05:08 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Европарламент Ўзбекистондан импорт қилинаётган тўқимачилик маҳсулотларига божларни камайтириш учун овоз берди

29.12.2016 11:08 msk

Фарғона

Европа парламенти 14 декабр кунги мажлисда “тўқимачилик протоколи”ни ратификация қилиш учун овоз берди, бу протоколда Ўзбекистондан импорт қилинаётган тўқимачилик маҳсулотларига божларни камайтириш кўзда тутилади. Масалани ёқлаб 564 депутат овоз берди, 100 депутат қарши чиқди, 41 нафари бетараф қолди.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг декабрида Европарламент депутатлари Евроиттифоқ томонидан Тошкентга савдо имтиёзлари берилишига қарши чиққан: улар “Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини кескин қоралаган” ва “президент Ислом Каримовни ХМТ кузатув миссиясига болалар меҳнатидан фойдаланилаётганини текшириш учун мамлакатга келишга рухсат беришга чақирган” эди.

2015 йилда Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларига пахта терими пайтида далаларга кириш, турли муассасаларга ташриф буюриш ва одамлар орасида сўровнома ўтказишга рухсат берди. Мониторинг 2015 йилнинг 14 сентябридан 31 октябригача Ўзбекистоннинг ўнта ҳудудида: Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида ўтказилди. Ҳар бир ҳудудга битта гуруҳ тузилиб, унинг таркибига ХМТдан битта хорижий кузатувчи ва бешта маҳаллий кузатувчи, яъни, Меҳнат вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси, Хотин-қизлар қўмитаси ва рўйхатга олинган ноҳукумат ташкилотдан биттадан вакил киритилган. Улар умумий ҳисобда 1100 та жойга, жумладан, 254 та пахта даласига ташриф буюрган ва 9620 марта интервью олган.

Натижада қуйидаги баёнот берилди: “Ўзбекистонда пахта терими пайтида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан кенг миқёсда фойдаланиш ҳолатлари аниқланмади”. Бундай хулосага қанчалик ишониш мумкинлигини қуйидаги мақоладан ўқиш мумкин: “Пахта-2015. ХМТ ва Ўзбекистон ҳукуматининг биргаликдаги мониторинги қандай ўтказилди”. Шунга қарамасдан, шу баёнот Европарламентнинг қарор қабул қилишига асос бўлди.

“Европа депутатлари бу қарорни 2011 йилдан бери Ўзбекистон пахта секторида ижобий ўзгаришлар рўй бергани билан изоҳлашмоқда: ҳукумат 2013 йилдан бери болалар меҳнатидан илгаригидек оммавий равишда фойдаланмаяпти ҳамда ХМТ билан ҳамкорлик қилмоқда, - деб изоҳлади Евроопарламент қарорини “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми” (УГФ) директори Умида Ниёзова. - Европарламент депутатлари билан қилган шахсий суҳбатлардан маълум бўлдики, улар Ўзбекистонда пахта секторида мажбурий меҳнат муаммоси борлигини билишади. Айни пайтда улар бундай ижобий қадамларни тан олиш ҳукуматни тўғри йўналишда ҳаракатланишга рағбатлантиради, деган фикрда”.

2016 йил декабрида УГФ “Ўзбекистон пахта секторида мажбурий меҳнат. 2016 йилги пахта теримининг дастлабки натижалари” деб номланган ҳисобот эълон қилди, бу ҳисоботда болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммоси ҳақида, жумладан, (ўтган йилга қараганда) кўпроқ 14-15 ёшли мактаб ўқувчиларини жалб қилиш, катталарнинг мажбурий меҳнатидан кенг кўламли фойдаланиш ҳақида ёзилган.

“Бизнинг хулосамиз шуки, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан систематик ва кенг кўламда фойдаланилмаса-да, пахта теримига одамларни мажбурий сафарбар этиш тизими мутлақо ўзгаришсиз қолмоқда. Шу билан бирга давлат секторида ишловчилардан иборат катта ёшли теримчилар сони ва хусусий сектордан “теримчилар эҳтиёжи учун” олинадиган маблағ миқдори ортган, - тушунтиради Умида Ниёзова. - Айниқса қишлоқ жойларида мактаб ва коллежлар пахта терими даврида номига очиқ бўлади, чунки ўқитувчиларнинг аксарияти пахтага сафарбар этилади”.

“ХМТ билан ҳамкорликка келсак, - деб давом этади УГФ раҳбари, - Ўзбекистон бу ташкилотга мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилишга рухсат берди, аммо бунда давлат структуралари ҳам иштирок этиши шарт бўлди. ХМТнинг асосий ҳамкори Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси бўлиб, у ўзини мустақил ташкилот сифатида кўрсатади, аммо бу ёлғон гап. Ўзбекистонда анчадан бери бирорта ҳам мустақил структуранинг ўзи йўқ, у ноҳукумат ташкилот бўладими, суд ёки парламент бўладими, фарқи йўқ”.


“Ҳамма пахта теримига”. УГФ сурати, 2016 йил кузи

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги тўқимачиликка оид протокол бўйича овоз беришдан олдин УГФ Европарламент аъзоларини мажлис ўтказишга чақирди. Унда экспертлар ва фуқаролик жамияти аъзолари иштирок этиши ва Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланилишига оид далилларни келтириши кўзда тутилган эди.

“Бундан ташқари биз Европа парламентидан мажбурий меҳнатни белгилайдиган аниқ мезонларни белгилашни сўраймиз, бу мезонлар Ўзбекистон билан тўқимачиликка оид протоколни ратификация қилишда ҳисобга олиниши керак”, - дейилади УГФ ҳисоботида, бу ҳисоботнинг тўлиқ матнини қуйида келтирамиз.

Ўзбекистон пахта секторида мажбурий меҳнат

“2016 йилнинг кузида Ўзбекистон ҳукумати пахта теримига оммавий равишда давлат сектори ишчиларини, талабалар, ижтимоий нафақа олувчиларни жўнатди, хусусий компаниялар ходимлари ўз ўрнига пахта теришга одам ёллаб, уларга ҳақ тўлашга мажбур қилинди.

Кенг кўламли мониторинг натижаларига кўра, 2015 йилда ҳукумат бир миллиондан ортиқ аҳолини пахта теримига жалб қилган. Бу ерда чоп этилган натижалар дастлабки бўлса ҳам, сафарбарликнинг тузилиши ва кўлами 2016 йилда ҳам шундайлигича қолди: мажбурий меҳнатга оммавий равишда бир миллиондан ортиқ одам чиқарилмоқда. Келтирилган натижалар қуйидагиларга асосланади: пахтага жалб қилинган 250 дан ортиқ талаба ва давлат секторидаги турли муассасаларнинг ходимларидан олинган интервьюлар; пахтага сафарбар қилинган фуқаролар томонидан юборилган 50 та хат, хабар, аудио-видео материал шаклидаги маълумотлар; мустақил ва маҳаллий матбуотда пахта теримига тегишли 100 дан ортиқ мақолаларнинг таҳлилига асосланади.

2012-2013 йилларда Ўзбекистонда кенг тарқалган болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш учун жиддий қадамлар қўйди. Бу сезиларли ўзгаришлар фақат доимий халқаро босим, хусусан, ЕИ томонидан 2011 йил декабрида протоколни кейинроққа қолдирилгани туфайли амалга ошди. Шундан сўнг ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан “муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури” доирасида ҳамкорликни кучайтирди ва Жаҳон банки олдидаги мажбуриятлари орқали шу банк молиялаштираётган лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудудларда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни назорат қилиш ва бартараф қилиш юзасидан чоралар кўришга ваъда берди. 2016 йил октябрида Ўзбекистон ХМТнинг ассоциациялар эркинлиги тўғрисидаги 87-Конвенциясини ратификация қилди.

Бу қадамларга қарамай, болалар меҳнати Ўзбекистонда муаммо бўлиб қолмоқда. 2016 йилги мониторинг натижаларига кўра сўнги икки йилга солиштирганда болалар меҳнатидан фойдаланиш кўпайгани қайд этилди. Ўзбекистоннинг камида иккита ҳудудида мактаб ўқувчилари ишга солинган, бошқа ҳудудларда ҳам якка ҳолатлар қайд этилди. Биз икки ҳудуддаги ўндан ортиқ мактаб болалари ва ўқитувчилари билан интервью ўтказдик, бу мактабларнинг 8-9 синф ўқувчилари (14-15 ёш) маҳаллий ҳокимият органи талаби билан бир неча ҳафтага пахта теримига жўнатилган. Бошқа ҳолатларда эса 5-9 синф болалари (11-14 ёш) бир неча кунга теримга юборилгани аниқланди. Болалар меҳнатидан фойдаланиш кўпайганлиги Ўзбекистоннинг пахта секторида ҳақиқий ислоҳотларни ўтказиш заруриятини кучайтиради, бундан мақсад мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига чек қўйишдир.

УГФ фикрига кўра, ХМТ Ўзбекистонда муҳим рол ўйнайди, аммо ҳукумат ХМТ билан кенг ҳамкорлик қилгани билан жойлардаги меҳнат амалиёти ўзгармай қолмоқда. Сўнгги уч йил ичида ҳукумат катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш ёки уни қисқартиришга қаратилган жиддий қадамлар қўйгани йўқ, аксинча, болалар меҳнати қисқарганининг ўрнини қоплаш учун теримда мажбуран қатнашадиган катта ёшли теримчиларнинг сони ортди. Кенг кўламда болалар меҳнатидан фойдаланишга 2012 йилда чек қўйилгани шуни билдирадики, ҳукумат пахта секторини тўлалигича назорат қилиб, унда туб ислоҳотлар ўтказишга қодир.

ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида Тўқимачиликка оид протоколни ратификация қилишга овоз беришдан олдин УГФ Европарламент аъзоларини 2016 йилги терим маълумотлари билан танишиш ва ратификацияни кечиктиришга чақиради. Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати пахта етиштиришда болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишни тўхтатиши, жумладан, ўқувчилар, талабалар ва давлат сектори ходимларини мажбуран сафарбар қилишни тўхтатиши керак.

2016 ЙИЛГИ ТЕРИМДА МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ

Терим сентябр бошида бошланди ва камида ноябр бошигача давом этди. Айрим талабалар ва давлат сектори ходимлари ноябр ўртасигача далада меҳнат қилди. Ҳукумат томонидан ташкилотлар йиғиши керак бўлган теримчилар сони ва пахта миқдори белгиланган норма ўрнатилди. Ташкилотлар эса ўз навбатида ўз талабалари ва ходимларига босим ва таҳдид ўтказиш йўли билан терим нормасини тақсимлаб берди. 2016 йилда аксарият одамлар учун териш нормаси мавсум бошида кунига 60-80 килограмм, мавсум ўртасида 40-60 килограмм ва мавсум охирига яқинлашганда 10-20 килограммни ташкил этди.

Болалар меҳнати

2016 йилда УГФ кузатувчилари аввалги икки йилга қараганда кўпроқ болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини қайд этди. Бунга мактаб ва коллеж сингари давлат муассасалари болаларни ишга жўнатгани ва далага болалар ота-онаси билан бирга боргани ҳолатлари киради. Биз қишлоқ мактабидан ўқувчилар сафарбар қилинганини камида иккита ҳудудда – Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда аниқладик; бундан ташқари бошқа ҳудудларда якка ҳолатлар ҳам аниқланди.

Масалан:

• Қашқадарёнинг иккита туманидаги турли мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари УГФга сўзлаб беришича, 5-9 синф болалари (11-15 ёшли) бир неча ҳафта давомида пахта терган. 5-6 синф ўқувчилари ҳар куни дарсдан кейин пахта терган, 7-9 синфларда эса дарслар бекор қилинган. УГФ аниқлашича, бу туманлардаги бир қатор қишлоқ мактабларида 8-9 синфларда дарслар бутунлай бекор қилинган, болалар эса уч ҳафтагача муддатга пахтага жўнатилган. “Озодлик” радиоси Қашқадарё вилоятининг бошқа туманида ҳам шундай ҳолат бўлгани ҳақида хабар берган.

УГФ ҳисоботидан сурат

• УГФ қўлга киритган далилларга кўра, Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа, Беруний ва Тўрткўл туманларидаги қишлоқ мактабларида 8-9 синф ўқувчилари пахта терган. Терим мавсумида дарслар бутунлай бекор қилинган ёки ўқув жараёни жиддий равишда бузилган, чунки бу мактабларнинг 40-50 фоиз ўқитувчилари ҳам теримга юборилган.

Биз Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида пахта терган бир нечта мактаб ўқувчиларидан интервью олдик. Улар мактабдагиларнинг буйруғи билан пахта тераётганини айтди. Биз Қорақалпоғистонда болаларини далага олиб келган ота-оналар билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, агар катталар теримга чиқмаса, маҳалла қўмитасидагилар болалар нафақасини бермаймиз деб таҳдид қилишган. Айрим ҳолларда уларнинг ёш болалари ҳам пахта терган. Қорақалпоғистондаги коллежлар биринчи ва иккинчи курс талабаларини (16-17 ёшли) пахтага чиқарганини аниқладик. Масалан, Қорақалпоғистондан 16 ёшли талаба қизнинг УГФга айтишича, дам олиш кунларида у ва бошқа биринчи курсдагилар коллеж томонидан теримга юборилган ва иштирок этмайдиганлар диплом олмаслиги айтилиб, таҳдид қилинган.

• УГФ Андижондаги бир нечта ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, кичик синфдагиларнинг ота-оналаридан пул ёки муайян миқдорда пахта йиғилган, буни ўқувчиларни пахта юбормаслик учун йиғилгани айтилган.

Ҳукумат одамларга ишлашни буюрди

Тиббиёт ходимлари ва ўқувчиларнинг мажбурий меҳнати юзасидан шикоятга жавоб тарзида 2016 йилнинг 20 июлида туман прокурори Вазирлар Маҳкамасининг “2016 йилда пахта ҳосили иштиёқ билан ва нес-нобуд қилмасдан териб олиш чоралари тўғрисидаги” протоколи асосида таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари теримда иштирок этишини айтди. Бундан ташқари, УГФ сўровнома ўтказганларнинг кўпчилиги ҳукумат фармойишига мувофиқ пахта тераётганларини айтганлар. Масалан:

• Жиззах вилояти пахта штаби аъзоси теримдан бош тортган дўкон эгасига шундай деган: “Сиз президент буйруғини бузишга ҳаққингиз йўқ!... Пахта теришингиз шарт, сизни мажбуран юборамиз. Шу маҳаллада яшайсиз, шу ҳаводан нафас оласиз, шунинг учун пахта теришга борасиз!”.

• УГФга турли ҳудудлардан келиб тушган давлат ҳужжатларида пахта теримига жалб қилинган таълим муассасалари ходимларининг сони, теримчиларни сафарбар қилишга масъул шахсларнинг исмлари келтирилган.

Меҳнат ихтиёрий бўлмади

Давлат секторида ишлайдиганлар, талабалар ва давлатдан нафақа олувчилар ишдан бош торта олмайди.

• Пахта теришни хоҳламаган ёки иложи бўлмаганлар ўз ўрнига одам ёллаб, уларга пул тўлашга мажбур бўлди. Сирдарёдаги коллеж ўқитувчисининг деганлари: “Ўқитувчилар пахта теримидан бош тортишга ҳаққи йўқ… Коллеж ўқитувчилари ўз ўрнига одам топсагина, пахтадан қолиши мумкин. Пахта термасдан уйда қолсангиз, ишдан ажраласиз”. Андижондаги лицей ўқитувчисининг УГФга сўзлаб беришича, унинг мактабидаги ўқитувчиларнинг бир гуруҳи пахтага боргиси келмаган, шунинг учун фермерга 162.000 сўмдан тўлаб (ҳар бир ўқитувчи ўн кун давомида ҳар куни 60 килограммдан териши керак, пахтани килоси 270 сўм) қўйиб, дарсларини ўтаверди. Фермерлар эса ўқитувчилар пахта тергани ҳақида ҳужжат берди.

• Теримда “ихтиёрий” қатнашиш ҳақидаги аризалар. Айрим талабалар ва давлат сектори ходимларининг айтишича, уларга теримга боришга розилик хатини имзолатишган. Агар улар ҳақиқатан ҳам ихтиёрий равишда борганида, бундай “розилик хатлари”га эҳтиёж бўлмасди. Масалан, Самарқандлик талаба ушбу матнли тилхатга қўл қўйган: “Мен 2016 йилги теримда тўлиқ қатнашиб, кунига 80 килодан пахта териш, терим пайтидаги бошқа қоидаларга риоя қилишга сўз бераман. Агар бу талабларга риоя қилмасам, ўқишдан четлаштирилишга розиман”. Айрим врачлар ҳам теримда “ихтиёрий” иштирок ҳақидаги тилхатларга қўл қўйган.


УГФ ҳисоботидан сурат

• Теримдан озод этилмайди. Ҳомиладор аёллар, ёш болалилар ҳамда касалланганлар теримдан озод этилмади. Масалан, Андижонлик коллеж ўқитувчисининг айтишича, 15 кунлик теримда қатнашаётган пайтида касаллик билан оғриб қолган. Директор уни озод эта олмаслигини, пахта тера олмаса ҳам далада қолиши кераклигини айтган.

Одамлар жазо таҳдиди остида ишлаган

Пахта теришдан бош тортганлар ёки тиришқоқлик билан ишламаганлар жазоланди. Коллеж ва университет талабалари учун кенг тарқалган пўписа бу ўқишдан ҳайдалиш ёки муаммога учраш бўлса, қолганларга – ишдан ҳайдалиш, интизомий чоралар, болалар нафақаси ва бошқа ижтимоий нафақаларни тўламаслик, коммунал хизматларни чеклаш, айрим ҳолларда жисмоний зўравонлик ҳам бўлган. Масалан:

• Терим пайтида бошқа ҳамшираларни назорат қиладиган Қўқонлик ҳамшира ҳамкасбларига ишдан ҳайдаш билан пўписа қилиб, тилхатни имзолашга мажбурлаган. Тилхатда кунлик нормани бажармаганлик учун ишдан бўшашга розилик билдирилган.

• Болалар боғчаси тарбияланувчиси пахта сменасини ўзгартиришни илтимос қилгани учун ишдан ҳайдалган. Унинг турмуш ўртоғи ҳам пахтага жўнатилгани сабабли фарзандларига қараб турмоқчи бўлган.

• Қашқадарё ҳокими фермерларнинг кўз ўнгида ўқитувчини калтаклаган, бунга сабаб эса ўқитувчининг хотинига тегишли фермер хўжалиги пахта териш нормасини бажармаган. Қаршидаги коллеж директорининг ҳам маълум қилишича, маҳаллий ҳоким нормани топшира олмаган маҳаллий амалдорларни калтаклаган.

Мажбурий сафарбарликнинг молиявий оғирлиги

Кўнгилли теримчилар учун пахта терими муҳим даромад манбаи бўлиши мумкин, аммо давлат секторида ишловчилар ва талабаларнинг аксарияти учун пахта терими даромадни ошириш йўли эмас, балки молиявий оғирлик бўлиб тушмоқда. Бутун мавсум давомида пахтанинг нархи (2016 йилда 260-270 сўм ёки $0,04) ўзгармаслиги сабабли, аксарият кўнгилли теримчилар мавсум бошида, пахта кўплигида теришни истайди. Терим охирлаб, пахта камайгач, кўнгилли теримчилар сони камайиб кетади. Ўз ихтиёри билан келганлар сонини ҳисоблаш қийин, чунки уларнинг айримлари турли ташкилот ходимлари ўрнига ишлайди. Шу тарзда, кўнгилли теримчилар пахтанинг баҳосидан ташқари ёллангани учун қўшимча ҳақ олишади.


“Пахта меники, сеники, ҳаммамизники”. УГФ сурати, 2016 йил кузи

• Озиқ-овқат харажатлари. Ётоқда қоладиган теримчиларнинг иш ҳақидан озиқ-овқат учун олиб қолинади, бу дегани кунига 25-35 кило пахтанинг қиймати сарфланади. Шунинг учун кам терадиганлар қарз бўлиб қолади. УГФ интервью ўтказган аксарият теримчиларнинг айтишича, улар қўшимча озиқ-овқат сотиб олишади ва шу тарзда ишлаб топган пули бутунлай сарфланади ёки устидан қўшимча сарфлашади.

• Қўшимча харажатлар. Кўпчилик теримчилар, айниқса уйидан узоқдаги далага теримга борганлар кийим-кечак, чўмилиш, кир ювиш ва транспорт учун тўлаши керак. Масалан, Андижондаги университет талабасининг айтишича, икки ойлик теримга тайёрланиш учун 100 долларлик иссиқ кийим сотиб олган. Айрим ҳолларда теримчиларнинг уйдагилари овқат олиб келишган ва шу зайлда қўшимча харажат қилишган.

• Терилган пахта учун паст нарх. Терилган пахтанинг нархи барқарорлиги, аммо далада пахтанинг камайиб бориши ҳисобига теримчилар борган сари кам ишлаб топишади. Ҳукумат талабалар ва давлат сектори ходимларини октябр охиригача, айрим ҳолларда эса ноябр ўрталаригача далада ишлатади. Кўпчилик бундай пайтларда кунига фақат 10 кило пахта тера олишини айтишган. Лицей ходимининг айтишича, у эрталабки 8 дан кечки 6 гача 15-20 килогина пахта тера олган. “Пул? 3000 сўм (тахминан $0,5) кимга керак? Бу пулни олиб ҳам ўтирмаймиз. Олий маълумотли ўқитувчиларни шу пул учун далада ишлатиш бу ҳақорат”, дейди у.

Талабалар

Коллежлар (ўрта мактаб эквиваленти) ва олий ўқув юртлари талабаларининг ҳолати мажбурий меҳнатга энг аниқ мисол бўла олади. 2016 йилда ҳукумат коллежларнинг учинчи курси ва олий ўқув юртларининг талабаларини оммавий равишда далага жўнатиб, 60 кун давомида ишлатди. Далада 10-15 кунлик смена билан ишлайдиган давлат сектори ходимлари ва бошқа катта ёшли теримчилардан фарқли ўлароқ, талабалар бутун мавсум давомида пахта теради, улар ёмон ва антисанитария шароитига чидаб, дам олиш кунларисиз соатлаб ишлашади. Ҳукумат коллеж талабаларини ҳам, асосан учинчи курсдагиларни сафарбар қилади. Улар 18 ёшга кирган бўлади, аммо баъзида 16-17 ёшда бўлган биринчи ва иккинчи курс талабалари ҳам жўнатилади.

УГФ ҳисоботидан сурат

• Пахта теришдан бош тортган олийгоҳ ва коллеж талабаларига ёмон баҳо қўйиш, ўқишда муаммога дуч келиш ёки ҳайдалиш билан таҳдид қилинади. Университут ва коллежларнинг кўплаб талабалари айтиб беришича, улар пахтадан бош тортадиган бўлса, академик қатағонга учрашидан қўрқишган. Далага чиқмаган талабага нисбатан жазо чоралари кўриши мумкинлигини ўқитувчилар ҳам тасдиқлашди. УГФ аниқлаган ишончли маълумотга кўра, университетнинг битта талабаси ҳайдалган. Мустақил маълумот манбаига кўра эса, теримда қатнашмагани учун Қўқонда тўртта талаба ўқишдан четлатилган.

• Университут талабалари ўқиш учун пул тўлаб… пахта теради. Олий таълим имкониятлари чекланган, ўқишга кирмоқчи бўлганлар кўп, жой эса кам. Талабаларнинг аксарияти ўқиш учун йилига 1000 доллардан 1500 долларгача тўлайди. Кўпчилик оилалар учун бу оғирлик қилади. Талабалар пахта даласида ўтказадиган икки ой ичида бу тўловларни тўлайди, ҳолбуки бу пайтда дарслар ўтказилмаётган бўлади.

• Талабалар теримда жуда кам пул топади ва қарзга киради. 2016 йилда кунига 8-10 соатдан 30 кун давомида дам олмасдан ишлаб, ҳар куни 60 килограммдан пахта терса, озиқ-овқат харажатини чиқариб ташлаганда, тахминан 40 доллар пул ишлайди. Кўпчиликда бундан ҳам кам қолади, чунки улар қўшимча озиқ-овқат, чўмилиш ва кир ювиш учун ҳам пул тўлайди. Теримнинг иккинчи ойида кўпчилик талабалар озиқ-овқат харажатларини ҳам қоплашга етадиган миқдорда пахта тера олмайди. Талабаларнинг айтишича, бу қарзларни қоплаш учун университетлар стипендияни ушлаб қолиши мумкин. Улардан бири бундай деди: “Икки ой давомида дарс ўтилмайди ва биз ишлашга мажбурмиз. Қайтиб борганимизда стипендиямизни ушлаб қолишади”.

Мониторинг ва ХМТ огоҳлантириш чоралари

Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати билан эришилган келишувлар доирасида ХМТ меҳнат жараёни ва теримчиларни ёллаш жараёни мониторинги ва кузатувини кучайтиришга, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш хатарининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўришга ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамасдан, уч томонли тузилма туфайли ХМТнинг Ўзбекистондаги фаолиятида давлат расмийлари ҳам иштирок этади. Ҳукумат мажбурий меҳнат ҳақидаги маълумотларни яшириш, жумладан, мустақил фаолларни таъқиб қилиш ҳаракатларини кучайтирганидан УГФ ташвиш изҳор қилади.

ХМТ мониторинги

Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан объектив таассуротга эга бўлиш учун ХМТ мониторинг услуби етарли эмаслиги ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

• Одамлар кузатувчилар билан очиқ гаплашишдан қўрқади. Барча гуруҳлар таркибида ҳукумат билан боғлиқ одамларнинг борлиги асосий муаммо бўлиб, бу ҳолат ХМТ хулосаларига бўлган ишончни йўқотади. Кўпчилик одамлар ҳукуматга боғлиқ бўлган амалдорлар олдида очиқ гапиришдан қўрқади. Бу ХМТнинг 2015 йилги мониторинг ҳисоботида қайд этилган.

• Одамлар кузатувчиларга ёлғон гапиришга мажбурланади. Кўпчилик жавоб берувчиларнинг айтишича, ҳукумат амалдорлари уларни ХМТ ва бошқа кузатувчиларга ёлғон гапиришга мажбурлаган. Улар теримга ихтиёрий равишда чиққани ва улар ўқитувчи, ҳамшира ва врач эмас, балки техник ходим эканликларини айтишга мажбурлашган.

• Ҳақиқий аҳволни ХМТдан яширишга уринишлар: Андижонлик университет талабасининг УГФга айтишича, ХМТ кузатувчилари келишидан олдин талабалар яшайдиган жойларни тозалаш буюрилган. Ташриф куни пахта тераётган талабалар қўшимча гўшт ва ширинлик каби озиқ-овқат олишган ва иш вақти қисқартирилганидан мамнун бўлишган.

Мустақил кузатувчи ва журналистларни таъқиб қилиш

Ҳукумат мустақил мониторинг ўтказишга халақит бермоқда. Мамлакатдаги вазиятни, жумладан, пахта секторидаги вазиятни қайд қилаётган ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил кузатувчилар ва журналистларнинг ишига халақит бермоқда ва йиғилган маълумотларни йўқ қилмоқда.

• 6 октябрда Бўкада (Тошкент вилояти) милиция пахта даласига ташриф буюрган ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева, фотограф ва таржимон Тимур Карпов ва иккита француз журналистини ҳибсга олди. Милиция Карповга жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилиб, телефонини очтирди ва ундаги маълумотларни ўчириб ташлади. Урлаеванинг телефонидаги барча маълумотларни йўқ қилиб, уни 10 соат давомида ушлаб турди. Бу вақт ичида уни иккита аёл милициянинг кўз ўнгида калтаклади ва формасиз бир милиционер урди.


Наманган вилояти далаларидаги теримчилар. УГФ олган сурат, 2016 йил кузи

• 9 октябрда Бухоро вилоятининг Олот туманида Елена Урлаева ва ҳуқуқ ҳимоячи Малоҳат Эшонқулова пахта тераётган талабалар билан суҳбатлашгани учун милиция томонидан қўлга олинди. Улар ечинтирилиб, тинтув қилинди, бир неча соат ушлаб турилди, барча ёзувлари ва маълумотлари йўқ қилинди.

• 22 октябрда Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида пахта тераётган врачлардан интервью олаётган Урлаева ва Эшонқулова милиция томонидан қўлга олинди. Улар ечинтирилиб, тинтув қилинди, ёзувлари ҳамда телефон ва камерадаги маълумотлари йўқ қилинди.

• 5 ноябрда пахта даласига борган Урлаева яна милиционерлар томонидан қўлга олинди. Олти соат давомида ушлаб турилди, тинтув қилинди ва телефонидаги барча ёзувлар йўқ қилинди.

• 10 ноябрда ўзбек расмийлари немис журналисти Эдда Шлагерни қўлга олиб, айрим материалларини, жумладан, айрим махфий интервьюларини тортиб олишди. Эртаси куни депорт қилиб, Ўзбекистонга киришга уч йиллик тақиқ қўйишди. • 29 ноябрда орган ходимлари Россиянинг “Московский комсомолец” газетаси журналисти Екатерина Сажневани қўлга олиб, сўроқ қилишди ва депорт қилишди. Унга Ўзбекистонга киришга уч йиллик тақиқ қўйилди.

Мурожаат механизми

Шикоятлар учун ишонч рақамидан иборат мурожаат механизмига аҳоли орасида ишонч йўқ. Бу тизим Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли бўлиб, федерация давлатдан мустақил ташкилот эмас. Мурожаат механизми қатағонлардан ҳимоя қилмайди. Мустақил суд, ноҳукумат ташкилотлар, амалдорлар фаолиятининг самарадорлиги ва шаффофлигини таъминловчи оммавий ахборот воситалари ва бошқа институтларнинг йўқлигида бу шарт муҳим аҳамият касб этади.

• Эркинликнинг йўқлиги: 2016 йилги терим пайтида УГФ кузатувчилари суҳбатлашган юзлаб одамларнинг деярли ҳаммаси шикоят қилишдан фойда йўқ деб ўйлашини айтди, чунки мажбурий меҳнат ҳукумат томонидан ташкиллаштирилган. Суҳбатдошлардан бири бундай деди: “Пахта теришга бошлиғим мажбурлаётган бўлса, нега ҳукуматга мурожаат қилишим керак?” УГФ қайд қилган бир нечта ҳолатда касаба уюшмалари ходимларининг ўзи аъзоларни пахтага сафарбар қилиб, далада назорат қилган.


“Пахта меники, сеники, ҳаммамизники”. УГФ сурати, 2016 йил кузи

• Одамлар шикоят қилмаслик ҳақида огоҳлантирилган: айримларнинг айтишича, уларни шикоят қилмаслик ҳақида огоҳлантиришган. Бир аёлнинг сўзларига кўра, унинг раҳбари “теримдан шикоят қилганлар қамалишини” айтган. Яна бир ҳолатда теримга юборилган давлат сектори ходимаси билан фермер ўртасида жанжал чиққан. Ходима бу ҳақида қариндошига айтиб берган, у эса ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрамоқчи бўлган. Ишга маҳаллий маъмурият расмийси аралашиб, ишонч телефонига қўнғироқ қилмасликни буюрган.

• Самарасизлик: “Озодлик” радиоси журналистлари ишонч телефонларига қўнғироқ қилишган, аммо ҳеч ким жавоб бермаган. Ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева ҳам тиббиёт соҳаси ходимлари ва ўқитувчилар номидан бир неча марта ишонч телефонларига қўнғироқ қилган, аммо кўнгилдагидек жавоб олмаган.

• Шикоят туфайли таъқибга олиниш эҳтимоли: Фарғонадаги институтдан пахтага юборилган бир нечта талаба мурожаат механизми сифатидаги ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, шикоят қилганликлари учун ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид қилингани ҳақида УГФ ишончли маълумотларни қўлга киритди. Яна бир ҳолатда бир айл УГФга сўзлаб беришича, унинг қўшнисининг 16 ёшли қизи уйдан узоқ жойга ётоқли теримга юборилганидан шикоят қилиш учун қўнғироқ қилган. Маҳаллий расмийлар уни чақириб, бир неча соат давомида койишган. Натижада она қизининг уйидан узоқда пахта теришига қарши эмаслиги ҳақида тилхат ёзишга мажбур бўлган.

Бекобод металлургия заводи ишчиси УГФга хабар беришича, бизнинг Фонд 2015 йилда чиқарилган, ходимларни пахта теришга мажбурловчи директивани чоп этганидан сўнг махсус хизмат ходимлари заводда текширув бошлаган. Бир нечта компьютер текширишга Миллий хавфсизлик хизматига юборилган, заводда интернет узилган ва флеш-карталарни олиб кириш тақиқланган. Ходимлар интернетдан фойдаланиш учун рухсат олиб, махсус жойдагина фойдаланиши мумкин, у ерда видеокузатув ишлаб туради”.

УГФ ҳисоботини ушбу ҳавола орқали олиш мумкин .

Мавзуга оид бошқа мақолалар билан “Пахта” номли махсус рукнда танишиш мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама