10:22 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Фирибгарларга қамоқ муддати, жабрланувчиларга ҳеч вақо

06.03.2017 05:20 msk

Фарғона

2017 йилнинг январида Тошкентда PALANDARA LIZING LYUKS фирибгарлик компанияси иши юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу компания 25 кишидан катта миқдорда маблағ олган. Жиноятчиларни узоқ муддатга қамашди, аммо жабрланувчиларга тўлов сифатида судья фирибгарларга қарашли биттагина озиқ-овқат дўконини белгилади. Бу дўконнинг нархи фирибгарларга берилган жами суммадан анча камлиги ҳам майли, бунинг устига бу дўкон бошқа одамларга тегишли экан. Улар ҳам худди шу фирибгарлар билан судлашаётган экан ва жараёнда ютиб чиқишларига ишончи комил экан.

Одатда молиявий имкониятлари чекланган фуқароларгина қиммат товарларни бўлиб тўлаш – лизинг бўйича иш қилади. Баъзида камбағал одамлар ҳам охирги пулини шунақа харидга тикади. Худди шунақа одамлардан бири Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи Бахтиёр Исоматовдир, у “лизингчи” фирибгарларнинг 25 қурбонидан биридир. Бахтиёр бошидан ўтганларни “Фарғона”га сўзлаб берди. Уни лизингга “Дамас” автомобилини олишга кўндиришганини, шундан сўнг у узоқ кутилган “Дамас”ни олиш учун қанча югур-югур қилганини, кейин эса пулини қайтариб олиш учун қанча овора бўлганини айтиб берди.

Меҳнаткаш оиланинг орзуси - микроавтобус

Исоматовнинг тиришқоқлиги сабаби тушунарли бўлиши учун у тушиб қолган вазиятни айтиб ўтсак. Унинг айтишича, бутун умри оғир меҳнатда ўтган. Бошида ҳаммаси меъёрида бўлган. Отаси физика-математика фанлари номзоди бўлган, ядро физикаси институтида ишлаган, яхши пул топган. Бешта ёш болани тарбия қилаётган онаси – уй бекасини таъминлаган. Аммо отаси оилани ташлаб, бошқа хотини билан чет элга кўчиб кетгач, ҳаммаси барбод бўлди, отаси фарзандлари ҳақида унутди.

Ўзлари амаллашига тўғри келди. Чинобод қишлоқ йиғинидаги уйлари ва ундаги 13 сотих ер асқатди. Онаси петрушка, ошкўк, укроп сингари кўкат экарди. Болалар ёрдам берарди. Кўкатни бозорда сотиб, шу билан тирикчилик қилишди.

Аммо пул етмасди. Шу сабабли Бахтиёр Исоматов мактабдаги илмий-ишлаб чиқариш комбинатида ҳайдовчи гувоҳномасини олган бўлса-да, ўқишни давом эттирмади. Ўнинчи синфни битириб, юк ташувчи бўлиб ишга кирди. Армиядан кейин ирригация институтига ўқишга кириб, уч курсни муваффақиятли ўқиди. Аммо бошқа нохушлик рўй берди – онаси кўкат билан доимий ишлагани учун экземага чалинди ва меҳнатга яроқсиз бўлиб қолди.

Бахтиёр кичик ўғил бўлиб, бу пайтда акалари уйланган ва алоҳида яшашар эди. Институтни ташлаб, ишга киришга тўғри келди. Аввал ТТЗда (Тошкент трактор заводида) ёрдамчи бўлиб ишлади, кейин завод аста-секин “чўка” бошлагач, фермер хўжалигига жойлашди. У ерда бахтсиз ҳодиса рўй берди: юк машинасининг борти тушиб кетиб, Бахтиёрнинг бир нечта қовурғаси синди. Бошқа ишга – қоровул бўлиб ўтишга тўғри келди.

Бу пайтда уйланган бўлиб, эгизак ўғиллари катта бўлаётган эди. Уй бекаси бўлган аёли ёрдамчи хўжалик билан шуғулланди, Бахтиёр бўлса ижарага машина олиб, киракашлик қила бошлади. Тез орада тўртта буқача сотиб олишди, уларни боқиб сотишни, пулига эса “Дамас” микроавтобуси олишни режалаштиришди.


Бахтиёр Исоматов ва ижарага олган автомобили. Кейинроқ шу автомобилда фирибгарларни қидириб юрган

Гўёки манфаатли шартлар асосида

Ўзбекистонда кўпчилик “Дамас”ни унчалик ҳам яхши машина деб ҳисоблашмайди, болалар ўйинчоғига ўхшатишади. Исоматовга эса шу машина ёқади. Унинг фикрича, “Дамас” бу универсал транспорт воситаси бўлиб, унда йўловчиларни йўналиш бўйича ташиш мумкин, бозорга картошка ташиса ҳам бўлади.

Бахтиёрнинг айтишича, буқачаларни икки ярим йил давомида бутун оила бўлиб боқишган. Аммо пул ишлатилган “Дамас”га ҳам етмасди. Ишлатилганини олгилари ҳам келмасди, бу оила янги машинани орзу қиларди. Янгисини олиш катта муаммо эди: навбат кутиш керак, яна яхшигина “шапка” (пора) ҳам беришга тўғри келиши мумкин.

Аммо Исоматовнинг омади келди – 2015 йил сенятбрь ойининг бошларида, ижарага олинган Нексиясида киракашлик қилиб юрганида бир мижози билан гаплашиб қолди. У одам жиддий ва салобатли кўринарди. Ўзини Акбар Жўраев деб таништирди, у автомобиллар билан ишлашга мўлжалланган PALANDARA LIZING LYUKS лизинг компаниясида ишлар экан. Бу лизинг компанияси айнан Бахтиёрга ўхшаганларнинг муаммоларини ечиш учун ташкил қилинган экан. 33 миллион сўм (2017 йил 13 феврал ҳолатига расмий курсда $10 минг, “қора бозор” курсида $4768) ўрнига бор-йўғи 15 миллион берилса бўлди, 2016 йилнинг мартида ҳеч қандай муаммосиз яп-янги “Дамас”ни оласиз. Қолган пулни 13 ой давомида бўлиб тўлаш мумкин. Албатта, лизинг компаниясининг хизматлари эвазига 7 миллион қўшиб берасиз.

Жўраев қўйган шартлар тўғри келди. Аммо Бахтиёр биринчи учраган одамга ҳамма пулини берворишга шошилгани йўқ. У бир неча марта PALANDARA LIZING LYUKS офисига борди, бу офис Тошкентнинг Сирғали туманидаги икки қаватли бинонинг иккинчи қаватида жойлашган эди. Жўраев деган одам ҳақиқатан ҳам борлигини аниқлади, компания ҳам обрўли бўлиб кўринди, чунки ҳамма ходимлари яхши машиналарда юрарди. Кейин бир неча тун давомида ухламасдан, офисдан олиб келган ҳужжатларни хотини билан бирга текширди. Шундан кейингина буқаларини сотиб, 2015 йилнинг 15 сентябрида компания офисига 15 миллионни олиб борди ва шартномани имзолади.

“Бир ҳафтадан кейин келинг”

Жўраев “Дамас”ни 2016 йилнинг март ойи бошида оласан, деб Бахтиёрни ишонтирди. Хавотирли жойи йўқ эди. Аммо декабр ойида Ўзбекистонда автомобиллар қимматлашганини эшитган Исоматовнинг кўнглига ғулғула тушди. Жўраевга сим қоқишга тушди, аммо ҳеч ким жавоб бермасди – кейинчалик аниқланишича, у ҳар ҳафтада рақамини ўзгартирар экан. Шартномада кўрсатилган шаҳар телефон рақамларига ҳам жавоб берилмади. Офисда ҳам ҳеч ким йўқ экан, биринчи қаватдаги ресторан ходимларининг айтишича, улар қаергадир кўчиб кетишган эмиш, қаергалигини билишмайди.

Даҳшатга тушган Бахтиёр бу лизинг компаниясини излашга тушди. Таксистлиги ва шаҳарнинг турли жойларида бўлиши ҳам қўл келди. Таксистлар турадиган жойларга тўхтаб, ҳамкасбларидан сўраб-суриштирди. Натижада икки ҳафтадан сўнг уларни топди, компания ҳалиям Сирғали туманида, фақат автомобил бозорининг орқа тарафида экан.


Шаҳар прокуратурасига ёзилган шикоятга Сергели прокуратурасидан келган жавоб: судья Музаффар Кукаев тергов ишлари олиб борилаётганини айтмоқда

Исоматов Жўраевга гапиришга ҳам улгурмай, у устомонлик билан Бахтиёрнинг ўзини айбдор қилиб қўйди. “Укам, қаерга йўқ бўлиб қолдинг? – таъна қилди Жўраев. – Машина нархи ошганини биласанми? Яна 6 миллион тўлашинг керак!” Хуллас, Исоматов бир ҳафта югур-югур қилиб, 6 миллион қарз олди ва офисга олиб келиб берди. Шартномани янгисига алмаштириб беришди.

Бу 2016 йилнинг январида бўлиб ўтди. Бахтиёр мартда олиниши ваъда қилинган “Дамас”ни кутиб, кун санарди. Узоқ кутилган кун етиб келгач, PALANDARA LIZING LYUKS офисига келса, улар яна йўқ бўлиб қолибди.

Исоматов бутун март ойи давомида уларни қидирди. Яна топди – энди улар Сирғали ярмаркасидаги мебель дўконида экан. Бу сафар Бахтиёр “Дамас”ни беришни талаб қила бошлади. Жўраев биринчи гал бир ҳафтадан кейин келишини сўради, кейин ўн кундан гапирди, ундан кейин “Дамас” чиқарадиган конвейер ҳозир ишламаётганини айтди. Аммо бозордан албатта сотиб олар эмиш.

Прокуратура аралашмагунича…

Аммо бу пайтга келиб Исоматовнинг хотинининг сабри тугади. Микроавтобусни май ойининг бошларига кутишган эди, шунда томорқада етиштирилган қулупнайни бозорга олиб чиқишмоқчи эди. Энди бўлса на “Дамас” бор, на пул. Май ойида у доим телевизорда кўрсатиладиган прокуратуранинг “ишонч телефони”га қўнғироқ қилди. Ўша ойдаёқ Жўраев ва унинг ҳамтовоқларини қўлга олишди.

Июнда Бахтиёрни Тошкент ИИБга чақириб, сўроққа тутишди ва ариза ёзишни таклиф қилишди. Кейинчалик у хотини ҳол-жонига қўймагани учун ИИБга тез-тез бориб, пулни қачон қайтаришларини сўраб турди. Аммо жавоб бир хил эди: “Текширув кетмоқда”.

Исоматов тергов чўзилиб кетаётгани ҳақида ИИБ бошлиғи ўринбосарига шикоят қилгач, ваниҳоят жавоб олди: “Тез орада Акбар Жўраев 270 миллион сўм депозит қўяди, ўшанда пулингни оласан”. Кейинчалик депозит эсларидан ҳам чиқди, аммо Бахтиёрни Жўраев билан юзма-юз қилишди. У 21 миллион олганини тан олди ва икки-уч кун ичида қайтаришни ваъда берди. Аммо ҳеч нима қайтармади.

Умидсизликка тушган Исоматов сентябрь ойида тергов номаълум сабабларга кўра чўзилаётгани юзасидан шаҳар прокуратурасига ариза ёзди. Ваниҳоят, ноябрь ойида фирибгарлар устидан суд жараёни бошлангани ҳақида жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судидан хат олди.

Судда ҳуқуқ ҳимоячилари нимага керак

Суд жараёни бошланишидан олдин Бахтиёр ҳеч кимга ишонмагани учун ҳуқуқ ҳимоячиларидан ёрдам сўради. Ва тўғри қилган деб ҳисоблайди Елена Урлаева (Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари). Унинг фикрича, агар Исоматов шунчалик ҳаракат қилиб, уни алдаб кетган лизинг компаниясини қидирмаганида, кейин ИИБга “етказмаганида”, унинг иши ҳақида унутиб ҳам юборишлари мумкин эди. Бундан ташқари ҳуқуқ ҳимоячига Музаффар Кукиев бошчилигида ўтган суднинг бориши ҳам ёқмади. Бунга сабаб суд жараёнида жабрланувчилардан фақат Исоматов бўлганлиги ҳам эмас.


Елена Урлаева

“Панжара ортида фақат Жўраев ўтирарди, унинг тўртта ҳамтовоғи шаҳардан кетмаслик тилхати билан қўйиб юборилган эди. Улар суд залида ўтирарди, - сўзлаб беради Урлаева. – Улар ўзини катта тутиб, сурбетлик қиларди, суднинг ўзи қандайдир бозорга ўхшарди: прокурор йўқ эди, судланаётганларнинг адвокатлари залда бемалол юришарди, ҳар бир мажлисдан сўнг Жўраевнинг ҳамтовоқлари у билан бемалол гаплашишарди. Шунақа тасаввур уйғондики, гўёки уларга шартли муддат бериб, қўйиб юборишадигандек эди”.

Урлаева Жўраевнинг ҳамтовоқлари билан гаплашиб ўтирганини суратга олганида жанжал чиқди. Суд хизматчилари у билан икки соат тортишиб, охири суратни ўчириб ташлашга кўндиришди. Кейин судда тартиб ўрнатилди. Судланаётганлар эса ўзлари кутмаган ҳолда узоқ муддатларга ҳукм қилинди: Жўраев - 10,5 йил, унинг ҳамтовоқлари 5,5 йилдан.

Елена Урлаеванинг арифметикаси

Урлаеванинг сўзларига кўра, 11 январда чиқарилган ҳукм мусиқадек ёқимли эди: суд 25 та жабрланувчининг пулларини сўнгги тийинигача қайтаришни юклади, бунга молиявий асос қилиб Жўраевга тегишли йирик “Келажак алоқа юлдузи” дўконини белгилади, бу дўкон Сирғали туманининг Қурувчилар массивида жойлашган эди.


“Келажак алоқа юлдузи” ҳақида сўз юритилган ҳукм парчаси

Эйфорияга берилган Исоматов билан ҳуқуқ ҳимоячи бензинга кетган пулни (фирибгарларни қидириш учун) ҳамда хотинининг дориларига кетган пулни ҳисоблади. Бундан ташқари қўлдан чиқарилган фойдани ҳам ҳисоблаб, фирибгарларга қўшимча 35 миллион сўмлик талаб қўйилди. Бу талаб аппеляция тартибида берилди, у жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 17 февралда кўриб чиқилиши керак.

Аммо эйфория тезда ўтиб кетди, Исоматов билан Урлаева суд ҳукмини диққат билан ўқиб чиқишди. Аввалига 25 нафар жабрланувчи фирибгарларга тўлаган умумий суммани қўшишди. Бахтиёр берган 25 миллион энг кам сумма экан. Кўпчилик 50 миллиондан ортиқ суммадан берган, айримлар долларда тўлаган экан. Жами 490 миллион сўм ва 37 минг 450 доллар чиқди.

Одатда ҳатто давлат ташкилотлари ҳам кўпчилик автомобиллар нархини долларда олишади, валютани сотиб олиш Ўзбекистонда осон эмас, “Қора бозор” курсига олишга тўғри келади, бугунги кунда бир доллар 6900 сўм туради. Агар шу курс бўйича 37.450 долларни сўмга чақилса, 258 миллион бўлади. Натижада фирибгарларга берилган жами сумма 748 миллион сўмни ташкил этади.

Будан ташқари суд фирибгарларга “солиқ тўламагани учун” яна 100 миллион сўм қўшди. Давлат қандай қилиб ўғирланган пуллардан солиқ олиши тушунарсиз, аммо биринчи навбатда олишига шубҳа йўқ.

Шу тариқа, “солиқлар” билан жами тўланадиган сумма 848 миллион сўмга етди. Дўкон эса икки баравар арзон - 426 миллион туриши суд ҳукмида кўрсатилган.

Умид сўнмаганми?

Бу арифметик ҳисоб-китоблардан сўнг Исоматовнинг таъби хира бўлди – қўлдан чиқарилган фойда уёқда турсин, ўзининг пулини ола олса ҳам катта гап. Урлаева билан бирга Қурувчилар массивига, дўконни кўришга боришди. Дўконнинг нотўғри баҳоланганига ва аукционда унга анча кўпроқ пул беришларига умид бор эди.

ЎҲҲА раҳбарининг айтишича, Қурувчилар массивига бўлган ташриф оқибатида Бахтиёр донг қотиб қолган. Улар массивни кезиб, ҳашаматли, беш қаватли супермаркетни қидиришган, аммо уларга бир қаватли дўконни кўрсатишган. У тўлиқ қувватда бўлмаса ҳам, ишлаётган экан, аммо унинг хўжайинлари умуман бошқа одамлар экан.


“Келажак алоқа юлдузи” дўкони. Ойнадаги ёзув: “Сотилмайди”

У ерда савдо қилаётган Алижон Садиновнинг тушунтиришича, бу дўконни ўн йил аввал унинг онаси – Гулзаҳира Садинова бошчилигидаги оиласи биргаликда қуришган. Харажатини чиқариш учун ижарага беришган, аммо кейинчалик дўконни сотиш зарурияти туғилган. Унга шу атрофда савдо нуқтасига эга бўлган Акбар Жўраев харидор бўлган. Дўконни 75 минг долларга тенг суммага баҳолашган. Жўраев пулнинг бир қисмини бериб, кейин майнавозчилик қилишни бошлаган. Натижада Алижоннинг онаси прокуратурага мурожаат қилган. Тез орада суд бўлиши керак. Сабиновлар оиласи унда ютиб чиқишга ишончлари комил, шунда дўкон ўзларига қолади.

Буларни эшитиб донг қотган Бахтиёр Урлевадан бу гапларни хотинига айтмасликни илтимос қилди – хотинининг соғлиғидан хавотир олди.

Ҳақиқатан ҳам, ўн йил олдин 75 минг доллар турган дўкон бугун унчага нархланмайди. Бундан ташқари унда учинчи томоннинг манфаатлари ётибди ва умуман сотилмаслиги ҳам мумкин. Демак, 25 жабрланувчи қўлига олган ҳукмда, оддий қилиб айтганда, шундай ёзилган: сизларга ҳеч вақо тегмайди. Бу нима, Сирғали суди судьяларининг хатосими ёки бошқа нарсами?

“Ҳечқиси йўқ, аппеляция пайтидаги шикоятимизда албатта бу масалани кўтарамиз. Фирибгарларнинг автомобиллари, банк ҳисоблари ва бошқа қимматбаҳо мулклари қаёққа кетгани билан ҳам қизиқиб кўрамиз”, - деб ишонтиради Елена Урлаева.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама