10:22 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Ҳуқуқ ҳимоячи ва журналист Азимжон Асқаровга чиқарилган умрбод қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилди

24.01.2017 20:06 msk

Улуғбек Бобоқулов

Бишкекда 24 январь куни эрталаб 2010 йилда Қирғизистон жанубида қонли воқеалар давомида ҳибсга олинган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи, миллати ўзбек Азимжон Асқаровнинг иши бўйича суд қарори эълон қилинди. Уни оммавий тартибсизликларни уюштиришда ҳамда милиция ходимини ўлдиришда айбладилар. Қирғизистоннинг барча инстанция судлари уни мол-мулкини мусодара қилиб, ўзини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Асқаров ҳибсга олинганидан сўнг тўрт йил ўтиб унинг иши БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасида кўрилди, 2016 йил июлида эса Қирғизистон Олий суди БМТ Қўмитаси қарорини кўриб чиқиб, тавсияларни бажариш ўрнига, Асқаров ишини янгидан кўриб чиқиш учун қайтарди.

Ушбу қайта кўриб чиқиш бугун ниҳоясига етди. Азимжон Асқаров деярли барча моддалар бўйича айбдор деб топилди. Умрбод қамоқ жазоси ўз кучида қолдирилди. Маҳкум бу қарор устидан Қирғизистон Олий судига шикоят қилиши мумкин.

Ҳаммаси мана шунақа ўтди.


Жазони ижро этиш давлат хизматининг қўриқлаш ва конвой департаменти биносида ўтган суд мажлисининг қарори икки соатдан зиёд вақт давомида қирғиз тилида, таржимасиз ўқилди. Суд залида асосан нодавлат ташкилотлари, журналистлар, элчихоналар ва хорижий миссиялар ходимларидан иборат юздан ортиқ одам бор эди.


Азимжон Асқаров ҳукм ўқилаётган пайтда темир катак ичида. 2017 йил 24 январь. Фарча фотосуратлар © “Фарғона”


Судья ҳукмни жуда паст овозда, ҳудди қоғозга ёзилган нарсалардан уялаётгандек ўқиди. Залдан гоҳо “баландроқ овозда ўқинг”, деган талаблар янграб турди. Кўпчилик ҳукмни тик туриб эшитишга толиқдилар ва ўтириб эшитиш мумкин эмаслигидан аччиқландилар. Залда кўпчиликни ташкил этувчи журналистлар қари ва заиф инсон ўтқазиб қўйилган катакка яқинлашишга уринишар эди.



Сўнгги олти йил давомида Азимжон Асқаров бир неча бор қўлга олиниш ва ҳибсга олиниш вақтида содир этилган процессуал қонунбузарликлар, милиционерлар ва камерадошлари томонидан калтаклангани ҳақида билдириб келган. Бироқ бирорта суд унинг гувоҳликлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларнинг баёнотларини эътиборга олмай келган.


Судья матнни ўқияпти: “Судланувчи ва унинг ҳимоячиларининг қийноқлар тўғрисидаги маълумотлари тасдиқланмади...”

“Воздух” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг раҳбари Азимжон Асқаров кўп йиллар давомида “Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилиб келган.

“У бизга асосан милиция ходимларининг қўлга олинганларга нисбатан бошбошдоқликлари ҳақида хабарлар етказарди. Унинг ҳуқуқ ҳимоя фаолияти яширин, бекитиқча эмас, балки очиқ-ойдин, қўрқувсиз ва ошкора бўлган. У одамлар устидан зўрликлар ҳамда қонун бузилишлари бўйича барча ҳолатларни жамоатчиликка етказиб беришни ўз зиммасига юкланган масъулият деб биларди ва шунинг учун ҳам оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қиларди. У етказиб берган маълумотлар асосида қатор танқидий, адолатсизликлар ҳақида ҳайқирувчи материаллар тайёрланган, бу эса расмийларни қаттиқ ғазаблантирар эди. Шахсан мен Асқаровга нисбатан асосан милиционерлар, яъни содир этган жиноятлари туфайли ҳуқуқ ҳимоячининг танқидларидан ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлиб келган ғоявий рақибларининг гувоҳлик кўрсатмаларига асосланиб тузилган ҳукмни адолатсизлик деб атамаган бўлардим. Бу унга нисбатан ҳар қандай даражадаги расмий тузилмаларнинг қасосидир, - дейди “Фарғона” бош муҳаррири Даниил Кислов. – мен Азимжон ака билан, гарчи илк бор у қамоқдалигида учрашган бўлсам ҳам уни шахсан танийман. Бунгача биз у билан кўп маротаба телефон орқали гаплашиб юрганмиз. Мен Бозорқўрғонга у қўлга олинишидан ва кейинги ҳибсга олинишидан бир кун олдин телефон қилиб гаплашганман. Ўшанда Азимжон ака: эртага мени ҳибсга олишади, чунки мен қишлоғимизга ўт қўйгани ва уйларни вайрон қилгани келган одамларни видеотасвирга олдим, деб айтганди... Бугунги Қирғизистонда миллатлараро муносабатларнинг жуда жиддий, касали тузалмаган муаммолари мавжудлигига ишончим комил. Асқаров – этник озчиликнинг вакили. Афсуски, бу ҳолат унга нисбатан чиқарилган суд ҳукмига таъсир этмай қолмади”.

Қирғизистонлик юристлар, ҳуқуқ ҳимоячилар ва кузатувчиларнинг ҳукм бўйича шарҳларини тез кунлар ичида чоп этамиз.


Репортер — Улуғбек Бобоқулов. Матн- “Фарғона”

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама