23:01 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пойтахтдаги “унутилган” берк кўча – қирқ йилдан бери сувсиз ва канализациясиз

06.03.2017 05:38 msk

Фарғона

Бугун “Фарғона.Ру”янги рубрика очди. Унинг номига ҳайрон бўлманг – “Виртуал қабулхона”. Нима қипти? Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ҳамма вазирлари виртуал қабулхонага эга, бизда бўлиши мумкин эмасми? Бу фикр Telegram дастуридаги “Фарғона” чатида муштарийларимиз тавсия бергандан кейин туғилди. Шунинг учун сиз ҳам хат ёзинг, биз ҳаммасини ўқиб чиқамиз ва энг қизиқарли ва долзарбларини чоп этишга ваъда берамиз!

Қабулхонамизга биринчи шикоят Тошкентнинг Миробод туманидаги Олтинкўл маҳалласида яшовчилардан келди, бу маҳалла қуйидаги манзилда жойлашган: Фарғона йўли, 2-тор кўча. Бу кварталдаги олтита уйда яшовчилар деярли 40 йилдан бери сувсиз яшамоқда. Сув кўчанинг охиригача етиб бормаган, канализация ҳам йўқ. Бу кўчанинг аҳамиятга лойиқ жиҳати шундаки, у янги Ислом Ота мачитининг қаршисида жойлашган. Бу мачит Ислом Каримовнинг кичкина қизи Лола Тиллаева-Каримованинг молиявий ҳомийлиги остида, ёниб кетган Жўрабек мачитининг ўрнига яқинда қурилиб, биринчи президентнинг шарафига номланган.


Одамлар ҳеч қандай шарт-шароитсиз яшаётган бу боши берк кўча Ислом Ота мачитининг рўпарасида жойлашган

Бу қулайликдан мосуво уйларда яшовчилар ўтган йилнинг кузидан бошлаб тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, муаммони ҳал қилишни илтимос қилиб келишмоқда, аммо амалдорлар қуруқ ёзма жавоб беришмоқда. Бош вазирнинг, ҳозирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига бир неча марта мурожаат қилишлар ҳам натижа бермади.

Бу кўргиликлар ҳақида таҳририятимизга шу маҳаллада яшовчи Елена Анатольевна Павлова хабар берди. У шу ерда туғилиб-ўсган, кейин ота уйидан кўчиб кетган, бу ерда онаси билан синглиси яшайди. Йиллар ўтди, Павлованинг фарзандлари туғилди ва бир неча йил олдин у турар жойини кенгайтириш учун навбатга ёзилди. 2016 йилнинг мартида Миробод тумани ҳокимияти унга онасининг уйига ёнма-ён жойлашган, бўш уйли ташландиқ участкани ажратди.

“Аввалги яшовчилар Россияга кўчиб кетишди, - сўзлаб беради Елена Павлова. – бор-йўғи бир сотихли кичкина жой, ҳеч нима сиғмайди, шунинг учун оилавий маслаҳатлашиб, онамнинг уйини бузиб, иккита участкани бирлаштиришга қарор қилдик. Шу ерга янги уй қурмоқчи бўлдик. Аммо бу осон масала эмас экан, канализация йўқ, сув ҳам йўқ, шу масалалар билан шуғулланишга тўғри келди. Худди ўша пайтда бош вазирнинг витуал қабулхонаси ишга тушганди, биз ёрдам сўраб мурожаат қилдик”.

Муродаат Мирзиёевнинг виртуа қабулхонасидан шаҳар ҳокимиятига, у ердан туман ҳокимиятига туширилди. Бу ҳақда Павловага Миробод тумани ҳокими имзолаган хат орқали 2016 йилнинг 18 октябрида хабар қилинди.

Хатда ёзилишича, “эътирозлар тавсия сифатида қабул қилиниб, шаҳар қурилиши билан шуғулланадиган ташкилотларга таклиф этилади”.

“Кейин олдимга сув таъминоти ва канализацияга масъул бўлган Сувсоз корхонаси ходимлари келиб, бу муаммони учиш учун пул ҳам, куч ҳам йўқлигини айта бошлашди. – давом этади Павлова. – “Ягона буюртмачи хизмати”га ёзишни маслаҳат беришди.

Тошкент хокимияти қошидаги “Сувсоз” давлат унитар корхонасининг бош инженери Б.Маннонов имзоси билан келган хатда ёзилишича, такрорий текширувлардан сўнг 75 метрли канализация тармоғи ҳамда маҳаллий канализация станциясини қуриш керак экан. ДУК “Сувсоз” сув ва канализация тармоқларидан фойдаланиш масалалари билан шуғуллангани сабабли, Павловага Тошкент шаҳар ҳокимиятининг “Ягона буюртмачи хизмати” муҳандислик компаниясига мурожаат қилиш тавсия этилди. ДУК бу компанияга “ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш ва аризачига керакли маълумотларни тақдим этиш учун кўрсатилган объектга канализация ўтказишнинг дастлабки схемасини” юборган.

“Мен “Ягона буюртмачи хизмати”га ҳам ёздим, – дейди Павлова. – Улар ҳисоб-китоб қилиб, ўтган йилнинг ноябрида Тошкент шаҳар ҳокимиятининг молиявий бўлимига юборишган. Объектни молиялаштириш масаласини ижобий ҳал қилишда ёрдам сўрашган, аммо бундан натижа бўлмади”.

“Кейин биз яна виртуал қабулхонага мурожаат қилдик, бу пайтда Шавкат Миромонович президент этиб сайланган эди, - давом этади Павлова. – Бизнинг мурожаатларимиз таъсир қилади деган умидимиз бор эди, аммо тегишли жойгача етиб бормади шекилли. Мурожаатларимизни кўриб чиққанлар эса аҳолининг муаммоларига лоқайд эди, улар хатни яна “Сувсоз” компаниясига жўнатишарди. Кейин компания ходимлари яна олдимизга келиб, ҳеч нарса қила олмасликларини тушунтиришга мажбур бўлишди. Уларнинг айтишича, бефойда шикоятларга вақт кетказмасдан, бу муаммони ўз кучимиз билан ҳал қилишимиз мумкин экан”.

Шу билан бирга Сувсознинг декабрдаги хатида бундай дейилади:

“Айни пайтда Тошкент шаҳри бўйича канализация тармоқлари қурилиши зарур бўлган манзиллар белгиланган, схемалари ишлаб чиқилган. Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги билан биргаликда “Тошкент шаҳрининг марказлаштирилган канализация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари” қарорининг лойиҳаси ишлаб чиқилган. Юқорида айтиб ўтилган Қарор тасдиқлангач, канализация қурилиши бошланишини сизга маълум қиламиз”.



Шу аснода Павлова ўзи текширув ўтказишга қарор қилди ва шуни аниқладики, Водоканал лойиҳасида уларнинг кўчаси умуман йўқ экан (!). Аммо олтита уйда яшовчилар йўқ канализациянинг пулини мунтазам тўлаб келишади.

“Маҳалламизга сув билан канализация ўтказилганида бизнинг кўчамизни унутиб қўяқолишди ва 15та уйда яшовчилар сувни ўзлари ўтказишга тўғри келди. Ҳамма ёнидаги қўшнисидан сув тортган, агар тармоқ бошида сувни очишса, охиригача етиб келмайди. Канализация учун эса энг паст нуқтани ҳисобга олиб, лойиҳа ишлаб чиқиш керак эди. Бизнинг кўчамиз шундай нуқтада жойлашган. Биз ҳақимизда “унутиш” фойдалироқ бўлган шекилли – чуқур кавлаш шарт эмас, қурилиш материаллари ҳам “тежалди”. Биз қачондан бери ҳаракат қилиб ётибмиз, ўзимиз канализация торта олмаймиз, қонун бўйича бунга ҳаққимиз ҳам йўқ! Муаммони қандай ҳал қилишни эса билмаймиз”, - дея ҳасрат қилади Павлова.

Елена Палова “Сувсоз” ва “Ягона буюртмачи хизмати”дан сўнгги хатларни шу йилнинг январь охирида олди. “Сувсоз” ҳалиям “юқорида айтиб ўтилган Қарор тасдиқлангач, канализация қурилиши бошланишини” маълум қилмоқда. Муҳандислик компанияси эса бу вақтда Тошкент шаҳар ҳокимиятининг молия бош бошқармасидан канализация ўтказиш учун пул сўрамоқда.

Шунақа гаплар. “Фарғона” таҳририяти шунга умид билдириб қоладики, Тошкентнинг хўжалик ишлари бўйича масъуллари маблағ топиб, бечора фуқароларни зарур шароит билан таъминлайдилар. Ёки Лола Каримовага мурожаат қилиш керакми? Агар у отасининг шарафига қурилган мачитга пул берган бўлса, балки канализация учун ҳам бериб қолар?..

Ўз мухбиримиз

Ҳурматли муштарийлар! Бизнинг “виртуал қабулхонамиз” сизлардан хат ва шикоятлар, давлат амалдорлари билан муносабатга киришиш тажрибаси ҳақидаги ҳикояларни кутиб қолади. Хатларингизни “Фарғона.Ру” бош муҳаррири Даниил Кисловга dan@kislov.ru манзилига жўнатинг ҳамда “Фарғона”нинг Telegram чатига ёзинг!

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама