00:31 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримов – одамми ёки аэропортми ёхуд жамоат манфаатини шахсийдан юқори қўйиш

21.03.2017 18:34 msk

Зоҳид Ҳақназаров (Тошкент)

Хабар берганимиздек, бундан олдинроқ Тошкент халқаро аэропортига биринчи президент Ислом Каримовнинг номини беришга Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол (Камолов) қарши чиқди. У мамлакат янги президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, Каримов хотирасининг бу тарзда абадийлаштириш ҳақидаги фармонни бекор қилишни сўради. Бугун эса Ўзбекистон халқ артисти, профессор Зоҳид Ҳақназаровнинг эътирозини чоп этамиз. Унинг айтишича, “Ўзбекистон аҳолисининг бир қисми Ислом Каримовга ёдгорлик қўйиш уёқда турсин, унинг исмини умуман эшитмасликни маъқул кўради”.

* * *

“Мен шунга қатъий ишонаманки, бирор-бир шахснинг тимсолини мамлакат миқёсида абадийлаштиришда жамоатчилик фикри ёки жамиятнинг турли соҳаларда ишловчилардан ташкил топган вакилларининг кенг доираси – тарихчилар, файласуфлар, ёзувчилар, шоирлар, бастакорлар, архитекторлар, сиёсатшунослар ва бошқаларнинг фикрини ҳисобга олмаса бўлмайди.

Афсуски, Ўзбекистон президенти яқинда имзолаган “И.А.Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарор, менимча, кенг жамоатчиликнинг кўнглидагини эмас, балки Ш.М.Мирзиёевнинг шахсий муносабати, марҳум хотирасига нисбатан шахсий туйғуларини акс эттиради. Буни тушунса бўлади: у ҳар қандай хизмат пиллапоясида эканида, комсомол етакчилигидан тортиб, туман ҳокими, вилоят раҳбари, ваниҳоят мамлакат бош вазири бўлганида ҳам Каримовнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб келган.

У қобилиятли шогирд чиқди. Устозининг буйруқларини сўзсиз бажариши, унинг бошқарув услубини ўзлаштиргани устозига ёқарди. Унинг бошқарув услуби ўзгача фикрлиларга тоқат қила олмаслик, рақибларни шафқатсизларча таъқиб қилиш ва одамларга қўпол муомала қилишда намоён бўларди.

Албатта, бундай ҳомийнинг хотирасини бажо келтириш керак. Бу инсоний туйғуни тушунамиз. Аммо шахсий ҳис-туйғуларни халқнинг хоҳиши деб тақдим қилмаслик керак. Чунки Ўзбекистон аҳолисининг бир қисми Ислом Каримовга ёдгорлик қўйиш уёқда турсин, унинг исмини умуман эшитмасликни маъқул кўради.


Тошкентдаги халқаро аэропорт ўзгачароқ тарзда донг таратган. У The Guide to Sleeping in Airports портали талқини бўйича дунёнинг энг ёмон бешта аэропортидан бири бўлиб, ундаги хизмат кўрсатиш даражаси доим йўловчилар эътирозига сабаб бўлади.

Аҳолининг бу қисми шуни яхши тушунадики, ҳозирда Ўзбекистон ўзининг иқтисодий ва сиёсий аҳволи бўйича МДҲ мамлакатларининг ичида энг қолоқларидан бири бўлиб, бунга сабаб эса марҳум президентнинг узоқ йиллар давомида аҳмоқона, маҳаллийчиликка асосланган сиёсат юритганидир. Ўз ватанида кераксиз бўлган миллионлаб ёшлар Қозоғистон ва Россияда кезиб, ҳар қандай ишга рози бўлиб, турли шаклдаги ҳақорат ва хўрлашларга нишон бўлмоқда. Электр энергиясининг мунтазам равишда узиб қўйилиши, газ етишмовчилиги, айниқса вилоятларда халққа қанчалик жабр етказди?.. 2005 йилда Андижонда президент буйруғи билан отиб ташланган юзлаб одамларнинг яқинлари бу одамнинг хотираси абадийлаштирилишига нима дейиши мумкин? Унинг қўли бегуноҳ одамлар қонига ботган-ку...

Оиласида жиноятчилар бўлган президентга ёдгорлик қўйиш мумкинми ахир? Мана, Францияда президентликка номзод Фийоннинг хотини ишга бормасдан ойлик олган экан. Бунинг учун эри давлатга йирик жарима тўлагани етмагандай, президентликка номзодликдан ҳам учиб кетишига оз қолди. Тарафдорларининг катта қисмидан айрилди. Ўзбекистонда бўлса бунақанги ишларга муносабат умуман бошқача.

Президентларнинг фарзандлари давлат бюджетидан бемалол миллиардлаб долларларни олиб, Европа пойтахтларида виллалар, саройлар, турли кўчмас мулк объектларини сотиб олиши мумкин. Ҳаммага ошкора тарзда ўзаро жанжал чиқариши, Европа ва Америка судлари томонидан ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Аммо бу ишларга уларнинг отажониси жавобгар бўлмайди. Унинг ҳеч қандай айби йўқ, у оппоқ.

Саудия Арабистонида мамлакатни 30 йил давомида бошқарган қирол Фахд номидаги аэропорт бор. Францияда президент номига қўйилган “Шарль де Голль” аэропорти бор (1959-1969 йилларда бошқарган). Грузияда малика Тамара номидаги, Ҳиндистонда эса Ражив Ганди номидаги аэропорт бор. Польша пойтахти Варшавадаги аэропорт бастакор Фредерик Шопен шарафига номланган.

Аммо яқин-яқингача унинг ўзи “фарзанднинг ишига ота-онаси жавоб бериши керак” деган фикрни олға суриб келган. Жиноий ишми ёки диний ишми, бунинг аҳамияти йўқ. Фарзандининг айби учун қанчадан-қанча ота-оналар маҳалла комиссиялари ва судлар олдида бошини эгиб турган... Шунақа экан, нимага давлатнинг биринчи одами ўз оиласи аъзоларининг ишлари учун масъулиятни ҳис қилмаган?

Чунки у иккиюзламачи эди. Гапи бошқа, иши бошқа. Ёшлар тарбияси ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳақида кўп ёзарди ва оташин нутқлар сўзларди, аммо иккита қизини очкўз фирибгар қилиб ўстирди. Бу қизлар ўзининг ҳаёт тарзи, қилган ишлари, жанжаллари билан ўзбек халқини шарманда қилди.

Ўзи эса 26 йиллик бошқаруви натижасида бу халқни гадойга айлантирди, мамлакатни сиёсий изоляцияга тушириб, иқтисодини чўктирди. Бундай “кароматлар”дан кейин унинг хотирасини абадийлаштириш тўғри келармикин?

Аҳолининг мен юқорида айтиб ўтган аҳоли қисми ана шундай саволларга жавоб тополмайди. Аммо ҳозирга ҳукумат учун буларнинг фикри ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бунинг устига қарор матбуотда чоп этилди. Майли, нима бўлганда ҳам Ш.М.Мирзиёевдан қуйидагиларни сўраган бўлардим:

1. “Ўзбекистон” кўчасига Каримовнинг номини қўйманг. Чунки “Ўзбекистон” сўзи ўзбек халқи, ўзбек дунёсини билдиради, “Карим” сўзини эса хоҳлаган жойда учратиш мумкин.

2. “Оқсарой”ни Каримов музейига айлантирманг. Бу ажойиб архитектуравий иншоот марҳумнинг чўнтагидан эмас, балки халқнинг пулига қурилган. Бу жойни жиноий оилага отамерос қилмасдан, Ўзбекистон халқлари музейи қилиш керак.

3. Тошкент аэропортига Каримовнинг номини берманг. “Тошкент аэропорти” деганда кўз олдига Ўзбекистон, ўзбек дунёси келади, Каримовнинг хусусий мулки эмас.

Бу масалада жамият фикри шахсий фикрдан юқори турмоғи лозим. Президентнинг фикри бўлган тақдирда ҳам.

Ўзбекистон халқ артисти, профессор Зоҳид Ҳақназаров (Тошкент)”

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги