03:40 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Самарқандликларнинг электр энергияси ва газ учун қарзи 1,2 трл сўмдан ошиб кетди

28.02.2017 06:05 msk

Фарғона

Самарқанд вилояти бўйича электр энергияси ва табиий газ учун дебитрлик қарз миқдори 1,26 трлн сўмни ташкил этди (расмий курс бўйича $375,6 млн ёки “қора бозор” курси бўйича $180 млн).


Самарқандда ўтган матбуот конференцияси иштирокчилари. Тошпўлат Раҳматуллаев блогидан олинган фотосурат

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Олим Очилов февраль охирида ўтган матбуот анжуманида айтиб беришича, электр энергиядан дебиторлик қарз 2017 йил 1 январь ҳолатига 660 млрд сўмни ташкил этиб, унинг 536 млрд сўми аҳоли зиммасига тўғри келади. Бу сумманинг нечоғлик улканлигини тасаввур қилиш учун Очилов бу Самарқанд вилояти инвестициявий дастур бўйича давлатдан оладиган бир йиллик маблағдан уч баробар кўплигини маълум қилди, дея ўзининг блогида ёзади Тошпўлат Раҳматуллаев.

Табиий газ учун юзага келган дебитор қарздорлик учун энг аввало “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг раҳбарлари айбдор, деди Очилов. «Самаркандский вестник» хабар беришича, Очилов газ, электр таъминоти хизматлари ходимлари орасида давлат мулкини ўзлаштириш, ўғирлик, порахўрлик билан шуғулланадиган ходимлар борлигини тан олган. Ўтган йил якунлари бўйича юздан кўпроқ шунақа ходимларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган. Матбуот анжуманида истеъмолчилар абонент ҳисоб рақамига пулларнинг тушишини шахсан назорат қилишлари ҳамда электр энергияси ва газ учун пулларни фақат кассаларга тўлашлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Газ учун дебитор қарздорлик 2017 йил 1 январь ҳолатига 601 млрд сўмни ташкил этган ($179 млн), ундан 539 млрд сўм аҳоли зиммасига тўғри келади. Биргина 2016 йилда қарз 80 млрд сўмга кўтарилди. Шу билан бирга, Очиловнинг айтишича, кредиторлик қарздорликлар ҳам мавжуд. Яъни, истеъмолчилар ишлатган газ учун кўпроқ пул тўлаб қўйишган. Бошқача қилиб айтганда, “Самарқандшаҳаргаз” филиали бундай истеъмолчилар олдида қарздор.

Матбуот анжуманида иштирок этган “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг раҳбари Шукрулло Маҳмудов Самарқанд вилоятида инвентаризация ўтказган гуруҳ фаолияти ҳамда маҳаллий аҳолининг мазкур гуруҳ ишидан норозиликлари ҳақида сўзлаб берди.

“Аввалига ҳамма дебитор қарздорлик қаердан келиб қолди, дея аччиқланади, - дейди Маҳмудов. – Биз ҳужжатларга асосланиб исботлаб берганимизда кўпчилик ўз вақтида қарздорликни йўқ қилиб беришга ваъда қилган участка назоратчисига пул “қистирганларини” тан оладилар. Чиндан ҳам уларнинг қўлларида қарздорлик мавжуд эмас деган справка бор. Аммо бу қалбаки справка”. У 2010 йилда “Ўзтрансгаз” Акционерлик жамиятида ўрнатилган “Биллинггаз” дастури бутун мамлакат бўйлаб газ сарфланишини кузатиб боришини тушунтириб берди. “Қалбаки справка” берган инспектор қонунга мувофиқ жазога тортилади, истеъмолчи бўлса ишлатган газ учун ўз вақтида пулни тўлаб қўйиши керак, дея билдирди Маҳмудов.

У истеъмолчиларнинг ҳар бир мурожаати батафсил ўрганиб чиқилаётгани ҳамда уларга асосланган, пухта жавоб берилишини ваъда қилди. Баъзида жойлардаги ҳолатни ўрганиш натижасида хулоса аризачининг фойдасига бўлади, баъзида эса, қарздорлик миқдори кўпаяди. Мисол учун, 5 январдан 21 февралга 1475 та хонадонда инвентаризация ўтказилди. Бунгача дебитор қарздорлик 4,369 млрд сўмни, кредитор қарздорлик эса 62,1 млн сўмни ташкил этганди. Инвентаризациядан сўнг дебитор қарздорлик 5,5 млрд сўмга кўпайди, кредитор қарздорлик эса 17,4 млн сўмга тушиб қолди.

Матбуот анжуманининг яна бир иштирокчиси – “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” ОАЖ раҳбари Ғулом Примов тез орада вилоятда электр таъминотидаги аҳвол яхшиланишига ваъда берди. “Айни пайтда электрон ҳисоблагичларнинг янги тизими татбиқ этилмоқда, - деди Примов “Самаркандский вестник” келтирган иқтибосда. – Бундан ташқари, Пастдарғом тумани ҳудудида Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) молиявий кўмаги билан қуёш фотоэлектр станциясининг қурилиши ниҳоясига етиб қолай деди. Ушбу объектнинг эксплуатацияга киритилиши билан электр энергияси таъминотидаги 80 фоиз узилишлар бартараф этилади”.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соҳа вазирликлари ва маҳкамаларига 1 октябргача дебитор қарздорликни тугатиш вазифасини топширгани айтилди.

Қайд этамиз, бунақа қарздорлик Ўзбекистоннинг барча вилоятларида юзага келган. Қарздорлар орасида нафақаат аҳоли, балки қатор ташкилот ва муассасалар ҳам бор. “Ўзбекэнерго” Акционерлик жамияти 2013 йилда кутилмаганда очиқлаган маълумотда, қарздорлар орасида Ўзбекистон президенти аппарати, республика молия вазирлиги, Тошкент шаҳар прокуратураси, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент метрополитени ва бошқа сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар бор эди.

“Фарғона” олдин ҳам Ўзбекистон аҳолисини электр ва табиий газ таъминотидаги ачинарлик аҳвол ҳақида кўп маротаба хабар берган эди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама