03:39 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Профессор Зоҳид Ҳақназаров: “Гапдан амалга ўтиш керак”

17.03.2017 13:36 msk

Зоҳид Ҳақназаров

Ислом Каримовдан Ўзбекистонга фақат тинч осмон эмас, балки даҳшатли муаммолар ҳам қолди

Совет иттифоқи тарқаб кетганидан сўнг мустақилликни қўлга киритган Ўзбекистоннинг “бошланғич капитали” қўшниларникига қараганда анча катта эди. Тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистон иқтисодий салоҳияти бўйича МДҲ мамлакатларининг етакчи гуруҳига кирган, Қозоғистон эса унчалик ривожланмаганлар гуруҳида эди. Орадан 25 йил ўтди, энди аҳвол қанақа? “Каримов ўзини буюк иқтисодчи деб ҳисоблаб, бозор иқтисодиётига ўтишнинг “ўзбек модели” ҳақидаги чўпчаги билан халқни алдаб юрганида Қозоғистон президенти Назарбоев атрофига халқаро даражада таниқли иқтисодчиларни йиғиб, биргаликда кризисдан чиқиш режасини тузди”, деб ҳисоблайди тошкентлик профессор Зоҳид Ҳақназаров. Унинг мақоласини муштарийлар эътиборига ҳавола этамиз.

***

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон республикаси президенти лавозимида иш бошлаганига икки ой бўлди. Бу ҳали илк 100 кун дегани ҳам эмас, ҳали бирор жиддий иш ҳақида гапириш ёки хулоса чиқаришга эрта, аммо Ўзбекистон раҳбарининг айрим ишлари ҳозирданоқ ижобий таассурот уйғотмоқда. Бу ишларга масалан, устози томонидан қувғин қилинган бир нечта ижодкорни реабилитация қилгани, сунъий равишда шаҳар транспортига қийинчилик туғдириб, ўтиш тақиқлаб қўйилган айрим кўчалардан тақиқни олиб ташлагани, аввалги давлат раҳбарининг тентакча характери туфайли қўшни мамлакатлар билан бузилиб кетган муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилиши киради. Виза режимини қайта кўриб чиқиш, хорижий валюта конвертациясини очиш каби ваъдалар, афсуски, ҳозирча пуч баёнот бўлиб қолди. Республика олдида турган муаммолар олдида бу кичкина ишлар етарли эмаслиги аниқ. Бу мамлакат фуқаролари ўзларини XXI асрда яшаётгандек ҳис қилиш лозим.

“Ўзини ҳақиқатан ҳам XXI асрда яшаётгандек ҳис қилиш” нима дегани? Бу дегани, халқ иқтисодий ва сиёсий нуқтаи назардан қараганда муносиб ҳаёт кечиришини билдиради. Яъни халқ меҳнат қилади, давлат эса уни муносиб маош билан таъминлайди, унинг юридик ва сиёсий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилади, айнан давлат фуқарога хизмат қилади, тескариси эмас. Европа Иттифоқи мамлакатларида, Америка ва Австралияда одамлар худди шундай яшайди. Аммо бошланишига Ўзбекистон президенти ўзининг олдига камтарроқ вазифа қўйсин. Фуқаролар турмуш даражасини Қозоғистон, Озарбайжон, Болтиқбўйи республикалари даражасига кўтарсин. Давлатни бошқаришнинг ҳозирги аҳволида шу вазифани ечишнинг ҳам имкони йўқ деб қўрқаман. Нимага?

Чунки бу мамлакатлар ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг уларда фуқароларнинг ерга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди. Бу иқтисодни кўтаришга кучли туртки берди. Бизда эса, афсуски, феодал-крепостной тузуми ҳукм суришда давом этмоқда. Ернинг эгаси – давлат. Аммо давлат бу қиёфасиз қандайдир жонзот эмас. Бу тирик одам — вазирликдаги амалдор, туман ҳокими, вилоят, шаҳар ҳокими ва ҳоказо. Қайси фермерга қайси ерни қанча муддатга ижарага беришни у ҳал қилади. Кейин фермерга нима экиш, давлатга қанча ҳосил топширишни буюради. Болаларни, ўқитувчи ва шифокорларни эксплуатация қилиб, уларга минимал ҳақ тўлаш тизими ишлаб келмоқда. Давлатнинг ўз фуқароларига бўлган муносабатнинг бу шакли мутлақо самарасиздир. Давлат халққа хизмат қилмаяпти, балки халқ хизматкорлик қиляпти.

Ахир тўқсонинчи йиллар бошида Ўзбекистон иқтисодий салоҳияти бўйича МДҲ давлатларининг етакчи гуруҳига кирган, масалан, Қозоғистон унчалик ривожланмаганлар гуруҳида бўлган ва Ўзбекистондан пастда турган. Ўша пайтларда Ислом Каримов телевидениедаги чиқишларида Қозоғистоннинг иқтисодий аҳволи ҳақида истеҳзо билан такаббурона фикр билдиришларини жуда яхши эслайман. Ўшандан бери 25 йил ўтди, энди аҳвол қанақа? Охирида кулган ростдан кулар экан. Каримов ўзини буюк иқтисодчи деб ҳисоблаб, бозор иқтисодиётига ўтишнинг “ўзбек модели”, “5 тамойил” ҳақидаги чўпчаги билан халқни алдаб юрди, ҳар 2-3 йилда жаннатни яратишни ваъда қилиб, “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат”, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз” каби кулгили мақолларни айтиб, мухолифатни қиличдан ўтказиб, коррупцион давлатни мустаҳкамлаб борди. Бу пайтда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев атрофига халқаро даражада таниқли иқтисодчиларни йиғиб, биргаликда кризисдан чиқиш режасини тузди, чунки мустақилликдан сўнг мамлакати кризис ёқасига бориб қолган эди.


Бунақанги плакатлар илгари Тошкент кўчаларида кўп эди. “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат”. Сурат © А.Волосевич, 2009 йил

Вашингтондаги Heritage Foundation таҳлил марказининг яқинда тақдим қилинган маълумотларига кўра, мулкка эгалик ҳуқуқи, савдо, инвестиция ва молия соҳасида давлат аралашувининг даражаси, бизнесни қўллаб-қувватлаш, солиққа тортиш, қонун устуворлиги ва меҳнат соҳасидаги давлат сиёсати каби кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон 148 ўринга лойиқ кўрилибди. Бир пайтлар шу ҳудудда иқтисодий жиҳатдан етакчиликка даъво қилган давлатнинг аҳволини кўринг. Қозоғистон эса бу кўрсаткичлар бўйича 48 ўринда бўлиб, рейтингда Франция ва Италиядан олдинда, тахминан Япония билан бир даражада экан. Бундай муваффақият билан Назарбоевни мамлакатни яхши бошқаргани учун табриклашдан бошқа иложимиз йўқ. Шу билан бирга, Каримов Ўзбекистонни 26 йил бошқариб, халқни гадой, мамлакатни шарманда қилганига афсусланамиз холос.

Бефаҳм раҳбарларнинг айби билан ватанимиз кириб қолган бундай иқтисодий ва сиёсий тупикдан чиқишнинг иложи наҳотки бўлмаса? Менимча, иложи бор. Муҳим чоралардан бири сифатида фуқароларнинг ерга эгалик ҳуқуқини келтирган бўлардим. Олдингисини қўятурайлик, ҳозирга раҳбариятга ҳам бу нарса ғайриоддий эшитилса керак. Аммо бу бозор иқтисодиётининг энг муҳим тамойилларидан бири бўлиб, Heritage Foundation таҳлилий ҳисоботида кўрсатиб ўтилган муаммоларни ҳал қилишда қўл келади.

Мамлакатнинг кейинги олға қадамини сиёсий эркинлик деб атаган бўлардим. Агар иқтисодий ривожланган мамлакатларга (Хитойдан ташқари) разм солсангиз, расмий мухолифат бемалол фаолият юритаётган мамлакатлар иқтисодий ва сиёсий муваффақиятга эришганини кўриш мумкин. Мухолифат турли шаклда бўлиши мумкин — сиёсий партиялар, эркин матбуот, нодавлат ташкилотларнинг фаолияти шаклида бўлиши мумкин. Жамият ҳаётида расмий мухолифатнинг бўлиши – амалдорларнинг коррупцияга ботиб кетмаслиги, камроқ ўғирлик қилиши, лавозимини суиистеъмол қилмаслиги, инсон ҳуқуқларига яхшироқ амал қилинишининг кафолатидир.

Ўзбекистонда эса, афсуски, ҳақиқий мухолифат йўқ, шунинг учун жамиятда фуқаролар амалдорлардан қўрқади, коррупция ҳукм сурмоқда, амалдорлар қўлдан келганича ўғирлик билан банд, инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилмоқда. Барча оммавий ахборот воситалари президент шахсини улуғлаш билан банд, президент ҳали халқнинг турмуш тарзи ва мамлакатни яхшилаш борасида ҳеч қандай янгиликни амалга оширмаган бўлса ҳам. Ваъдалар берилмоқда, амалий иш кўринмайди.

Фикр-мулоҳазаларим ниҳоясида ўзбекларнинг миллат сифатидаги аҳволи ҳақида бир-иккита сўз айтсам. Ўзбеклар – миллат сифатида нафақат ўз мамлакатида, балки айрим МДҲ республикаларида ҳам энг эзилган ва хор қилинган миллат, десам адашмаган бўламан. Ўз ватанида улар арзимаган маош, мажбурий меҳнатнинг турли шакллари, мунтазам равишда свет ва газдаги узилишлар (айниқса вилоятларда) билан хўрланади. Уларни мардикор сифатида иш излаб борган Қозоғистонда, Россияда хўрлашади, ўлдиришади. Қирғизистонда эса 2010 йилда ўзбекларга нисбатан биратўла геноцид уюштириб, юзлаб бегуноҳ одамлар, жумладан, болалар ва кексаларни ўлдиришди. Уларни ҳеч ким ҳимоя қилмади, бу ишлар учун ҳеч ким жазоланмади.

Мен Ўзбекистон раҳбариятидан Владимира Путин, Нурсултон Назарбоевлардан ўрнак олишларини сўрайман. Улар ўз фуқароларининг ор-номуси учун нафақат ўз мамлакатларида, балки бошқа мамлакатлардаги миллатдошлари учун ҳам кўксини қалқон қилишга тайёр.

Зоҳид Ҳақназаров, Ўзбекистон халқ артисти, профессор

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама