10:22 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Кун фотоси: Тошкент истироҳат боғларида мутлақо соғлом дарахтларни кесиш давом этмоқда

28.02.2017 19:21 msk

Сид Янышев

Тошкентлик манбаларимизнинг маълум қилишича, бугунги кунда Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Бобур номли истироҳат боғида, Педагогика институти ҳиёбонида ва Дўстлик боғида дарахтлар кесилмоқда. Кесилган дарахтлар ва уларнинг йўғон шохлари машиналарга юкланиб номаълум тарафга олиб кетилмоқда.

Икки ойдан бери Бобур боғи деб аталаётган Тошкент Дўстлик боғида дарахт кесиш ишлари ўтган дам олиш кунлари бошланган. Қуриган шохларни кесиш бўйича баҳорги ишлар баҳонасида ўнтадан кўпроқ мутлақо соғлом дарахтлар кесиб ташланди. Бир ҳафта олдин эса Ботаника боғида 30-50 та дарахт кесилди. Бу жиноятлар учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади, бу ҳолат Ўзбекистонда аллақачон одатга айланиб бўлган.

Ваҳоланки Дўстлик боғида дарахт кесувчиларнинг эгнида маҳаллий ҳокимият қошидаги ободончилик хизмати ходимларининг сариқ рангли махсус камзуллари йўқ эди. Одатда, бу кийим бажарилаётган ишлар расман қонун доирасида ва дарахт кесиш ишлари расмийлар ташаббуси билан олиб борилаётанини тасдиқлайди. “Дарахтлар кимнинг буйруғи билан кесиляпти, сизлар кимсиз?” деган саволимга “старший” дарахт кесувчи “ҳамма ишлар туман ва истироҳат боғи раҳбарлари билан келишилган ҳолда бажариляпти, фақат касалланган дарахтлар кесиляпти”, дея ишонтиришга шошилди.

Биринчидан, кесилган дарахтларнинг “қонли” тўнгакларига қараб, уларнинг мутлақо соғлом бўлганини кўриш мумкин эди. Иккинчидан эса, уларни кесиш ва олиб чиқиш ишлари дам олиш кунлари бажарилаётганди. Учинчидан эса, чиндан ҳам касалланган дарахтларни олиб кетишга шошилишмаётган, юк машинасига фақат элита мебели ясаладиган чинор брусларини юклашётган эдилар. Уларни қайси мебель фабрикасига олиб кетилгани номаълумлигича қолди.

Ҳудди шунақа чинор кесиш ишлари 18-19 февраль дам олиш кунлари умумий майдони 63 гектарга тенг Ботаника боғида ҳам амалга оширилди. Тошкентлик таниқли эколог ва журналист Наталья Шулепина 22 февраль куни ҳамкасби билан бирга бор-йўғи икки сотих ерда йигирматадан зиёд дарахтнинг янги кесилган тўнгакларини санаб чиқди. Ўзбекистон Табиатни қўриқлаш давлат қўмитасининг ходимлари эса шундай катта боғда фақат саккизта дарахт кесилганини аниқладилар.


Умуман олганда, Табиатни қўриқлаш давлат қўмитасининг позицияси тушунарли: рухсатсиз кесилган дарахтларнинг аниқланган сони қанча кам бўлса, масъулият ҳам шунча кам бўлади. Ваҳоланки, ҳар қандай дарахт кесиш ишларини Вазирлар маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрь №290 “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш процедураларидан ўтиш қоидалари тўғрисида” қарорига мослаш мумкин бўлади.

Ушбу қарорнинг 14 моддасида шундай дейилган: “Қуриган ҳамда табиий зараркунадлар томонидан ва касалликлар натижасида қаттиқ шикастланиб қуришга бошлаган дарахтларни кесиш жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг қарорига мувофиқ, табиатни асраш ҳудудидй қўмиталари билан келишган ҳолда, махсус рухсатномаларсз бажарилади”. Яъни, махсус рухсатнома олмай “чириди” ёки “касалланди” дея истаганича дарахтларни кесиш мумкин экан. Мутлақо назоратсиз. Ўзбекистонда бирорта дарахт кесувчи соғлом дарахтни кесдим, дея тан олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Дўстлик боғида ва Ботаника боғидаги дарахтларни йўқ қилиш ишлари Тошкентда ўтган йили бошланган дарахтларни ёппасига кесиш ишларининг давомидир. Мисол учун, 2016 йил февралида Чилонзор туманида деярли 200 та чинор қад ростлаб турган дарахтзор йўқ қилинди. Бундан бир ой олдин эса Мустақиллик проспектидаги ҳамма чинорлар кесиб ташланди.


150 ёшга кирган бу чинор ҳозирча ҳаёт. Тошкент, 2017 йил 26 февраль, фото ва видео © “Фарғона.Ру”

Ўша йилнинг февралида Ўзбекистон Демократия ва инсон ҳуқуқлари институтининг директори Сайёра Хўжаева Тошкент шаҳар ҳокимига расмий мактуб йўллаб, дарахтларнинг ёппасига кесилиши сабабларини тушунтириб беришни сўраганди. Бироқ кута-кута саволига жавоб ололгани йўқ.


Ўтган йилнинг баҳорида Change.org сайтида дарахтлар тақдирига бефарқ бўлмаган тошкентликлар “Ўзбекистонда чинорларнинг кесилишини тўхтатишни сўраймиз” дея аталувчи петицияни жойлаштирдилар. Бу ҳужжатни қарийиб тўрт минг киши иимзолади. Бироқ Тошкент расмийлари бу петицияга эътибор ҳам бермадилар. Боз устига, махсус хизматлар ушбу петиция жойлаштирилган саҳифани республика ҳудудидаги интернет фойдаланувчилари учун очиб бўлмайдиган қилиб қўйишди.


Гўё “касалликлар профилактиси мақсадида, ўзидан захарли моддалар чиқарувчи” чинорларни йўқ қилиш ишлари Тошкентда 2009 йил кузида бошланган. Ўшанда Тошкентнинг машҳур Инқилоб ҳиёбонидаги дарахтларнинг ҳаммаси кесиб ташланган эди. Шундан сўнг бир неча йил давомида республиканинг барча йирик шаҳарларидаги чинорлар кесиб ташланди. Кейинчалик маълум бўлишича, уларни кесишдан мақсад ўша йиллари Ўзбекистонда ёмғирдан сўнг қўзиқорин сингари кўпайиб кетган мебель фабрикалари учун хом ашё етказиб бериш бўлган экан.




Сид Янышев (Тошкент)

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама