16:43 msk, 26 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Суд таржимони: “Чет эллик ўзига нима хавф солаётганини билса, бошини чангаллаб қолади”

24.03.2017 13:27 msk

Феруза Жоний

АСОСИЙ МУАММО - САВОДСИЗЛИК

Россияда бўлиб турган чет эл фуқароларининг кўпчилиги ҳукумат вакиллари билан мулоқот қилиш учун етарли даражада рус тилини билишмайди. Уларга суд таржимонлари ёрдам беради. Улар Ички Ишлар Бўлимига (ИИБ) келтирилган одамнинг шахсини аниқлашда, сўроқ қилиш пайтида, юзма-юз қилиш пайтида ва бошқа ҳолатларда ҳозир бўлишади. Чет эл фуқароси билан боғлиқ жараёнларнинг барчасида – ушланишидан то ҳукм чиқарилишига қадар – таржимоннинг иштирок этиши зарурлигини прокуратура ҳам талаб қилади. Рус тилини яхши биладиган ва унга қаратилган гап-сўзларни тўлиқ тушуна оладиган ва буни ўз аризасида келтириб ўтган шахслар бундан мустасно.

Фаолият бошлашидан олдин суд таржимонлари маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат ёзиб беришади, шу сабабли Зарина Акбарова ўз амалиётидан муайян воқеаларни келтириб ўтишни рад этди, аммо унинг наздида чет эл фуқароларини судланувчи курсисига олиб келаётган асосий жиҳатларни таърифлаб берди. У ўзбек тили бўйича таржимон эканлигини инобатга олсак, сўз Ўзбекистон фуқаролари ҳақида кетади. Айтиб ўтиш керакки, ИИВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Россияда чет эл фуқароларининг энг кўп сонли гуруҳини ташкил этади. Лекин қуйида айтиладиган сўзлар қандайдир даражада Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар фуқароларининг ва кўп жиҳатдан россияликларнинг ўзларига ҳам тааллуқли.

Зарина Акбарованинг кузатувларига кўра, полициячилар ва терговчилар назарига 18-30 ёшдаги тўлиқ тугалланмаган ёки ўрта маълумотли ёшлар тушади. Уларнинг кўпчилиги, айниқса кичик ёшдагилари, рус тилини умуман билишмайди. Баъзилари ҳатто ўз исми шарифини на лотин алифбоси, на кирилл алифбосида тўғри ёзиб бера олади. Камдан-кам ҳолларда олий маълумотли кишилар ҳам учраб қолади, улар асосан БФМ (биологик фаол моддалар – “Фарғона” изоҳи), таъқиқланган моддалар билан ноқонуний савдо, фирибгарлик бўйича қўлга олинган бўлади.


Жиноятчиликнинг ижтимоий тасвири. Россия Бош Прокуратураси ҳуқуқий статистика портали саҳифасидан скриншот

- Одамларни қўлга олганда дарҳол уларнинг бармоқ излари бўйича бирон жиноятга алоқадорлиги текширилади. Бунга икки сония вақт кифоя: бармоқ аниқлаш ускунаси устига қўйилади ва барчаси аён бўлади. Шундай тезликда уларнинг ҳужжатлари ҳам текширилади. Агар ҳаммаси жойида бўлса, дарҳол қўйиб юборилади. Агар шахсни аниқлаш имкони бўлмаса, масалан, ҳужжатлар йўқолган ёки одамлар шунчаки тақдим қилмаётган бўлса, уларни шахси аниқланганча ушлаб туришади, барча маҳкамаларга ва ҳатто элчихоналарга ҳам сўровномалар жўнатишади, деб сўзлаб беради “Фарғона” суҳбатдоши.

- Қўлга олинганларнинг полиция маҳкамасидан модда қўлланмасдан чиқиб кета олиши қанчалик кўп учрайди?

- Қоидага кўра шахсларни айбини тасдиқловчи видеокузатув ёзувлари ва гувоҳлар кўрсатмалари асосидагина қўлга олишади. Баъзида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг узоқ муддатли кузатувларидан сўнг қўлга олишади. Кўп ҳолларда шахсларни дастлаб гумонланувчи сифатида қўлга олишади, кейин жиноятга алоқадорлиги далиллар орқали исботланса, улар айбланувчи мақомига ўтади ва иш икки суткадан сўнг уларни қамоққа олиш билан якун топади, чунки:

а) улар чет давлат фуқаролари ҳисобланади,

б) расман ҳеч қаердан маош олмайди,

в) Россия ҳудудида доимий рўйхатда турмайди,

г) рўйхатга олинган жойи бўлса ҳам, у ерда яшамайди. Бу уларни қамоққа олиш учун асос ҳисобланади ва уларни судгача икки ойдан ўн ойгача СИЗО (тергов изолятори)да сақлашади. Агар кичик ўғирлик бўлмаса, қолган ҳар юз ҳолатдан 99 тасида қамашади.

Зарина Акбарова ИИБ ёки суд маҳкамасига ташрифларининг деярли барчасида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий саводсизлигини кўради:

- Кўпчилик ўғирлаган нарсаси учун уларга жиноий жавобгарлик хавф солишини тасаввур ҳам қилишмайди. Уларга қандай жазо берилишини билгандан сўнг бошини чангаллаб қолишади, қўрқув ва ваҳимага тушиб қолишади. Баъзилари суд ҳукми чиққунга қадар ҳам қилган ишлари жиноят эканлигини тушунишмайди.

ЎҒИРЛИК, ТАЛОНЧИЛИК, БОСҚИНЧИЛИК

Зарина Акбарова амалиётидан келиб чиқсак, Ўзбекистон фуқароларини жуда кўп ҳолларда ўғирлик, талончилик ва босқинчилик учун ушлашади.

- Гоҳида етказилган зарар миқдори 200 рублни ташкил этиши мумкин. Дўконлардан озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак ўғирлашади. Майда-чуйда ишларда ҳам қўлга тушишади – сақич, қандайдир ширинлик, гўшт бўлаги ўғирлаган бўлишади. Ёшлар дўконда видеокузатув борлиги ҳақидаги ёзувларга эътибор беришмайди. Бир йигит бирон маҳсулотни олиб сумкасига солади ва касса олдига келади, бу ерда эса уни қўриқчи йигит кутиб турган бўлади, чунки бу кузатув камерасига тушиб қолган бўлади. Аммо дўконлар, савдо уйлари, уйлар, кўчаларнинг барчасида видеокамералар ўрнатилганлиги кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди.

Мана масалан кўчада симлар ва яна қандайдир қурилиш моллари ётган бўлса, кўтариб олиб кетиб, сотиб юборишади. Трамвай йўлларидан ёки бошқа одамлар бир-икки дақиқага қаровсиз қолдирган нарсаларини ўғирлаб кетишади. Баъзилари қаровсиз қолдирилган мол-мулкни олиб кетишганига ўзларини айбдор ҳисоблашмайди. Баъзида умуман сотиш имконияти бўлмаган нарсаларни ҳам ўғирлашади. Масалан, фақат ўғирлаб чиқилган корхонадагина ишлатса бўладиган бирон ускунани ҳам ўғирлашади. Бир неча юз минг рубл баҳоланадиган буюмни металл чиқиндилари қабул қиладиган пунктга бир килограммини 7-8 рублдан топширворишади. Вақтинча қаровсиз қолдирилган нарсани олиш мумкин эмаслиги уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Эгасини топиш ўрнига вазиятдан фойдаланиб, олиб кетишади.

Қаровсиз ётган буюмлардан кўпроқ ҳовли тозаловчи хизматкорлар “фойда кўришади”. Фараз қилайлик, расмий қўлга тегадиган маоши 18 минг рубл, яна 10-15 минг рубл металл ва қоғоз чиқиндиларини топширишдан келади. Масалан, мис симнинг бир килограмми 200 рубл туради. Балки жудаям кичик миқдордир, аммо, айтишларича, ҳар ҳафта 400 килограммгача йиғиб қўйишади.

Ёки босқинчиликни олайлик. Бирон одамга ташланишади, телефонини ўғирлашади, сумкасини юлқиб олиб кетишади, қимматбаҳо буюмларини тортиб олишади. Кимдир уларни жиноят жойида ушлайди ёки полиция бўлинмаси вақтида етиб келади. Агар омади келиб қўлга тушмай қолсалар, кейинроқ ўғирланган буюмларни бирон бозорда пуллашаётганида қўлга тушишади. Телефонни 500 рублга пуллашади, кейин эса бунинг учун бир йилдан ҳам кўпроқ қамоқда ўтиришларига тўғри келади. Баъзида шахсни жиноят содир этилганидан бир-икки йил ўтиб қўлга олишади, уларни кузатув камераларида кўриб қолишади. Уни аниқлаб топишади ва масалан, аэропортда мамлакатдан чиқиб кетишга уринаётганида ушлашади.

Гоҳида болалар ўзаро тортишиб қолади: ўзаро ниманидир бўлиша олмаган ёки ғурурига тегиб кетган бўлади. Бир-бирига оғир ёки ўрта даражадаги зарар (жароҳат) етказади, биттаси бошқасини устидан ёзиб беради, натижада кўпроқ айбдор бўлгани жавобгарликка тортилади.

Йигитларнинг қизларга тегажоқлик қилиб зўрлаш ва қаршилик кўрастганларини урган ҳолатлари ҳам бўлиб туради. Кўпчилик бир қизни, айниқса вояга етмаган қизни, ушлаб қучоқлаши, кийимини йиртиши жавобгарликка тортиш учун асос эканлигини тушунишмайди.

Баъзилари фоҳишахоналар ташкил қилиб, фоҳишалик, қўшмачилик билан шуғулланади ва кимларгадир ОИТС, таносил касалликларини юқтириши мумкинлиги каби оқибатларни ўйлашмайди ҳам. Баъзилари гиёҳванд моддалар савдоси учун қўлга тушишади ...

ҚАЛБАКИ ПАТЕНТЛАР, ФИРИБГАРЛИК СХЕМАЛАРИ

Жуда кўп ҳолларда чет эл фуқароларини қалбаки ҳужжатлар, кўпроқ, ишлаш ҳуқуқини берувчи патентлар билан ушлашади. Патентни расмийлаштириш нархи ҳудудларга ва маълумотнома ва ҳужжатни тақдим қилувчи фирмалар хизматига қараб турлича бўлади. Масалан, ҳозирги кунда Сахарово қишлоғида жойлашган Москва кўп тармоқли миграцион марказида (ММЦ) барча тадбирлар ва хизматлар нархи банк комиссиясини ҳам ҳисобга олганда 11400 рублдан кам бўлмайди, қўшимча равишда биринчи ой учун мажбурий белгиланган олдиндан тўлов миқдори 4200 рубл ҳам бор.


Сахароводаги ММЦ сайтининг скриншоти

- Патент расмийлаштируви – узоқ давом этадиган ва қиммат турувчи жараён. Шунинг учун кўпчилик бу ҳужжатни қўлдан, вокзалларда сотиб олишади: ўз расмини беришади ва бир соатдан сўнг 3000-4000 рублга патентни олиб келиб беришади. “Биринчи текширув пайтидаёқ ҳужжат қалбакилиги аниқланади”, - дейди Зарина Акбарова. – Кези келганда айтиш керакки, тармоқли дўконлар ҳужжатлари текширилганда қалбаки патентлар аниқланган ўз ходимларини дарҳол “сотишади”. Дўконлар ҳужжатлар қалбакилигини билишмаганлигини, махсус билимлари бўлмагани учун уларнинг ҳақиқийлигини текшира олмаганлигини айтишади. Бундай чет эл фуқаролари билан тузилган шартномани дарҳол эски сана билан бекор қилишади (аввало бундай шартнома умуман тузилган бўлса).

Қалбаки паспортлар аниқланган ҳолатлари ҳам бўлган, кўпчилик яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтмаган ёки рўйхатдан ўтган жойида яшамайди. Текширув пайтида ҳамма ҳам ўзининг расмий иш жойини тасдиқлаб бера олмайди. Гарчи чегара пунктида тўлдириладиган миграция карталарида келишдан мақсадини ишлаш деб кўрсатишса-да, амалда эса жуда кам сонли одамда иш берувчи билан шартномаси бор. Буларнинг барчаси – ҳибсга олиш учун етарли асос ҳисобланади. Агар шартнома тузилмаган бўлса, демак, ноқонуний ишлашяпти. Натижада, ойлик маош масаласида уларда муаммолар юзага келади, айни тўлов вақтида иш берувчилар ҳеч қанақа ҳақ тўламасдан уларни кўчага ҳайдашади.

Ҳужжатларида муаммоси бўлган баъзи чет эл фуқаролари Россия Федерацияси чегарасини автобусларда ёки шахсий автомобилида ноқонуний равишда кесиб ўтишга муваффақ бўлади. Бир-икки йил рўйхатдан ўтмасдан яшашади. Бу тўланадиган жарималардан ташқари мамлакатдан чиқариб юбориш учун асос бўлади.

Чет эл фуқароларининг БФМлар, тармоқли маркетинг маҳсулотлари ва маиший техникани нафақахўрларга катта миқдордаги пулга сотиш каби фирибгарлик схемаларида иштироки учун жавобгарликка тортилиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай шахслар рус тилини яхши билади ва олий маълумотли ҳам бўлиши мумкин. Қоидага кўра, уларнинг бошлиқлари жавобгарликдан қутулиб қолади, аммо бевосита телефонда ўтириб, нафақахўрларга маҳсулотларни ўтказган шахс жавобгарликка тортилади, бундай схемаларда одамларни катта миқдордаги пулга алдашганлиги ва жабр кўрганлар сони кўп бўлганлигидан баъзида жиддий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин.

ИИБ ДА ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИГА МУНОСАБАТ

Чет эл фуқаролари қанчалик кўп ҳолларда жабр кўрувчи ҳолатига тушишади деган саволга Зарина Акбарова жавоб беришича, у бундай ҳолатга дуч келмаган, чунки уни чет эл фуқаролари айбланувчи ва гумонланувчи ролида бўлган ҳолатларда таклиф қилишади. Аммо, унинг фикрича, чет эл фуқаролари ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига камдан-кам ҳолларда ёрдам сўраб мурожаат қилишади.

Қоидага кўра, улар ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларидан қўрқишади, чунки ҳар қандай вазиятни тескари томонга ўзгартириб юбориш мумкин. Масалан, ҳужжатлар текширилганда нимадир жойида эмаслиги аниқланиб қолиши мумкин: муҳр бошқа бўлиши мумкин, нотўғри қўйилган бўлиши мумкин, ҳимоя элементлари мавжуд эмас ва шу каби. Ҳар доим қандайдир сабаб топиш мумкин. Ахир ҳар доим ҳам ҳаммаси тўғри ва хатоларсиз расмийлаштирилавермайди.

- Ўзбекистонликлар кўп ҳолларда полицияда ёки судда ҳеч нарсани ўқимасдан ва тушунмасдан имзо қўйиб беришадими?

- Мен, албатта, уларга ҳаммасини таржима қилиб бераман, тушунтираман. Бошқа ҳолларда қанақа йўл тутишади – буни айта олмайман. Аммо улар матнни тушунмасдан унга имзо қўйиб бериш ҳолатлари ҳам бўлиб туради. Гоҳида терговчи уларга савол беради: “Сен ҳаммасини тушундингми? Балки сен қотиллик ишига имзо қўйиб бергандирсан”. У жавоб беради: “Йўқ, мен тушунмадим”. Табиийки, бу нима ҳужжат эканлиги ва бошқа масалаларни тушунтириб беришга тўғри келади. Гоҳида саводлилари ёки олдин ҳам судланганлари арз қилиб қолишади: “Мен ҳеч нарсага имзо қўймайман”.

- Ўзбекистон фуқароларига ИИБ ларида қандай муносабатда бўлишади?

- Ҳаммаси муайян ходимга боғлиқ. Жуда ҳам инсоний муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам бўлади, одамнинг айбдор эмаслигини аниқлашга, унга ёрдам беришга ва қўйиб юборишга ҳаракат қилишади. Аммо қоидага кўра мен асосли равишда қўлга олинган шахслар билан ишлайман. Кўпчиликнинг ўз ҳуқуқларини билмаслиги, адвокат ёллашга пул қизғаниши кишини хафа қилади. Бирон арзимас иш бўйича тушиб қолганда четдан ҳимоячи таклиф қилиш мақсадга мувофиқ, унга бир неча минг рубл берсанг, вазиятни тушунтириб ёрдам беради, давлат томонидан ажратилган адвокат эса фақатгина ҳужжатларга имзо қўйиб кетаверади.

- Одамлар патент учун пулни тежаб тургандан кейин, адвокат хизмати ҳақида нима ҳам дейиш мумкин ...

- Баъзи ҳолларда, айниқса одам ҳақиқатдан айбдор бўлмаса, у қамоқда бир муддат ўтириб чиққандан кўра ўз соҳасини яхши биладиган адвокатга мурожаат қилгани, унинг хизмати учун маълум миқдордаги пулни тўлагани маъқул. Чунки кўп ҳолларда адвокатлар ҳақиқатдан ёрдам беришади. Масалан, жиноят турини оғирроғидан енгилроғига, содир этилган жиноятдан – “жиноятга қасд қилиш” га қайта таснифлаши мумкин, бу ҳам жазо турини белгилашда рол ўйнайди. Адвокатлар бундай нозик жиҳатларни билишади.

ҚАЛБАКИ ПАТЕНТНИНГ ҚАЛТИС ҲАЗИЛИ

Эслатиб ўтаман, ишга патент олишнинг мажбурий шартларидан бири рус тили, Россия қонунчилиги асослари ва ушбу мамлакат тарихи бўйича билимлардан имтиҳон топшириш ҳисобланади. Яъни чет эл фуқароси камида рус тилида гаплаша олиши талаб қилинади. Амалда эса полициячилар ва судьялар билан суҳбатда таржимонсиз иш битмайди. Кези келганда, ҳар қандай она тили рус тили бўлган шахсларга ҳам ҳужжатлар ва давлат хизматчилари муомаласидаги чексиз “қоғозбозлик чиғириғидан” ўтиш осон эмас. Демакки, махсус таржимонни ёллаш ўзини оқлайди, ҳеч қанақа имтиҳонсиз бериладиган қалбаки патент учун қўлга олинган шахс масаласини гапирмаса ҳам бўлади. Аммо шунингдек рус тили бўйича маълумот ҳақидаги қалбаки сертификатларга ҳам талаб кучли. Бундай сертификатлар унинг асосида патент олган шахс учун салбий хизмат кўрсатиши мумкин: Зарина Акбаровага маълум бир ҳолатда суд чет эл фуқаросига унинг ишлаш ҳуқуқини берувчи патенти бўлганини асос қилган ҳолда таржимон ёллашни рад этди.

- Чет эл фуқаросининг адвокати унинг ҳимоясидаги шахсга нисбатан процессуал ҳаракатлар таржимонсиз амалга оширилгани юзасидан апелляция шикояти ёзди. Аммо суд қуйидаги апелляция қарорини чиқарди, шахснинг патенти бор, демак у рус тили бўйича имтиҳонни топширган ва рус тилини яхши билади, ва бу асосда адвокатга таржимон тақдим этишни рад этди, - деб сўзлаб берди “Фарғона” суҳбатдоши.

БИР НЕЧТА МАСЛАҲАТ

Зарина Акбарова билан суҳбат давомида бирон марта унинг оғзидан “огоҳлантирган бўлардим”, “керак эмас”, “яхши бўларди” ва шунга ўхшаш сўзлар чиқмади, бу унинг одамларни жиноят кодекси билан дуч келиб қолиш ва улар тушиб қолган нохуш вазиятнинг чуқурлашиб кетишидан ҳимоя қилиш ниятида эканлигидан далолат беради.

Хусусан, у суд қарорларини ўз вақтида бажариш ва яшириниб олишга ҳаракат қилмасликни тавсия қилади: “Кичик ўғирлик содир этилган ҳолда, терговчи эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан белгиланган ҳудуддан чиқиб кетмаслик ҳақида тилхат талаб қилиши мумкин, аммо айбланувчи яшириниб юриши, Россия ҳудудини тарк этиш ҳолатлари ҳам бўлади. Бу билан у ўзининг вазиятини оғирлаштиради. Унга нисбатан қидирув эълон қилинади ва унинг бир йил ёки бир ярим йилдан кейин қўлга тушиши бу вақт масаласи. Чунки қидирув эълон қилиш ҳужжатларини расмийлаштириш ҳам муайян вақтни талаб қилади, бу вақт ичида яшириниб олишга улгурса бўлади. Аммо у мамлакатдан чиқиб кетаётганда ёки кириб келганда ушлашади. Демак, агар суд маъмурий жавобгарлик бўйича бирор қарор чиқарган бўлса, ўз вақтида ушбу жаримани тўлаб қўйган ва тартиб-қоидаларда кўрсатилган ҳолатларга амал қилиш мақсадга мувофиқ”.

Ўғирланган молларни сотиб олишдан эҳтиёт бўлиш лозим: “Болалар кўпинча турли туман техника, масалан, телефонлар сотиладиган Савеловский сингари Москва бозорларига боришади. У ердаги кўп моллар – ўғирланган моллар. Бу телефонлар жиноят содир этган ёки ўлдирилган одамларга тегишли бўлиши мумкин. Аммо болалар жиноий тарихи бўлган тутилган аппаратни ўйлаб ўтирмасдан 500 рублга сотиб олишга тайёр. Бу эса уларнинг қотилликда ёки бошқа бирон жиноят – оддийгина ўғирликда гумонланиб жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин. “Бундай телефон бўйича одамни топиш ва уни жавобгарликка тортиш қийин иш эмас”.

Шубҳали схемаларда иштирок учун катта миқдордаги пул таклиф қиладиган шахслар билан ишлашдан қочиш керак: “Бошлиқ жазодан қутулиб қолади, барча жавобгарлик бевосита бажарувчи шахслар зиммасига тушади”.

Чет эл фуқаролари ўз фойдаси учун рус тилини ва ўзни тутиш қоидаларини ўрганиб қўйганлари яхши: “Ўзи билан бирор сўзлашгич оволиши керак ёки тил бўйича маълум билим даражаси билан келиш керак ҳамда руслар маданияти билан озроқ таниш бўлиш керак. Баъзилар ўз суҳбатдошига керакли эҳтиром кўрсатмасдан гаплашади. Улар дарҳол қўполлик билан “сен”лаб муомала қилишга ўтиб кетишади, сленг, одобсиз сўзлар ишлата бошлашади ва ўзларини рус тилида гапираётган деб ҳисоблашади. Табиийки, ёқимсизроқ жавоб олишади”. Яна бир мисол, тўда бўлиб юриш керак эмас: “Кўпинча савдо марказларида олти-еттидан тўда бўлиб олиб юрган болаларни кўраман. Бу ҳолат маҳаллий аҳолининг ғашига тегиши, эҳтиёткорликка чақириши, ўз хавфсизлигидан хавотир олишига сабаб бўлишини биламан”.

Зарина Акбарова чет эл фуқаролари жавобгарликка тортиладиган Жиноят ва Маъмурий Кодекслар моддалари рўйхатини тузиб берди. У бу рўйхатни чет эл фуқаролари орасида тарқатиш фойдали бўларди деб ҳисоблайди, бу уларнинг ўз ҳаракатлари қандай оқибатларга олиб келишини яхшироқ англашига ёрдам беради; эҳтимол, икки – рус ва мўлжалланган давлат тилида эслатма варақа шаклида бўлиши қулайдир. Бу таклиф албатта мунозараталаб: бундай эслатмадан барча чет эл фуқароларини эҳтимолий жиноятчи сифатида кўриш тушунилиши мумкин. Аммо воқеълик шуни кўрсатадики, кўпчилик саводли одамлар наздида оддий кўринган нарсаларни билишганда, қонунчилик билан муаммога дуч келмаслиги мумкин эди.

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ҲАҚИДАГИ КОДЕКСНИНГ АЛОҲИДА МОДДАЛАРИ (КОАП):

А) Патентни расмийлаштириш муддати бузилиши – 18.20- модда

Б) Россия ҳудудида рўйхатда турмаслик – 18.8- модда (истиқомат қилиш тартиби бузилиши)

В) Иш берувчи билан шартноманинг мавжуд эмаслиги – 18.10- модда (меҳнат фаолиятини ноқонуний олиб бориш)

Г) Беморларнинг ОИВ, таносил касалликларини бекитиши – 6.1- модда

Д) Калтаклаш - 6.1.1- модда

Е) Фоҳишалик билан шуғулланиш – 6.11- модда, қўшмачилик – 6.12- модда

Ж) Прекурсорлар ва гиёҳванд моддаларни ташиш, сақлаш, сотиб олиш ва сотиш – 6.16.1, 6.8- моддалар

З) Гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш - 6.9- модда

И) Чегарани кесиб ўтиш қоидаларини бузиш – 18.2, 18.4- моддалар

К) Кириш ва яшаш тартибини бузиш, ҳужжатларнинг йўқлиги – 18.8- модда

Л) Чет эл фуқаролари томонидан ноқонуний меҳнат фаолиятининг амалга оширилиши – 18.10- модда

М) Ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш, ҳужжатларни тақдим этмаслик – 18.2- модда

Н) Миграция назорати текширувидан ўтишни рад этиш, бош тортиш – 18.11- модда

О) Чет эл фуқароси томонидан ҳудудни тарк этиш қоидалари бузилиши, РФ ни ўзбошимчалик билан тарк этиш – 18.18- модда

П) Миграция назортидан ўтишда ёлғон маълумотлар бериш – 19.27 – модда

Р) Жамоат жойларига маст ҳолатда бориш – 20.21 – модда

С) Маъмурий жазони бажаришдан бош тортиш (жарима тўламаслик, ўз вақтида мамлакатни тарк этмаслик) – 20.25 – модда

Т) Қўлланилган жазо чораларини бузиш, жиноий жавобгарликка тортилган чет эл фуқаросининг РФ ҳудудини ўзбошимчалик билан тарк этиши – Жиноий- процессуал кодекснинг (УПК РФ) 108 – моддаси.

Феруза Жоний

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама