05:07 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Қийноқлар кундалиги

16.01.2017 14:26 msk

Фарғона

Кейинги ўн беш йил ичида деярли ҳар куни таҳририятимизга Ўзбекистондаги шафқатсиз суд ҳукмлари, қамоқхоналардаги қийноқ ва азоблашлар, қамоқ муддатини асоссиз узайтиришлар, қамалганларнинг қариндошлари ҳукумат органларига ёзган шикоятларига оид хабарлар келиб туради. Бундай ҳолат йиллаб давом этади, ҳуқуқ ҳимоячиларининг амалдорларга юборган аризалари ва сўровлари эса жавобсиз қолаверади. Сўроқ қилишдаги қийнашлар, адолатсиз суд мажлислари, қамоқхоналардаги қийноқлар кенг кўлам касб этган бўлиб, булар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг моҳиятини ташкил этади.

Ўзбекистонда қийноқларнинг “мунтазам” ва “кенг тарқалган”лиги ҳақида илк бор хабар қилган шахс БМТ махсус маърузачиси Тео ван Бовен эди. У мамлакатга 2002 йил охирларида келган ва ўша пайтдаёқ Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва жазони ижро этиш тизимларидаги вазиятни мониторинг қилишда қийинчиликка дуч келган эди.

Бугунги кунда тергов остидагилар ва маҳбусларнинг ҳуқуқи поймол қилинаётганига оид барча ҳолатларни қайд этиб боришнинг иложи йўқ. Биринчидан, Ўзбекистонда мустақил кузатувчилар жиноий ишлар ва суд ҳукмлари билан танишишга қўйилмайди, маҳбуслар сақланаётган шарт-шароитларни билишга имкон берилмайди. Иккинчидан, касаллиги туфайли ёки муддати тугагани учун озод этилганлар интервью бериш, бошидан ўтганларни айтиб беришга ошиқмайди, чунки озод этилаётганида ҳеч қандай маълумотни ошкор этмаслик ҳақидаги тилхатга қўл қўйишади. Собиқ маҳбусларга ИИБ ходимлари ва назоратчилар таҳдид қилиб, акс ҳолда қўлга олиниб, суд қилинишини айтишади.

Қийноқ ва азоблар ҳақидаги қисқа маълумотларни Ўзбекистонда қолган оз сонли ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатишади. Бугун “Фарғона” янги “Қийноқлар кундалиги” номли рубрика очмоқда, унда Ўзбекистондаги суд ва жазони ижро этиш тизимида инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид барча гувоҳликларни йиғишга ҳаракат қиламиз. Хуллас, бошладик.


Акмалнинг ҳикояси: ёлғондакам “контрабанда” ва ростакамига қамоқ муддати

“Ассалому алайкум. Менинг исмим Азиза, мен Қозоғистон Республикаси фуқароси Расулов Акмалнинг синглисиман. Акмал “диний видео-аудио ёзувларни чегарадан ноқонуний олиб ўтишда” айбланиб, ноҳақ қамалган. Аудио ва видео ёзувлар ҳеч қандай террористик, экстремистик ёки сиёсий мазмунда бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг конституциясини бузмаган. Илтимос, акамнинг уйга қайтишига ёрдам беринг! Унинг оёқларида куйдириш изларини кўрдик, унинг ҳаётидан хавотирдамиз”.

Қозоғистондан уч кун олдин келган хат шундай бошланади. Маҳкумнинг синглиси бу ишнинг тафсилотлари ҳақида сўзлаб беради. Унинг ижозатига кўра буларни чоп этамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистонга дипломатик каналлар орқали сўров юбориш илтимоси билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилишни Азизага маслаҳат бердик.

“Акмал, Қозоғистон фуқароси, илгари судланмаган, уйланмаган, якка тартибдаги тадбиркор, Чимкентда яшайдиган собиқ ҳарбий ходим, 2016 йилнинг 23 мартида Тошкент шаҳридаги “Ғишт кўприк” божхона постида қўлга олинган, бунга асос сифатида унинг телефонида диний мазмундаги аудио-видео роликлар топилгани келтирилган, - деб ёзади Азиза. - Телефон декларацияда кўрсатилган эди. Телефонни текшириб кўргач, ўғлингизни қўйиб юборамиз, деб, онасини қўйиб юборишган. Аммо уни номаълум томонга олиб кетишган. 21 июлда Тошкентда Акмални 246-модда, 1-бўлими (“... диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш”. – “Фарғона” изоҳи) бўйича 5 йилга қамашди.

2016 йил 12 октябрида Ўзбекистонда амнистия эълон қилинди, унга кўра бошқа мамлакат фуқаролари озодликка чиқарилиши керак эди. Аммо Акмални қўйворишмади – унинг суд мажлисида ўзи ҳам иштирок этмаган – уни судга олиб келиб ўтиришмаган, унда учта қоидабузарлик борлигини айтиб, ҳукмни ўз кучида қолдиришган холос. Кейинчалик ота-онаси билан учрашганида, Акмал суд бўлиб ўтганидан бехабарлигини, қоидабузарлик қилгани ҳақида ҳам энди эшитиб турганини айтган”.

Азизанинг ёзишича, Акмалнинг телефонида ҳеч қандай “террористик ёки экстремистик мазмундаги ёки Ўзбекистон Республикасига қарши” материал бўлмаган. Акмал ҳеч қандай тақиқланган ташкилот ёки гуруҳ аъзоси бўлмаган, Ўзбекистонда ҳеч қандай ўртоқ ёки танишлари йўқ, фақатгина битта қариндоши – холаси бор.

Қозоғистонликнинг қариндошлари учрашув пайтида унинг оёқларида куйдириш изларини кўришганидан хавотирда. Уларда Акмални қийнашаётгани ёки жисмоний азоб беришаётганини тахмин қилишмоқда.

Андрей Хван иши: қовурғасини синдириб, совуққа ҳайдашмоқда

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг хабар беришича, 76-сонли жазони ижро этиш муассасаси раҳбарияти маҳбус Андрей Хванга нисбатан таҳқирловчи қийноқ қўллаган. Маҳбуснинг онаси Людмила Хванга кўра, қамоқхона ходимлари Андрейни уриб, қовурғасини синдирган. Шикоят келиб тушганидан сўнг Андрейга ўзи зинадан йиқилиб тушгани ҳақида мажбуран тилхат ёздириб олишган. Калтаклашга гувоҳ бўлган маҳбуслар - Сергей Ким, Салават Аухатова, Яниса Хусаиновалар кўрсатма бергани учун босим остига олинган, улар кучайтирилган режимга ўтказилиб, қаҳратон пайтида далада ишлашга мажбурланган.

“76-муассаса раҳбари Анвар Жуманов қаҳратон пайтида маҳбусларни даладан ғўзапоя юлишга мажбурламоқда. Ёмғир ёққани учун далалар сув босган, маҳбуслар лойга ботиб, пойафзалига сув кирган ҳолатда ишламоқда. Бундан ташқари маҳбусларнинг айтишича, колониядаги чорвадорлик фермасига дарахтларни олиб келишади ва маҳбуслар уларни майдалайди. Кейин ўтинни аҳолига сотиш учун олиб кетишади. Чунки яқин-атрофдаги аҳоли пунктларида газ йўқ. Ғўзапояни ҳам қамоқхона ходимлари аҳолига сотади. Қамоқхона раҳбарияти шахсий манфаатларини кўзлаб, фермада чорва молларини боқади, маҳбуслар эса бу чорвани парваришлаб, ферма ҳудудини тозалаш билан банд”, - деб хабар беради ЎҲҲА 2017 йилнинг январида.

Бахтиёрнинг иши: муддатнинг чексиз узайтирилиши

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) ходимларига 1950 йилда туғилган пенсионер, 2-гуруҳ ногирони, 4 боланинг онаси, Тошкентда яшовчи фуқаро Гулчаш Содиқова мурожаат қилди.

Унинг 1977 йилда туғилган, Тошкентда яшайдиган ўғли Содиқов Бахтиёр Баҳодирович 2001 йилнинг 4 мартида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, қийноққа солинган ва 2001 йилнинг 14 августида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 244-2 модда “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” бўйича қаттиқ режимдаги колонияда 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

ЎМҲҲТГ раҳбари Сурат Икромовнинг маълумотларига кўра, Содиқов Қашқадарё вилоятининг Косон шаҳридаги 64/51-муассасага жўнатилган. У ерда назоратчилар томонидан қаттиқ қийноққа солинган. Гулчаш опа 2010 йил 5 ноябрда ўғли Бахтиёр билан кўришганида у озиб кетган ва хаста ҳолатда бўлган, юзида ва баданида калтакланиш излари бўлган. Бахтиёрни қамоқхонанинг режим бўйича назоратчиси Дилшод ва бошқа бир нечта назоратчилар 30 ва 31 октябрь куни икки сутка давомида калтаклаганини, ҳушидан кетганидан кейин эса санчастга олиб боришганини айтиб берган.

2013 йил 5 мартида Содиқов муддатини ўтаб бўлган, шундан сўнг қамоқхона маъмурияти унга 221-модда “Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик” бўйича янги иш тўқиб, муддатига яна 3 йил 11 ой қўшиб берди. Уни Навоий шаҳридаги 64/46-муассасага ўтказилган ва у ерда ҳам калтаклаш ва қийноққа дучор қилинган.

“Содиқовнинг онаси 2016 йилнинг октябрида ўғли билан учрашиш учун қамоқхонага борганида, нозир унинг ўғли изоляторда эканини, у билан 2 соатлик учрашув учун декабрда келиши кераклигини айтган. Аммо она декабрда ҳам ўғлини кўролмади: у ҳали ҳам (3 ойдан бери) жарима изоляторида экан, - сўзлаб берди Сурат Икромов. – Учинчи марта берилган жазо муддатининг тугашига икки ой қолди. Онаси тушкунликка тушган: муддатини яна узайтиришармикан-а?.. У янги муддат қўшиб берилиши мумкин бўлган ўғлига ёрдам беришини сўраб Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилмоқда”.

Ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икромов томонидан қилинган тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида диний ва сиёсий сабабларга кўра қамалган 13500 атрофида маҳбус мавжуд. Уларга муддат қўшиб бериш амалиётини расмийлар 2006 йилдан бошлашган. Ҳар йили 300 дан 500 гача маҳбусга 221-модда бўйича 3 йилдан 6 йилгача муддат қўшиб берилади, уларнинг ярмидан кўпроғи аллақачон иккинчи, учинчи ва тўртинчи муддатларни ўтамоқда. Шу тариқа, бугунги кунда “қўшилган муддатлар” бўйича 4000 атрофидаги диний ва сиёсий маҳбус жазо муддатини ўтамоқда. “Диндорлар” 2005 йилдан бери амнистияга тушмайди. Диндорларнинг жуда камчилик қисмини муддати тугаганида озод этишади, уларнинг аксарияти оғир ва тузалмайдиган касал билан хасталанган бўлади.

Таҳририятдан: Агар сиз ёки сизнинг қариндошларингиз, дўст ёки танишларингиз қийноққа учраган бўлса, бу ҳақда таҳририятимизга ёзинг (контактлар бу ерда). Хатингиз жавобсиз қолмайди, иложи бўлса, чоп этилади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама