06:59 msk, 18 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Эркин конвертация”га йўл валютчикларни хўжакўрсинга қўлга олиш билан бошланди

22.03.2017 08:13 msk

Фарғона

Ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёев ваъда қилган валюта соҳасидаги эркинлаштириш қачон бошланиши ва нима билан тугашини инизорлик билан кутишмоқда. Шу билан бирга долларнинг расмий ва қора курси ўзаро мусобақа қилаётганга ўхшайди. Биринчиси кутилмаганда ўсишни тезлаштирди, энди ҳар ҳафтада 50 сўмдан ошиб, ҳозирги кунда 3500 сўмга етди. Иккинчиси бутунлай елиб-югуриб кетди, бир Америка долларини 7800-7850 сўмдан олишаётган эди. Бор-йўғи икки ҳафта ичида долларнинг ҳар иккала курси тахминан 10 фоизга ўсди.

Бозор ўйинларидан йироқ бўлган оддий одамларни бу воқеалар хавотирга солмоқда: хорижий валютанинг курси ўсиши билан ҳамма нарсанинг, жумладан, ўзимизда ишлаб чиқарилган товарларнинг ҳам нархи ошиб кетди. Вазият шунгача етиб келдики, бозорда уч ҳафта олдин 2000 сўм бўлган картошкани бугунга келиб 4000 сўмдан сотаётган сотувчиларни ҳайдашга тушишди...

Аммо 20 мартга келиб “қора” курс озгина чекинди, ҳозир доллар 7400-7500 даражасига тушган. Бу пасайишни саррофлар шу кунларда “қора бозор”нинг таъқиб қилиниши бўйича махсус операция билан боғлашмоқда.

ИИББ хабар беради

Ўн олтинчи март куни Тошкент ИИББда брифинг бўлиб ўтди. Унда шу кунларда хорижий интернет ресурсларда тарқалган маълумот юзасидан журналистларга тушунтириш берилди. Хабарда айтилишича, Тошкентнинг Олмазор туманида рейд ўтказилиб, бир гуруҳ валюта чайқовчилари қўлга олинган. Бу шов-шувли тадбир ҳақида мустақил ахборот манбалари хабар бериб улгургани туфайли ҳам брифинг ўтказилган кўринади.

Брифингда қатнашган журналистлардан бирининг айтишича, бошқарма ходимлари валюта бизнесининг бир нечта маҳаллий ишбошилари қўлга олинганини тасдиқлашган, аммо тафсилотлар келтирилмаган. Тергов-суриштирув жараёнлари тугаллангач, махсус операция натижалари ҳақида прокуратура тез кунларда ҳисобот бериши ҳам расман айтилган. Матбуот ходимларидан ўйламай-нетмай хулоса чиқармаслик, тергов маълумотларини ошкор этмаслик, “қора валюта драмаси” иштирокчиларининг аниқ фамилияларини ошкор қилмаслик сўралган. Ўз-ўзидан равшанки, мустақиллик йилларида мамлакатда ўрнашган (яъни қонунийлаштирилган) тартиб, яъни валютанинг тўртта курси борлигининг ҳақиқий сабаблари ҳақида бирорта ҳам сўз айтилмаган.

Аммо ҳайратланарлиси шундаки, пойтахтдаги бозорлар ноқонуний валютачилардан тозалангани ва бошлиқларининг қўлга олингани ҳақидаги тафсилотлар бирданига бир нечта маҳаллий нашриётда пайдо бўлди.

“Тозалаш”га уриниш прокурорларни калтаклашга айланиб кетди

Тошкентдаги Kun.Uz сайтининг хабар беришича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўтказган операция мобайнида Тошкентнинг Эски Шаҳар қисмида яшайдиган Ўзбекистондаги энг йирик валюта чайқовчиси ҳибсга олинган. Махсус операция юқоридан келган буйруққа биноан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаментининг Олмазор тумани ходимлари томонидан ўтказилган. Мақсад – валютанинг ўта йирик миқдорда ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланадиган, республика бўйича кенг тарқалган жиноий тармоқ фаолиятини тўхтатиш. Унинг ақлий маркази – мамлакатда “бош валютачи” сифатида танилган Х.А. исмли шахс бўлиб, Олмазор тумани, Сағбон-2 кўчасида яшаган.


Ноқонуний саррофларга қарши махсус операция вақтида. Kun.Uz сурати

“Х.А. ва Х.А. (қариндошлар бўлса керак. – муаллиф изоҳи) “Акбар” лақабли жиноий бизнес бўйича ёрдамчиси фуқаро Р.М.Х.га 50 миллион сўм эвазига “қора” курс бўйича (долларига 7850 сўмдан ҳисоблаб) 6369 АҚШ доллари санаб бераётан пайтда уйга гувоҳлар билан бирга Солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши курашиш департаментининг Олмазор тумани бўлими ходимлари бостириб кирган”, - деб ёзади Kun.Uz.

Доллар курсининг кўтарилиб кетганига сабаблардан бири – талабнинг таклифдан ортиқлиги, чунки бозорда Америка валютаси етишмаяпти. У ҳаммага керак – муқаддас жойларга ҳаж сафарига кетадиганларга ҳам, бошқа мамлакатларга мавсумий ишларга кетадиган меҳнат мигрантларига ҳам, товар ва хизматларни импорт қилиш учун тадбиркорларга ҳам керак.

Миллий валютанинг тушиб кетганини айримлар биринчи навбатда, яқинда ўн минг сўмлик чиқарилгани билан боғлашмоқда, бошқалар эса миллий сўмнинг расмий курси кескин пасайгани сабаб демоқда. Расмий курсни мамлакатнинг бош молиявий регулятори – Марказий банк белгилайди. Бошқача фикр ҳам бор: муайян доирадаги одамларгагина очиқ бўлган хорижий валюта йирик миқдорда мамлакатдан ташқарига олиб чиқиб кетилгани сабаб бўлмоқда. Бунга қўшимча қилиб, хорижий валютанинг танқислиги пайтида бозорда сўмнинг пул массасини оширадиган сабаблар, яъни тўлиқ нақдда тўланаётган пенсиялар, маош-нафақалар қисман нақд тўланаётганини қўшсак, булар ҳам инфляцияни келтириб чиқаради. Валюта алмаштиришнинг “қора бозори” ортида турган “панадаги” кучларни ҳам ҳисобга олиш лозим, деб қўшимча қилмоқда мутахассислар.

Гап 1976 йилда туғилган пойтахтлик шахс ҳақида кетмоқда. Исмининг бош ҳарфлари Х.А.А. бўлган бу шахс, “Фарғона” олган маълумотларга кўра, мамлакатдаги валюта ноқонуний бизнесининг энг катта ишбошисидир. Бу ўзбек валюта мафиясининг бошлиғи Асил Ҳакимов бўлиб, у катта “крыша” остида ишлайди ва валюта ноқонуний бозоридаги об-ҳавони белгилайди. Қўлга олиш пайтида Т.Ж.И., Ш.Ш.А. ва бошқа шахси аниқланмаган одамлар билан бирга Хакимов прокуратура ходимларига қаршилик кўрсатган, “ҳаттоки уларнинг ҳаётига хавфли бўлган зўрлик ишлатишган”.

Kun.Uz таъкидлашича, валютачилар прокурорларни қўл-оёқ билангина эмас, балки турли жисмлар билан уриб, оғир тан жароҳатлари етказган. Улар орган ходимларининг ҳужумини қайтариб, юқорида айтилган 50 миллион сўм ва 6369 доллар пулни (далилий ашёларни) тортиб олишган. Бундан ташқари улар “ўта йирик миқдордаги” хорижий ва миллий валютани ўзлари билан олиб, ҳодиса жойидан яширинишга ҳам улгурган.

“Расмий органлар берган баёнотга ва тиббий экспертлар хулосасига кўра, департаментнинг Олмазор тумани бошлиғи ўринбосари М.Р.О., департаментнинг Олмазор тумани инспектори Т.А.А., холис гувоҳлар Н.У.М. ва М.Ж.Р. турли даражадаги оғир тан жароҳатлари олган. Шу муносабат билан, 15.03.2017 йилда Олмазор туман прокурори томонидан ЖКнинг 164-моддаси 4-қисми “в” банди, 177-моддаси 3-қисми “б” банди ва 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Юқоридаги уч нафар шахс (кимлиги айтилмаган) гумонланувчи сифатида ушланган”, - деб ёзади Kun.Uz. Бу маълумотларга “валютафурушлар иши бўйича” интернетда тарқалган ўзбек тилидаги сурат-схема асос қилиб олинган”.

Kun.uz таҳририяти ушбу маълумотларнинг қанчалик тўғрилигини аниқлаш мақсадида Тошкент шаҳар прокуратураси ва Республика Бош прокуратурасига бир неча маротаба қўнғироқ қилган, аммо жавоб бўлмаган. Мана сизга прокуратура ходимларининг халқ билан “самарали” мулоқотига бир мисол…

Турли версиялар

“Асил Ҳакимов Чорсу бозори яқинидаги маҳаллани деярли бутунлай сотиб олган. 15 март куни текширув келган. “Департаментнинг” 6000 долларини алмаштирмоқчи бўлишган. Келганлар текширувдан эканлигини билиб қолгач, ўртоқлари билан бирга меҳмонларни чалажон қилиб калтаклаб, пулларини олиб қўйган. Милиционерларни чақиришганди, аммо улар ҳеч нарса қилмади, озгина туриб кетворишди, - дейди тадбир гувоҳларидан бири “Фарғона”га. – Асил қутилиб кетди, чунки орқасида катта одами бор. Ўтган йилги текширув пайтида унинг уйидан 10 миллион доллардан ортиқ нақд пул чиққан”.

Маҳалладаги Асил Ҳакимовнинг қўшнилари тасдиқлашди: унинг ҳовлисидаги нақд пул солинган улкан сумкалар кўчадан ҳам кўриниб турарди, пул осилиб турмаган шифт қолувди холос.

“Фарғона” суҳбатдоши берган маълумотларга кўра, муштлашувда Олмазор тумани прокурор ўринбосари Руслан Маннонов, инспектор Адҳам Тўраев ва иккита гувоҳ қаттиқ калтакланган, Ҳакимовнинг ўзи ҳибсдан қутилиб қолган. “Озодлика” версиясига кўра эса у қамаб қўйилган. Интернетда тарқалган фотосхемада ҳам шундай дейилган.


Фотосхема

Тошкентдаги Uzmetronom нашрининг ўз маълумотларига таяниб таъкидлашича, иккала томон охирги учрашувда “дўстона хайрлашишган”: “Айтишларича, томонлар ўзаро мақбул ва икки томонлама фойдали муросага келган. Эски шаҳар – махсус ҳудуд бўлиб, давлат улар билан зиддиятга бормасликни маъқул кўриб келган”.

“Шуни айтиб ўтиш керакки, пойтахтда валюта олди-сотди “қора бозори” билан курашилаётганини кўрсатиш учун бундай рейдлар мунтазам равишда ўтказиб турилади, аммо илгари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари долларнинг сўмга нисбатан кунлик “бозор” курсини белгилайдиган одамнинг уйидан айланиб ўтишган. Бу одамнинг Ўзбекистондаги машҳур қўшиқчи билан қариндошлиги бор”, - деб хабар беради нашр, аммо қудратли валютачининг исмини ошкор қилмайди.

Хуллас, цивилизация келадими?

Ўзбекистон прокуратурасининг ноқонуний валютафурушларни саранжом қилиш ҳаракати муваффақиятли якун топмади. Юзлаб валюта алмаштириш нуқталари Тошкентда ва бошқа шаҳарларда жавлон уриб фаолият кўрсатмоқда. Улар асосан бозорларда жойлашган. Оломон ичидан валютафурушни ажратиб олиш қийин эмас. Тегишли жойда бироз турсангиз, ўзлари келиб: “Доллар? Российский?” деб сўрайди. Аммо хавфсиз бўлиши учун воситачига мурожаат қилган маъқул, айниқса сиз ўзбек “бозор биржаси”нинг қонун-қоидаларидан хабари йўқ турист бўлсангиз, воситачи билан ишланг.

Ўзбекистонда расмий, давлат ёки тижорат банкига тегишли бирорта ҳам валюта алмаштириш пункти йўқ. Расман бор, аммо улардан хорижий валюта сотиб ололмайсиз. Сотиш мумкин, аммо фақат Марказий банк курсида сотасиз. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу курс бозор курсидан икки баравар паст қилиб белгиланган.

Кўчадаги валютафурушларни йўқотиш учун Ўзбекистон раҳбарияти кенг кўламдаги чоралар амалга ошириши керак бўлади. Жумладан, молия ва банк секторида, қолаверса, бутун иқтисодиётда жиддий ислоҳотлар ўтказиш керак.

Ўзбекистоннинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев шундай натижага эришиб, пул бозорини тартибга солишга бел боғлаган шекилли. Аммо фойдали валюта бизнесини бошқарувчи амалдорлар бундай ўзгаришларга қанчалик қаршилик кўрсатиши ҳозирча маълум эмас.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама