03:40 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Москвада ўзбекистонлик кулоллар, дизайнерлар ва тўқувчиларнинг кўргазмаси очилди

03.03.2017 17:28 msk

Фарғона

Москвадаги Модалар музеида 2 март куни “Когда цветёт гранат… Хранители традиций Узбекистана” (“Анор гуллаганда...Ўзбекистон анъаналарининг давом эттирувчилари”) кўргазмаси очилди. Экспозицияда бешта устанинг асарлари тақдим этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири Ўзбекистоннинг турли бурчакларига оид ноёб маданият намуналарини тақдим этмоқда.


“Когда цветёт гранат…” кўргазмасининг экспонатлари. “Фарғона” фотоси

Ўзбекистоннинг Риштон шаҳридан келган Алишер Назиров 12 ёшидан бошлаб ўзбек кулолчилиги билан шуғулланади. Нукуслик Айзада Нурумбетова Қорақалпоғистон анъанавий миллий либосларининг коллекциясини яратган. Happy Bird галереясининг асосчиси ҳамда кўчма кўргазмалари муаллифи Лена Ладик ўз ижодида ўзбек қўҳна газламаларидан фойдалана туриб, Самарқанд шаҳридаги энг яхши дизайнерлари билан ҳамкорлик қилади. Аврли ва шойи газламалар юрти Марғилон атлас тўқувчиларининг вакили, ўз сулоласининг тўққизинчи авлоди Расул Мирзааҳмедов Москвага тўқувчилик дастгоҳини олиб келиб кўргазмага келган томошабинларга газлама яратиш жараёнини намойиш этмоқда.


“Фарғона” фотоси

Кўргазма ташкилотчиси Фотима Арифжанова “Фарғона” мухбири билан суҳбат давомида ўзи аслида ўзбекистонлик эканлигини, бироқ 14 йилдан бери Россияда яшаб келаётганини сўзлаб берди.


“Фарғона” фотоси

- Кишини барибир ўз уйга тортар экан, миллий либосларимизни Москвада кўриш истагидан ташқари бу ердаги одамларга биз билган ва севган Ўзбекистонни кўрсатиш истагим бор, - дея фикрлари билан ўртоқлашади Фотима Арифжанова. – Кўргазманинг Москва марказида, Гостинний дворда намойиш этилиши бежиз эмас. Меҳмоннавоз ва самимий халққа ватан бўлган Ўзбекистон билан танишув учун бундан яхшироқ жойни топиб бўлмайди.


“Фарғона” фотоси

Арифжанова маълум қилишича, кўргазманинг асосий мақсади – Ўзбекистон санъати ва ҳунармандчилигининг авлоддан авлодга ўтиб ўзаро боғланиши ва ўзаро сингишини намойиш этиш. Экспозиянинг асосий мотиви – оила, бойлик ва ривожланишнинг сиймоси бўлмиш анор бўлиб қолмоқда: анор рамзи каштачиликда, кулолчиликда, аврбандда кенг қўлланиб келинади.


“Фарғона” фотоси

Экспонатлар қанақа қилиб танланди, деган саволга жавоб бера туриб Фотима асар муаллифлари билан дўстлиги анчадан бери давом этаётганини айтди.

- Дўстларим билан Ўзбекистонга тез-тез бориб турардим, шаҳарларимизни кўрсатардим, маданиятимиз билан таништирардим. Биз уста ҳунармандларни топиб, улар билан дўстлашардик, умумий манфаатлар билан яшашга бошлардик. Ўзига чуқур маъноларни мужассамлаштирган асарларини кўриб, уларни Москвада ҳам намойиш этилишини истадим, - дейди Арифжанова. – Биз ўзимиз Модалар музейи билан алоқа ўрнатиб, бу ерда шу тадбирни ўтказишни таклиф этдик. Улар рози бўлдилар. Кўргазмага тўрт ой давомида тайёргарлик кўрдик ва унинг очилиш санасини атайлаб баҳор фаслининг бошлаб берадиган март ойини, 8 март ва Наврўз байрамлари арафасини танладик.


“Фарғона” фотоси

Кўргазмага қўйилган экспонатларнинг бир қисми сотилиши режалаштирилмоқда, қолганлари, шу жумладан, санъаткорларнинг шахсий коллекциясидаги буюмлар Ўзбекистонга қайтиб кетади.

Кўргазма “Мода музейи”нинг Музей-кўргазма марказида, Ильинка кўчаси 4 манзилида 2017 йилнинг 4 апрелигача давом этади.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама