10:52 msk, 24 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Туркия ўқчиси” Абдулқодир Машарипов: фактлар, биография, версиялар

23.01.2017 18:18 msk

Фарғона

Истанбулдаги Reina клубида 39 кишини отиб ташлаган Абдулқодир Машариповнинг ўзбекистонлик эканидан ҳамма хабар топди. Туркия махсус хизматларига кўра, гумон қилинаётган террорист Қўқонда рўйхатдан ўтган, аммо ватанни 2010 йилда тарк этган.

Аммо таҳририятимиз Машарипов Фарғонада туғилганини таъкидлаётган одамларни топди. У тахминан 1-ўрта мактабда ўқиган, пахта тозалаш заводи яқинида яшаган. Унинг яшаш манзили ҳали аниқлангани йўқ, Фарғонадаги 1-ўрта мактабдагиларнинг айтишича, ўқувчилар рўйхатида бундай одам йўқ. Фарғонадаги бошқа бир манбанинг айтишича, Машарипов бироз вақт 14-мактабда ўқиган.

Фарғонадаги Машарипов яшагани тахмин қилинаётган туман даҳа

Туркиянинг Hurriyet газетаси хабар беришича, Машарипов уйланган, иккита боласи бўлган, хотинини Истанбул вилоятининг Малтепа туманида ўтган ҳафта қўлга олишган. Бошқа томондан эса Фарғонадаги манбанинг айтишича, Абдулқодир тахминан 2009-2010 йилларда Фарғонадан кетган, унинг хотини ва ўша йилларда туғилган қизи унинг ота-онаси билан яшаган”. Бу унинг мусулмонча урф-одатга кўра уйланган биринчи хотини бўлиши мумкин. “Тўй бўлмаган, шунчаки қўни-қўшниларга ош тарқатилган. Ҳозирда ота-онасининг уйи қўриқланмоқда”, - дейди манбамиз.

Машариповни шахсан таниган одамларнинг айтишича, у болаликда ва ёшликда бировлардан ажраб турмаган, ўзини яхши тутган. “Мусиқачилар оиласи эди, отаси бир нечта мусиқа асбобини чалар эди. Боланинг хулқ-атвори намунали эди, деса ҳам бўлади, тинч характерли эди”, - деб сўзлаб берди “Фарғона” манбаси.


Фарғона шаҳридаги 1-ўрта мактаб, шу ерда Абдулқодир Машарипов ўқигани тахмин қилинади. Сурат 2017 йил 19 январда олинган (© “Фарғона”)

Қуйида “Туркия ўқчиси” ҳақида хорижий матбуотда чоп этилган барча маълумотларни тўпладик (шу мақола чиққан кунгача чоп этилган).

***

Истанбулдаги Reina тунги клубида теракт амалга оширгани гумон қилинаётган Абдулқодир Машарипов Ўзбекистоннинг шарқидаги Фарғона шаҳрида 1983 йилда туғилган (The Guardian). Олий маълумотли, ватанида физика факультетини битирган, компьютер мутахассиси бўлган (турк матбуотига асосланиб, Vzglyad.Az, Tasnim News). Бешта тилни билади - рус, ўзбек, турк, араб ва хитой (ВВС). Сўроқ пайтида турк тилини яхши билмаслигини айтган.

“Фарғона” манбасининг айтишича: “У ёмон ўқиган, аммо ёшлигиданоқ бир нечта тилни билган”.


Машариповнинг турк полицияси томонидан тарқатилган сурати

2000 йилларда Ўзбекистон расмийлари унинг террористлар билан алоқада эканини аниқлаган (Vatan). Уни қўлга-олишган-олишмагани айтилмаган, аммо 2011 йилда Машарипов Қўқондан Афғонистонга кетган ва шу билан қайтиб келмаган. Ўзбекистонда қидирувда бўлган террористик ташкилот аъзолари рўйхатига қўшилган («Озодлик»). Интерпол рўйхатида унинг исми бўлмаган (The Guardian).

Машарипов Афғонистон ҳудудидаги ИД (“Ислом давлати” – тақиқланган террористик ташкилот “Ироқ ва Шом ислом давлати”, ИШИД, ISIS ёки IS ингл., Daesh араб., ДАИШ) террористик лагерида 2 йил машқ қилган. 2015 йилда Абу Муҳаммад Хуросоний исми билан Эронга келган (Straits Times), аммо паспорти қалбаки бўлгани туфайли ҳибсга олиниб, бир ойча қамоқда ётган (Dogan). Vatan газетасининг маълумотларига кўра, у қўлга олинганидан 15 кун ўтгач, “сирли равишда” қўйиб юборилган.

2016 йил январида Машарипов Эрондан Туркияга йўл олади (Straits Times). Коня шаҳрининг марказий қисмида яшаган.


Истанбулнинг Эсенюрт туманидаги Машарипов яширинган хонадон эшиги,. Шу ерда 17 январда қўлга олинган. Сурат © REUTERS/OSMAN ORSAL

Машарипов турк полицияси томонидан сўроқ пайтида “Конядалигимда Истанбулдаги Таксим майдонида теракт амалга ошириш ҳақида Раккадан буйруқ олдим”, - дейди (Hurriyet).

Машарипов Истанбулга 16 декабрда келади ва ҳужум учун мос келадиган жойни қидира бошлайди. “Таксимга янги йил кечасида келдим, у ерда хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди, ҳужум қилиб бўлмасди, - дейди Машарипов сўроқда. – Мен буйруқ берган одам билан боғландим. Биз Таксим тўғри келмайди деб қарор қилдик ва менга бошқа жойни топишни буюрди. Мен таксида соҳил бўйлаб юрдим ва соат кечки 10 ларда Reina тунги клубини кўрдим. Бу жой теракт учун маъқул кўринди: у ерда қўриқчилар деярли йўқ эди. Бу ҳақда буюртмачига хабар бердим, у Reina клубига ҳужум қилишни буюрди. Таксида уйга, Зейтинбурнуга бориб [Истанбулдаги туман], қурол олдим ва Reina клубига ҳужум қилиш учун қайтиб келдим”.

Нима сабабдан тунги клубга ҳужум қилгани сўралганида, Машарипов: “Улар кофирлар, шунинг учун ҳужум қилдим” деб жавоб беради (Dogan).

Аммо Туркия хавфсизлик кучлари вакилига кўра, у терактни ғоявий сабабларга кўра эмас, балки пул учун амалга оширган: бу ҳужум учун $150 минг олган. (Hurriyet).

Эслатиб ўтамиз, Истанбулдаги энг машҳур клублардан бўлган Reina тунги клубига 2016 йилнинг 31 декабрида ҳужум қилинган. Санта-Клаус кийимини кийиб олган қуролли эркак клубни қўриқлаётган полициячини отиб ташлаб, ичкарига кирган ва ўт очишни бошлаган. У ерда 700 дан ортиқ одам бўлган. Туркия ИИВ маълумотларига кўра, 39 киши ҳалок бўлган, яна 69 киши жароҳатланган. Теракт учун жавобгарликни ИД ўз зиммасига олган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама