03:33 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ғаллаорол расмийлари пикетга чиққан оилани хонавайрон қилмоқчи

21.01.2017 05:03 msk

Фарғона

2014 йилнинг февралида “Фарғона” Жиззах вилоятининг Ғаллаорол шаҳрилик Виолетта Куразова ҳақида ёзган эди. У уй-жойидан ноҳақ маҳрум қилингач, ўн мартадан ортиқ пикетга чиққан ва ўзининг “вазни тоифасида” рекорд ўрнатган. Туман ҳокими унинг муаммосини ҳал қилиб беришга ваъда бериб, алдади, шундан сўнг зиддият яна кучайиб кетди. Энди ўжарлиги учун жазо сифатида учта ёш боланинг онасидан ҳамма нарсани – ер участкасини, отаси қурган уйни ва катта қарз олиб қурилган дўконни тортиб олишмоқда.

Шу билан бирга расмийлар Куразовани шунчалик “тузлаш” ниятидаки, ҳатто бу йўлда сохталикдан ҳам қайтмаяпти. Масалан, Маданият посёлкасидаги ерни тортиб олишмоқда, бунинг сабаби эса Виолетта уни ишчи Шуҳрат Шерматовга берган эмиш. Шуҳрат Шерматов расман ариза ёзиб, бунақа савдо хаёлига ҳам келмаганини айтган, бу ишда олди-бердини исботловчи ҳеч қанақанги ҳужжат йўқ, аммо суд барибир буюртмани бажарган ҳолда ерни тортиб олиш ва дўкон билан уйни бузиб ташлаш ҳукмини чиқарди.

Худди шу тарзда Виолеттанинг отасига тегишли Ғаллаоролда ер участкасининг бир қисмини ноқонуний тортиб олишмоқда. Унинг таксист бўлиб ишловчи эрига шунақанги шароит яратиб қўйишдики, у лицензиясини топшириб, машинани ижарага беришга мажбур бўлди.

Камтар, аммо камбағал эмас

33 ёшли Виолетта Куразова расмийларга нима ёмонлик қилувди? Буни тушуниш учун ҳаммасини бошидан эшитиш керак.

Куразова Ғаллаоролда катта бўлган, миллати ўзбек. Онаси ўқитувчи бўлиб ишлаган, отаси – қурувчи, ҳозирда иккаласи ҳам пенсионер. Ҳаммалари қишлоқча камтарин турмушда яшаган, ҳеч қандай баҳс ёки жанжалларда қатнашмаган.

Ҳикоямиз қаҳрамони қобилиятли ва меҳнатсевар чиқди. Ўрта мактабни муваффақият билан битириб, саноат коллежига кирди, у ерда ошпазлик касбини эгаллади, қўшимчасига юридик коллежда ҳам ўқиди. Кейин тумангазда диспетчер бўлиб ишлади.

2006 йилда турмушга чиқди, Бону исмли қизини туғди, икки йилдан кейин эгизаклар - Сабина ва Сабринани туғди. Оилавий шароитидаги ўзгариш туфайли иш графиги эркинроқ бўлишига эҳтиёж туғилди. Отаси унга эри билан биргаликда ёрдамчи хўжаликда ишлаш – чўчқа боқиб, сотишни таклиф қилди.

Чўчқахонадан даромад яхши эди, унинг ортидан Куразованинг эри - Сайфиддин Жаббаров – “Нексия” автомобилини сотиб олди, таксичилик лицензиясини олиб, шаҳарлараро йўналишда ишлай бошлади. Шу йўсинда, оила камтаргина бўлса ҳам, муҳтожликда эмас эди.


Виолетта Куразова отаси ва болалари билан

Ғаллаоролчасига босқинчилик

Кўнгилсизликлар 2010 йилда бошланди, ўша йили Куразовалар ҳаётида 80 ёшлик қўшни – Радима Валиулина пайдо бўлди. У қатъийлик билан Виолеттадан ўзини парвариш қилишни сўрай бошлади, танишларини ҳам ўртага солди. Бунинг эвазига уйини унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилди.

“Ўша пайтларда Радима опа маҳалла комитети котиби Зифа Умурзакова устидан шикоят қилган эди. Шикоятга кўра у 400 доллар пул, 800 минг сўм, ҳамма товуқлари ва қурилиш материалларини, хуллас, охирги калишигача ўғирлаб кетган экан, - сўзлаб беради Виолетта. – Буларнинг ҳаммаси исботланиб, прокурор Валиулинанинг зарарини қоплаш ҳақида даъво киритган эди. Ўшанда Зифага фирибгарлик, ёлғончилик ва ўғирлик тақалаётган эди. Аммо Зифа ҳеч нарса тўламади, кампир бўлса ейишга нони йўқлигини айтиб зорланарди. Мен ачинганимдан унга қарашга рози бўлдим”.

“Фарғона” бу ҳақда батафсил ёзган эди. Куразова эри ва болалари билан Валиулинанинг уйига кўчади, уч йил давомида унга қарайди. Уйни тартибга келтириш учун оила чўчқахонасини сотиб юборади ва 20 миллион сўмга (ўша пайтда “қора бозор” курси бўйича $9000 атрофида) – уйни капитал ремонт қилдириб, қисман қайта қуришди.


Александр Куразов қизи ва неваралари билан

Уйнинг кўриниши яхшиланганидан кейин кутилмаганда Зифа Умурзакова пайдо бўлди. Бу пайтга келиб у ўғирлик қилган маҳалла комитети котибидан сирли равишда ҳуқуқ ҳимоячига айланиб олган эди. Аслида эса, “масалаларни ҳал қилувчи”га (разборшчик) айланган эди, дейди Виолетта.

Умурзакова Куразова масаласини тезда ҳал қилди – суд орқали ҳадяни тортиб олиб, уйни ўзиники қилиб олди. Ноҳақликдан ғазабланган Виолетта пикетга чиқишни бошлади – 2013 йилнинг 1 июнидан бошланди.

Алдов хроникаси

“Фарғона” сайтида иккинчи мақола чиққанидан сўнг Ғаллаорол тумани ҳокими Азим Тилабов Виолеттани чақиртирди. Битим таклиф қилди: 2013 йилнинг 28 мартида вафот этган Валиулинадан кейин уй эгасиз деб ҳисобланади, уч йилдан сўнг, қонунга кўра, Куразова ундан шахсий мулки сифатида фойдаланишни бошлаши мумкин.

Виолетта бундан хурсанд бўлиб, пикетга чиқишни тўхтатди ва бошқа ҳунар ўрганишни бошлади – бичиш-тикиш курсларига қатнай бошлади.

Ҳоким билан гаплашганидан сўнг бир йил ўтгач, 2015 йилнинг мартида, кутилмаганда уй Зифа Умурзаковага расмийлаштириб берилганидан хабар топди. Алданган Виолетта яна ҳоким Тилабовнинг олдига борди. У бўлса елкасини қисди холос: суд шундай қарор қилибди, биз ҳеч нарса қила олмаймиз.

Шундан сўнг Куразова биратўла Тошкентдаги Мустақиллик майдонида пикетга чиқа бошлади. Плакатларидан бирида шундай ёзув бор эди: “Биз рўйхатдан ўтган жойимизда яшашни истаймиз”.


Виолетта Куразованинг пикетларидан бири

Таъкидлаб ўтиш керакки, милиция Виолеттага хайрихоҳлик билан муносабатда бўлди – уни қўлга олишарди, аммо хафа қилишмасди. Ҳар гал Ғаллаоролдан оператив ходимларни чақиртиришарди, улар эса машинада ҳазил-ҳузул билан Куразовани ва болаларини уйга олиб кетишарди. Маҳаллий милицияга ким босим ўтказгани номаълум, аммо милициянинг ташаббуси билан Виолеттани Валиулинанинг собиқ уйидан рўйхатдан чиқариб ташлашди.

Шу тарзда Куразова бу уйга эга бўлиш ҳақидаги охирги умидидан ҳам маҳрум бўлди. У яна ҳоким Тилабовнинг олдига бориб, ҳеч бўлмаса уйни реконструкция қилишга сарфланган 20 миллион сўмни қайтаришни сўраган. Ҳоким яна битим таклиф қилган: Куразова якка тартибдаги тадбиркор бўлади, расмийлар эса унга дўкон қуришга 0,377 гектар ер ажратади. 20 миллионга келсак, бу масалани ҳам ҳал қилса бўлади. Аввал туман ғаллани топширади, кейин пахта терими ўтади, кейин ҳокимиятнинг хайрия жамғармасидан унга албатта ўша пул ажратилади.

Куразова таклиф қилинган вариантдан боши осмонга етиб, ерни ва якка тартибдаги тадбиркорлик патентини расмийлаштиришни бошлади. 2014 йилда унинг отаси Чернобил иштирокчиси сифатида Ғаллаоролнинг чеккасидаги Маданият қишлоғида ер участкаси олди ва Виолеттанинг оиласи учун уй қуришни бошлади. Шу ерда Куразовага ҳам 0,377 гектар ер ажратишди, у дўкон учун пойдевор солишни бошлади. Оилада пул қолмаган эди, шунинг учун Виолеттанинг отаси қариндошидан 40 миллион сўм қарз олди – бу қарзнинг ярмини ҳоким ваъда берган пулдан узишни ният қилишган эди.

Бу пайтда ҳокимнинг хайрия жамғармаси ҳам чўзилиб кетди. Куразова унга бир неча марта эслатди, Тилабов эса ҳар гал “пул ўтказилади” деб ишонтирар эди.


Куразовларнинг чала қурилган дўкони, яқинда бузилиши керак

“Буларнинг ҳаммаси 2016 йилнинг 23-24 июнига режалаштирилган ШҲТ саммити арафасида бўлиб ўтди: мен ёш болаларим билан пикетга чиққанимда борми, - дейди Виолетта. – Аммо саммит ўтиши билан ҳоким умуман қабул қилмай қўйди. Ҳокимиятнинг юристи эса менга ҳеч қандай пул берилмаслиги қатъий айтди. 0,377 гектар ерни олганимга хурсанд бўлишим керак экан”.

Ўжар қизни қандай совитиш мумкин

Виолетта болаларини олиб, Тошкентга йўлга чиққанида йўлини милиционерлар тўсди. Уларнинг ичида майор Ойбек Эшбеков ҳам бор эди, у 2015 йилнинг сентябрида Ғаллаорол туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланган. Виолеттанинг айтишича, бу одам қўпол ва қўрс одам. Бошқа милиционерлар Куразовага хайрихоҳлик қилган бўлса, Эшбеков бу масалага нуқта қўйиш ва ўжар қизни “совитиб” қўйишни аҳд қилган кўринади.

Дарҳол Виолеттага таҳдид қилишни бошлаб юборди: Тошкентга кетаётганида фалокат уюштиришини ва эрини қамаб қўйишини айтди. Бу қўрс одамнинг гапи амалга ошди: 29 июнда йўлда нохуш ҳожиса рўй берди ва эртаси куниёқ соат 8 да Куразованинг Маданиятдаги уйи олдида 50-60 киши тўпланди. Булар Виолеттанинг қўшнилари ҳам эмасди, бошқа кўчада яшашарди, аммо қарангки, ҳаммасида ҳокимият ажратган ерда қуриб битказилмаган участкаси бор эди.

Нарироқда майор Эшбеков ва ҳоким Тилабов туришарди. Виолеттанинг айтишича, улар “акциянинг ўтишини назорат қилиб турарди”. Акция амалга ошди: чала қурилган участка эгалари бақириб, Виолеттани халқ душмани деб аташди, интернетда мақола ёзишда айблашди ва қишлоқдан кўчириб юборишни таҳдид қилиб, тош ҳам отишди.


Куразовларнинг бузиб ташланиши керак бўлган уйи

Кейинги сафар Куразова Эшбеков билан 2 сентябрь куни тўқнашди. Ўша куни у эри ва қизи билан қариндошларининг тўйига тайёргарлик кўриш учун Самарқандга йўл олган эди. Ўшанда ҳали президент Ислом Каримовнинг вафот этгани маълум эмас эди, шунинг учун Виолетта Ғаллаоролда бўлган воқеадан ҳайратга тушди.

Майор Эшбеков “Нексия”ни тўхтатиб, ҳаммани машинадан туширди, кейин Куразованинг эрининг кўзойнагини синдириб, Куразованинг ўзини сўка бошлади. Кейин Ғаллаорол милиция бўлимига олиб келиб, эрини калтаклашда ва Виолеттани ҳақоратлашда давом этди. Охири шимининг тугмасини ечиб, “асбобини” кўрсатди ва “Устингга сияман, кейин сасиб юрасан” деди.

Ҳокимни ҳайдаб юборишди, аммо унинг иши давом этмоқда

Ҳақоратланган Куразова барча идораларга хат ёза бошлади ва ҳуқуқ ҳимоячиларига шикоят қилди, улар эса воқеа ҳақида халқаро матбуотга хабар беришди. Бунинг учун майор Эшбековми ёки ҳоким Тилабовми, кимдир қасос олишга аҳд қилган ва бунинг оқибатлари содир бўла бошлади.

2016 йилнинг 25 октябрида Виолеттанинг отаси Александр Куразовнинг Ғаллаоролдаги уйига кадастр хизмати ходимлари келиб, унинг ортиқча беш сотих ерни эгаллаб олганини айтишди. Ҳолбуки, 2012 йилдаёқ барча кадастр маълумотлари қонунга мувофиқ расмийлаштирилган эди. Бундан ташқари, Куразованинг айтишича, бошқаларда умуман ерга тегишли ҳужжатнинг ўзи ҳам йўқ.

Ўша куниёқ Ғаллаорол милициясига ишчи Шуҳрат Шерматов келтирилди, у Виолеттанинг дўконини қурган эди. Милицияда Шерматовдан ариза ёзишни талаб қилишди, аризанинг мазмуни шундан иборатки, у Куразовадан ўша 0,377 гектарли ерни сотиб олган эмиш.

Уларни ҳайрон қолдирган Шерматов ёлғон кўрсатмани имзолашдан қатъиян бош тортди, аммо “жазо машинаси” ишга тушиб бўлган эди. Бу иш 2016 йилнинг 11 ноябрида Ғаллаорол судида кўриб чиқилди. Ернинг сотилганлигига ҳеч қандай далил-исботнинг йўқлиги ҳам судьяларни тўхтата олмади. Ўжар қурувчининг ўзини эса судга таклиф ҳам қилиб ўтиришмади. Унинг ўрнига қуриб битказилмаган участка эгаларидан олдинроқдаги сана билан ёзилган кўрсатмалари пайдо бўлди, улар “ер сотилгани” ҳақида эшитган эмиш. Суд қарори бирёқлама бўлганини айтиб ҳам ўтирмаймиз: ер участкаси тортиб олинсин, дўкон бузиб ташлансин.


Ерни Куразовлардан сотиб олишни хаёлига ҳам келтирмаган Шерматовнинг аризаси

Биратўла уйни ҳам бузиб ташлашга ҳукм чиқаришди. Бу уйни “Чернобилчи” Александр Куразов 1,5 сотих ерга қизи учун қурган эди. Сабаби яна ўша – шу ернинг Шерматовга “сотилгани”.

Виолеттанинг отасига ортиқча беш сотих ер учун жарима ёзишди, аммо уни Жиззах вилоят судида бекор қилишди – айбловлар шу даражада бемаъни эди. Шундан кейин ҳоким Тилабов бошқа вариантни ўйлаб топди: “чернобилчи”нинг беш сотих ери ортиқчалиги ҳақида қарор чиқарди. Шу билан 9 январда Ғаллаорол судьялари шу беш сотих ердаги барча иншоотларни бузиб ташлаш ҳақида қарор чиқарди.

Шуни қўшича қилиш керакки, Куразованинг эри ҳам таъқиблардан четда қолмади. 2016 йил 29 октябрда ГАИ ходимлари уни арзимас сабабга кўра тўхтатиб, қандайдир “ортиқча километраж” деган баҳона билан лицензиясини олиб қўйишди. Кейинчалик қайтариб беришди, аммо уни тинч қўйишмаслигини тушунган эри машинани ижарага бериб қўяқолди.

Ғаллаорол расмийлари Куразовлар оиласини шунчаки “тинчитиш” эмас,балки хонавайрон қилишга бел боғлаган кўринади. Шундан кейин катталар нима қилганда ҳам бошқалар индай олмайдиган бўлиши керак.

Қайд этиб ўтиш жоиз, майор Эшбеков ўзининг хулқ-атвори учун ҳайфсан олди, ҳоким Тиллабов эса 22 декабр куни шахсан президент Шавкат Мирзиёев томонидан ишдан олинди. Адолат тантана қилганга ўхшайди. Аммо Ғаллаоролдаги ўзбошимчалик ҳали ҳам давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама