03:39 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Қўқон расмийлари аҳолининг тортиб олинган ерлари учун компенсация таклиф қилмаяпти

02.03.2017 05:25 msk

Ўз мухбиримиз

Ўзбекистонда тез орада тўртта эркин иқтисодий ҳудуд пайдо бўлиши керак. Улардан бири Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида очилади. Шу вилоятдаги манбанинг “Фарғона” таҳририятига айтиб беришича, шаҳар расмийлари эркин иқтисодий зонага 700 гектар ер ажратиб беришга қарор қилишган, бу ҳудудга Учкўприк туманидаги 130 гектар майдонга эга бўлган “Олтин Ниҳол” боғдорчилик-томорқачилик ширкатига қарашли ерлар ҳам киритилмоқда. Шу билан бирга, тортиб олинаётган ерлар учун эгаларига ҳеч қандай компенсация таклиф этилмаяпти. Бу ҳолат маҳаллий аҳоли вакилларидан бирини қалбдаги доду-фарёдлар билан “Фарғона” ахборот агентлиги таҳририятига мурожаат қилишга ундади. Шу билан бирга, унинг номи хавфсизлик нуқтаи-назаридан ошкор этилмайди.

Унга кўра, боғдорчилик-томорқачилик ширкати аъзолари ер участкаларини 1989 йилнинг баҳорида олишган. Ўшанда ширкатнинг номи “Кимёгар” эди. Ўша йилнинг март ойида индивидуал турар жой қурилишга ер участкаси ажратиш тўғрисида акт тузилганди. Ер бепул берилган, кейинчалик эса 300 сўмлик олди-сотди шартномаси расмийлаштирилганди. “Кимёгар” аъзолари ер участкаларини ўзлари истаганларича тасарруф қилдилар: баъзилари уйларни қуриб ташладилар, бошқалари эса, шу жумладан, таҳририятимизга мурожаат қилган одамнинг отаси боғ барпо этишга қарор қилди. Айни пайтда “Олтин Ниҳол” ҳудудида икки юздан зиёд уйлар қад ростлаб турибди.


Ер участкаларини тақсимлаш тўғрисидаги қарор

2017 йил январида Ўзбекистон раҳбариятининг эркин иқтисодий зоналарнинг сонини учтадан еттитагача кўпайтириш режалари тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди. Ўшанда “Олтин Ниҳол” ширкатидаги участкалар эгаларининг бошига маҳаллий мулозимлар кўринишадиги кулфат ёғилди: расмийлар участка эгаларига ширкат ҳудудидаги барча бинолар ва боғларни ўз қўлларингиз билан бузиб йўқ қиласиз ва ҳудудни бўшатиб қўясиз, дея ультиматум қўйдилар.


“Олтин Ниҳол” участкалари эгаларининг қўлларига Ўзбекистон президентининг фармонига биноан, эркин иқтисодий зона ташкил этилиши муносабати билан улар ўз маблағлари эвазига уч кун ичида барча биноларни бузиш ва дарахтларни кесишга мажбурликлари тўғрисида огоҳлантириш хати топширилди

“Вилоят ҳокими, Фарғона ҳокими, ФВВ ва кадастр ходимлари одамларни ўз участкаларини бўшатиб қўйишга мажбурлаяптилар. Уларни ҳайдаб, “Олтин Ниҳол” ҳудудидаги бор нарсаларни бузяптилар ва шу билан бирга, тортиб олинган ер учун ҳеч қанақа компенсация таклиф этилмаяпти”, - дейди ўқувчимиз.


Ер участкаларини 1989 йилда 300 сўмга сотиб олингани тўғрисидаги квитанция

Кўпчилик участкаларнинг эгалари боғларидаги дарахтларнинг кесилишига тўсқинлик қилишга уринишяпти. “Мисол учун, улардан бири дарахтларининг кесилишига йўл қўймаганди, бироқ уч суткага қамаб қўйилди. Афсуски одамларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаяпти, кўпчилик ўз участкаларини тарк этяпти”, - дейди манбамиз.


“Олтин Ниҳол” ширкатларидан боғлардан бирида

Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаатлар ҳам ёрдам бермади. У ердагилар “Олтин Ниҳол” ширкати аъзоларининг аризасини Қўқон шаҳар ҳокимига йўллаб, уни кўриб чиқишни талаб қилишибди. Ҳоким эса участка эгалари билан тинч музокара ўтказдим ҳамда муаммони муҳокама қилиб ҳал қилдим, улардан маҳаллий ҳокимият идораларининг қарорига розимиз, ер участкаларининг тортиб олинишига қарши эмасмиз, деган мазмундаги тилхатларни олдим, дея рапорт берибди. Ҳолбуки, у ширкат аъзолари билан ҳатто учрашмаган ва улар билан ҳеч қанақа муаммоларни муҳокама қилмаган ва тилхатларни олмаган ҳам.


“Олтин Ниҳол” ҳудудидаги бино ва боғларни бузиш учун ҳайдаб келинган техника

“Фарғона” таҳририяти ҳам ўз навбатида президент Шавкат Мирзиёев бошлиқ Ўзбекистон раҳбариятига Қўқон ҳокимининг “ростгўй” кўзларига бир назар солишни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунини эслатиб қўйишни таклиф этади. Мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов 2012 йил 24 сентябрь куни имзолаган бу қонунга мувофиқ “мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади”. Яна шуни англаш жоизки, аҳолидан келган шикоятларни шикоят қилинувчи органнинг ўзига ҳал қилиш учун юбориш амалиёти виртуал қабулхона фаолиятининг обрўсини тўкилишга сабаб бўлади.


“Олтин Ниҳол” ширкатига қарашли боғлар

Ўз мухбиримиз

Ҳурматли ўқувчиларимиз! Бизнинг “виртуал қабулхонамиз” сизларнинг мактубларингиз, шикоятларингиз, давлат мулозимлари билан муносабатларингиз тажрибаси тўғрисидаги ҳикояларингизни кутиб қолади. Ўз мактубларингизни “Фарғона.Ру” сайтининг бош муҳаррири Даниил Кисловга dan@kislov.ru электрон манзили орқали юборишингиз ёки “Фарғона.Ру”нинг Telegramдаги онлайн-чатига жўнатишингиз мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама