02:43 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

1991 йил. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов кимдан “микрофонни юлиб олган” эди?..

19.02.2017 17:20 msk

Фарғона

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти мамлакатга шунчалик узоқ вақт раҳбарлик қилдики, унинг даврида мамлакатда бутун бир янги авлод туғилиб, улғайди. Бугунги ёшларнинг кўпчилиги 90-йиллар бошида бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ҳеч нарсани билмайди, мамлакат тарихини фақат дарсликлар ва тарғибот фильмлари орқали билишади.

Ўзбекистон телевидениесида 2017 йилнинг 29 январида был намойиш этилган Ислом Каримов ҳақидаги фильмда бир кадр бор (52-дақиқа), унда Каримов русчалаб: “И тогда я вырвал микрофон...” деб гапиради. Кейин ўзбекча-русча аралаштириб, 1991 йил 21 декабр воқеалари ҳақидаги ўз версиясини сўзлаб беради. Ўшанда Каримов Намангандаги оммавий митингга келган эди. Ўзбекистон раҳбари “микрофонни юлиб олган” одам ўша пайтдаги исломийлар етакчиси Тоҳир Йўлдошев эди.

Аслида Ислом Каримов ҳеч кимдан микрофонни юлиб олмаган эди. У мухолифатчининг узоқ давом этган гапини тавозе билан, камситилган ҳолатда эшитиб ўтирган, кейин уни “ҳурматли ёш укамиз” деб атаган эди. Кейин митингдан сўнг яна бир неча соат давомида исломийларнинг етакчилари билан алоҳида гаплашиб ўтиришга мажбур бўлганди. Бу воқеалар ҳақидаги иккита видео сақланиб қолган ва интернетга жойланган (мақоланинг қуйи қисмида берилади).

Илгарироқ биз 2005 йилда Лондонда чоп этилган “Ўлимга йўл ўлимнинг ўзидан ҳам улканроқ” романидан парчалар эълон қилган эдик. Бу китобнинг бир қисмида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Ислом Ҳаракатининг (ЎИҲ) бўлажак раҳбари Тоҳир Йўлдошев билан ўтказган ўша музокараларнинг матни келтирилган. Шу қисмни муштарийларимиз эътиборига ҳавола этамиз.

“Дорога к смерти больше, чем смерть” китобининг учинчи бобидан парча, Мир Калигулаев, Нашр.: Қора квадрат (Black Quadrat), Wolvehampton, 2005, 25-30 бетлар.

...Ўзбекистон Ислом Ҳаракати нима сабабдан, қачон ва қандай қилиб вужудга келди? Бу масалага бағишлаб бир талай илмий-социологик китоблар ёзилган, аммо мен ёзувчиман, мени инсон тақдири қизиқтиради. Мен учун инсон тақдири, ўзаро муносабатлар ва вазиятлардан бошқа нарсалар содир бўлмайди. Айнан шу сабабли (бу китобда ўша даврга оид ҳужжжатлар кўплаб келтирилган бўлса-да), бу ҳужжатларни мен ёзувчилик интуициямга таяниб танлаганман. Инсонлар ўртасидаги муносабатлар тугунларини текшириш орқали мен бу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Мени кўпроқ айтилмай қолган воқеалар қизиқтиради. Булар газеталарда чиқмаган, аммо ўша ўн-ўн беш йил муддатга баландпарвоз ва тушунарсиз сарлавҳалардан кўра кўпроқ таъсир қилган. Шундай воқеалардан бири 1991 йилнинг декабрида Наманганда юз берди. Демак,

21.12.1991, Наманган шаҳри

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бир кун олдин Наманганда бир нечта сайловолди учрашув ўтказиб, Тошкентга кетган эди. Аммо ўша куни шаҳарнинг марказий майдонида минглаб мусулмонлар намойишга чиққани сабабли Наманганга қайтиб келишга мажбур бўлди. Бир неча кундан сўнг президент сайловлари бўлиши керак эди, ҳали жойига мустаҳкам ўрнашиб олмаган президент учун бундай воқеалар яхши эмас эди.

Бир ойгина олдин у сарой ичидаги тўнтаришни бошидан кечирган эди, ўшанда Парламент унга қарши чиқувди, энди бўлса халқ майдонда турибди. Митинг тўлалигича тасмага муҳрланиб қолган, унда Президент Каримов деярли гаровга олинган одамдек чиқиш қилиб, ўзбек тилида қуйидаги нутқни ирод қилган эди. Бу нутқнинг матни ҳеч қачон, ҳеч қаерда нашр этилмаган.

Президент Каримов: “Биринчидан, кеча Наманганга келишимдан олдин бир нечта одамни бу ерга жўнатдим, улар одамлар билан учрашиб, менга ажратилган икки-уч кун ичида ким билан учрашишим кераклигини келишиб олишлари керак эди. Кимда қанақа фикр бор, кимда қанақа кўнгилсизлик, шунинг учун мен ўзимнинг ишимни енгиллатиш учун аввал қаерга боришим кераклигини айтишларини сўрадим. Сизлардан илтимос, яна бир бор илтимос (одамларни тинчлантиради)... Шунинг учун, шуларнинг айтганига қараб, бу ерда, шу жойда, ўзимизнинг Наманган вилоятида, ким билан учрашиш ҳақида... агар биз ноҳақ бўлган бўлсак, бу менинг хатоим, шуни билишингиз керак, аммо мен айтмоқчиманки, биринчи бўлиб мачитга боришни буюрдим. Муллалар билан учрашинглар, уларни одамлар ҳурмат қилади, одамлар тўпланаётган жойда биринчи навбатда мусулмонлар билан учрашинг, ўртоқ Президент. Уларнинг гапига қулоқ солинг, кейин бошқа жойларга боришингиз мумкин, деб мендан сўрашди. Мен аэропортга келганимда нима қилдим? Биринчи навбатда янги мачитга бордим. Янги мачитга кириб... Таҳорат қилдим, чунки менам таҳорат қилишни биламан... мен ҳам мачитга таҳоратсиз киролмайман, мен мачитга кирдим (оломон: “Оллоҳу акбар”), мачитга кириб, уламолар билан учрашиб, оқсоқоллар билан, ҳурматли ноиблар билан учрашиб, уларнинг талабига қулоқ солишга розилик билдирдим, доимий алоқада бўлишни, шунинг учун мен биринчидан шу жойга бордим. Мандан ўтган экан, кечирим сўрайман ҳаммангиздан (оломон: “Оллоҳу акбар”). Ман бу Наманганда яна бир-иккита мачит бор экан, агарки ман билсам, биринчи навбатда шу мачитларга ҳам борардим. Агар ман шу, билмасдан шу ишни қилган эканман, яна бир марта тиз чўкиб илтимос қиламан. Кейинги марта кеганда биринчи навбатда сизлар билан учрашаман (оломон: “Оллоҳу акбар”). Айбим бор экан, шунга ман ҳаммангизнинг олдингизда юзингизга, кўзингизга қараб, айбимга иқрор бўляпман, кечиринглар мани. Иншооллоҳ тамом бўлса агар, мана шу одамлар билан учрашиб, шуларни фикриниям эшитиб, жой-жойига қўйишга, кимки бўлмасин, жой-жойига қўйиб, талабларингизни бажаришга ман илтижо қилиб, илтимос қилиб, ваъда бераман. Вақт-соат беринглар агар ишонсангиз, яна бир, бир йил керак, бир ярим йил керак. Ҳаммаси мусулмонларни талаби, жойи, албатта, бажо бўлади деб, сизларни ишонтириб келаман.

Энди жиддий муаммолар бўйича, мен сизларга юрагимдаги гапларни очиқ айтаман. Дўстлар, биродарлар, ота-оналар айтмоқда, мана мен бир ярим йилдан бери президент лавозимидаман. Менинг қайси буйруғим, қарорим ёки фармойишим бирорта одамга қарши қаратилган? Менинг қайси қарорим одамларга қарши мўлжалланган деб ким ўрнидан туриб айта олади? Бундай эмаслигини айтадиганлар борми? (Оломондан “Бор!” деган овозлар чиқади).

Бу дарвозаси бўсаям анави томонга, бу дарвоза бўсаям биринчи навбатда Афғонистон, Покистон, Эрон, Туркия билан дўст бўлиб, улар билан, кўмак улардан олиб, ёрдам олиб, бир бутун мусулмон давлати қилсак, яхши бўлмасмиди? Шунга қараб ҳаракат қиляпмиз. Шу нуқтаи назаридан мен декабрда Туркияга бораман, кейин Покистонга... яқинда Покистоннинг катта бир министри келди ва Покистонга ташриф буюришимни сўради, кейин жаноб Велаяти исмли Эроннинг ташқи ишлар вазири келди, Ўзбекистон билан дўстлашайлик деди. Мана январь ойида агарки сизларнинг рухсатингиз билан агар мани олиб ташламасангиз, агар мани томиримга болта урмасангиз агар, насиб қилса мана ман январь ойида учта мусулмон давлатига бормоқчиман. Шулар билан биргалашиб, Ўзбекистонни ҳимоя қилиш, мусулмонларни ҳимоя қилиш, фақат Ўзбекистон эмас, бутун Ўрта Осиёда яшаётган мусулмонлар, Ўрта Осиё мусулмонларини бирлаштиришга ҳаракат қиламан. (оломон: “Оллоҳу акбар!” Тоҳир Йўлдош микрофонни олади, Каримов дейди: “Сиз ҳам жим туринг, гапимни гапирай. Сиз гапирганингизда бир эшитиб турдик, энди бизга ҳам гапиришга рухсат беринг”).

Тоҳир Йўлдошев Наманганда туғилган, ҳарбий хизматни Совет қўшинлари сафида Афғонистонда ўтаган. Радикал ислом ғояларига эргашиб кетган, СССР тарқалиб кетганидан сўнг Наманганда параллел ҳокимият структураларини яратган, унинг таркибида шариат бўйича қози функцияларини бажарган. Наманган вилоятининг Уйчи туманида жиноятчилар ва Т. Йўлдошев ўрнатган режимга қаршиларни сақлайдиган қамоқхона бўлган. 1993 йилда Афғонистонга қочиб ўтган. Жума Намангоний билан биргаликда 1996 йилда Ўзбекистон Ислом ҳаракатини ташкил қилган. 2009 йил августида Покистонда ўлдирилган.

Энди ёш укамиз (Тоҳирни кўрсатади) айтди, нега гўшт ҳақида гапирмайсиз, қорамол ҳақида. Сиз ўйлаб кўринг, мана Россия, мана Белоруссия, мана Украина, ҳаммамиз боғланганмиз. Болаларимиз киядиган кийимларнинг 60-65 % ўша ердан олиб келинади. Бу 74 йил давом этган мустамлака йўли. Мана, агар бу давом этса, Украина, масалан, мустақил бўлди, ўзини валютасига ўтяпти, эски Совет пулини сиқариб ташлаб, ўзиникини киритяпти. Бунинг Ўзбекистон учун оқибати қандай бўлади? Хўш, ҳурматли қариялар, айтингларчи, агар эртага Елцин нархларни кўтарса... биз 10 млн тонна нефт оламиз, у нархини ўн бараварга оширмоқчи. Жанубдаги мусулмон қўшнимиз, Туркманистондаги дўстим Ниёзов нефт нархини ўн бараварга оширди. Шу томондан Ўзбекистон ўзини ҳимоя қилиши керакми ёки йўқми? Албатта керак. Биз нима қилдик? Мен ўзимга қарши бордим, мени ҳокимиятим йўқолса ҳам, одамлар қийналмаслиги керак, мен айтдимки: “Эртага Россиядан қопда, дипломатда, сумкаларда пуллар келади, ҳамма нарсани сотиб олишади, кейин айтдим: Бугун сизларда 1000 рубл бор, эртага бир тийин бўлиб қолиши мумкин, шунинг учун халққа айтдимки, ҳамма тўплаган пулларингни олиб, сарфлаб юборинглар, бўлмасам эртага бу пуллар инфляция бўлади. Вўконлардаги ҳамма нарсаларни сотиб олинглар, дедим. Агар улар эртага келиб, ҳамма нарсаларни олиб кетса, ким айбдор бўлади? Мен айбдор бўламан... Республикада бўлаётган ҳамма нотўғри нарсаларга биринчи навбатда мен айбдор бўламан.

Шунинг учун... ёш укамиз (Тоҳир Йўлдошни кўрсатади) бу масалани кўтарди. Хўп, гўшт қиммат, аммо шуни билингларки, биз деҳқонларга берган имкониятлар туфайли бир ярим йилда қорамол сони икки баравар кўпайди. Биз ўзимизни ҳимоялашимиз керак, бу менинг бурчим. Майли, эртага президент бўлмасам ҳам, истайсизларми, йўқми, умримни охиригача сизларга хизмат қиламан!

Бозорда нархлар кўтарилиб кетяпти, аммо мен энг муҳтож одамлар учун бюджетдан 1,5 кг гўшт, озгина буғдой, шакар учун пул беришни буюрдим. Биламан, бу етарли эмас, аммо эртага керак бўлса, олтинимизни Швейцарияга олиб бораман, уларни пулга алмаштириб, кредит ва заём оламан, мен бу ишни охирига етказишим керак. Ўшандан кейин нархларни тартибга солишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун мен телевидениеда айтган гапларим учун ўзимни айбдор ҳис қилмайман, одамлар билан гаплашиб, ҳақиқатни айтиш керак, шунинг учун сизлардан илтимос, мени нотўғри тушунманглар. Агар огоҳлантирмасдан туриб эртага ёмон хабарни айтганимда, фақат Наманганда эмас, бутун Ўзбекистонда ҳеч нарсани тўхтатиб бўлмасди. Мени нотўғри тушунманглар, бу вақтинчалик, бир ҳафта, бир ярим ҳафта, икки ҳафта, мен ҳозир Қозоғистондан буғдой олиш ҳақида келишяпман, ҳаммангизга жавобим шу.

Иккинчи масала. Ман кеча мусулмон аҳли билан, дин пешволари билан учрашганда айтдим, қасам ичаётганда Қуръони каримни олдимга қўяман, қўлимни шундай қўйиб, ман мусулмонман, қасам ичаман деб, ҳамманинг олдида агар президент бўлсам қасам ичаман. Мен ҳеч қачон мусулмонлигимдан воз кечмайман, мусулмонлигимдан афсус қилмайман, мен мусулмонман, бундан ҳеч қачон уялмайман. Ҳар қандай одам ўзининг динидан воз кечмаслиги керак, мен доим такрорлайман. Биз шу йўлдан борсак, ҳеч нарса содир бўлмайди.

Энди сиз билишингиз керак, учта славян – улар эски сўзларни қайтаришяпти – учта славян республика: Россия, Белоруссия ва Украина Белоруссияда учрашмоқчи. Мусулмонлар, ўзбеклар бу ҳақда билмайди, аммо менинг фикрим шундай: агар керак бўлса... гаплашдим бешта Ўрта Осиё республикалари раҳбарлари билан, яқинда учрашамиз. Ўзимизнинг Ўрта Осиё, мусулмончилик тили билан гаплашиб, мусулмон мана шу бешта мамлакатни ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан. (Тоҳир Йўлдош уни мавзуга қайтармоқчи бўлади).

Нима демоқчиман? Агар ҳозиргига ўхшаб вазият ёмонлашиб борса, билишингиз керак, Ўзбекистон учун СССРдан воз кечишдан бошқа йўл йўқ. Шунинг учун кўзларингизга қараб айтмоқчиман, агар эртага шимолдан ҳужум бўлса, биз нима қилишимиз керак? Ўзимизни ҳимоя қилишимиз керак. Шу нуқтаи-назардан менда яна битта илтимос бор: ҳал бўлмайдиган муаммо йўқ, менга вақт беринг, иккинчидан, сабр қилинг, ҳаммасини бирга амалга оширамиз, керак бўлса ҳаётимни шунга тикаман!

Давлатни ислом давлати деб эълон қилинглар деган асосий сизларнинг талабингиз. Шу нуқтаи-назардан ман ўз фикримни билдирмоқчиман. Бу катта анжуманда очиқ айтиш керак, сизларни алдаб бўлмайди. Бу масалани, ваъда бераман, парламентимизда, Олий Кенгашда ўзим қўяман (оломон: Оллоҳу акбар!). Агарда парламентимиз бир тан-у бир жон бўлиб, сизларни Наманганлик депутатларингиз бор, ноибларингиз бор, гаплашинглар улар билан, борсин бир жойда тўпланиб, шу масалани ечиш учун қўл кўтариб, майли ислом давлати номини олсак, оламиз.

Бошқа муаммо бор, қулоқ солинглар... ҳозир, (оломонда норозилик товушлари)... президент сайловларини кейинга қолдириш талаби бўляпти. Мен айтишим керак... СССРда президент сайламаган нечта республика қолди? Кеча охиргиси, Молдова сайлади. Бу нима дегани? Агар мен президент бўлмоқчи бўлсам, ёки Солиҳ, ёки бошқа кимдир бўлмоқчи бўлса, бу сизга ҳокимиятни беради. Мен Туркияга боришим керак, бошқа Ислом давлатларига боришим керак, улар мендан сиз кимсиз? деб сўрайди. Мени халқ сайлаганми ёки 500 та депутатми? Бунақа савол бўлиши турган гап. Биз буни уч ой олдин ўтказишимиз керак эди. Мени нотўғри тушунманг, бизда очарчилик бошланиши мумкин, бунга қарши курашишим керак, мен ҳамма чорани кўришим керак. Битта мисол. СССР 43 миллиард рубл қарзи бор экан. Буни тўлашингиз керак дейишяпти. Ўзбекистон ҳам шулар орасида. Учта жойда олтин ишлаб чиқарилади, жумладан Ўзбекистонда (Россия ва Қозоғистон). Шунинг учун биз қарзларни тўлашимиз керак экан. Мен шунга қарши курашяпман. Мен Озарбайжонга ўхшаб бунга қўл қўймоқчи эмасман. Аммо мени қўллаб-қувватлашингиз керакми? Агар бу масалада бошқа фикрларинг бўлса, майли, аммо менинг илтимосим, ким президент бўлса ҳам, у иложи борича тезроқ халқнинг ваколатини олиши керак ва уларнинг номидан ишлаши керак, бўлмаса бизни синдиришади. Охирги муаммо. (Оломондан одам чиқиб: Милиция президентни кўришга келган одамларни тўсиб қўйди, дейди, уларни киргизишни сўрайди). (Шовқин-сурон)

Каримов: Ҳал қиламиз... Киргизинглар, милицияга айтинглар, бу мени буйруғим, биз очиқ гапиряпмиз, нимадан қўрқишим керак? Ҳурматли дўстлар, охирги масала. Исломни давлат дини деб эълон қилиш. Агар кўпчилик шуни хоҳласа, шунга овоз берса, мен қарши эмасман, агар ҳамма шунга овоз берса, мен бунга қарши чиқишим керакми? Кейинги масала – Парламентни тарқатиб юбориш. Парламентнинг еттинчи сессиясида – сиз буни кўрдингиз - 30 октябрда бўлди, (Тоҳир Йўлдошга мурожаат қилади) менга айтингчи, ёш укамиз, менинг ҳурматли ёш укам айтдики, у ерда менинг тарафдорларим бор экан, умуман йўқ! Агар сессияни кўрган бўлсангиз, Парламентда менинг кўплаб тарафдорларим умуман йўқ. Менга қандай ҳужум қилишганини кўрдингиз, менга қарши қандай фитна тайёрлашганини, тўнтариш ҳаракатини кўрдингиз. Тарихдан бизнинг мамлакатимиз ўрин талашиши туфайли барбод бўлган. Катта одамлар лавозим талашади, жабрини ким тортади? Бечора оддий одам жабр кўради. Шунинг учун сиздан илтимос, агар мустақилликни қўлга киритмоқчи бўлсак, биз бирлашишимиз керак. Масалан, Покистонда мустақиллик учун курашганларида ҳамма партиялар бирлашган, мустақилликка эришгач, кейин ўринлар ва лавозимларни тақсимлашган. (Шу жойда митинг узилади, чунки одамлар ичидан биттаси микрофон олдига келиб, кейин савол-жавоб бўлиши керак эди, аммо музокаралардан кейин шунга қарор қилиндики, митинг вакиллари президент Каримов билан бинода шу заҳоти юзма-юз кўришишади, кейин нимага келишилгани ҳақида одамларга айтишади).

Шундай қилиб, бу митингдан кейин Президент Каримов яна бир неча соат давомида Наманганнинг мусулмон жамоати билан музокара ўтказишга мажбур бўлган. Ўша пайтдаги “Ислом лашкарлари” норасмий ташкилотининг раҳбари Тоҳир Йўлдош билан ёнма-ён ўтирган.

Каримовнинг ҳурмати учун шуни айтиш керакки, у сиёсатчи сифатида дастлабки хўрланиш ва қўрқувни тезда енгди ва аста-секин ташаббусни ўз қўлига олди, митинг қатнашчиларининг ҳамма талабларини битта-битта йўққа чиқарди. Аммо амбицияси юқори, ҳокимиятдаги одам сифатида, кек сақлайдиган ва қасос олмай қўймайдиган одам сифатида, бундай очиқдан-очиқ хўрланишни, бундай халқ олдидаги қўрқитишни ҳеч қачон кечира олмасди. Куч тўплаб олиш учун бироз вақт керак эди холос... (...)»

* * *

“Ўлимга йўл ўлимнинг ўзидан ҳам улканроқ (Дорога к смерти больше, чем смерть)” китобининг тўлиқ PDF версияси Интернетда ҳамда ушбу сайтда чоп қилинган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама