14:15 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда уйсизлар учун бошпаналар қачон очилади?

10.02.2017 05:58 msk

Ўз мухбиримиз

Бугунги кунда Ўзбекистонда уй-жойи йўқларнинг сони қанчалиги номаълум. Камайтириб ҳисоблаганда, Тошкентнинг ўзида юзтадан кам эмас. Масалан, 2016 йилда Яшнобод (собиқ Ҳамза) туманида муайян яшаш жойига эга бўлмаган камида ўн киши аниқланган, улардан учтаси кўчанинг ўзида жон берган, биттаси ўтган сешанба куни ўлди… Пойтахтда 11 та туман бор, аммо уйсизлар учун бирорта ҳам бошпана йўқ.

Бирдан-бир йўли – кўчада ўлишми?

Ижтимоий таъминот марказларининг ишчиларига кўра, Ўзбекистонда ҳали ҳам собиқ президент Ислом Каримовнинг 15/42 рақамли қандайдир фармойиши амалда, унга кўра ёлғиз кекса одамни қариялар уйига расмийлаштириш учун унда паспорт ҳамда прописка бўлиши керак. Бомжларда эса одатда ҳужжат бўлмайди.

Бу одамларнинг муаммосини шифохоналар ҳал қила олмайди, бу уларнинг хизмат доирасига ва мажбуриятига кирмайди. Улар қила оладиган энг катта ёрдам – совқотган бомжни бир неча кун ўзида сақлаш, боқиш, даволаш ва чиқариб юбориш. Яшаш жойи бўлмаган одам учун бу ҳам катта ёрдам, аммо бундан сўнг қаерга бориш мумкин?

Яшнобод туманидаги бир нечта бомжга “Sunshine” (“Офтоб”) гўзаллик салони ёнидаги хилват жой бошпана бўлиб қолди. У 4-шаҳар клиник шифохонаси ёнида жойлашган, бу кишилар ўша ерда биринчи ёрдамни олиб, кейин яна кўчада қолган бўлишса керак.
Тошкентдаги “Sunshine” гўзаллик салони

Салон ходимасининг айтишича, клиника узоқ таъмирдан сўнг очилгач, 2016 йилнинг октябрида бу ерда уйсизлар пайдо бўлган. Ўшандан бери олти киши яшаган: икки аёл ва тўрт эркак. Улар шифохона билан “Sunshine” ўртасидаги хилват жойда тунашади. Икки эркак ўша ерда жон таслим қилган.

Бир неча кун олдин салон ходимаси яна бир эркакка “Тез ёрдам” чақиришга улгурган. Унинг умуртқаси шикастланган бўлган. Врачлар келиб, бомжни олиб кетишган. Кейинчалик аниқланишича, уни кейинги бекатда тушириб қолдиришган, эркак ўша жойда ўлган. Машинанинг рақамини аёллар ёзиб олмаган…


Тошкентдаги 4-шаҳар шифохонаси

Шу кунларда вазиятга лоқайд қараб тура олмаган одамлар Фейсбук ижтимоий тармоғида “Поможем бездомным, Узбекистан!” номли гуруҳ очишди, ундаги аъзолар сони 420 тадан ошган. Айримлари турар жойсиз одамларга ёрдам бериш борасида амалий тажриба орттиришга ҳам улгуришди.

Яхши ҳикоя

Мана масалан, Ойбек ва унинг хотини Нонна Сардарян (“Поможем бездомным, Узбекистан!” гуруҳининг администраторларидан бири), юқорида тилга олинган гўзаллик салони олдида яшаган икки аёлнинг тақдири билан шуғуллана бошлашди. Бири Мадина Ишмурзина, деменция хасталигига учраган, иккинчиси кўзи ожиз Ҳалима Ҳасанова. Бир куни уларни машинага ўтқазиб, ўз уйларига олиб кетишди, кейин Миробод туманида жойлашган “Мать Тереза” руҳонийлик уйига олиб боришди. У ердан эса уларни Қорақамиш массивида жойлашган Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатига юборишди. Васийлик кенгаши – республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ижтимоий ҳимоя бошқармаси қошидаги жамоатчилик ташкилотининг талаби билан (бу кенгашга барча “Саховат” ва “Мурувват” пансионатлари бўйсунади) ҳар иккала аёлни пансионат ўзида олиб қолди ва улар бугунги кунда ҳам ўша ерда яшамоқда. Бу аёлларнинг тақдири ҳақида “Азиятерра” сайти бу ерда ва бу ерда батафсил ёзган.


Мадина Ишмурзина

“Бундай одамларга ёрдам бериш зарур, уларни кўчада қолдириш мусулмонликка ҳам, христианликка ҳам тўғри келмайди, - дейди Ойбек. – Менимча, ҳурматли Ислом Каримов республикада бомж ва гадойлар борлигини билмаган – унга бу ҳақда гапиришга қўрқишган. Умид қиламанки, ҳозирги президентимиз ғамхўрлик кўрсатиб, мамлакатда улар учун бошпана очади”.

Уйсизлар учун мамлакатдаги биринчи бошпана – афсонами ёки ҳақиқат?

Барча ривожланган мамлакатлардаги каби Тошкентда ҳам уйсизлар учун бошпана очилиши эҳтимоли ҳақида “Фарғона” мухбирига Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи 130 кишининг бири ҳамда васийлик кенгашининг кўнгилли ёрдамчиси Геннадий Юртаев сўзлаб берди:

“Ўн кун олдин мен шу ердаги дўстим Александр билан директорнинг кабинетида васийлик кенгашининг раҳбарияти билан учрашдик ва бошпана ҳақидаги фикримизни айтдик. Бунга жавобан уларда шунга ўхшаш режа борлигини айтишди – пансионатимиз негизида шунга ўхшаш бошпана ташкил қилиш. Таъкидлаш лозимки, бу ҳали пишмаган режа – бошпана қачон ташкил қилиниши ва қандай ишлаши ҳали номаълум.


Ҳалима Ҳасанова

Аммо биз бир нечта ҳамфикрларимиз – Фейсбукдаги гуруҳни ташкил қилганлар билан муайян чораларни бошламоқчимиз: бомжларга ёрдам кўрсатиш билан бирга президент Девонига шундай бошпана ташкил қилиш тўғрисида хат билан мурожаат қилиш. Фаолимиз - юрист Марина Кондратова – барча ҳужжатларни тайёрлаб бермоқчи.

Гуруҳимизнинг мақсадларидан бири – қатнашчилар ва уларнинг танишлари ёрдамида Тошкентдаги бомжларни аниқлаш ва расмийларга мурожаат қилганда бу статистикани тақдим этиш. Чунки Тошкентда бомжлар жуда кўп, уларнинг ҳаммасини бошпанага жойлаштириш ҳақидаги орзуимиз – бизнинг асосий вазифамиздир.

Мен ўзим кўп бомжларни билардим. Масалан, бир неча йил олдин қишда Шайхонтоҳур туманидаги биринчи шаҳар шифохонасида ётганман. Шунда бир кишини олиб келишди – орқаси куйиб кетган, терилари осилиб, гўшти кўриниб турарди. Чалқанчасига ёта олмасди, фақат пастга қараб ётарди. У иссиқлик таъминоти қувурларининг устига чиқиб исинмоқчи бўлган, уларнинг устида стекловата бўлганми-йўқми, билмайман, аммо ўшанда ухлаб қолиб, куйган экан. Мен тез орада чиқиб кетдим, ундан кейин нима бўлганини билмайман. Ўлган бўлса керак.


Геннадий Юртаев

Анча олдин Ц-5 кварталида “Ширин” кафесининг олдида музнинг устида бир танишим жон таслим қилди. Туберкулёз бўлган шекилли, чунки қон тупурар эди. Эсимда, жасади ерда ётибди, боши атрофида қон сачраган. Бомжлар шунақа ўлади. Ҳар қишда.

Юнусободдаги 17-касалхонада ётганимда бир врач аёл айтувди: “Бизга бомжларни кўп олиб келишади, уларни қаерга жойлаштиришни билмаймиз. Албатта, уларни даволаймиз, аммо кейин нима қилишни билмаймиз”.

Ўша биринчи касалхонада Янгиобод массивидан олиб келинган Саша Скрипкин ётар эди. Музлаш оқибатида гангрена бошланиб, оёғини кесиб ташлашди. Бош врач масъулиятни ўз зиммасига олиб, уни ноябрдан мартгача касалхонада сақлаган. Ҳозир Саша қаердалиги номаълум.


Капада узоқ яшаган Сергей

Яна бир бомж – Сергей, Кадышевадаги капада яшарди. Умуртқасида муаммо бор, бунинг устига бир товони қайрилган эди. Бир куни маҳаллий участка милиционери уни олиб кетиб, ҳалқа йўлига олиб чиқиб ташлаган. Сергей судралиб, амаллаб қайтиб келган, меҳрибон кўнгилли Марина Кондратова уни олиб кетган. Унинг онаси Сергейни ўз уйида вақтинчалик рўйхатдан ўтказган, шунинг шарофати билан Марина уни пансионатимизнинг пулли бўлимига жойлаштирган, шу ерда яшаш ҳақини тўлаб турибди. Шу билан бирга унинг ҳужжатларини тиклаб, ногиронлик расмийлаштириб юрибди. Шуларни қилиб бўлса, худо хоҳласа, Сергейни бизга бюджет асосида қабул қилишади.

Бошпана бўлганида муаммо бўлмас эди. Ҳозирча эса бунга кўз юмилмоқда, аммо муаммо йўқолмайди-ку…»

Бундай уйсизлар Ўзбекистон бўйича қанча! Одамлар тунаб, исиниб, овқатланиб оладиган, биринчи тиббий ёрдам оладиган бошпаналарни нафақат пойтахтда, балки ҳеч бўлмаганда барча вилоят марказларида ва Қорақалпоғистонда очиш керак.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги