04:27 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Юлдузлар чироқлардан ҳам ёрқинроқ: Самарқандликлар суткалаб электрсиз яшайди

07.02.2017 15:33 msk

Фарғона

Самарқанд электр таъминотида доимий узилишлар бўлиши ижтимоий тармоқларда анчадан бери кенг муҳокама этилмоқда ва ҳатто ҳазил-мутойибаларга сабаб бўлмоқда. Аммо катталиги бўйича Ўзбекистонда иккинчи бўлган шаҳар аҳолисининг кулишга ҳуши йўқ. Айниқса бу йили айрим туманларда уруш кетаётган ҳудудларга ўхшаб, суткалаб электр энергияси бўлмайди. Илгариги бош вазир, ҳозирги мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ёзилаётган кўплаб шикоятлар ҳам ёрдам бермаяпти.

Лекин қабулхонанинг шарофати билан шу нарса аниқ бўлдики, электр энергияси таъминотига оид муаммо аслида анча жиддий ва чуқур муаммо экан. Гап шундаки, расмийлар электр таъминотидаги мунтазам ва узоқ вақт давом этадиган узилишларга табиий газнинг йўқлигини, яъни уй-жойни иситиш учун электрдан фойдаланилишини сабаб қилиб келтиришарди. Шаҳар анча йиллардан бери марказий иситиш тизими ишламайди, сақланиб қолган бир нечта қозонхона эскиргани туфайли ишламайди. 2016 йилнинг охирида Самарқанднинг барча туманларида бўлмаса ҳам, аксарият қисмида газ танқислиги масаласи ҳал қилинди. Бунда виртуал қабулхонанинг ҳам ҳиссаси бор, энди маҳаллий аҳоли уйни иситишда “зангори ёқилғи” ишлатмоқда. Электр энергиясидаги узилишлар эса давом этмоқда.

Бу муаммо Самарқандда фақатгина кузги-қишки мавсумда эмас, балки ёзда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу пайтда уйни совитиш учун кўпчилик кондиционер ишлатади. Яъни бу шаҳарда электр энергияси танқислиги сурункали тус олган бўлиб, уйларни иситиш зарурияти бунга ягона сабаб бўлолмайди.

Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар ҳайрон бўлишади: “Бу аҳволда қандай яшайсизлар? Бизда ҳам свет ўчади, аммо Самарқанддагидай тез-тез ва узоқ вақтга ўчмайди”. Бухоролик меҳмон шундай деган эди: “Самарқандга ташрифимдан кейин Бухородаги светдан бошқа шикоят қилмайман”. Тошкентда яшовчи фуқаро ҳам Самарқандда ток фақат икки соатга берилишини билгандан сўнг, ўзининг маҳалласида онда-сонда икки соатга свет ўчирилишидан норози бўлмай қўйган. Ҳамма нарса таққослашда билинади, дейишади-ку. Кўпчилик самарқандликлар қишни Тошкентда ёки бошқа вилоятларда ўтказишади, айримлар эса электр энергияси билан газнинг бир вақтда йўқлиги сабабли шаҳарни ва мамлакатни бутунлай тарк этишган.


Самарқанд туманларидан бирида 13 январда электрни ёқиш-ўчириш вақтлари. Жадвал самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев томонидан тузилган

Нимага айнан Самарқандда электр энергияси таъминоти шу аҳволга тушди ва йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда? Менимча бунинг сабаби битта: Самарқанд республика бўйича энг коррупциялашган шаҳар.

Ким ва нима сабабдан қонунга итоат қилмайди

Самарқанд электр тармоқлари корхонаси (САМПЭС) доим электр энергияси йўқлигига қуйидаги важларни келтиради: “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси олдидаги улкан дебиторлик қарзи, шаҳар ва вилоятга ажратилган электр энергияси лимитининг камлиги, модернизация қилинганига қарамай (бунга чет эл кредитлари ҳам сарфланган эмиш), шаҳар электр тармоқларининг қуввати етмаслиги ва бутунлай эскирганлиги.

Айни пайтда шаҳар ва вилоятнинг “Ўзбекэнерго” олдидаги дебиторлик қарзи 650 миллиард сўмдан ортиқ (расмий курс бўйича $200 млн ёки “қора бозор” курсида $95,3 млн), бу қарзнинг камида учдан бири шаҳарга тўғри келади, қолгани вилоятнинг қарзи. Шу улкан қарз туфайли “Ўзбекэнерго” самарқандликларга камроқ лимит беради.

Аммо САМПЭСнинг асосий қарздорлари оддий фуқаролар эмас, балки миллиардлаб қарзга ботган юридик шахслардир. Шулар туфайли оддий фойдаланувчилар ҳам азият чекмоқда. Бу компаниялар орасида давлат таъминотида бўлган йирик бюджет ташкилотлари, жумладан, ҳокимият, ИИБ ва бошқалар ҳам бор. Бир пайтлар “Ўзбекэнерго” Тошкент бўйича қарздорлар рўйхатини эълон қилган эди, уларнинг орасида Ўзбекистон президентининг Девони ҳам бор эди. Самарқандда ҳам шунақа қарздорлар борлигига ҳайрон қолмаслик керак.

Қонун бўйича, юқорида айтиб ўтилган ташкилотларга ва барча юридик шахсларга олдиндан тўлов шарти билан электр энергияси берилиши керак. Нимага қонунга риоя қилинмайди? Йирик бюджет ташкилотларига электр энергияси сингари харажатларни тўлашга давлат ажратадиган маблағлар қаерга кетмоқда? Нимага бу вақтда оддий бюджет ташкилотлари, яъни касалхона, мактаб, боғча ва бошқалар ёритилмайди?

Бу соҳада тегишлича назорат ва тартибнинг ўзи йўқ, чунки САМПЭС қарздорлари рўйхатида ўша назорат органларининг ўзлари ўтирибди. Улар қонунга риоя қилиш борасида бошқаларга намуна бўлибгина қолмасдан, балки жойларда унинг бажарилишини назорат қилиши керак. Аммо бизнинг шароитимизда – қарға қарғанинг кўзини чўқимайди. Шу сабабли САМПЭС фаолиятига доир кўплаб шикоятларга индамай қўя қолишади, ҳеч қандай чора кўрилмайди. Энди халқ муаммоларини ечиш учун ҳокимият қошида тузилган “президент” штаблари ҳам бу шикоятларни у ёқ-бу ёққа оширмоқда.

Сарф қилинган электр энергияси ҳақини тўлаш ҳақида хусусий заводлар ҳам, ишлаб чиқариш цехлари, фабрикалар, ресторан, салон ва ҳоказо каби хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар ҳам ўйламайди, чунки улар аслида давлат амалдорларига тегишли. Бу ишлаб чиқаришларнинг аксарияти жойлашган саноат ҳудудларида электр энергияси танқислиги кузатилмайди, бунинг устига тегишли пора эвазига САМПЭС уларга ҳисоблагични четлаб ўтадиган “чап чўнтакка ишлайдиган линиялар” тортиб ҳам беради. Буларда сарфланган электр энергияси “нормативдан ортиқ йўқотишлар”га қўшилади ёки бошқа истеъмолчилар ўртасида тақсимланади. Ва албатта, сарфланган электр энергияси учун тўланган пул “Ўзбекэнерго” кассасига эмас, балки кимларнингдир чўнтагига тушади. Ҳисобга олинмаган “чап” киловаттлар эса расмий лимитдан сарфланади, лимит эса нуқул йил охиригача етмай қолади.

САМПЭС розилиги билан шунақанги “чап” линиялар ҳисоблагичларга чап бериб, бутун шаҳар бўйлаб тарқалган ва “қудрат эгалари”нинг уй ва квартираларини электр энергияси билан мунтазам таъминлаб туради. Баъзида Тошкентдан навбатдаги текшириш келганда комедияга хос ҳолатлар бўлиб туради, яъни электр тармоғи бригадаси “чап” линияларни узади, аммо бир неча соатдан кейин яна тиклаб қўяди.

“Келганларнинг муаммоси билан қизиқиб кўрдим. Улардан бирининг айтишича, Обод маҳалласида 26 та оила бир неча кундан бери электрсиз ўтирган экан. Бир неча марта шаҳар ПЭСга мурожаат қилишибди, аммо фойдаси бўлмабди. Панжикент кўчасидан келган ташрифчи эса бундай деди: “бизнинг ТП-140 (трансформатор подстанцияси) тез-тез ишдан чиқиб туради, юкланишни кўтара олмайди. Кимлардир бошқа ТПдан уйига линия тортиб олган. Ўшаларни топиб, битта линиядан узиб ташлаш керак”. Унинг айтишича, бир ойдан бери шаҳар ПЭСига келмоқда. У қатъий қарорга келган эди, агар бугун муаммоси ҳал бўлмаса, юқори идораларга арз қилишини айтди.

Электр энергияси тез-тез ўчириб туриладиган маҳаллалар рўйхатини келтириш шарт эмас. Деярли бутун шаҳар бўйича аҳвол бир хил, Самарқанд вилоятидаги қишлоқларни айтмаса ҳам бўлади. Энг ёмон вазият душанба куни, 16 январда бўлди. Кўп маҳаллаларда кун бўйи чироқ бўлмади. Бизнинг Боғимайдон маҳалламизда эрталаб 6-30 да ўчди, кейин соат 17ларга борибгина ёқилди. Кейин соат 22 гача яна олти марта ўчирилди. Қўшни Обираҳмат ва Кирча маҳаллаларида ҳам шу аҳвол, аммо бизнинг фидер (узатиш линияси) 140 рақамли бўлса, уларники 54”. Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг блогпостидан (орфографияси аслича).

Кичикроқ хусусий корхоналар, айниқса хизмат кўрсатиш соҳасидагилар ҳам шу усулда вазиятдан чиқади. Улар ҳам электр энергияси ҳақини тўламасдан, “маҳсулот алмашиш” схемаси бўйича САМПЭС ишчиларига бепул хизмат ва товарлар тақдим этишни маъқул кўришади. Масалан, ресторанлар БДХ (бирлашган диспетчер хизмати) диспетчерлари ва энергосотиш туман бўлимлари инспекторларини бепул овқатлантиради. Шу йўл билан улар қарзи учун узиб қўйилмайди, чекловга тушмайди ва бизнесдан маҳрум бўлмайди. Шунинг учун Самарқандда электрсиз музлаб қолган мактаб ёки поликлиникани кўриш мумкин, аммо ёнида турган ресторан ёки дўконларда чироқ ярақлаб турган бўлади. Айни пайтда пора бермайдиган ва олмайдиган, аммо электр энергияси ҳақини вақтида тўлайдиган, қонунга итоаткор тадбиркорлар меъёрида ишлай олмасдан, улкан зарар ҳам кўрмоқда – бунга айнан САМПЭСдаги бошбошдоқлик сабаб. Электр энергиясидаги доимий узилишлар ва самарқандлик амалдорларнинг очкўзлиги сабаблигина кўплаб хорижий инвесторлар Самарқанд ҳақида эшитишни ҳам исташмайди.

Тўлаган бошқа, даврон сурган бошқа

“Ўзбекэнерго”нинг сўнгги маълумотларига кўра, маиший истеъмолчилар сони жами истеъмолчиларнинг 25,2 фоизинигина ташкил этади. Демак, Самарқандда шу 25,2 фоиз билан бир нечта қонунга итоаткор юридик шахсларгина фақат ўзи учун эмас, балки бошқалар учун ҳам тўламоқда. Бошқалар айрим сабабларга кўра сарфланган электр ҳақини тўлашни хоҳламайди ёки бундай имконияти йўқ. Самарқандликлар тўлашдан бош торта олмайди: деярли барча маош ва пенсиялар ёки банкдаги ҳисобрақамлардан электр энергияси ҳақи автоматик равишда “шилиб” олинади. Натижада уларда электр энергияси учун олдиндан тўлов катта ҳажмда йиғилиб қолган. Аммо айнан мунтазам тўлайдиган истеъмолчиларнинг чироғи суткалаб ўчириб қўйилади. Бунга сабаб қилиб чекловлар, авариялар ёки бошқа баҳоналар келтирилади. Айниқса шаҳарнинг Сартепа ва Шимолий подстанцияларидан ток оладиган тураржой туманларида аҳвол қийин. Бу туманлар ўзига хос геттолар бўлиб, бу ерларда қудратли шахслар ёки амалдорларга алоқадор корхоналар йўқ, шу туфайли қачон қарама, бу ерда свет бўлмайди. Касалхона, мактаб, болалар боғчалари – ҳаммаси электрсиз ўтиради. Яъни, “Ўзбекэнерго”нинг ҳақиқий қарздорларига етарлича ток берилади, аммо мунтазам тўлайдиганларда суткалаб бўлмайди. Улкан ресторанлар, дўкон ва бошқа ташкилотлар, овқат тайёрлаш учун ёки кондиционерда хоналарни иситиш учун минглаб киловатт сарфлайдиганларга ток етади, аммо шаҳарликларнинг уйини ёритиш ва маиший эҳтиёжлар учун ток етмайди.

2013 йилда Самарқанд ҳокимияти ва САМПЭС электр энергиясини тежаганлик учун мукофот олишган эди. Бунга улар қарзларни тўлаш кампаниясини амалга ошириш, электр энергиясини тежаш ёки навбатлаб ўчириш орқали эришгани йўқ. Қонунга зид равишда бутун-бутун маҳаллаларни суткалаб узиб қўйишди холос, бунга қарз борлиги ёки авария бўлганини баҳона қилиб келтиришди. Бунақа “тежамкор” ўчиришлар оқибатида шаҳарнинг энг эски подстанцияларидан бири бўлган Шимолий подстанцияни ишдан чиқаришди, натижада шаҳарнинг ярми бир ҳафтага электрдан маҳрум бўлди. Ўша йирик авариядан сўнг Шимолий ҳали ҳам узилишлар билан ишламоқда. Ҳар доимгидай, подстанцияни реконструкция қилишга маблағ топилмади. Шу подстанцияга боғланган шаҳарнинг ярим аҳолиси йил бўйлаб светсиз ўтирибди. Бу подстанциядан ток оладиган барча йирик объектлар ва корхоналар бошқа линияларга ўтказилди. Шундан бери Шимолий подстанцияси Самарқандда ток йўқлигининг синоними бўлиб қолди.

2014 йил майида “Ўзбекэнерго” мамлакатнинг жануби-ғарбидаги (Самарқанд, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари) энергетик инфратузилмани модернизация қилиш учун ускуналар етказиб бериш бўйича Хитойнинг Shanghai Electric ва “Узэлектроаппарат-электрощит” ҚК билан жами $40 млн суммага шартнома тузди. Бу сумма Жаҳон банки модернизация учун Ўзбекистонга берган $48,2 млн ичидан ажратилиши керак эди.

“Электрощит” Самарқандга трансформаторларни етказиб бермоқда, аммо “Ўзбекэнерго” пулини тўламаяпти. Ажратилган маблағлар қаерга сарфлангани номаълум.

Олинган трансформаторлар САМПЭС модернизация ва капитал қурилиш бўлими ҳисобига ўтказилган, аммо дарҳол алмаштириш керак бўлган жойларга эмас, балки ким тўласа ўшанга, қолаверса ҳокимият кўрсатган жойларга жўнатилган. Қоғозда ҳаммаси жойида, ҳисоботлар Тошкентдагилар учун тайёр, аммо аслида янги трансформаторлар ўрнатилиши керак бўлган жойларда эскирганлари турибди, улар ҳар йили ишдан чиқади. Аммо шаҳарнинг хўжайинларидан бири яшайдиган маҳаллада ўнта кўпқаватли уйни таъминлашга мўлжалланган трансформатор ўнта уй-қасрларни таъминлайди. Бундан ташқари эскисининг ўрнига ўрнатиладиган янги трансформаторлар сотиб юборилган. Жумладан, қурувчи ташкилотларга сотилган.

Нақадар ширин бу сўз – откат

Кўчмас мулкнинг қурилиши – шаҳарнинг барча хўжайинлари учун алоҳида ва яхшигина даромад манбаи ҳисобланади: шаҳар бюджетига катта сумма тушишидан ташқари, амалдорлар қурилиш учун откат олишади, унинг миқдори $30.000 дан $100.000 гача боради. Электр энергиясига келсак, қурилиш ташкилотлари бошланғич босқичданоқ пора улашишни бошлашади, яъни қурилаётган бино ва объектларнинг жами электр энергияси сарфи камайтириб кўрсатилган лойиҳанинг тасдиқланиши учун берилади. Фақатгина САМПЭС ва “Ўзбекэнергоназорат” эмас, балки лойиҳани тайёрлашда қатнашадиган бошқа ташкилотлар ҳам бундай “хатоликлар”га кўз юмишади, муайян ҳақ эвазига албатта. Кейин янги объектлар эксплуатацияга топширилганида йўқ жойдан электр тармоқларига ортиқча юкланиш тушади. Шу йўсинда электр энергияси учун сўралган лимит йил якунига етмасиданоқ тугайди. Бу танқисликни қоплаш керак, шу сабабли оддий истеъмолчилар учун тежаш режими ишга тушади.

Ўтган йилда шу нарса маълум бўлдики, Самарқандда қурилиш ташкилотлари учун электр энергияси борасида беш қўл баравар оғизга тиқилган. Ҳокимиятнинг собиқ энергетик раҳбарлик қилган капитал қурилиш бўлими шаҳарнинг Темирйўл туманидаги янги қурилишларга ҳаддан ташқари кўп рухсатномалар бериб юборган шекилли. Булар Шимолий подстанциядан электр энергияси олар эди, у эса бунчалик катта юкланишга мўлжалланмаган. Натижада бу ерда ток оладиган барча туманлар токсиз қолди. Янги қурилишлардан ширинкома “откат”лар олган энергетик эса оддий амалдор-чайқовчи бўлиб олди, бунақалар Самарқандда обрў-эътиборли бўлади, чунки бу ерда ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин.

Қурилиш компаниялари янги трансформаторлар учун ҳам, техник меъёрлардан четлашиш учун ҳам яхши ҳақ тўлашади. Масалан, қурувчи янги трансформатор ҳақини тўлашни истамаса, салмоқли откат эвазига техник шарт-шароитлар шундай ўзгартириладики, натижада янги бинони олдиндан мавжуд трансформаторга улаш мумкин бўлади. Натижада бундай юкланишга мўлжалланмаган трансформаторнинг ишдан чиқиши, одамлар электрсиз қолиши ҳақида қурувчи ҳам, амалдорлар ҳам ўйлаб ўтирмайди.

Тартиб ўрнатилиши “Ўзбекэнерго” манфаатларига мос келмайди

Энерготармоқларнинг қоғозда модернизация қилиниши натижасида деярли ҳар куни дам у жойда, дам бу жойда “янги” трансформатор ва кабеллар ишдан чиқади. Уларни яна ўша САМПЭС тузатади, ҳақини асосан оддий истеъмолчилар тўлайди. Аммо айнан САМПЭСнинг ўзи ноқонуний тарзда, оддий тураржойларга хизмат кўрсатадиган трансформаторларга ишлаб чиқариш корхоналарини улаб қўяди.

Модернизациянинг босқичларидан бири сифатида электр энергиясини ҳисоблаш тизими такомиллаштирилди, бунга Жанубий Кореянинг Korea Telecom компанияси шартнома доирасида Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларига $101 млн ажратди. Айни пайтда Самарқанд вилоятининг туманларидан бирида лойиҳа синаб кўрилмоқда: истеъмолчиларга олдиндан тўлаш имкониятини берувчи ҳисоблагичлар ўрнатилган. Аммо янги ҳисоблагичлар Самарқандга етиб келмайдиган кўринади, навбатдаги халқаро кредит эса қумга сингади. Бунинг ортидан нон ейдиганлар учун бу ускуналарнинг ўрнатилиши фойда келтирмайди: ўғирлаш қийинлашади. Ҳамма олдиндан тўлайдиган бўлса, “чапга” кетаётган электр энергияси кимннинг ҳисобига ёзилади?

“Ўзбекэнерго”нинг бундан олдинги, амалга ошмаган лойиҳасида олдиндан тўлов ҳисоблагичлари оз сонли истеъмолчиларга ўрнатилган эди. “Ўзбекэнерго” улардан воз кечди, сабаби улар умумий энерготизимнинг аҳволи қанчалик аянчли эканини очиб берган шекилли: тармоқдаги кучланиш давлат стандартига етмаса, ҳисоблагич киловаттни ҳисобламайди. Демак, бундай ҳисоблагич ўрнатган истеъмолчилар давлат стандартига жавоб бермайдиган электр энергиясини текинга ишлатаверади, “Ўзбекэнерго” зарар кўраверади. Ахир оддий электрон ҳисоблагич эгалари доим узилиб қоладиган, стандартга жавоб бермайдиган электр энергияси учун белгиланган тариф бўйича тўлаяпти-ку. Ким кимдан ўғирлаяпти ўзи, деган савол туғилади.

Шимолий подстанциядаги тартибсизликлардан тўйган маҳаллий тадбиркорлардан бири ўз ҳисобидан бошқа подстанцияни тартибга келтириб, ўшандан ўзининг корхонасига алоҳида линия торттирган. Муайян ҳақ эвазига бошқа корхона ва ташкилотлар ҳам шу линияга уланишган. Тадбиркорнинг харажатлари аллақачон қопланиб кетди, бу линияга уланган истеъмолчиларнинг ҳаммаси электр энергияси учун юз фоиз олдиндан тўлаб ишлатади. Мана, ақлни ишлатиб маблағ сарфласа бўлади-ку, талон-тарож қилишни ўйламасдан. Узилиш ҳам йўқ, худдики улкан дебиторлик қарзи, электроэнергия лимити деган гаплар афсонадек туюлади. Ҳаммаси қонун бўйича, шундай бўлиши керак ҳам.

Аммо бу ҳолатда қоп ёки консерва ишлаб чиқаришга етган электр энергиясининг 1-шаҳар шифохонасида фонарсиз операция қилинишига етмаслигини ўйлаб одамнинг хуноби ошади. Ҳатто САМПЭС ҳам тез-тез тадбиркордан ёрдам сўраб туради, аммо бундан мақсад қайсидир мактаб ёки боғчани эмас, балки навбатдаги прокурор ёки назорат ташкилоти кураторининг уйини узлуксиз электр билан таъминлаш бўлади.

“Самарқанднинг бошига Ургутнинг куни тушди” деган ҳазил гап юради шаҳарликлар орасида. Кўп йиллар давомида Ургут аҳолиси йил фаслидан қатъи назар, кунига икки соатгина электр энергияси олиб келган, энди бу ёруғ вақтлар 30 дақиқага тушди. Аммо “ардоқли икки соатлик ёруғлик” Самарқанднинг бошига тушди.

Президент ташкил қилишни буюрган “Ургут” эркин иқтисодий ҳудуди учун керакли миқдордаги электр энергиясини қаердан олишар экан-а? Бундай танқисликда Самарқанддаги трамвай линияси қандай ишлайди?

Самарқандликларнинг боши қотган.

Самарқандлик киши

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама