14:13 msk, 24 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Марказий Осиё ҳукуматлари ва аҳолиси ҳозирча сув ресурслари юзасидан кучайиб келаётган кризиснинг олдини ола олмайди

31.01.2017 19:38 msk

Алишер Илхомов

2017 йилнинг январида Harvard International Review журналида Марказий Осиёда сув таъминоти муаммоларига бағишланган мақола чиқди. Унинг муаллифи – Шарқ ва Африка тадқиқотлари Лондон мактабининг (SOAS) илмий ходими, тарихчи ва социолог Алишер Илҳомов. Унинг фикрига кўра, собиқ иттифоқ Ўрта Осиёсидаги сув юзасидан муаммоларнинг асосий сабаби бу давлатлараро муносабатларнинг минтақавий кўламдаги носоғлом муҳитидир. Биз ўқувчиларимизга бу ишнинг қисқартирилган таржимасини тақдим этамиз.

* * *

Яқинда, 2016 йилда Бутунжаҳон ресурслар институти “Мамлакатлар бўйича сув етишмаслиги” (Water Stress by Country) деб номланган қизиқарли харитани тақдим қилди. Унда ичимлик суви етишмаётган мамлакатлар таққослаб кўрсатилган. Бу харитада сув етишмайдиган Мўғулистон-Арабистон минтақаси яққол кўриниб турибди. Бу минтақага Мўғулистон, Афғонистон, Эрон, Покистон ва Арабистон ярим оролидан ташқари Марказий Осиё ҳам киради (харитада бу ҳудуд тўқ қизил рангда кўрсатилган). Бир нечта омилларни ҳисобга олиб, шуни таъкидлаш мумкинки, бу мамлакатларда ичимлик сувининг танқислиги кучайиб бормоқда ва сезиларли даражага етган.

Аммо келгусидаги чучук сув танқислиги Марказий Осиё минтақасида сув ресурслари етишмаслиги муаммосининг бир қисми холос. Бу муаммога яна суғориш учун сувнинг етишмаслиги, қишлоқ хўжалигида кенг қўлланадиган туз ва химикатлар туфайли иккита асосий артериянинг ифлосланиши ва бунинг натижасида Амударё ва Сирдарёнинг қуйи томонида жойлашган туманлардаги ижтимоий-иқтисодий кризис ҳам киради. Бу муаммонинг оқибатларига қуйи туманлардаги турмуш даражасининг пастлиги ва таркибида туз даражаси юқори бўлган, соғлиққа зарарли сувни мажбуран истеъмол қилиш ҳам киради. Ичимлик суви етарли бўлса ҳам, Урганч, Нукус ёки Бухорога борганлар тасдиқлаши мумкин, у ерларда ичимлик сувининг мазаси жуда ёмон. Ҳатто Фарғонада ҳам водопровод сувининг сифати ёмон. Бунинг сабаби шуки, қишлоқ хўжалигида аёвсизларча ишлатиладиган ерларни шўрдан ювиш ва суғоришдан қолган сувлар яна ўша икки дарёга бориб қуйилади, оқибатда уларга йиғилган туз ва турли химикатларнинг қолдиқлари йиғилади.


Мамлакатлар бўйича сув етишмаслиги

Муаммолар ва уларни давлат даражасида ечиш

Минтақадаги сув таъминоти муаммосини узоқ муддатга ҳал қилиш аскар ҳолларда ички омилларга ҳам боғлиқ. Давлат даражасида ҳал қилиниши керак бўлган бунақанги фундаментал муаммоларнинг камида учтасини келтирган бўлардим.

Биринчи муаммо – минтақа мамлакатларининг (Қозоғистондан ташқари) саноатида қишлоқ хўжалигининг ҳукмронлиги оқибатида сув ресурсларга эҳтиёжнинг баландлиги. Чунки саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши учун базавий шароит яратилмаган. Иқтисодиёт соҳаларининг бундай тақсимоти оқибатида қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун катта миқдорда сув ажратилади. Экспертлар баҳолашича, бу эҳтиёжлар учун сув ресурсларнинг 91,3% кетади, аҳоли эҳтиёжлари учун – бор-йўғи 4,4%, саноатга эса – 4,3%. Қишлоқ хўжалиги доирасида эса сув сарфи асосан ирригацияга тўғри келади. Ўзбекистонлик эксперт Арустан Жолдасовга кўра, Ўзбекистоннинг ирригация тизимларида сув ресурсларининг 50 фоизигача сарфланади.

Бу вазиятдан чиқишнинг иккита йўли кўринади – қишлоқ хўжалигининг ривожланишини рационализация қилиш ҳамда “шаҳарчасига” ишлаб чиқариш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳиссасини ошириш. Аммо Ўзбекистонда фермерларга мажбурий квота берилаётган ва нарх-наво туфайли ҳамёни қоқиб олинаётган бир пайтда қишлоқ хўжалиги саноатини рационализация қилиш мумкинми? Ернинг маҳсулдорлиги камайиб, шўрланиб кетаётганини ҳисобга олмасдан, фермерлар бажариб бўлмайдиган пахта планини топширишга мажбурланаётган бир вазиятда фермер қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган ва бошқа янги технологияларни қўллашга пулни қаердан олсин, унинг шунга хоҳиши бўладими? Замонавий агрономияга риоя қилиш, алмашлаб экиш, ерга дам бериш ва шу орқали сув сарфини камайтиришга фермерда рағбат бўладими? Бугунги кунда бу саволлар риторик бўлиб қолмоқда.

Урбанизация жараёнини тезлаштириш ҳам ечим бўлиши мумкин, бунинг учун саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида янги иш ўринлари яратиш керак. Бунда ҳам сув ресурсларининг сарфи камаяди. Аммо бу масала иқтисодий ривожланиш стратегияси ва уни амалга ошириш механизмларига боғлиқ. Ўзбекистон ва Туркманистонда бутун-бутун соҳалар маъмурий-буйруқбозлик тизимида бошқарилаётган бўлса, бизнес ҳар қандай даражадаги расмийларнинг тажовузидан ҳимояланмаган бўлса, қандай қилиб “шаҳарча” иқтисодиёт ҳақида гапириш мумкин?

Иккинчи муаммо биринчиси билан чамбарчас боғлиқ – минтақадаги туғилиш даражаси юқорилиги туфайли табиий ва пропорционал тарзда чучук сувга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Минтақа мамлакатларида туғилиши коэффициенти пасайиб бораётган бўлса ҳам, умумий кўламда аҳолининг ўсиш кўрсаткичлари изчил ўсиб бормоқда. Масалан, Ўзбекистонда ҳар минг кишига туғилиш сони 1991 йилги 35 тадан ҳозир 19-20 тагача, яъни 1,8 марта камайган. Тожикистонда ҳам шу аҳвол. Аммо аҳолининг жами сони барибир ортиб бормоқда. 2016 йилда Ўзбекистон жами аҳолиси 444 минг кишига, яъни 1,5% ошган. Охирги 5-6 йилда эса аҳолининг йиллик кўпайиши 410-440 минг киши атрофида бўлган.

Туғилиш даражасининг ортиши қишлоқ аҳолисининг улушини юқори ҳолда ушлаб туради. Ўзбекистонда иттифоқдан кейинги даврда бу улуш фақат ошиб борди, 1991 йилги 60% дан 2007 йилда 64% гача ошган. Бу бутун дунёдаги қишлоқ аҳолисининг камайиши тенденциясига зид келади.

Тожикистонда сўнгги йилларда қишлоқ аҳолисининг улуши бундан ҳам юқори бўлиб қолмоқда – 73%. Бу нима дегани? Қишлоқ аҳолиси шаҳар аҳолисига қараганда кўпроқ туғилиш даражасига мойил, - бу уларнинг тартиб-қоидалари ва турмуш режаларидан келиб чиқади, бу ерда патриархал тамойиллар устун. Кейинги йилларда ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, қишлоқдаги оилалар ўртача ҳисобда 4-5 та фарзандли бўлишни маъқул кўради, шаҳардагиларга эса иккита-учта кифоя.

Албатта, статистикада қишлоқ аҳолиси деб олинганларнинг ҳаммаси ҳам аслида қишлоқда яшамайди. Қишлоқдаги ёшларнинг кўпчилиги иш излаб Россия ва Қозоғистонга кетади, аммо у ерларда асосан паст малакали ишларда ишлашади. Бу ҳолат ҳам патриархал тамойилларни маҳкамлаб, урбанизациянинг тезлашишига олиб келмайди.

Ваниҳоят, учинчи муаммо – сувни тежаш, бу муаммонинг муҳокамасига фуқаролик жамиятини жалб қилишга давлат даражасида сиёсий ироданинг йўқлигидир. Бундай муаммолар бор ва уларнинг устига янгилари қўшилиб бормоқда, масалан, глобал исиш муаммоси.

БМТ қошида фаолият юритувчи Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро гуруҳнинг (Intergovernmental Panel on Climate Change) тадқиқотидан маълум бўлишича, ХХ аср бошидан бери Марказий Осиё минтақасида умумий ҳарорат 1-2 фоизга ошган ва кейинги ўн йилликларда ҳарорат яна 2-4 фоизга ошиши кутилмоқда. Бунинг оқибатида, Жаҳон банкининг тадқиқотига кўра, яқин 20 йил ичида жами ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин. Ҳароратнинг ошиши асосан қишлоқ хўжалиги ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Прогнозларга кўра, ушбу юз йилликнинг ўрталарига бориб, тоғ музликларининг эриши туфайли Амударё ҳавзасидаги сув миқдори сўнгги 10 йиллик ўртача миқдорга қараганда 30 фоизга камаяди. Бунинг устига баҳорда сув тошқинлари юз бериб, иссиқ ёз ойларида эса қурғоқчилик бўлади.

Минтақа мамлакатлари бундай воқеаларга тайёрми? Улар бу ҳақда тасаввурга эгами? Бу ҳолат матбуотда ёки илмий доираларда муҳокама этилмоқдами? Жамиятда кенг муҳокама қилиш аломатлари кўринмаяпти. Бундай муҳокама аввало қайси мамлакатлар манфаатига мос келади? Албатта, биринчи навбатда сув ресурслари энг етишмайдиган мамлакатлар, яъни Қозоғистон (жанубий туманлари), Туркманистон ва Ўзбекистон бундан манфаатдор. Аммо амалда нима бўляпти?

Nature Olli Varis журнали муаллифига кўра, Туркманистон ҳар бир кишига тахминан 5,5 минг куб метр сув сарфлайди, бу дунёдаги энг баланд кўрсаткичдир. Бу АҚШдагидан тўрт марта кўп ва Хитойдагидан 13 марта кўпдир. Ҳар бир кишига тахминан 2 минг кубдан сув сарфлайдиган Ўзбекистон ва Қирғизистон дунёдаги сув исроф қиладиганлар рейтингида 4 ва 5-ўринларни эгаллайди. Тожикистон билан Қозоғистон 7 ва 11-ўринни эгаллаган. Хулоса аниқ: айнан Амударё ва Сирдарёнинг қуйи ҳудудида жойлашган мамлакатлар сувни энг кўп исроф қилади. Бу муаммони ҳал қилиш учун СССРнинг сўнгги йилларида мамлакат раҳбарлари режалаштирган Маниловнинг Сибир дарёлари ўзанини ўзгартириш режаси керак эмас. Бунинг учун давлат даражасидаги ёндашув керак, унда нима қилишни буюриш эмас, балки ҳамманинг манфаатини ҳисобга олиб, керакли омилларни яратиш керак. Ваниҳоят, буларни амалга ошириш учун сиёсий ирода керак.

Минтақавий ҳамкорлик муаммолари

Сўнгги йигирма йил ичида минтақада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммосига етарлича эътибор қаратилганга ўхшайди. Марказий Осиёда бир нечта миллий ва минтақавий муассасалар, жумладан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Марказий Осиё сув хўжалиги давлатлараро мувофиқлаштириш комиссияси ва унинг қошидаги Илмий-ахборот маркази ташкил қилиниб, фаолият юритмоқда. Халқаро ҳомийлар томонидан молиялаштириладиган бир нечта лойиҳалар амалга оширилган ва оширилмоқда. Бу ҳомийларга Швейцария, Германия, Америка халқаро тараққиёт агентликлари, БМТ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Евроиттифоқ ва бошқалар киради. Бир нечта ахборот ресурслари ва маълумотлар омбори, масалан, CAWATER.info портали яратилган. Яъни, муаммони самарали ҳал қилиш учун маблағ ҳамда илмий салоҳият етарли. Аммо самара кўринмаяпти.

Бу ташаббуслар ва лойиҳалардан қандай натижа олинмоқда, деган савол бериш пайти келди. Муваффақият кўрсаткичи нима? Кўпчилик энг муҳим кўрсаткич сифатида Орол денгизининг ҳолатини айтиши мумкин. Бир пайтлар Орол денгизи сув юзаси майдони бўйича дунёда тўртинчи ўринда бўлган. Бугунги кунда унинг аҳволи фожиавий тус олган.


Орол денгизининг 1989 ва 2014 йилларда олинган сурати. Сурат муаллифи NASA

Мавжуд маълумотлардан кўриниб турибдики, 2016 йилга келиб Орол денгизи сув юзасининг 90 фоизи йўқолган. Сўнгги ўн йилликларда Оролни қутқариш давлатлараро жамғармаси нима билан шуғулланган? Ахир унинг фаолияти анча олдин (1993 йилда) бошланган, ўша пайтда Орол сув юзасининг 50 фоизи сақланиб қолган эди (1968 йилдан ҳисобласак). Оролнинг бу даражада қуриб бориши ушбу давлатлараро органнинг яроқсизлигини кўрсатади. Унинг олдига Орол денгизини қутқариш вазифаси қўйилган эди, эплай олмади. Ҳаётда эса биз Жамғарма ташкил этилишидан кўзда тутилган мақсад сари ҳаракат қилинмаётганини кўрамиз.

Оролнинг қуриши табиий эмас, балки антропоген сабабларга кўра, қишлоқ хўжалигининг экстенсив ривожланиши оқибатида рўй берган. Бу ҳақда юқорида айтиб ўтдим. Демак, жамғарманинг тузилиши ва унинг олдига вазифа қўйилиши аввал бошданоқ бефойда бўлган, чунки Ўзбекистон билан Туркманистон иқтисодий сиёсатини ўзгартиришни истамаган.

Оролни қутқариш жамғармаси сингари, Марказий Осиёда ташкил этилган бошқа давлатлараро институтлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Улардан бирортаси ҳам ўз олдига қўйилган вазифани бажара олмади, бунга асосий сабаб шуки, минтақадаги давларталр орасидаги ўзаро ҳамкорлик даражаси жуда паст. Минтақанинг асосий дарёларининг юқорисида жойлашган ва сув танқис бўлмаган давлатлар гуруҳи билан дарёлар қуйисида жойлашган давлатлар гуруҳи орасида ҳамкорлик ўрнатишнинг иложи бўлмаяпти. Биринчи гуруҳга Қирғизистон ва Тожикистон киради, уларнинг аксарият ҳудуди баланд тоғларда жойлашган. Иккинчи гуруҳга эса Қозоғистон (жанубий туманлар), Туркманистон ва Ўзбекистон киради, уларнинг иқлими қурғоқ бўлиб, катта ҳудуди чўллардан иборат.

Бу гуруҳлар орасида сув ресурслари қандай тақсимланганига қарайлик. Қирғизистон билан Тожикистонга Орол денгизи ҳудудидаги (Амударё ва Сирдарё ҳавзалари ҳудуди) дарё ва сув ҳавзаларидаги йиллик сув айланмасининг 85 фоизи тўғри келади, қолган учта мамлакатга 15% қолади. Биринчи гуруҳ мамлакатларида аҳоли жон бошига йилига 6 минг куб метр сув тўғри келса, иккинчи гуруҳга 304 куб метр, яъни 23 карра камроқ сув тўғри келади. Сув ресурсларининг бундай нотекис тақсимлангани туфайли бу икки гуруҳдаги мамлакатлар ҳамкорлик ўрнатишга мажбурдай туюлади.


1-диаграмма. Амударё ва Сирдарёнинг йиллик сув оқими ҳажми, мамлакатлар бўйича


2-диаграмма. Амударё ва Сирдарёнинг йиллик сув оқими ҳажми, мамлакатлардаги аҳоли жон бошига ҳисобланганда, м³

Аммо сув ресурсларини оқилона тақсимлаш ҳақида келишиш ўрнига улар онда-сонда ҳамкорлик тўғрисида баёнот бериб, аслида бир-биридан борган сари узоқлашган. Бундан ҳам ёмони, минтақада доимий зиддиятли муҳит юзага келган, буни муайян қўшнилар ўртасидаги совуқ урушга қиёслаш мумкин. Бунга гувоҳлик сифатида бу мамлакатлар раҳбарларининг бир-бирини аямасдан гапириши (асосан марҳум Ислом Каримов томонидан), чегарада учраб турадиган тўқнашувлар, чегаравий транспорт коммуникациларининг тўсиб қўйилиши, ваниҳоят, сув ресурсларининг тақсимоти юзасидан кескин баҳс-мунозараларни келтириш мумкин.

Сўнгги пайтларда энг кескин зиддият бир томондан Ўзбекистон, иккинчи томондан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида кузатилди. Бу зиддият нималарда кўринмоқда? Асосан шундаки, ҳар бир томон муайян устунликка эга бўлиб, шу устунликдан бир-бирига босим ўтказишда фойдаланиб келган. Ўзбекистон газ захираларига эга, Қирғизистон билан Тожикистонда эса ўз эҳтиёжини қондириш учун нефть ҳам, газ ҳам йўқ. Ўзбекистон кўп ҳолларда бу вазиятдан шантаж йўлида фойдаланган. Баъзида тўлов кечиккани учун, баъзида сиёсий сабабларга кўра, охирги пайтларда эса йирик гидроэнергетик иншоотларни қуришга тўсқинлик қилиш мақсадида шундай қилган. Ўзбек ҳукуматининг фикрига кўра, бундай иншоотлар Амударё ва Сирдарёнинг сув оқимини тўсиш орқали Ўзбекистонни шантаж қилиш имкониятини беради.

Ўзбекистоннинг газ ёрдамидаги шантажига жавоб сифатида ва ўзининг энергетика соҳасини ривожлантириш мақсадида, электр энергиясини экспорт қилишни кўзлаган Тожикистон ва Қирғизистон йирик гидроэлектростанцияларни қуришга ошиқмоқда, бунинг учун улкан инвестициялар керак бўлади.

Қирғизистон Норин дарёсида амалга ошириладиган иккита йирик гидроэнергетик лойиҳани илгари сурмоқда, булар иттифоқ давридаёқ лойиҳалаштирилган. Йирикроғи бўлган Қамбарота-1 лойиҳасига (дамба баландлиги 275 м) йирик молиявий инвестициялар керак. Иккинчиси, Қамбарота-2 кичикроқ ва арзонроқ бўлиб, дамба баландлиги 60 метрни ташкил этади. 2007 йилда Қирғизистон ҳар иккала гидроэлектростанциянинг қурилишини давом эттира бошлади, аммо халқаро инвесторларда қизиқиш йўқлиги туфайли лойиҳалар жуда секин илгариламоқда. Қамбарота-2 нисбатан тезроқ қурилмоқда, 2010 йилдаёқ унда режалаштирилган учта гидроагрегатдан биттаси ишга туширилган, натижада лойиҳавий қувватнинг 60 фоизи миқдоридаги электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.

Айниқса Душанбенинг Роғун ГЭСини қуриш қарори Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида қизғин баҳс-мунозарага олиб келди. Бу ГЭС режаси СССР пайтида ишлаб чиқилиб, 1986 йилда амалга оширила бошлаган. Унда 335 метр баландликдаги дамба қурилиши ва олтита гидроагрегат ўрнатиш режалаштирилган. Қамбарота лойиҳаси каби бу лойиҳа ҳам маблағ етишмаслиги ҳамда 1992-1997 йиллардаги фуқаролар уруши туфайли тўхтатилган эди. 2010 йилда тожик расмийлари Роғун акцияларини сотиш бўйича кампания эълон қилди, аммо бундан 120 миллион долларгина маблағ йиғилди. Инвестиция жалб қилиш қийин бўлаётганига қарамай, президент Раҳмон лойиҳани ниҳоясига етказишга қатъий бел боғлаган. Шу лойиҳа орқали мамлакатнинг энергетик мустақиллигига эришиш ва экспорт салоҳиятини оширишни мақсад қилиб қўйган. Лойиҳанинг асосий душмани бўлган Ислом Каримов вафот этиши биланоқ Имомали Раҳмон Роғун ГЭСини қуришни бошлашга буйруқ берди.

Каримов даврида Ўзбекистон баланд дамбаларни қуришга йўл қўймаслик учун қирғиз ва айниқса тожик лойиҳаларига қарши минтақавий ва халқаро даражада кенг кампания олиб борди. Бу дамбалар Қирғизистон ва Тожикистонга Норин ва Вахш дарёларидаги сув омборларида катта миқдордаги сувни йиғиш имконини бериб, Каримовнинг фикрича, шу йўсинда, ёз мавсумида мамлакатдаги суғориш тизимларига узлуксиз сув келиб туришини издан чиқаради. Ўзбек расмийларининг асосий аргументи шундан иборатки, юқори сейсмик ҳудудда қуриладиган бу дунёдаги энг баланд тўғоннинг ўпирилиб кетиш хавфи юқори ҳисобланади. Мунозарани ҳал қилиш мақсадида Тожикистон 2010 йилда Жаҳон банки билан келишув тузиб, Роғун ГЭСи қурилишини мустақил халқаро экспертизадан ўтказди. 2014 йилда экспертиза натижалари эълон қилинди, унга кўра, совет даврида лойиҳалаштирилган, 335 метрли тўғонни айрим технологик ўзгаришлар билан қуриш мумкин. Аммо Ўзбекистон комиссия хулосаларини тан олмасдан, бу лойиҳани ҳеч қачон қўллаб-қувватламаслигини айтган.

Аммо, менимча, келишмовчиликнинг моҳияти қуйидагидан иборат. Совет даврида минтақа даражасида энергетик ресурсларни тақсимлаш Москва томонидан назорат қилиниб, мувозанат сақланган. Бир томондан, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида жойлашган сув омборларидан сувни очиб юбориш жадвали ва квоталари ўрнатилган бўлса, иккинчи томондан, Ўзбекистон бу мамлакатларни газ билан таъминлаган. Иттифоқдан кейинги даврда эса ҳар томон ўзининг фойдасини ўйлай бошлади ва аввалги мувозанатни бузиб юборди. Қўшниларга газ етказиб беришда, айниқса қишки пайтларда узилишлар рўй бера бошлади. Ўз навбатида Қирғизистон ва Тожикистон қиш пайтида қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш мақсадида сув омборларидан истаганича сувни очиб юбора бошлади. Бунинг оқибатида Ўзбекистонда ва Қозоғистоннинг жанубий қисмида аҳоли пунктларини сув босиб, сув омборлари тўлиб кета бошлади, натижада ёзда сув ресурслари жуда зарур бўлган пайтда камроқ сув қоларди.

Роғун ГЭСи қурилмаслиги учун Ўзбекистон дипломатик босимдан ташқари иқтисодий блокада усулларини қўллаб, Тожикистон билан темир йўл урушини бошлаб юборди. 2011 йилда Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги кўприк портлатилди. Бу кўприк орқали Тожикистоннинг жанубий туманларидан (Қўрғонтепа шаҳри) Ўзбекистон ҳудуди (Термиз шаҳри) орқали МДҲнинг бошқа мамлакатларига борадиган темир йўл ўтган эди. Кўприкни Ўзбекистон томони портлатгани кўриниб турибди, бу билан қўшни мамлакатнинг Ўзбекистонни транзит ҳудуд сифатида фойдаланиш имконияти йўққа чиқарилди.

Кўриб турибмизки, минтақа даражасидаги давлатлараро муносабатларда носоғлом муҳит юзага келган. Бу муҳит сув кризисининг олдини олишга ёрдам бермайди. Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг бир томондан Ўзбекистон, иккинчи томондан Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда илиқлик бошланди. Томонлар тез-тез учрашиб, тўпланиб қолган муаммоларни муҳокама қила бошлади. Ушбу давлатлараро мулоқот жараёни қанчалик барқарор бўлиши ҳали маълум эмас. Бу жараён ўзаро ишончсизлик иқлимининг ва қўшниларнинг бадниятлик презумпцияси бартараф этилишига олиб келадими, охир-оқибатда минтақавий сув-энергетик балансни ўрнатиш ва сақлаб туришга оид келишувга эришиладими-йўқми, ҳозирча маълум эмас.

Бу мақсадга эришиш – минтақадаги мамлакатларнинг сувернитети учун ўзига хос бир синов бўлади. Чунки суверенитет дегани миллий ресурслар ва ҳудудларга нисбатан “истаганимни қиламан” дегани эмас, балки, ўз ҳуқуқлари ва мулкчилик ҳуқуқларига масъулият билан ёндашиш, минтақадаги қўшнилар манфаатларининг ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олиш тушунилади.

Алишер Илхомов, Шарқ ва Африка тадқиқотлари Лондон мактабининг (SOAS) илмий ходими, тарихчи ва социолог

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги