19:30 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Роберт ван Ворен: «Жазоловчи психиатрия – бу давлатга номаъқул одамларни жазолаш тизимидир”»

20.03.2017 08:39 msk

Фарғона.

Суратда – Роберт ван Ворен

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаеванинг бошидан ўтказганлари (унинг навбатдаги марта шифохона ҳибсига олингани ҳақида бу ерда ёзганмиз: “жазоловчи психиатрия”га энг ёрқин мисолдир. Бу ҳодиса собиқ иттифоқ мамлакатларида ҳали ҳам кенг қўлланишига қарамасдан, кўпчилик одамлар бу ҳақда ҳеч нарса билмайди ёки билишни истамайди.

Фаолларга босим ўтказиш мақсадида психиатрик даволаш ҳақидаги билимларимизни ошириш мақсадида биз шу масалага бутун умрини бағишлаган ва “Диссидентлар ва ақлдан озиш ҳақида” китобини ёзган голландиялик тадқиқотчига мурожаат қилдик.

***

- Жаноб Ворен, айтинг-чи: «жазоловчи психиатрия» нима?

- «Жазоловчи психиатрия» - бу давлатнинг ўзи ёқтирмаган одамларни жазолаш учун фойдаланадиган тизимдир. Бу турфа кўринишли тизимдир. Биринчидан, бу – қўрқитиш ва босим ўтказиш тизими бўлиб, агар ўз ишингизни давом эттирадиган бўлсангиз, сизни руҳий касалликлар шифохонасига жўнатишларини тушунтиришади. Руҳий касалликлар шифохонасида эса ҳаёт яхши эмас. Иккинчидан, ҳукуматга ёқмайдиган одамларни жиннихонага жойлашади ва бу одамлар тамомила соғлом ва ақли расо бўлишса-да, уларни “даволаш” учун дори-дармонлардан фойдаланишади. Дори-дармонлар бу одамларнинг соғлигига путур етказади ва улар шифохонадан касал бўлиб чиқишади.

Учинчидан, жазоловчи психиатрия ҳакидаги анча кенгроқ тасаввур шуки, бу амалиёт собиқ Совет Иттифоқи худудида юзага келган барча давлатларда қўлланилмоқда, ҳукумат жамиятдаги баъзи одамларни четлаштирмоқчи бўлса ушбу психиатриядан фойдаланади. Бошқалардан ажралиб турувчи, масалан қандайдир сезиларли даражада очиқ тарздаги ғоявий оғишга эга бўлган, эҳтимол, нима учундир курашаётган одамларни. Доимий равишда мамлакат ҳукумати ишига аралашадиган бу одамларни бошқа аралашмасликлари учун “руҳий касалликлар шифохонасига жойлаб қўйиш” керак.

Роберт Ван Ворен – голланд психиатри, советшунос, ҳуқуқ ҳимоячиси, “Психиатрияда глобал ташаббус” халқаро ташкилотининг директори, Грузия, Литва ва Украина университетларида дарс беради.

Психиатриянинг сиёсий мақсадларда қўлланилиши бевосита суд психиатрияси масалаларига тааллуқли. Аммо собиқ Совет Иттифоқидаги суд психиатрияси – бу дунёнинг бошқа давлатларидагига нисбатан умуман ўзгача кўриниш. Чунки ҳанузгача бутун собиқ СССР ҳудудида жиннихонада бўлиш инсоннинг жиноятчиликка алоқадорлиги ва соғлом эмаслиги билан боғлиқ деган тушунча сақланиб қолган. Яъники, кимдир қотиллик қилган бўлса ва унда ўткир руҳий касаллик бўлган бўлса-ю, ярим йил ёки қанчадир бир муддатдан сўнг касаллик ўтиб кетса ва у одам яна руҳий жиҳатдан соғлом бўла бошласа-да, собиқ СССР нинг барча республикаларида уни барибир махсус руҳий касалликлар шифохоналарида камида яна етти-саккиз йилга қолдиришади. Бундан сўнг яна уч йил кучайтирилган тартиб, сўнгра яна икки йил оддий тартиб. Бундан сўнг инсон ҳаёти бутунлай издан чиқиб бўлади. Бу даволаш эмас. Даволашдан мақсад инсоннинг саломатлигини тиклаб уни жамиятга қайтаришдир, бу эса умуман қилинаётгани йўқ. Халқаро стандартларга кўра бу жазоловчи тиббиётнинг ўзгинаси.

- Бундай “даволаш” жабрдийдаларига қандай ёрдам кўрсатиш мумкин? Ўзбекистондаги Елена Урлаева каби инсонларга мутахассислар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ташқаридан қандай ёрдам бера олишади?

- Худди СССР давридаги каби услуб қўлланади. Ўша пайтда – айниқса дастлабки овоза бўлиб кетган Буковский, Жорес Медведев, Горбаневская ишларидан сўнг – биз ҳукумат бундай ҳолатлар ҳақида мамлакат ташқарисида хабар топишларини умуман ҳоҳламаслигини тушундик. Демак, жабрдийдаларга публицистика, Ғарбда намойишлар уюштириш, дипломатик давраларда доимий равишда суҳбатлар ташкил қилиш ёрдам бериши мумкин. Руҳий касалликлар шифохонасига қамалган одамлар Ғарбда жуда машҳур бўлиб кетишарди ва шундан сўнг кўп ҳолларда уларни озод этишарди ёки озод этиб, сўнгра яна ҳибсга олишарди, суд қилишарди ва лагерларга жўнатишарди. Аммо руҳий касалликлар шифохонаси лагерга қараганда анча ёмон жой, чунки лагерда ҳеч бўлмаса қамоқ муддатинг қанчалигини биласан ва қисқа қилиб айтганда, руҳий соғлом одамлар орасида бўласан. Шифохонада эса ҳеч қанақа муддат йўқ, у ерда умрингнинг охиригача қолиб кетишинг мумкин.

Демак, ғарбдаги руҳий касалликлар шифохоналари уюшмалари орасида кампаниялар ташкиллаштириш жуда муҳим ва бундай кампанияларга маҳаллий (давлатлар) психиатрлар уюшмалари билан муносабатларда муаммо бўлишини истамагани учун бундай масалалар билан унчалик ҳоҳламасдан шуғулланадиган Бутунжаҳон психиатрлар уюшмасини мажбурий тарзда жалб қилиш керак. Аммо у ерда ҳам бошқа замонлар келгани ва сукут сақлаб туришнинг умуман иложи йўқлигини тушунадиган одамлар бор.

Масалан, психиатрияни суиистеъмол қиладиган Россия мисолида Британия Қироллик психиатрлар коллежининг мавқеи катта роль ўйнайди, унинг аъзолари ҳукуматга дарҳол хат ёзишади: биз шундай ва шундай воқеалар юз берганидан хабар топдик, ва биз (бирор кишининг саломатлиги ҳолати бўйича) қайта экспертиза ўтказиш учун мутахассислар тақдим этишни ҳоҳлаймиз.

Қайта экспертиза – бу жуда муҳим нарса. Бу бизнинг советлар даврида қилган ишимизнинг айнан ўзи. Бу улар улар қўйган ташхис нотўғрилиги, ишончли эмаслиги ва халқаро стандартларга тўғри келмаслигини исботлаш учун бир имконият. Бу ҳукуматлар учун психиатрияни суиистеъмол қилиш яхши эмаслигини тушуниб олишларига мажбур қилувчи ёқимсиз бир вазиятни келтириб чиқади.

Советлар даврида кўплаб бошқача фикрлайдиганларга “секинлик билан ўтадиган шизофрения” ташхисини қўйишарди. “Аслида бу жуда жиддий ва маккор руҳий касаллик бўлиб, у секинлик билан сездирмасдан бошланади. Инсон ўзини соғломман деб ўйлайди, унинг атрофидагилар ҳам ҳеч нарсани пайқамайди. Асосий белгилари ҳақиқатни излаш миясига ўрнашиб қолганлиги, қатъиятлик, ислоҳотларга интилиш, ўзига ишонч ва ҳоказо. Бундай аломатлар диссидентларни руҳий касал одамлар деб эълон қилишга жуда мувофиқ келган”. Роберт ван Ворен интервьюсидан
.

Бу масаланинг бир томони. Биз устида йигирма олти йилдан бери иш олиб бораётган масаланинг иккинчи томони бу суиистеъмол қилишни тарк этишдек жасоратга эга бўладиган мустақил, инсонпарвар, ахлоқий психиатрияни яратиш. Бу жуда мураккаб иш, чунки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, махсус хизматлар ва ҳукуматлар томонидан катта қаршилик мавжуд. Аммо фақат мустақил психиатрия бу каби суиистеъмол ҳолатларини тугатишга имконият туғдиради. Бу бундай ҳолатлар умуман юзага келмайди дегани эмас. Масалан, яқинда бизда, Голландияда, Мудофаа вазирлиги мақбул бўлмай қолган бир одамни “руҳий касалга айлантирмоқчи” бўлди. Аммо бу камдан-кам учрайдиган ҳолат, бу энди тизим эмас.

Собиқ Совет иттифоқи давлатлари психиатрларининг бошида ҳали мустақил психиатрия тушунчаси йўқ. Ёши катта психиатрларда улар совет услубида тарбиялангани учун бундай тушунча йўқ. Ёшларда эса улар СССР да психиатрияни суиистеъмол қилишгани ҳақида ҳеч нарса билмаганликлари учун бундай тушунча йўқ, бу қора туйнук. Шунингдек, дунёнинг бошқа минтақаларида психиатрлар қанда ишлаши ҳақида ҳам ҳеч нарса билишмайди.

- Сизнинг назарингизда СССР даги ва янги мустақил давлатлар, хусусан, Ўзбекистондаги жазоловчи психиатрия ўртасидаги фарқ нимада?

- Советлар даврида жазоловчи психиатрия ҳар ҳолда муайян бир тизим, совет тизими доирасида амалга оширилган. Ҳукуматдан нимани кутиш маълум эди. Ҳозирги кунда эса бу нарса ҳам йўқ, тамомила бошбошдоқлик. Одамларни қийнашади, калтаклашади, ўлдиришади. Етмишинчи-саксонинчи йилларда Совет Иттифоқида бундай ҳолатлар анча кам бўлган. Шунинг учун ҳам кўпчилик диссидендларга ҳозирги кунда ўша пайтдагига нисбатан хавфлироқ ҳам. Вазият кўпроқ советлар даврига эмас, балки ўтган асрнинг 70-80 йилларидаги Лотин Америкаси диктатураси даврига ўхшаб кетади.

- Сизнинг ташкилотингиз қайси давлатларда фаолият олиб боради, у нима билан шуғулланади?

-Умуман олганда, биз бутун дунё бўйлаб фаолият олиб борамиз. Аммо ҳозирги кунда кўпроқ Литва, Грузия, Украина, Шри Ланка ва бир қанча Африка давлатларида фаол ишлаяпмиз, яқинда Вьетнамдаги лойиҳани тугатдик. Биз бу давлатларда инсонпарвар психиатрияни яратишга ҳаракат қиляпмиз, турли соҳаларда экспертизалар ўтказяпмиз. Масалан, Украинада суд психиатрияси соҳасида текширув ўтказдик ва кўплаб қоида бузилиши ҳолатларини аниқладик, тасаввур қиляпсизми. Бир икки ой олдин Украинада интернат уйларни текширган эдик. Эндиликда биз ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги билан бу тизимни моҳиятан қандай қилиб ўзгартириш, қандай қилиб одамларнинг ҳуқуқларни тиклаш ва жамиятга қайтариш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Вазирликлар бизни у қадар ҳоҳламасдан қарши олмоқда, чунки у ерда психиатрия бу фақатгина сифатсиз даволаш эмас. Бу яна коррупция ҳам. Аммо шу билан бирга ортиқ жаллод бўлишни истамаётган янги одамлар, профессионаллар ҳам пайдо бўляпти.

Роберт ван Ворен билан “Фарғона”нинг бош муҳаррири Даниил Кислов суҳбатлашди.


Елена Урлаева Тошкент руҳий касалликлар шифохонаси панжаралари ортида, 2017 йил март. Тимур Карпов сурати

Change.org платформасида тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева ҳимояси учун имзо тўпланяпти. Арзнома Бутунжаҳон психиатрлар уюшмаси (WPA) номига ((https://goo.gl/oHfstk)) жўнатилади. Муаллифлар WPA ни Ўзбекистон ҳукуматидан Елена Урлаевани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти учун қасос олиш ва фаоллигининг давом этмаслигининг олдини олиш мақсадида жўнатилган мажбурий психиатрик қамоқдан зудлик билан озод қилишларини талаб қилишга чақирмоқда.

“Фарғона” таҳририяти ўз навбатида тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси тақдирига бефарқ бўлмаган ўз ўқувчиларидан ушуб петицияни имзо чекишни сўрайди. Елена Урлаева иши ҳақида батафсил ушбу манзилда ўқинг: http://www.fergananews.com/articles/9310.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама