19:29 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Орол денгизини энди тиклаб бўлмайди. Аммо унинг қақраган сатҳида экстремал туризмни ривожлантирса бўладими?

08.03.2017 04:47 msk

Даниил Кислов

2017 йилнинг февраль ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев навбатдаги қарорни имзолади, ундаги Орол денгизи яқинидаги ҳудудларидан бирини ривожлантириш кўзда тутилган режанинг улканлиги одамни қойил қолдиради. Гап Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ҳақида кетмоқда. Мўйноқ шаҳри — бир пайтлар денгиз порти ва балиқ саноатининг маркази бўлган шаҳар ҳозирда чўкиб, XX асрнинг энг йирик экологик фожиасининг эпицентрига айланган.

Бу ерда боғлар қад кўтаради

Қорақалпоғистоннинг ва Мўйноқнинг иқтисоди қолоқлиги ва хароблиги билан Шавкат Мирзиёевнинг иши йўқ шекилли. Унинг фармойишига кўра, икки йил ичида Мўйноқ улкан туристик марказга айланиши ва бутун дунёдан минглаб меҳмонларни қабул қилиши керак. Бу ердаги давлат объектлари тадбиркорларга ноль қийматида сотилади, бизнесга мисли кўрилмаган солиқ имтиёзлари берилади.

Ўзбек лидери Орол денгизини тиклашга уринмаяпти, аксинча, унинг ўрнида юзага келган Қорақум саҳросида мемориал ва кўнгилочар мажмуа очмоқчи. “Қуриб қолган денгизни ҳеч қачон сув билан тўлдира олмаслигимизни анчадан бери тушуниб етган бўлсак, келинглар унинг ўрнида туристик хизматларни ташкил этамиз” – тахминан шундай тушунилади Шавкат Мирзиёевнинг бизнес-режаси.


Ўлкашунослик музейини реконструкция қилиш, Денгиз сатҳи кўриниб турадиган ва фонда денгиз тўлқинларининг товуши келиб турадиган “Мўйноқ маёғи” ва унга туташган кафе қуриш, “Орол балиқларидан 99 хил таом” гастрономик фестивалини ўтказиш; қуриган Орол ҳудудида сақланиб қолган кемаларни тиклаш ва консервация қилиш; Орол мавзусида сувенирлар чиқариш (жумладан, Мўйноқ балиқ консерва тайёрлайдиган заводининг тарихий рамзи туширилган бўш консерва банкаларини чиқариш); денгиз чегараси бўлган жойларга белгилар (кўрсаткич симёғочлар) ўрнатиш... Бу ҳали Шавкат Мирзиёевнинг хаёлига келган лойиҳаларнинг ҳаммаси эмас …

Шавкат Мирзиёев ўзининг ажойиб ва ғайриоддий таклифлари билан танилган. Деярли ўн беш йил давомида бош вазир бўлган бўлса ҳам, хўжайини Ислом Каримовнинг соясида қолиб, халққа кўриниш бермаган. Аммо ҳозир ўзидан олдинги ҳукмдорнинг суст бошқарув моделини ўзгартириш учун ҳеч қандай йўлдан қайтмаяпти.

Инаугурациядан кейин ўтган уч ой ичида янги ўзбек президенти кўп ишга улгурмаган бўлса ҳам, жуда кўп нарсаларни айтишга улгурди. Мамлакатни тарк этган барча шифокорларни қайтаришни талаб қилди, ҳар пайшанба кунини жиноятчиликка қарши кураш куни деб эълон қилди. Кам таъминланган оилаларга товуқ, қуён ва курка тарқатишга ваъда берди, фермерларни эса оммавий равишда соя ва заъфарон етиштиришга чақирди — булар Ўзбекистон учун экзотик экинлар ҳисобланади...

Оролбўйи муаммолари ҳақида қайғурган президент қуриган денгиз тубида квадроциклда учиш ва “Орол денгизи уникал минералларига тўйинган балчиқ билан даволаш”ни таклиф қилмоқда. Аммо охирги пунктидан эҳтиёт бўлиш лозим. Албатта, Мўйноқда туризмни ривожлантириш бўйича бу янгиликларнинг ҳаммасини Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи ўйлаб топмаган. Бу фикрларнинг аксариятини маслаҳатчилар берган бўлиши керак. Аммо президент ҳақиқий мутахассислар билан маслаҳатлашдими, батафсил иқтисодий ёки бошқа асосларни олдими? Бугунги кунда Орол кўлмакларида ювиниш қанчалик хавфсизлиги унга маълумми?

Фойдали лойми ёки заҳарли тузми?

Ҳақиқатан ҳам Орол соҳилида ёпишқоқ “ҳаворанг гил” мавжуд ҳудудлар учрайди. Маҳаллий аҳолига кўра, бу гил суртилса, турли касалликлардан фориғ қилади. 80-йилларгача Қорақалпоғистонда шунақа санаторий ҳам бўлган, бу ерда беморларга шу гил (лой) суртилган.

“Мени икки марта Орол соҳилига олиб борган мўйноқлик кишининг айтишича, терига суртилган лойнинг қуриш тезлигига қараб, ички органларнинг касалланганига ташхис қўйиш мумкин эмиш”, – дейди журналист ва “Чегара билмас шифокорлар” гуманитар ташкилотининг собиқ ходими Мансур Мировалев. У Оролбўйига йигирма марталаб келган. “Агар, масалан, қоринга суртилган лой қатлами қуриб қолса-ю, жигар устидагиси қуримаса – ичишни тўхтатиш керак”.

Аммо совет курортлари ҳақида халқ оғзида юрган ривоят-у хотираларда бир муҳим омил назардан қочирилган. Бу – юқори концентрациядаги пестицид, гербицид, кимёвий ўғитлар, тупроқ остидаги туз ва бошқа чиқиндилар бўлиб, улар ўнлаб йиллар давомида бутун Ўрта Осиёдан келиб Оролга қуйилган ва бугунги кунда Оролбўйида заҳарли “чанг-туз” кўринишида шамол билан ёйилмоқда.


Бу минималист рассом чизган расм эмас. Бу Орол денгизи тубининг сурати, ундан ўша чанг-туз кўтарилиб, бутун атрофга ёйилади. Тимур Карпов олган сурат, 2015 й.


Орол денгизининг шифобахш балчиғи. Тимур Карпов олган сурат, 2015 й.

Бу коктейлнинг таркиби ва унинг инсон организмига таъсири батамом ўрганилмаган, аммо Оролбўйи ҳудуди анчадан бери бу минтақада ва собиқ иттифоқ миқёсидаги туберкулёз, саратоннинг турли хиллари, болалар ва аёллардаги камқонлик касалликлари бўйича рекордлардан ошиб кетган.

“Бир марта “ҳаворанг гил” суртган билан организм “кимёвий ОИТС”га чалинмайди, бу касаллик пестицидларнинг иммун тизимига узоқ вақт давомида таъсир қилишидан келиб чиқади. Аммо бу лойнинг таркибига сингиб кетган кимёвий моддаларни эсдан чиқармаслик лозим”, - дейди Мансур Мировалев. – “Қорақалпоғистонда бир ҳафта яшаш кимнингдир соғлиғига салбий таъсир кўрсатмаса керак. Аммо туристлар шу ернинг сувини ичадиган бўлса, ҳатто қайнатиб ичган тақдирда ҳам ичи бузилиши турган гап”.


Бугунги кунда Мўйноқнинг бўшаб қолган саноат комплекслари шундай кўринишда

Умид сўнмаган

Оролбўйидаги экологик ҳалокат ҳудудига бориш “экстремал туризм”нинг бир кўринишига айланиши мумкин. Аммо ўз соғлиғини хатарга қўйишга рози бўладиганлар кўп топилармикин? Советлардан қолган экзотикага ишқивоз бўлган хорижликларни жалб қилишга Euronews канали ва National Geographic журналидаги фалон пул турадиган рекламалар ёрдам берармикин?

Бошқа томондан қараганда, йўқолиб кетган денгиз атрофидаги ҳудудда нормал ҳаётни таъминлаш учун инфратузилмани ривожлантиришга зарурият катта. Шу аснода Мўйноқни ривожлантириш учун давлат томонидан бериладиган дотациялар айни муддао. “Бугунги кунда Мўйноқ қашшоқликка ботган. Бу ерга киритиладиган ҳар қандай маблағ фаровонликка хизмат қилади. Умид қиламизки, бу коррупциялашган амалдорларнинг фаровонлиги эмас, балки маҳаллий аҳолининг фаровонлиги бўлади”, - деб қўшиб қўяди Мировалев.

Аслида ҳам Мирзиёевнинг гаплари чиройли (менимча бу мавзуга ҳали кўп қайтамиз), таъсирчан ва умид уйғотадиган гаплардир. Аммо бундай яхши ниятлар қандай амалга ошади, бу қарорлар ҳаётда қандай натижага олиб келади, булар ҳали аниқ эмас.


Мўйноқ балиқ консерва тайёрлайдиган заводининг СССР даврида чиқарган маҳсулоти. Сурат Perito-burrito.com веб-сайтидан олинган.

Даниил Кислов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама