10:23 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Орқадоғнинг ўзбек ўғиллари. Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифига бағишлаб

07.03.2017 05:04 msk

АНТ

Олтинчи март куни Ўзбекистоннинг яқинда сайланган президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга икки кунлик давлат ташрифи бошланди. Шуниси аҳамиятлики, бу Ислом Каримов вафотидан кейин қўшни мамлакат раҳбарининг илк маротаба бошқа мамлакатга ташрифи бўлади. Иккала мамлакат ўртасидаги, тўғрироғи иккала раҳбар ўртасидаги муносабатлар суст эди. 2013 йилдан визасиз режим бекор қилинган, иккала мамлакатнинг чегарадош вилоятлари аҳолиси учун қўшни ҳудудда уч кун давомида бўлиш имконияти ҳам тўхтатилган эди. Визасиз режим ишга тушгани ҳақида матбуотда хабарлар пайдо бўлганига қарамасдан, чегара фақат визага эга шахслар учун очиқ қолмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг бўлажак давлат ташрифи бўсағасида, 1970-1990-йилларда Туркманистонда юқори лавозимда бўлган собиқ амалдор бу мамлакатда ўзбеклар қандай яшаши ҳақида бизга сўзлаб беришга аҳд қилди. Унинг ҳикоясини «Альтернативные новости Туркменистана» ( “Туркманистоннинг муқобил янгиликлари” ) портали чоп этган.

***

Мен Ташауз областида, ҳозирги Дашогуз вилоятида туғилиб ўсдим. Миллатим ўзбек. Аммо ўзимни туркманистонлик деб ҳисоблайман, адабий туркман тилини яхши биламан. Умрим давомида туркманлар билан дўст бўлганман, оддий одамларни ҳурмат қиламан ва севаман. Аммо ўз тарихий ватанида яшамайдиган ҳар қандай одам сингари, ҳар қандай кўринишдаги миллатчилик ва миллатига қараб ажратишдан кўнглим оғрийди. Бундай ҳолатга мисол қилиб туркман-ўзбек чегарасининг ёпилганини келтириш мумкин. Бир томондан Лебап ва Дашогуз вилояти аҳолиси учун, бошқа томондан Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон фуқаролари учун ёпилди.

Бир-икки йилгина олдин бу ерларда яшовчилар қўшни мамлакатга соддалаштирилган тартибда кириши мумкин эди, яъни ҳар ойда уч кунгача муддатга виза расмийлаштирмасдан кирар эди. Бу ҳар иккала томондагилар учун қулай эди. Ундан ҳам муҳими, бу одамларга нисбатан одамийлик нуқтаи-назаридан тўғри эди, чунки бирор-бир ҳодиса бўладиган бўлса, етиб бориш мумкин эди.

Аммо туркман расмийлари бир томонлама бу “дўкон”ни ёпишга қарор қилишди: аввал чегарадан ўтиш божлари оширилди, кейин эса соддалаштирилган ўтиш тартибини биратўла бекор қилишди. Энди туркман чегарасида яшайдиган ўзбеклар виза олиш учун Ашхободдаги Ўзбекистон элчихонасига ариза топшириб, пулини долларда тўлаши керак, ўшандагина фақат 10 кунгача чиқиши мумкин. Бир пайтлар Дашогуз аҳолиси мунтазам равишда Урганчга қатнаб, ўша ердаги клиникаларда даволанишар ёки кўрикдан ўтишар, қадимий Хиванинг осори атиқаларини томоша қилишар ёки у ердан “Кока-кола” (ўша пайтда “оригинали” дейилар эди) ва маҳаллий “Юнусобод” пивосини олиб келишар эди. Хива ва Урганчгача масофа 70 км =ам бормайди, йўли яхши.

Тилга, либосга ва кокилга тақиқ

Иттифоқ парчаланиб кетиб, Туркманистон мустақилликни қўлга киритганида уни биринчи навбатда руслар ва русийзабонлар оммавий равишда тарк эта бошлашди. Юз йиллардан буён мамлакатнинг шимоли ва шарқида яшайдиган ўзбеклар эса сони бўйича туркманлардан кейинги иккинчи ўринга чиқди. Бу маълумотлар норасмий бўлиб, сўнгги ўн йиллик ичида Туркманистон аҳолисининг демографик таркиби ҳақида маълумот йўқ. 2012 йилги аҳолини ялпи рўйхатдан ўтказиш натижалари ҳали ҳам эълон қилинмаган.

Менинг кузатишларим бўйича, иш юзасидан кўзим тушган ҳужжатлардаги маълумотларга кўра, айни пайтда ўзбеклар Туркманистон аҳолисининг 10 фоиздан ортиғини ташкил этади. Бу дегани ярим миллион плюс-минус 100 минг киши дегани. Аммо кейинги йилларда ўзбеклар сонининг ошиши кузатилмоқда, чунки ўзбек оилаларида туркман оилаларига қараганда туғилиш даражаси юқори.

Аммо Сапармурот Ниёзов даврида бошланган ўзбекларни камситиш ва ҳақ-ҳуқуқларини топташ давом этибгина қолмай, балки ўта оғир вазиятга келиб қолган. Бугунги кунда Туркманистоннинг ҳатто ўзбеклар яшайдиган жойларида ҳам она тилида ўқитадиган мактаб йўқ, газета ва бошқа оммавий ахборот воситалари йўқ, давлат телевидениесида ўзбекча канал йўқ. Миллий кийим кийиш тақиқланган, тиззагача тушадиган ёрқин ипак кўйлаклар ва тақинчоқлар билан бирга ўзбек аёллари туркманларга хос либосларни кийишга мажбур. Бу кўйлакларнинг этаги полга тегиб туради ва ёқаси ва кўкрагида миллий кашта тикилган. Мактаб ёшидаги қизлар тўрт кокил ўрнига иккитадан оширмаслиги керак ва тўғнағич билан туркман дўпписини қистириб қўйиши керак.

Миллий озчилик бўлган ўзбекларни дискриминация қилиш жимжитлик билан олиб борилади. Туркман телевидениесида ўзбеклар камдан-кам чиқади, улар ишлаб чиқариш етакчиси ёки ҳудуддаги обрў-эътиборли одам бўлган тақдирда ҳам. Сабаби оддий: лебаплик ва дашогузлик ўзбеклар гапирадиган тил расмийларнинг ғашига тегади. Танқидчиларнинг фикрича, улар туркманча нутққа ўзбекча сўзларни аралаштириб, тилни бузишади.

Бундай муносабат бутун ўзбек маданиятига ҳам кўрсатилади. Шу сабабли ҳам туркман телевидениесида деярли ҳеч қачон ўзбек артистлари ижро этган миллий қўшиқлар ва рақслар кўрсатилмайди. 2016 йил давомида давлат телеканаллари бир мартагина, 17 июнь куни ўзбек ижрочиларининг чиқишини кўрсатди, у ҳам бўлса президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов иштирокида Дашогуз вилоятининг Ниязов этрапида намунали “Бахтиёр замон” қишлоғининг тантанали очилиш маросими бўлган эди.

Айтмоқчи, ўзбек ижрочиларини қай сабаб билан туркман каналида кўрсатишгани менга маълум. Бахтиёр замондаги воқеалардан анча олдин Ашхободдан келган тантана ташкилотчилари маҳаллий маданият ходимларига шарт қўйган: либос, дўппи, мусиқа асбоблари – ҳаммаси ўзингизники бўлади, фақат бизнинг президент ҳақида куйлайсизлар. Шарт бажарилди, ўзбек оҳангларидаги қўшиқлар Орқадоғ ҳақида янгради. Энг охирида артистлар барибир битта шўх қўшиқни – “Бари гал” қўшиғини куйлашди. Бу қўшиқни оддий туркманлар жуда яхши билишади, бу қўшиқсиз ҳеч бир тўй ўтмайди. Бу қўшиққа ҳатто пойтахтдан келган айрим меҳмонлар ҳам рақсга тушиб кетди.

Нохушлик орттираётган “барқарорлик”

Туркман расмийларининг бундай сиёсати, миллий озчиликларни ошкор тарзда менсимаслик, улар ҳақда умуман қайғурмаслик оқибатида шу озчиликнинг давлат сиёсатига бўлган муносабатига таъсир ўтмасдан қолмайди. Вазиятни биладиган одам сифатида шуни таъкидлайманки, ўзбек оилаларининг аксарияти умуман туркман телевидениесини кўрмайди, радио эшитмайди, матбуотни ўқимайди. Шимолий ва шарқий вилоятлардаги ўзбеклар мамлакатнинг ҳар ерида гапирилаётган воқеалар ва матбуотда тўлиб-тошган хабарлар билан иши йўқ. Гап февралда бўлиб ўтган президент сайлови ва кутилаётган Осиё ўйинлари ҳақида кетмоқда. Оддий ўзбекдан бу ҳақда сўранг, у ҳеч нарса дея олмайди.

Аммо ҳар бир оиланинг катталари тарихий ватани бўлган Ўзбекистонда нималар бўлаётганидан яхши хабардор. Ислом Каримовнинг ўлимидан сўнг президент бўлган Шавкат Мирзиёев қандай буйруқ ва қарорларни имзолаганини одамлар билади. Бу ҳақда ўз фикрига эга ва ўзаро муҳокама қилишади. Гап шундаки, ўзбеклар яшайдиган ҳудудларда, уйларнинг томидаги сунъий йўлдош антенналари Тошкент тарафга қаратилган.

Бошқа вариант бўлмагани сабабли, она тилида маълумот олишнинг ягона манбаси ўзбек телевидениеси бўлиб қолмоқда. Зерикарли туюлган иқтисодиёт мавзуси ҳам томошабинлар эътиборини тортади. Қўшни Хоразм вилоятининг Ҳазораспида Ўзбекистондаги тўртинчи эркин иқтисодий зонани очиш тўғрисидаги Шавкат Мирзиёевнинг қарорини ўқимишли ўзбеклар жуда қизиқиш ва иштиёқ билан муҳокама қилишади. Туркманистондаги ўзбеклар ўз ватандошлари билан фахрланишади ва тарихий ватанида бўлаётган ўзгаришларни диққат билан кузатишади.

Ўзлари яшаётган ва фуқароси саналган мамлакатда ҳам шундай яхши ўзгаришлар рўй берадими? Туркманистон ва Ўзбекистоннинг 25 йиллик мустақиллик даврида давлат раҳбарлари бир неча марта учрашган. Ҳар сафар туркман ва ўзбекларнинг тили, маданияти, тарихий ва бошқа жиҳатдан умумийликлари таъкидланади. Қўшничилик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари ҳақида баландпарвоз гаплар гапирилади. Ака-ука бўлган бу икки халқ ва қўшни мамлакатни фақат дўстлик ва тинчлик чегарасигина ажратиб туриши айтилади.

Хуллас, гап десанг қоп-қоп, иш десанг Самарқанддан топ. Туркманистондаги ўзбекларнинг ҳатто ўз маданият маркази ҳам йўқ, Ўзбекистонда туркманларнинг ўнлаб шундай марказлари фаолият кўрсатади. Ўзбек тилидаги газета-журналларни чегарадан олиб ўтиш туркман чегарачилари учун нақ контрабанда деб тушунилади.

Раҳюар лавозимларида деярли бирорта ҳам ўзбек қолмаган. Айни пайтда охирги раҳбар – “Дашогуз” давлат улгуржи-чакана фирмаси директори Шерипбой Рейимбоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, унинг узоқ муддатга қамалиш эҳтимоли бор.

Туркманистондаги ўзбеклар мамлакатнинг бутун аҳолиси сингари ювош ва сабр-тоқатлилигини таъкидлаш лозим. Аммо ҳар қандай сабр-тоқатнинг ҳам чегараси бўлади. Жамиятдаги умумий барқарорлик ва чегара туманларидаги барқарорлик кўзга ташланса ҳам, бунга ишониб бўлмайди. Вазиятни ичдан билган одам сифатида буни бемалол айта оламан. Очиқ ва яширин қўрқитиш йўли билан, миллий озчилик ҳақ-ҳуқуқларини топташ билан эришиладиган барқарорлик аслида барқарорлик эмас. Бу “барқарорлик” остида кўзга кўринмайдиган жараёнлар кетмоқда – бу ички томондан чиққан чипқонга ўхшайди, у қачондир ташқарига чиқиб, ёрилади. Агар туркман расмийларининг миллий озчилик вакилларига нисбатан юритаётган сиёсатида ҳеч нарса ўзгармаса, жамиятдаги норозилик у ёки бу шаклда юзага чиқади.

Манба: АНТ

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама