19:31 msk, 26 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бошимдан ўтгани: Ўзбекистонда чиқиш визаси қандай олинади

02.01.2017 09:09 msk

Фарғона

Чиқиш визаси бу – фақатгина Ўзбекистон ва Шимолий Корея фуқароларининг чет элга чиқиш йўлига қўйилган ва ошиб ўтиши керак бўлган, тўсиқдир. Расмий номланиши – рухсатнома стикери. Икки йил амал қилади, у бўлмаса фақат тўққизта собиқ иттифоқ мамлакатларига бориш мумкин. Бошқа давлат ва ҳудудларга стикерсиз боришнинг иложи йўқ. Уни ҳамма ҳам ололмайди, бу ҳақда “Фарғона” бир неча марта ёзган. Айримларга ҳар хил сабабларга кўра рад этишади, аниқ тушунтириб ҳам ўтиришмайди, бошқалар эса керакли справкалар, анкета ва характеристикаларни йиғиб, топширишни уддалай олмайди. Бизнинг муштариймиз шу асосий босқичдан ўта олди – бир неча кун ва 145 минг сўм (“қора бозор” курси бўйича $22) сарфлади. У ҳужжат топшириш қандай бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

“Ваниҳоят мен “Чиқиш визасига ҳужжат топшир” деб номланган кўп босқичли квестдан ўтдим. Бу сизга қандайдир Machinarium эмас, ўйлаб-ўйлаб кейинги босқичга ўтиб бўлмайди. Бу умуман мантиққа зид квест бўлиб, унда олдиндан билиб бўлмайдиган вазифалар, доим ўзгариб турадиган омиллар ва тушунарсиз ривожланадиган сюжет бор. Бирданига маҳалладан навбатдаги справка керак бўладими ёки домкомдан иккита қўшни имзо қўйган характеристика керак бўладими, билмайсан. Ўйинларда қийинлик даражасини танлаш мумкин. Меники аввалдан hard (қийин) қилиб белгиланган, чунки мен 35 ёшга кирмаган қизман.

Риторик саволларнинг биринчи порцияси

Квестнинг бошланғич иккита босқичини менинг ўрнимга онам ўтди: ўтган ҳафтада менинг паспортим билан ЗАГСга бориб, мен никоҳда эмаслигим ва бўлмаганим ҳақидаги 71-шаклни буюртма берди, кейин олиб келди. Унда қўшимча босқич ҳам бор экан: биринчи марта справка олиш учун шанба куни, 3 декабрда борди, президент сайлови олдидан ЗАГС справка бермас экан. Буларнинг нима алоқаси борлиги тушунарсиз, аммо бунақа саволларни тизим кўрмайди ва эшитмайди.

Аввалига онамга справка беришни хоҳлашмаган, ўзим боришимни сўрашган. Балки шу пайтгача турмушга чиқмаганим учун, қанчалик хунуклигимни кўрмоқчи бўлишгандир. Аммо онам справкани барибир олди. Харажати – беш минг сўм атрофидаги йўлкира холос (расмий курсда $1 – 3217 сўм, ҳақиқийсида – 6580 сўм).

Учинчи босқичга кеча эрталаб бордик – онамнинг номидан менинг хорижга чиқишимга нотариал рухсатнома олдик. Бу 35 дан ёш қизлар учун махсус босқичдир. Мен 12 йилдан бери ота-онамсиз, бошқа шаҳарда яшаётганимнинг аҳамияти йўқ – давлатга қизиғи йўқ, онангдан рухсатнома оласан, тамом-вассалом. Ота-онанг ажрашмаган бўлса, отангдан ҳам оласан. Турмушга чиққан бўлсанг, эрингдан оласан.

Менда риторик савол туғилди: давлат 35 ёшга кирмаган қизларни ким деб ўйлайди? Мамлакатдан чиқиш юзасидан мустақил қарор қабул қила олмайдиган, сўлаги оқиб юрадиган, муомалага лаёқатсиз бир жонзотми? Жинслар тенглиги қайда қолди? Ҳаракат эркинлиги-чи? Йўқ, биз, Ўзбекистон қизлари бунга лойиқ эмасмиз.

Тошкентда нотариуслар кўплиги қўл келди, бу босқични нисабатан осон босиб ўтдик – бир ярим соат кетди холос. Харажати – справка учун 18 минг сўм. Кассада менга 1000 сўмлик “мажбурий” лотерея билетини ўтказмоқчи бўлишди. Катта пул эмас-у, аммо гап бошқа нарсада: нега мени мажбурлаб олдиришмоқчи?

“Лотерея билетини олмасам, справка бермайсиз, шунақа демоқчимисиз?» - деб шундай мулойим сўрадимки, кассир дарров фикридан қайтди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, билетни олиш шарт эмас экан.

Нотариуснинг олдидан ўлжа билан чиқиб кетдик – мамлакатдан чиқишимга нотариал рухсатномани олдик, лотерея билетини олмадик! Аммо бу ҳужжатнинг моҳиятини тушунмайман. Унда ёзилишича, онам менинг Ўзбекистондан чиқишим ва исталган мамлакатга боришимга рухсат беради, менга эътирози йўқлиги ҳақида имзо қўяди. Бу нимага керак? Нимага мендек кап-катта одамга бошқа одам мамлакатдан чиқишга рухсат бериши ёки тақиқлаб қўйиши керак? Бу саволлар риторик, албатта.

Тизимни бузиш

Сешанба куни эрталаб ишдан рухсат сўраб, онам билан вилоят ОВИРига бордим. Керакли ҳужжатларни топшириб, чиқиш визасини олиш мақсадида бордик. Бу стикер паспортга қўйилади ва икки йил амал қилади.

Вилоят ОВИРи бу дўзахнинг бир тури. Бу фалокат миқёсини тушунишингиз учун вазиятни ойдинлаштираман.

2016 йилги расмий маълумотларга кўра, Тошкентда 2,3 млн киши яшайди. Шаҳар 11 та туманга бўлинган бўлиб, ҳар бирининг ўзида ОВИР бор, уларга фуқаролар яшаш жойи бўйича мурожаат қилиши керак. Туманларда аҳоли тенг тақсимланмаган, аммо ҳар бир ОВИРга ўрта ҳисобда 200 минг киши тўғри келади. Чиқиш визасини ҳар бир киши эмас, балки ярми олади дейлик. Демак, битта ОВИР 100 минг кишига хизмат кўрсатади.

Вилоят ОВИРига эса Тошкент вилоятида яшовчилар мурожаат қилиши керак. У ҳаммага битта. 2015 йил ҳолатига Тошкент вилоятида 2,6 млн киши яшайди. Вилоятда ҳам чиқиш визасига одамларнинг ярми ҳаракат қилади дейлик. Демак, бу ОВИРда 1,3 млн кишига хизмат кўрсатилади! Худди Тошкентдаги ОВИРларга ўхшаб, бу ерда ҳам ҳужжат топширишга битта дарча, инспектор билан суҳбатга ёзилиш учун яна битта дарча бор. Бу ерда қанақа навбат тўпланишини тасаввур қилдингизми?

ОВИР эрталаб тўққиздан ишлайди, биз боргунимизча ўн бўлди. У Тошкентдан ташқарида, Қибрай туманининг Салар посёлкасида жойлашган. У ерга метронинг Буюк Ипак йўли (собиқ Максим Горький) бекатидан 523-автобус юради. Ўшанда бордик. Автобус бекатидан кейин 15 дақиқача пиёда юриш керак.

ОВИРга яқинлашганда визага анкета тўлдиришда ёрдам берадиган кичкина идоралар учрайди. Ўша ерда бланкасини ҳам сотишади: уни олдинроқ интернетдан юклаб олиб бўлмайди.

Битта ишкал томони шуки, анкетада иш жойи ҳақидаги маълумотларга ишхонадан муҳр қўйилиб, ходимлар бўлими бошлиғи ёки раҳбар имзо қўйиши керак. Ишсиз бўлсангиз, яшаш жойингиздаги маҳалла қўмитасидан муҳр бўлиши керак.

Яъни, қоидаси бўйича, аввал ОВИРга келасиз, хизматлар столидан анкета бланкасини оласиз ёки сотиб оласиз, икки нусхада ўзингиз тўлдирасиз ёки ҳақини тўлаб хизматлар столида ёздирасиз, кейин шу анкета билан ишхонага ёки маҳаллага қайтиб, муҳр қўйдирасиз. Шу тарзда сизга бир куни етмайди: ОВИРга қайтгандан сўнг керакли дарчага барибир навбатга етолмайсиз.

Аммо биз “тизимни буздик”, бир ой олдин бир танишимиздан бўш анкета олиб, нусхаладик. Ҳар эҳтимолга қарши тўрт нусха қилдик, аслида иккита керак холос. Аммо бу ишда кашага сариёғ қўшгандек ҳаракат қилиш керак – қанча кўп бўлса шунча яхши.

Душанба куни ишхонага бўш анкеталарни олиб келдим ва тўрталасига ҳам муҳр қўйишни сўрадим. Керагидан кўп қилганим ҳам яхши бўлибди, биттасини яроқсизга чиқаришди, муҳр хира тушганмиш.

Шундай қилиб ОВИРга кўнглимизни тўқ қилиб кириб келдик.

Асосийси – ортиқча нарса йўқ!

Анкеталарни уйда тўлдириб ўтирмадик, чунки улар исталган мамлакат элчихонасидагига ўхшайди – уларни қандай тўлдириш кераклигини тушуниб бўлмайди, майда шрифтда ёзилган изоҳлар эса баттар чалкаштиради.

Иш санаси қандай кўрсатилади? Рақамдами? Ой номини сўзда ёзиш керакми? “Ота-онаси ҳақида маълумот” – Исми-шарифи, туғилган санаси, иш жойини ёзса бўлдими? Ёки яшаётган манзили ҳам керакми? Паспорти кўрсатиладими? Ишхона манзили-чи? Ва ҳоказо ва шу кабилар. Ўзига жуда ишонган одам ҳам бу анкетани тўлдиришда бир неча жойида маълумотни қандай кўрсатишни билмай, бошини чангаллаб қолса керак.

Одатда элчихоналар сайтларида анкета шаклига қўшиб, уни тўлдиришнинг йўл-йўриғи берилади. Бизнинг ҳолатда унақа эмас. Йўл-йўриқ уёқда турсин, интернетда анкетанинг шаклини ҳам олиб бўлмайди. Шу сабабли барча туристик сайтлар хизматлар столидан фойдаланишни маслаҳат беради, улар қандай тўлдириш кераклигини билади.

Биз биринчи дуч келганига мурожаат қилдик. Ўша ердаги аёл менинг айтганларим билан анкетани тезда тўлдириб берди. Майда-чуйдаларга эътибор ҳам бермади шекилли.

Охирги икки йилда қайси мамлакатларда бўлганимни кўрсатиш керак экан. Паспортимни варақлаб кўриб, 2014-2016 йилларда Россия ва Қозоғистонга бир неча марта борганимни ёзиб қўйди. Мен бу пайтларда Италия, Таиланд, Малайзия ва Туркияга борганимни айтмоқчи эдим, аммо у шартта “Россия билан Қозоғистон етади!” деб сўзимни бўлди ва ҳужжатларимни делога тикиб берди.

Харажат – анкета тўлдиришга 15 минг сўм ва туғилганлик гувоҳномасидан нусха олишга 500 сўм.

Дарвоқе, чиқиш визасини расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар топширилади:

- 4 та сурат 3,5х4,5 см

- виза олишга ариза-анкета 2 нусхада

- биометрик паспортнинг асли

- биометрик паспортнинг 2та нусхаси

- туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси

- виза учун давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

35 га кирмаган қизлар учун қўшимча ҳужжатлар (яъни мен):

- онасининг паспорти нусхаси

- онаси томонидан чиқишга рухсатнома, нотариал тасдиқланган

- ота-онасининг никоҳи бекор қилингани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси (никоҳ узилмаган бўлса, отасидан ҳам рухсатнома)

- ЗАГСдан 71-формадаги справка, никоҳда эмаслигинг ҳақида (акс ҳолда эридан ҳам рухсатнома олиш керак)

- иш жойидан характеристика (унда сизни ҳар томонлама ишонса бўладиган, яхши муносабатли, ҳар хил йўлга юрмаган, шубҳалардан холи инсонлигингиз таъкидлаб ёзилгани маъқул).

Ҳаммасини делога тикиб, муқовасига каттакон қилиб Ҳиндистонга туризм мақсадида визага топширганимни ёзиб қўйишди. Нимадир дейишим керак эди-да, Ҳиндистонга эса анчадан бери боргим келарди.

Кейин ОВИРга йўлни давом эттирдик.

Иккита залда адашиб қолиш

ОВИР бизни узундан-узун навбатлар билан кутиб олди. Ҳамма дарчаларга, ҳамма йўналишларда навбат катта эди. Давлат божи тўланадиган кассагагина навбат йўқ эди, у ерда икки кишигина турувди. ОВИР ҳисоби бўйича бу навбат эмас, балки манфий бир қиймат эди.

Дарров керакли навбатни топа олмадик: иккита залда тўққизта дарча бор, қайси бирига биринчи туриш кераклиги ҳақида маълумот йўқ. “Сўраб оламан холос” деган баҳонамиз ҳам ўтмади, чунки “рус тилини билмайман” дейишарди (вилоят ОВИРи-да, нима қилса ҳам!) ёки ўзимизга ўхшаб, қайси навбатга туришни билмай уёқдан-буёққа ўтиб юрганларга дуч келардик.

15 дақиқа оворагарчиликдан кейин бир қиз айтиб қолдики, аввал кассада давлат божини тўлаш керак, кейин иккинчи залда анкетани топшириш керак. Мен бўлсам МХХ (Миллий хавфсизлик хизмати) ходимининг олдига суҳбатга боришим керак: у ердаги синчков амаки менга берилган ажойиб тавсифнома билан анкета асосида, оғзаки суҳбат натижасида менга баҳо бериши керак. Мен хорижга чиқишга лойиқлигим ҳақида хулоса чиқариши керак. Шундан сўнггина паспортим билан ҳужжатларимни қабул қилиб, 25 кундан сўнг стикер туширилган паспортимни қайтаришлари керак. (“Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши тартиби”га кўра, ҳужжат топширилганидан сўнг 15 иш куни ичида паспортга стикер қўйилиши керак. – “Фарғона” изоҳи).

Кассада бир пасда тўладик. Карточкадан тўласа ҳам бўлар экан. Харажати - 74887,5 сўм. Анкетага тўлов квитанциясини қистириб қўйишди, энди топширишга иккинчи зални қидириб кетдик.

Мушкул вазифа экан: иккинчи зални ҳеч тополмасдик. Ҳеч қаерда ёзув ёки рақам қўйилмаган. ОВИР ташрифчиларини сўровдан ўтказиш орқали ва ҳалиги қизга қайта мурожаат қилиш орқали шуни билдикки, иккинчи залда юрган эканмиз, резолюцияни “Ҳужжатларни қабул қилиш” деган дарчада қўйдириш керак экан. Ким билибди дейсиз?

Бунақа оворагарчиликлардан кейин яна бир нечта риторик савол туғилди. Қайси дарчага мурожаат қилиш тартибини ва бутун йўл-йўриқни деворга катта қилиб ёзиб қўйса бўлмайдими? Одамлар ҳар бир дарчани олдида йиғилиб олиб, жанжал қилганидан кўра электрон навбатни ташкиллаштирса бўлмайдими? Нега вилоятда бир нечта ОВИР ташкил қилиш ёки шу биттадаги ходимлар сонини кўпайтириш мумкин эмас? Шунда бунақа навбат ҳам йиғилмас эди.

Инспектор ва ажиотаж

Тартибсиз навбатда бир соатча тургач, биз анкетага резолюция қўядиган инспекторгача етиб келдик.

Инспектор турли визалар қўйилган паспортимни беш дақиқача яхшилаб томоша қилди ва нимага ташриф буюрилган мамлакатлар рўйхатида Таиланд билан Италия қўшилмаганини сўради.

Ана, мен анави аёлга айтган эдим-а!

Мен анкетани хизматлар столида тўлдиришганини ва бу маълумотларни қўшишмаганини айтдим. Ок, - деб розилик билдирди инспектор. Кейин Россияда нима қилганим, қанча бўлганимни сўрай бошлади, нимага Москвада турган манзилимни аниқ кўрсатмаганимни сўради.

Мен иш юзасидан командировкада бўлганим, ҳар гал уч кундан олти кунгача борганим, турли меҳмонхоналарда турганим, манзилларни эслаб қолмаганимни айтдим.

Инспектор ўзича жавраб қўйиб, кейин пастда қавс ичида “командировка” деб ёзиб қўйишимни сўради. Мен анкетани тўғирлаётганимда онам бошқа дарчага навбатда турди, чунки яна бир соат кутгимиз келмаётганди.

Мен яна дарчага келганимда у ерда бошқа инспектор ўтирувди: қизнинг ўрнига бир эркак ўтирибди, у яна командировкаларим ҳақида сўрай бошлади. Ваниҳоят ўзининг фамилиясини қиялатиб ёзиб қўйди ва битта анкетага қўл қўйди. Иккинчисига қўймади, чунки мен МХХ инспекторига суҳбатга боришим керак экан, ўшандан кейингина ҳужжатларимни қабул қилишаркан.

МХХчига навбатга туришнинг ўзи алоҳида масала. Эрталаб соат 10да навбатда 45 киши турганди, қабулга ёзилиш эса тўхтатилган эди. Айтишларича, ОВИРга эрталаб 6 да келиш керак экан. Шу пайтда одам йиғилишни бошлайди ва келганларнинг фамилияси вараққа ёзилади. Соат 9 да теишли дарчага котиба келиб, рўйхатни олади ва йўқлама қилади. Йўқламада жавоб бермаса, навбатдан ўчириб ташлашади. Жавоб берса, котиба ҳужжатларини текшириб кўради, ҳаммаси жойида бўлса, кейин ўзининг рўйхатига ёзиб қўяди. Кейин инспекторга киришни кечки олтигача кутиб ўтирасан. Инспектор ҳафтасига икки кунгина – сешанба ва жума кунлари қабул қилар экан. Демак, сешанбада кира олмасам, жума куни эрталаб соат 6 га келишим керак.

ЯНа битта риторик савол: нимага бу инспектор ҳар куни ишламайди? Бу одам фоҳишаларни қайтаравериб роса чарчаса керак, шунинг учун ҳафтасига фақат икки кун қабул қилади.

Тушунишимиз бўйича, бу нарса инспекторнинг олдига киришни қийинлаштириш учун сунъий равишда юзага келтирилган. Демак кимгадир фойдаси бўлса керак. Кимга фойдаси борлигини билишга ҳам муваффақ бўлдик.

Залда кезиб юрганимизда бир шубҳали киши олдимизга келиб, инспекторнинг олдига навбатсиз кириб, виза олишга ёрдам таклиф қилди. Биз эса олдинроқ онам билан ҳаммасини ўзимиз қиламиз, коррупциянинг ҳамёнимизга кириб келишига йўл қўймаймиз деб келишиб олган эдик. Аммо шунчаки нарх-навони билгимиз келди.

- Тушунсангиз керак, навбатсиз кириш текин бўлмайди. Муайян миқдорда пул бериш керак, - деди бу шубҳали киши, ҳамёнимизга қармоқ ташларкан.

- Ҳа албатта, - дедик биз, - қанча?

- Инспектор суҳбатига навбатсиз кириш учун 200 минг сўм, виза олиш учун 100 доллар, - деб нарх-навони тушунтирди амаки.

- Қимматлик қилади, ўзимиз амаллаймиз!

Биринчидан, пора бериш ноқонуний иш, иккинчидан, бу амаки пулни олиб, лақиллатиб кетиши мумкин. Шунинг учун кўкракни кериб дарча ёнига бордик ва намойишкорона тарзда навбат охирига турдик.

Виза олишнинг тўртинчи босқичида харажатлар жами 90.500 сўм бўлди (анкета тўлдириш, давлат божи, ОВИРга бориш-келиш йўлкираси).

“Рўйхатга илиниш” операцияси

Жума куни азондан йўлга чиқдик, 5.15 да уйдан югуриб чиқиб, “ОВИР” деб номланган қалъани забт этиш учун йўлга тушдик.

Дарров такси ҳам тўхтатдик, одатда бунақа пайтда кўчалар бўш бўларди. 8 минг сўм бериб, тез орада қалъа деворлари ёнида пайдо бўлдик.

Тонг саҳарлаб вилоят ОВИРи худди қамалдаги қалъага ўхшайди – дарвозалар ёпиқ, унинг олдида ғилдиракли лагерь қурилган бўлиб, исталган пайтда ичкарига ёриб киришга тайёр туришибди.

Соат 5.30 да мен рўйхатда олтинчи бўлдим! Биринчидаги қиз кечқурун соат бирда келибди, иккинчиси соат учда, қолганлар бешда келибди.

Соат 5.30 да ҳамма машинасининг ичида ўтирибди, мен билан онам эса отсиз эдик. Ҳаво совуқ эди, биз ОВИР девори бўйлаб уёқ-буёққа юриб, яхшигина совуқ едик.

Олти яримларда бизга ўхшаган машинасизлар сони ўнтага етди, улар совуқдан тўсиққа беркинишар, сакраб-сакраб қўйишарди.

6.45 да қалъа дарвозаси очилди ва одамлар шунақанги жаҳд билан ичкарига отилдики, худди биринчи кирганга бугуннинг ўзида навбатсиз виза қўйиб беришадигандек.

Шамол эсмаётган илиққина зални ва бир нечта скамейкани биз худонинг инъомидек қабул қилиб, бажонидил ўтириб олдик ва тугмаларни бўшатдик. Одамни бахтли қилиш осон экан: уни бир ярим соат совуқда ушлаб ўтириб, кейин скамейкали бинога киритишнинг ўзи кифоя экан.

Яна бир соатча скамейкаларда тиқилишиб ўтирдик, бир-биримиз билан танишдик, қаердан келганимиз ва нималарга дуч келганимиз ҳақида гаплашдик. Бир қизнинг айтишича, деярли бир ойдан бери ОВИРда хонама-хона юрган экан. Ёши 35 га етмаган экан, рухсатнома берадиган одамнинг ўзи йўқ: ота-онаси ўтиб кетган, эри билан олти йил олдин ажрашган. Ота-онасининг ўлими ва ажрашиш ҳақидаги ҳамма справкалари бор, аммо ҳеч ким нотариал рухсатнома бермагани учун унинг ҳужжатларини қабул қилмай, кабинетма-кабинет югуртираётган экан.

Бошқа қизнинг айтишича, Кореяга ишга кетмоқчи экан, аммо турмушга чиқмаган, отаси оламдан ўтган, онаси Россияда экан. Унга ҳам рухсатнома берадиган одамнинг ўзи йўқ. Бунинг йўлини топибди: онаси Россиядалиги ҳақида маҳалладан акт олиб келибди, энди шунинг ёрдамида стикер олмоқчи экан.

Бизга фақатгина ишхонадан эмас, балки маҳалладан ҳам тавсифнома сўрашларини айтишди, қўрқиб кетдик. Дарчадаги қиздан буни сўраб олдик. Бу ҳужжатсиз ҳам ўтиш мумкинлигини айтган қиз, менга ишонса бўладиганлигимга инспектор шубҳа билдирмаслиги учун ўзимни одобли қилиб кўрсатишни маслаҳат берди.

Соат 7.45 да котиба келиб, инспектор олдига кириш учун ўзининг рўйхатини туза бошлади: эрталабки рўйхатга қараб, фамилияни ўқирди ва ҳужжатларини текширарди. Жавоб берганларни ўз рўйхатига ёзиб оларди.

Шу пайт бир бало бошланди! Бу пайтга келиб рўйхатда 56 киши ёзилган эди. Тартиб рақамига қарамасдан, ҳамма дарчага тиқилишни бошлади. Тахминан 48-рақамли бир қиз дарча ёнига туриб олиб, 3-рақамлига ҳужжатларини узатишга йўл қўймасди.

Оломон ичида ғижимланиб кетсам ҳам, ҳужжат топширишни уддаладим. Котибанинг рўйхатига еттинчи рақамда ёзилдим, ўзи олтинчи эдим. Рўйхат бошига қандайдир бошқа қизни ёзиб қўйишди. Эрталаб соат 3 да келган иккинчи рақамли қиз норозилик билдира бошлаган эди, котиба силтаб ташлади: “Ўчир! Минғирлайверсанг умуман йўқ бўласан!”.

Эрталаб 8 да – инспекторнинг иш куни бошланишидан бир соат олдин 50 кишилик рўйхат тузиб бўлинди.

Шу пайт суҳбатда керак бўладиган бир бланкани топиш кераклиги маълум бўлиб қолди. Бланкани 500 сўмга “Ксерокопия. Срочное фото” деган дарчада беришарди. Бу бемаъни, мужмал вазият бўлди, аммо осон бўлади, деб ҳеч ким ваъда бермаганди.

Асосий синов

Соат 9 да инспектор қабулни бошлади. Ҳаяжон билан эшик олдида тўпландик. Ўнинчи рақамгача тартиб билан туриб олдик ва нималарни сўраши мумкинлиги ҳақида тахминларимизни баҳам кўра бошладик.

Тўққизинчи рақамдаги қиз “Неча пулга биров билан ётган бўлардингиз?” деган саволдан хавотирланарди. Кимдандир шунақа сўрашган эмиш. Энди “тўққизинчи” хавотирланиб, инспекторга ўзининг “унақа эмаслигини” билдириш учун ўзини қандай тутиш ҳақида ташвишланарди.

Биринчи қиз ўн беш дақиқадан сўнг чиқди. Уни саволга кўмиб ташлашди: “Нима бўлди? Нимани сўрашди? Ўтдингми?” Худди институтда энг бераҳм ўқитувчига имтиҳон топширишга ўхшарди. Ҳар гал навбатдаги қиз “Ўтдим!” деганига бутун йиғилганлар енгил тортарди.

Айримлардан қаерга ва нимага кетаётганини сўрашган, бошқасидан эса ҳеч нарсани сўрамасдан, ҳужжатларини кўриб чиқишган холос.

Бешинчи рақамдан кейин орага қўлида боласи йиғлаётган иккита олифтани тиқиштиришди.

Инспектор соатига ўнтача одамни ўтказаётган эди, шунинг учун мен соат 10 ларда кирдим.

Инспектор бир ўзи ўтирарди, ишга кўмилган одамга ўхшамасди. Телевизор ёқилган, у қизиқиб томоша қилиб ўтирарди, телевизорда “Смак” кўрсатувининг ўзбекча аналоги кетаётган эди. Шу билан бирга паришонхотирлик билан ҳужжатларимни варақлай бошлади. Мен ҳатто ўзимни ноқулай ҳис қилдим, келволиб, телевизор кўришга халақит қиляпман.

Бодринг тўғраш билан сабзида ўймакорлик қилиш жараёни ўртасида инспектор ваниҳоят менга қараб, хорижда неча марта ва қай мақсадда бўлганимни сўради. Мен ҳар эҳтимолга қарши гапни командировкадан бошладим. Инспектор ҳатто кўкатни тўғраш жараёнидан кўзини узиб, тез-тез хорижга борадиган қиз нима билан шуғулланиши ҳақида сўради. Мен унга “сиз, биз ва нефтегаз” ҳақидаги гапириб бериб, одоб билан кўзларига тикилиб турдим.

- Турмушга чиққанмисиз? - инспектор бошқа томондан олди.

- Йўқ, турмушда бўлмаганман, - дедим тетик тарзда, кўзим эса экрандаги салатда эди: чунки нонушта қилмагандим.

Инспектор яна ҳужжатларимни варақлади, ота-онамнинг никоҳи бекор қилингани ҳақидаги гувоҳномага ниқтади, ишхонадан берилган тавсифномани диққат билан ўқиб чиқди – шу пайтда мен “юраги тушди” деган гапнинг маъносини англадим. Инспектор маҳалладан олинадиган ҳужжат ҳақида индамасдан, тавсифномани ёпгач эса “елкасидан тоғ ағдарилди” деган гапнинг маъносини тушундим.

Мамлакат газ соҳасининг тараққиёти ҳақидаги ўн дақиқалик муҳокамамиз ва телеэкрандаги салатга тикилишлардан сўнг, у менга формулярни тўлдирди ва имзо қўйдириб, чиқариб юборди.

Ура, квестдан ўтдим!

Соат 10.15 да онам билан мен мағрур бир кўринишда, миллион сўмни тежаб қолган ҳолда ОВИРдан чиқдик.

Ўша кунги харажатлар – йўлга 11 минг сўм ва интервью бланкаси учун 500 сўм. Чиқиш визасини олиш учун жами харажат 145 минг сўмни ташкил этди.

25 кундан сўнг стикер қўйилган паспортимни олишим мумкин”.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама