтилган барча мамлакатларда ёпилган, компания товарларни авиарейслар орқали кичкина партияларда олиб келиб, “эҳтиёт” режимида ишламоқда.


“Охирги пайтда тарифлар ошди, компания икки ой ишламаган пайтда бизга товар келмай қўйди. Илгари ҳаммаси гаплашилган, пули тўланган, коррупциялашган эди, энди қийинлашди, текширув кўпайди. Илгари товарни растаможкадан олдин олиш мумкин эди, энди товар текширилгунича камида икки кун кутиш керак. Бу компания билан ишлайдиган божхона “раис”ларидан бири алмашганидан кейин шунақа бўлиб қолди”.

Энди товар килосига нархланмоқда, бир кило товарни етказиб беришга биржа курсида тўққиз ярим доллар тўланмоқда. Бу куб метрига 900 долларга қараганда анча қиммат. Аммо товарни илгаригидек тадбиркорнинг уйигача етказиб беришади, савдога рухсат берилган ҳужжатларни сўрашмайди.

Демак, товарни етказиб бериш нархига барибир “растаможка” ҳам кирмоқда, аммо бу ҳақда тадбиркорга ҳеч қандай ҳужжат берилмайди. Товарни сотишга тадбиркорнинг ўзи жавобгар бўлади. “Фарғона” суҳбатдошининг сўзларига кўра, ривожланган мамлакатларда бўладиган “растаможка” Ўзбекистонда йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган.

Энди куб метрга эмас, килограммга тўлаш қоидаси ўрнатилгани оқибатида, қолаверса, март ўртасида доллар курси 7200 дан 8000 гача ошиб кетгани ва яна илгариги нуқтага қайтгани сабабли “Абу-Сахий” бозорида ҳозир савдо суст – товарлар деярли сотилмаяпти.


“Сўнгги пайтларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар импорт товарларни сиқиб чиқармоқда. Маҳаллий товарлар арзонроқ, долларнинг ҳозирги курсида импорт қилиш фойдасиз бўлиб қолди. Бир куни қуйидагича воқеа бўлди: бир тадбиркор нам салфеткаларни импорт қилди, маҳаллаий салфетка ишлаб чиқарувчи эса таниш-билишини ишга солиб, бу товарни бозорга чиқаришга қўймади. Расмийлаштиришга рухсат беришмади, ана сизга рақобат”.

“Март ўртасига келиб “Абу-Сахий” ва бошқа улгуржи бозорларда товарлар нархи кескин кўтарилиб кетди, доллар курси тушгани билан нархлар тушмаяпти, чунк эртага курс қанақа бўлишини ҳеч ким билмайди. Бирданига саккиз мингга кўтарилиб кетса-чи, - дейди Наргиза. – Шунинг учун қуйидагича манзара юзага келди: илгаригидек харидор кўп, айниқса дам олиш кунларида, одамлар уёқдан-буёққа юради, аммо деярли ҳеч нарса олмайди. Савдо тўхтаган дейиш мумкин – умуман бўлмаяпти”.

Эслатиб ўтамиз, “Абу Сахий” бозори Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаевга тегишлидир. Аввалига шунақа версия айтилдики, “Абу-Сахий”нинг комплекс текшируви ортидан бу бизнес янги давлат раҳбари – Шавкат Мирзиёевнинг қариндошлари қўлига ўтади, дейилди. Бошқа томондан қараганда, Мирзиёевнинг буйруғи билан расмийлар импорт товарлари савдосини тартибга солишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Яқинда “Озодлик” радиоси Тиллаевлар оиласи адвокатига мурожаат қилиб , “Абу-Сахий”даги текширувлар, жумладан, импорт товарларни етказиб бериш хусусидаги маълумотларга изоҳ беришни сўради. Бунга жавоб сифатида қуйидаги хат олинган:

“Сизга бундан олдин ҳам таъкидлаганимиздек¸ “Абу Сахий” солиқларни тўлайди ва ҳеч қачон солиқ ва бож тўловлари бўйича имтиëздан фойдаланган эмас. Бунинг аксини иддао қилиш¸ ëлғондир. Бундан ташқари¸ “Абу Сахий” ўзбек расмийлари томонидан текширилаëтгани йўқ ва унга қарши ҳеч қандай айб илгари сурилгани ҳам йўқ. Байрамлар мавсуми муносабати билан бизнес кўлами кейинги пайтларда қисқарди¸ лекин бу ноодатий ҳол эмас; бу ҳол ҳар йил шу пайтда кузатилади. “Абу Сахий” ўз фаолиятини одатий тартибда давом эттирмоқда”.


“Ҳужжатларда ҳаммаси жойида: товар олиб кирасиз, агар у компания базасида бор бўлса, бемалол расмийлаштирасиз, агар йўқ бўлса, олдингизда иккита йўл бор. Ёки товарни ҳужжат бўйича оласиз (ҳужжатда бошқа товар кўрсатилган бўлади) ёки товарингизни базага қўшишларини кутасиз. Ҳужжатлардаги ҳамма нархлар асоссиз, шунчаки ҳисобот учун ёзиб қўйилган”.

Шундай қилиб, президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидани Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти импорт қилинган товарлар савдоси соҳасини тартибга солишга уринмоқда. Бу бизнес ишбилармон ва ҳукуматга алоқадор тадбиркорларга катта фойда келтиради.

Тартибга солишга нима ва ким қарши чиқмоқда? Тизимнинг ўзи бўлса керак. Қариндош-уруғчилик тизими, бунда солиқда “амакинг”, текширувчи органда “қуданг” ишлайди. “Таниш-билиш” ва оддий коррупция тизими, бунда давлат хизматлари ўрнига жиноий схемалар ишлайди, чунки улар ўта фойдали бўлади. Бундай бузуқ тизим сўнгги йигирма беш йил ичида Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳаларига сингиб кетган. Уни ўзгартиришга йиллар кетиши мумкин.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама