04:32 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Муштарий мактублари: “Виртуал қабулхона” қандай ишлайди?

31.12.2016 08:42 msk

Фарғона

Биринчи бўлиб ўз виртуал қабулхонасини ўша пайтда президент вазифасини вақтинчалик бажарувчи бўлган Шавкат Мирзиёев очди. Ноябр бошида Тошкент ахборот технологиялари университетининг ректори қабулхона очди, кейин Давлат хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатчиликни қўллаб-қувватлаш қўмитасининг раиси , Ташқи ишлар вазирлиги , Таълим вазири , Молия вазири ўз қабулхоналарини очдилар...

* * *

Муштарийларимиздан келган хатлардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, Ўзбекистоннинг кўпчилик муассасаларида очилган “виртуал қабулхоналар” ҳар доим ҳам ўз вазифасини бажармаяпти. Бунинг устига, мурожаатга жавобни қуйи маҳкамага расмий сўров шаклида юборишади ва бу сўровнинг мазмуни умуман фуқароларни қизиқтирган мавзуда бўлмайди. Бизнинг тошкентлик муштирийимиз А.И. билан ҳам шундай бўлди. Унинг ҳикоясини эшитгач, қайсидир онлайн-қабулхонадан аниқ бир натижани кутса бўладими ёки йўқми, бу ҳақда ўзингиз қарор чиқарасиз.

* * *

Президент в.в.б. Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига шахсан мурожаат қилганим ҳақида ҳикоя.

Бобом касал бўлиб қолди. Таблеткалар ёрдам бермайдиган, балки юқори даражали нейрохирурглар ёрдами керак бўладиган даражада хасталанди. Бобом умр бўйи, 1958 йилдан бери собиқ авиация заводида ишлайди. “Собиқ” деган сўзни ёмон кўради, бу ҳолатни ҳали-вери қабул қила олмаса керак. Авиамуҳандислик бўйича энг кучли мутахассис, уни ҳали ҳам пенсияга чиқаришмаяпти. 75 ёшга кирди. Касаллик сабаби: беш йил олдин цехдаги ҳамкасблари билан биргаликда самолётни итариб (XXI асрда бўлаётган воқеа!!!), бели чиққан. Оғриган, жойига солиб қўйишган, вақтинчалик оғриқ тўхтаган, шунинг учун аҳамият бермай юраверган. Зўрайган пайтда таблетка ва укол билан кифояланган.

Куз бошида оғриб қолди. Оғриқка чидамай бақирарди, ухлай олмасди, хуллас бу азобни душманга ҳам раво кўрмайсан. Оиламизнинг бюджети чекланган. Мен уни нейрохирургия институтига бюджет бўлимига қандай жойлаштирганимнинг ўзи алоҳида битта қайғули ва ибратли ҳикоя бўлади. Нейрохирургия институтига бобомни тез ёрдам машинаси олиб келди. Ташлади-ю кетди, бошқа чақирувлар кўп эди. Нейрохирургия институтига да эса қабул қилишмади, уларнинг ҳеч нарса билан иши йўқ эди.

Тез ёрдам дегани бу кечиктириб бўлмайдиган, шошилинч, БЕПУЛ ёрдам дегани, бу конституцияда ҳар бир фуқарога кафолатланган. Аммо бекорларни айтибсиз. Расмий тарзда, касса орқали биздан нейрохирург консультацияси учун 11000 сўм, қон таҳлили учун 29000 олишди. Кейин айтишдики: бобонгизга раҳмимиз келади, аммо жой йўқ, уйга кетинглар. У ерда бобом, мен ва навбатчи врач орасида қандай гаплар бўлгани энди оилавий бир ривоятга айланди.

Бобомнинг дарди, ақлли терминларсиз гапирганда, умуртқада иккита чурра (грижа) бор, анча ўтказиб юборилган. Бунинг оқибати икки хил тугайди: тананинг пастки қисмлари фалаж бўлгунича оғриқдан бақириш (юрак кўтарса), кейин оғриқ ҳам сезилмай қолади; ёки операция қилиб чурраларни олиб ташлаш. Аммо умуртқа суяклари силжиб кетгани учун чурраларни олиб ташлаётганда умуртқа ажралиб кетилиш мумкин, шунинг учун титандан қилинган махсус умуртқа фиксатори (имплантант) ўрнатиш керак. Буниси майлику-я, аммо бу нарсанинг нархи 1200 дан 2000 долларгача экан. Олиш керак.

Бунча пул йўқ, аммо бу бобом-ку! Югур-югур, қарз оляпмиз, ҳаракат қиляпмиз. Бунақа имплантант сотадиган махсус тиббиёт фирмалари бор. Аммо муаммо бошланди. Курс бўйича сўмда олиб бўлмайди, фақат долларда сотилади. Банкда доллар олиб бўлмайди, фақат қора бозордан олиш мумкин. Бобомдан ташқари уч кишини боқишим керак. Бобомга охирги марта фақат май ойининг маошини беришди. Авиация заводи моддий ёрдам беришдан бош тортди. Бу сентябрь-октябрдаги гап, касалхона харажатларини қоплаш учун бобомнинг маошини тўлаш учун директор СПРАВКА сўради. Бобом ҳақиқатан ҳам НИда ётгани ҳақида (маошини олиш учун ёлғондан касал бўлиб ётиб олмаганини исботлаш учун) справка бериш керак экан. Кулгили-я? Балки. Аммо мен ёзаётганим учун менга кулгили эмас.

Шундан кейин ўша мақталган виртуал қабулхонага ёздим. Ёрдам сўрадим. Бобом ишлайдиган заводга таъсир ўтказишда ёрдам сўрадим, ахир бобом ўша ерда соғлиққа зарар шароитда ишлайди, ўша ерда белига шикаст етган. Бизда бунча пул йўқлиги ҳақида, имплантантни сотиб олишга банкдан доллар олишнинг иложини топа олмаганим ҳақида ёздим. Чунки банкка шароитни тушунтириб ариза ёзган эдим, аммо банк рад қилди.

Натижада катта қарзга кирдим. Мени ўлдирворишса керак, чунки қарзни ваъда берилган вақтда қайтара олмайман, буни олаётган пайтимда ҳам билиб турувдим. Имплантантни сотиб олдим. Бобомни операция қилишди, ҳаммаси яхши ўтди. НИ хирургларига катта раҳмат, қўллари дард кўрмасин, саломат бўлишсин. Бобом хурсанд, ўзини яхши ҳис қиляпди.

Кейин кутилмаганда бобомни парвариш қилаётган профессорлардан бири хафа бўлиб сўраб қолди: биз жамоамиз билан ниманидир нотўғри қилдикми? Маълум бўлишича, виртуал қабулхона штабидан қандайдир бюрократ, аҳмоқ каламуш НИга бобом ҳақида сўров юборибди. Бу сўровни нопрофессионалликкина эмас, балки бутунлай лоқайдлик ва бесаводлик деса бўлади. Мен бош врачнинг олдига бориб, тушунтириш хати ёзиб бердим, шуни жавобга илова қилишни сўрадим. (Шифокорлар қабулхонага нима деб жавоб ёзишни билмай, боши қотиб қолган эди, чунки мен аризамда аниқ-тиниқ қилиб умуман бошқа муаммони – молиявий муаммони ёзган эдим).

Тушунтириш хатида ёздимки, профессор ва нейрохирурглар улкан одамийлик кўрсатиб, операцияни ҳам мукаммал тарзда ўтказишди, ҳеч қандай эътироз ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас; бобом бутун умр заводда ишлади, мен ўша заводдан ёрдам сўраган эдим. Хат охирида, виртуал қабулхонада менинг илтижоимни охиригача ҳам ўқимайдиган оддий бюрократлар ўтиргани афсусланарли ҳол экани, улар бу сўровни авиация заводи маъмуриятига юбориш ўрнига врачларнинг қимматли вақтини олаётганини бетакаллуф тарзда қўшиб қўйдим.

Бир-икки кундан кейин уйимга хат келди, виртуал қабулхонадан расмий жавоб ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигидан қўшимча ёзилган эди. Энг кулгилиси шундаки, бу хатда бобом операция қилингани, имплантантни беморнинг қариндошлари (!!!) олиб бергани, бобом қониқарли, барқарор аҳволда экани ва менда эътироз йўқлиги ҳақида менинг ўзимга хабар беришди. Бу ажойиб фактлар ҳақида менга хабар бериш учун менинг ўзим врачларга ёзиб берган тушунтириш хатини нуқта-вергулигача кўчириб беришибди...

Бобом уйда, хурсанд, ҳеч қаери оғримаяпти, бемалол ҳаракат қиляпти – мен вазифамни бажардим. Виртуал қабулхона ҳам белги қўйиб қўйди – унинг вазифаси бажарилди. Завод бобомга моддий ёрдам сифатида 100000 сўм (тахминан 15$) берди – унинг ҳам вазифаси бажарилди. Менга келсак, тез кунларда икки минг долларни қайтаришим керак – мана шуниси энг қайғули манзара.

А.И.

* * *

Ҳурматли муштарийлар! Бизга давлат онлайн-қабулхоналарига мурожаатингиз ҳақида сўзлаб беринг. Шу ердаги шарҳларда ёзинг ёки бош муҳаррир Даниил Кисловга dan@kislov.ru манзилига ёзинг.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама